Танабой унга мушт кўтариб ташланишдан ўзини аранг тутиб қолди.
– Бу ерда сенинг пичингингга бало борми? Мен иш ҳақида гапиряпман, мен иш ҳақида ўйлаяпман. Мен жавобгарман.
– Демак, мен сизнингча, ўйламаётган эканман-да? Сиз қандайдир бир отар учун жавоб берасиз, мен эса ҳаммаси учун, сиз учун, бошқалар учун, бутун чорвачилик учун. Менга осон деб ўйлайсизми? – Бу олғирнинг бирдан инграб юборганидан Танабой ҳайратда қолди, у кафтлари билан кўз ёшларини арта туриб ғўлдиради: – Мен судга тушаман! Судга! Ҳеч қаердан ҳеч нарса ололмайсан. Одамлар сақмончиликка ҳатто вақтинчаликка ҳам боришмаяпти. Мендан, бошқа ҳеч нарсани кутманг ҳам. Мен беҳуда, беҳуда бу ишга ўтган эканман...
Шундан сўнг бирон тайинли гап айтмай, содда Танабойни хижолатга қолдириб чиқиб кетди. Кейин уни бу ерда бошқа кўришмади.
Ҳозирча биринчи юз бош совлиқ қўзилади. Водийнинг юқори қисмига жойлашган Эшим билан Бектойларнинг отарида қўзилаш ҳали бошланганича йўқ эди, лекин Танабой офат келаётганлигини сезганди. Уларнинг ҳаммаси, катта ёшдаги уч киши ҳамда олти яшар катта қизи ҳозир қўйларни боқиб юрган қари чўпон, аёлни ҳисобга олмаганда, қўзичоқларни артиш, оналарининг олдига олиб бориш, нима билан бўлса ҳам иситиш, гўнгларни ташиб чиқариш, тўшаш учун хашак ташиб келишга аранг улгуришарди. Қўзичоқларнинг очликдан маъраб қичқирган овозлари эшитила бошлади, уларга сут етишмасди, ҳолдан тойган она қўйларнинг эмизиш учун сути йўқ эди. Олдинда нималар кутяпти?
Чўпонларнинг бош қашишга қўли тегмайдиган кунлари ва тунлари бошланди. Қўйлар шу даража кўп қўзилай бошладики, улар нафас олишга ҳам имкон бермасди.
114


Кеча ҳаво уларни бир қўрқитди! Бирдан қаттиқ совуқ бошланиб, қора булутлар осмонда ўрмалай бошлади, қуруқ қор ёға кетди. Ҳамма нарса туманликка чўкиб, қоронғилашди...
Бироқ булутлар тезда тарқалиб ҳаво илий бошлади.
Ҳаводан кўклам ҳиди, нам ҳиди келади. «Худо хоҳласа, баҳор ҳам келиб қолар. Келганда ҳам туриб берсин, агар бир келиб, бир кетадиган бўлса, ундан ёмони йўқ», – ўйларди Танабой паншахада похол устидаги қўйнинг йўлдошини оларкан.
Баҳор ҳам келди, аммо Танабойнинг кутганидай бўлмади... У бирдан тунда ёмғир, туман ва қор билан кириб келди. Ўзининг бутун совуқ қор-ёмғирини, ўтов, қўйхоналар, хуллас, нимаики бўлса, ҳаммасининг устига ташