Танабой беҳуда ташвишланган эди. Бектойнинг ўзи илгарироқ етиб келди. Келганда яна қандай етиб келди денг...
Ўтган кеча яна шамол эсиб, эрталабгача пишак изи қор ёғиб чиқди. Қўрада, тун бўйи оёқда туриб чиққан қўйлар устини оқартириб қўйди. Улар энди ётишмасди. Ғуж бўлиб олиб, қимир этмасдан атрофдаги ҳамма нарсага бепарво туришарди. Ем-хашаксиз узоқ қолиб кетишди. Баҳор билан қиш ўртасидаги кураш жуда ҳам чўзилиб кетди.
Қўйхона совуқ. Қор учқуни томнинг ёмғир ювиб кетган жойларидан учиб тушиб, фонарнинг хира ёруғида парвонадек айланиб, секингина пастга, совуқдан қотган қўй ва қўзичоқларнинг устига қўнарди. Танабой бўлса қаттиқ жангдан кейин ўликларни кўмиш командасидаги солдатдек ҳамон қўйларнинг орасида туртиниб-суртиниб ўз хизматини бажариш билан овора эди. Энди у ўзининг оғир аҳволига кўниккан, оғир хаёллари, ғазаби аламзадаликка айланди. Аламлари юрагига наштар бўлиб қадалиб, эгилишга ҳам имкон бермас эди. У этиги билан шалтоқда шалоплаб кечиб, ўз ишини бажариб юраркан, бу тунги соатларда баъзан ўзининг ўтган ҳаётини эсларди...
У ёшлик кезларида дастёр чўпон бола бўлиб юрганди. Акаси Қулибой билан биргаликда бир қариндошларининг қўйларини боқиб юришарди. Орадан йил – ўн икки ой ҳам ўтди, улар фақат овқат учун, кундалик тирикчилик ўтказиш учун ишлаб юрганлари маълум бўлди. Хўжайин уларни алдади. У гаплашишни ҳам истамади. Шу тариқа улар оёқлари йиртиқ чориқларни судраб қуп-қуруқ, эски халталарини елкаларига осганча жўнаб кетдилар. Кетатуриб, Танабой хўжайинга дўқ урди:
«Қараб тур, мен улғайганимдан кейин буни эсингга солиб қўяман». Қулибой эса ҳеч нима демади. У укасидан чамаси беш ёшлар катта эди. У бу билан хўжайинни қўрқита олмасликларини билар эди. Ўзи хўжайин бўлиб қўйларга, ерларга эга бўлса унда бошқа гап. «Хўжайин бўлсам – ишчиларни ҳеч қачон хафа қилмайман», деб айтган эди у ўша кезларда. Шу билан улар ўша йили ажралишиб кетдилар. Қулибой бошқа бойнинг қўйларини боқишга
122


кетди, Танабой бўлса Александровкага бориб, муҳожир рус деҳқони Ефремов қўлида батрак бўлиб ишлади. Бу киши унча бадавлат бўлмай, бир жуфт ҳўкизи, бир жуфт оти ва ўз ерига эга эди. Ғалла экарди. Авлиё ота шаҳарчасидаги вольцовкалик тегирмонда буғдой торттирарди. Ўзи эртадан то кечгача ишларди. Танабой кўпроқ унинг ҳўкизларига ва отларига қараш билан овора бўларди. Талабчан эди, аммо адолатсизлик ҳам қилмасди. Белгиланган ҳақни бериб турарди. Ўша даврдаги қирғиз камбағаллари доимо ўзларининг ҳамюртлари қўлида ишлашдан кўра рус хўжайинларига ёлланишни афзал кўришарди. Танабой русча гапиришни ўрганиб олди. Хўжайини билан биргаликда Авлиё ота шаҳарчасига юк ташиб, дунёнинг борди- келдисидан бир оз хабардор бўлиб қолди. Кўп ўтмай революция юз бериб, ҳамма нарса остин-устин бўлиб қолди. Танабойларнинг замони келди.
Танабой овулга қайтиб келди. Энди ўзгача ҳаёт бошланган эди. Ер ҳам, эрк ҳам, ҳуқуқ ҳам ҳаммаси бирдан келган эди. Танабойни батраклар комитетига сайлаган эдилар. У Чоро билан ўша йиллари учрашган эди. Чоро хат-саводли эди, ёшларни ёзишга, ҳижжаларга бўлиб ўқишга ўргатарди. Танабой сингари батраклар учун қандай бўлмасин хат-савод ўрганиш жуда зарур эди. Танабой Чоро билан биргаликда комсомол ячейкасига киришди. Улар партияга ҳам бир вақтда ўтишган эдилар. Ҳаммаси ўз йўлида кетаётган эди, камбағаллар энди қнйинчиликлар билан катта йўлга тушиб олаётган эдилар. Коллективлаштириш бошланганда Танабой бу ишга бутун вужуди билан берилиб кетди. Ер, қорамол, меҳнат, истак-орзуларнинг ҳаммаси умумий бўлганлигидан янги деҳқон турмуши учун курашда у жонбозлик кўрсатмаса, ким кўрсатарди. Йўқолсин қулоқлар! Жангу жадал, кескин кураш даври бошланди. Кундуз эгарда, тунда мажлис, кенгашларда юришар, қулоқларни рўйхатга олишарди. Бойлар, муллалар ва бошқа бойиб кетган кишилар даладаги ўтлар сингари супуриб ташланган эди. Янги майсаларнинг униб чиқиши учун далаларни тозалаш керак эди. Қулоқларни тугатиш рўйхатида Қулибой ҳам борлиги маълум бўлиб қолди. Ўша кезларда Танабой мажлис ва митинг ўтказиб от чопиб юрар экан, акасига жир битиб
123


қолган эди. Бир бевага уйланиб олди, хўжалиги ривожлана бошлади. У қўй, сигир, бир жуфт от, қулунли соғиладиган бия, омоч, борона ва бошқа нарсаларга эга эди. Йиғим-терим пайтида ишчилар ёллар эди. Уни бой-бадавлат бўлиб кетди деб бўлмас эди. Аммо камбағал ҳам эмас эди. Яхши еб, яхши ишларди ҳам.
Қишлоқ Советининг мажлисида навбат Қулибойга келганда Чоро:
– Қани ўртоқлар, бир ўйлашиб кўрайлик. Уни қулоқ қилиш керакми ёки йўқми? Қулибой сингари кишиларнинг қолхозга фойдаси тегиб қолмасмикин. Унинг ўзи камбағаллардан чиққан бўлса. Тескари ташвиқот олиб борган бўлмаса, – деди.
Қулибой ҳақида турлича гаплар бўлди. Ким унинг тарафини олди, кимлар қарши чиқди. Сўзламаган Танабой қолган эди. У қарға сингари ҳурпайиб ўтирган эди. Ўгай ака бўлса ҳам барибир ака. Лекин унга қарши бориши керак. Улар бир-бировларини кам кўришса ҳам тинч-тотув яшашарди. Ҳар бири ўз иши билан овора эди. Унга тегманглар деса, унда бошқалар нима бўлади – бошқаларнинг ҳам ҳимоячиси, қариндош-уруғлари топилиши мумкин. Ўзларинг ҳал қилинглар десачи, инига уриб кетди дейишлари мумкин.
Одамлар унинг нима дейишини кутаётган эдилар. Улар Танабойнинг ғазабланаётгани учун ҳам кутаётган эдилар.
– Сен, Чоро, ҳамма вақт шунақа қиласан! – сўзлай бошлади у ўрнидан тураркан. – Газеталарда китобий одамлар ҳақида, жойлардаги зиёлилар ҳақида ёзадилар. Сен ҳам зиёлисан. Сен доимо шубҳаланасан, бирон ишкал чиқиб қолмасин деб чўчиганинг чўчиган. Нимага шубҳаланиш мумкин? Рўйхатда бор экан – демак қулоқ! Ҳеч қандай раҳм-шафқат ҳам керак эмас! Совет ҳокимияти учун мен ўз отамга ҳам раҳм-шафқат қилмайман. У бўлса менинг акам, сизлар хижолат тортмасангизлар ҳам бўлади. Сизлар йўқ десангиз, уни менинг ўзим қулоқ қиламан.
Қулибой эртасига уникига келди. Танабой акасини совуқ кутиб олди, кўришиш учун қўл ҳам бермади.
– Нима учун мени қулоқ қиласизлар? Ахир батрак бўлиб ишламаганмидик? Ахир бой ўз ҳовлисидан сен билан мени ҳайдаб юбормадими?
124


– Энди бунинг аҳамияти йўқ. Сенинг ўзинг бой бўлиб қолдинг.
– Қандай бой бўлайин мен? Ўз меҳнатим билан топдим-ку бунинг ҳаммасини. Ҳеч нарсани аямайман, керак бўлса олинглар ҳаммасини. Фақат нега мени қулоққа чиқарасизлар? Худодан қўрқ, Танабой!
– Барибир сен душман синфсан. Биз эса колхоз қуришимиз учун сени йўқотишимиз керак. Сен бизнинг йўлимизда кўндаланг бўлиб турибсан, биз эса сени йўлдан олиб ташлашимиз керак...
Бу уларнинг сўнгги сўзлашиши эди. Мана, орадан йигирма йил ўтди-ки улар бир-бири билан гаплашгани йўқ. Қулибойни Сибирга сургун қилганларида овулда қанча гап-сўз бўлди. Танабойни озчилик ҳимоя қиларди. Кўпчилик эса: «Бунақа уканинг бўлганидан бўлмагани яхши. Садқаи насаб кетсин» деб қораларди. Айрим кишилар тўғридан-тўғри юзига айтарди. Очиғини айтганда одамлар ундан юз ўгирган эдилар. Ошкора суратда бўлмаса ҳам, унинг номзодини кўрсатганларида овоз беришдан бош тортиб, бетараф қоладиган бўлдилар. Шу тариқа у бора-бора активдан четга чиқиб қолди. Барибир, у қулоқлар колхозларга ўт қўйиб, кишиларни отганларидан сўнг ўзини оқлаб олди, энг муҳими, колхоз жонланиб, йилдан-йилга ишлар юришиб кетди. Энди бутунлай ўзгача ҳаёт бошланган эди. Йўқ, ўша топда бўлиб ўтган ишларнинг ҳаммаси зое кетмади.
Танабой ўша йиллардаги бўлиб ўтган ҳамма нарсаларни то ипидан игнасигача хотиридан ўтказди. Гўё унинг бутун ҳаёти колхозлар кучга кирган ўша ажойиб дамларла ўтиб кетгандай эди. У яна ўша кезлардаги «Қизил дуррали зарбдор қиз» ашуласини эслади, колхозга биринчи марта берилган полуторка машинасини, унинг кабинасида қизил байроқ ушлаб турганини эслади.
Танабой туни билан қўйхона атрофида юрди, ўзининг оғир вазифасини ўтади ва аламли ўйларни ўйлади. Нега энди ҳаммаси чок- чокидан ажралиб кетяпти? Балки бошқа йўлдан кетишгандир? Эҳтимол янглишишгандир. Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас! Танланган йўл – тўғри йўл эди. Бўлмаса нега ундай бўлди? Адашиб қолишдимикин? Йўлдан озишдимикин? Қачон ва қандай юз берди бу аҳвол? Мана энди мусобақа деган гаплар ҳам чиқиб қолди –
125


мажбуриятга ёзишяпти, бу ерда аҳволинг нима кечди, сенга нима бўлди, нима қўйди, бу билан ҳеч кимнинг иши бўлмайди. Илгари қизил, қора доскалар бўларди, ҳар куни қанча гап-сўз, қанча баҳслашувлар бўларди: кимни қизил доскага, кимни қора доскага ёзишди, кишилар учун бу муҳим эди. Энди бўлса буларнинг ҳаммаси эскирган, вақти ўтиб кетган нарсалар эмиш. Хўш, улар нима билан алмашди? Қуруқ гап, ваъдабозлик. Амалда ҳеч нарса йўқ. Нега шундай? Буларнинг ҳаммасига ким айбдор?
Бундай чексиз ўй-хаёллардан Танабой толиқиб кетди. Калаванинг учини тополмай гангиб қолди. Ишнинг кўплигидан каловлаб қолди. У ёш сақмончи қизнинг деворга суяниб бош қўйганини кўрди. Яллиғланиб қизариб кетган кўзларининг юмилиб, уйқу билан олишаётганини ва кейин секин сирғалиб ерга ўтириб қолиб бошини тиззасига қўйганича ухлаб қолганини кўрди. Уни уйқудан уйғотмади.
Ўзи ҳам деворга суянганича секин пастга сирғалиб туша бошлади ва ўзини тута олмай, елкасидаги оғирлик уни ҳам аста-секин пастга бука бошлади.
У бўғиқ қийқириқдан ва қандайдир ерга бир нарсанинг «гум» этиб урилганидаи уйғониб кетди. Ҳуркиб сакраб кетган қўйлар унинг оёқларини босиб ўтишди. Танабой нима гап эканлигини билмасдан ўрнидан ирғиб туриб, атрофни кўздан кечира бошлади. Тонг ёришиб қолган эди.
– Танабой, Танабой, ёрдам бер, – деб чақираётган эди хотини.
У томон сақмончи хотинлар, уларнинг орқасидан Танабой югуриб боришди. Қарасалар, у шифтдан қулаб тушган тўсин ёғоч остида ётарди. Тўсиннинг бир учи ёмғир ювиб кетган девордан сирғалиб чиқиб, чириб қолган томнинг оғирлигидан қулаб тушган эди. Уйқудан асар ҳам қолмади.
– Жайдар! – бақириб юборди у, елкаси билан тўсиннинг тагига кириб зарб билан кўтараркан.
Жайдар вой-войлаганича ёғоч остидан эмаклаб чиқди. Хотинлар бир нарсалар деб йиғлаб уни пайпаслаб кўра бошладилар. Қўрқувдан ҳеч нарсани тушунолмай қолган Танабой уларни ҳар томонга суриб, қалтироқ қўллари билан хотинининг фуфайкаси остини пайпаслай
126


бошлади:
– Нима, нима бўлди сенга?
– Вой, белим! Белгинам!
– Лат едимикин? Қани, қани! – у дарҳол плашини ечди, унга
Жайдарни солганларича қўйхонадан олиб чиқдилар ва палатага олиб бориб кўра бошладилар. Сиртдан ҳеч қандай лат емагандай эди. Аммо аслида қаттиқ шикастланганди. Оғриқ азобидан қимирлай олмасди.
Жайдар йиғларди:
– Энди нима бўлади? Бу фалокат қаёқда кутиб турган экан, шундай долзарб кунларда-я, энди ҳолларинг нима кечади?.
«Эй Худо! – деди Танабой хаёлан. – Тирик қолганига шукур қилсачи, бу бўлса? Қуриб кетмайдими бу иш! Фақат соғ-омон бўлсак бўлгани, боёқишим...»
У хотинининг бошини силай бошлади:
– Нима бўлди сенга, Жайдар, тинчлан, соғайиб оёққа туриб кетсанг бўлгани. Бошқа ишлар учун ҳеч ташвиш тортма, эплаймиз...
Шундан кейингина аёллар ўзларига келиб, бир-бирларига гал беришмасдан Жайдарга насиҳат қилиб, уни тинчлантира бошладилар. Жайдар ҳам енгил тортгандек, кўз ёши аралаш кулимсиради.
– Майли, бу воқеа содир бўлганидан хафа бўлманг, мен узоқ ётмайман, бир-икки кундан сўнг туриб кетаман, ана кўрасиз.
Аёллар унга ўрин солишга ва гулхан қалашга ҳозирлик кўрдилар, Танабой эса қўйхонага қайтиб кетди. У бахтсизлик ёнлаб ўтиб кетганига ҳамон ишонмасди.
Янги ёққан юмшоқ қор узра оппоқ тонг ота бошлади. Қўйхонада Танабой тўсин остида қолган қўйни топиб олди. Боя улар буни кўришмаган экан. Қўзичоқ ўлиб ётган совлиқнинг елинини тумшуқчаси билан турткилаб ётган эди. Хотинининг саломат қолганини эслаб, бу ҳол Танабойга янада қўрқинчли ва янада қувончли туюлди. Танабой онасиз қолган қўзичоқни олиб унга бошқа совлиқни излашга кетди, сўнг тўсин остига деворга суяб тиргович қўйди, у ёқда хотинининг ҳоли нима кечганидан хабар олиш учум бориш зарурлиги ҳақида ўйларди.
Ташқарига чиққанда яқиндаги қор устида секин тентиб юрган
127


қўйлар сурувига кўзи тушди. Бегона бир чўпон қўйларни у томон ҳайдаб келаётган эди. Бу қандай отар бўлди? Нега у қўйларни бу ёққа ҳайдаб келяпти? Улар аралашиб кетади-ю, қандоғ бўлди? Танабой бу овсар чўпоннинг бировнинг яйловида юрганини айтиб огоҳлантирмоқчи бўлди.
Танабой яқинроқ бориб, отарни Бектой қувиб юрганини кўрди.
– Эй, Бектой, сенмисан?
У ҳеч нима демади. Индамасдан қўйларни у томон ҳайдаб
келаверди, таёқ билан қўйларнинг орқасига дўппослаб урарди, «Ие, бу бўғоз совлиқларга нега мунча азоб беряпти!» – Танабойнинг жаҳли чиқди.
– Қаёқдан келяпсан? Қаёққа? Ассалом алайкум.
– Бир жойдан. – Қаёққа бораётганимни эса, ўзинг кўриб турибсан. – Бектой унга яқин келди, белини чилвир билан маҳкам боғлаб, қўлқопини қўйнига – плашининг остига тиқиб қўйган эди.
Таёғини орқасида тутганича бир неча қадам нарида тўхтади, аммо саломлашмади. Жаҳл билан тупурди-да, қор устидаги тупугини оёғи билан ишқалади. Бошини бирдан кўтарди. Ўсиб кетган қоп-қора соқоли худди унинг ёш ва чиройли юзига ёпиштириб қўйилгандай эди. Жавдираб турган ўткир кўзлари қовоқ остидан хўмрайиб нафрат ва адоват билан қарарди. У яна тупурди, титраб-қақшаб қўлида ушлаб турган таёғини силтаб, қўйлар томон ишора қилди.
– Ол уларни. Истасанг сана, истамасанг ўзинг биласан, уч юз саксон беш бош.
– Нима учун?
– Кетаман.
– Кетаманинг нимаси? Қаёққа кетасан?
– Бошим оққан томонга.
– Ахир мен айбдорманми?
– Айбинг шуки, сен мени оталиққа олгансан.
– Нима бўпти? Тўхта, тўхта дейман, қаёққа? Қаёққа отланяпсан? –
фақат шундагина Танабой ўз оталиғидаги чўпоннинг ниятини англаб етган эди. Бошига қуйилиб келган қондан юраги сиқилиб, қизишиб кетди. – Нега бундай бўлди? – деди у саросимага тушиб.
128


– Бўлар иш бўлди. Қўлимдан келгани шу. Жонимдан тўйдим.
– Сен нималар деяётганингни тушуняпсанми? Бугун-эрта совлиқларинг қўзилайди-ку. Қандай қилиб кетасан?
– Шундай қилиб, биз билан шундай муомала қилар эканлар, биз ҳам шундай қилишимиз керак. Хайр! – Бектой таёқни боши узра бор кучи билан айлантириб улоқтириб юборди-да, нарига юриб кетди.
Танабой ҳайрон бўлиб, турган жойида қотиб қолди. Сўзлашга сўз ҳам тополмади. У бўлса орқасига қарамасдан одимлаб кетаётган эди.
– Эсингни йиғ, Бектой! – Танабой унинг орқасидан югурди. – Бундай қилиш ярамайди. Нима қилаётибман деб ўйлаб кўр! Эшитяпсанми?
– Қўйсанг-чи! – Бектой кескин бурилди. – Буни сен ўйлаб кўр. Мен эса одамлар қандай яшаётган бўлса шундай яшашни истайман. Менинг бошқалардан бир ерим камми? Мен ҳам бошқалар сингари шаҳарда ишлаб, мояна олишим мумкин. Нега мен бу ерда қўйлар билан бирга нобуд бўлиб кетай. Ем-хашак бўлмаса, қўйхона бўлмаса, бирон бошпана бўлмаса. Мени тинч қўй. Ишингга боравер. Жонингни Жабборга бериб, гўнгга ботиб ўл! Ўзингга бир қара, кимга ўхшаб кетибсан. Бу ерда ҳалок бўласан. Сенга бу ҳам камлик қилади. Яна ўртага шиорлар ташлайсан. Бошқаларни ҳам ўз орқангдан эргаштирмоқчи бўласан. Унақаси кетмайди! Меники бўлди! – деди-ю, оппоқ қор устидан шундай шиддат билан юриб кетдики, унинг излари қорайиб сувга тўлиб қолди.
– Бектой, сен сўзимга қулоқ сол! – унга етиб олди Танабой. – Мен сенга ҳаммасини тушунтираман.
– Бошқаларга тушунтир, сўзингни тинглайдиган аҳмоқ йўқ! – Тўхта, Бектой, гаплашиб олайлик.
Бектой унинг сўзларини эшитишни истамай жўнаб қолди.
– Судга тушасан!
– Шундан кўра судга тушган ҳам маъқул! – жаҳл билан жавоб қайтарди Бектой ва бошқа ўгирилиб қарамади.
– Сен қочқинчисан!
У кетаверди.
– Бунақаларни фронтда отиб ташлашади!
129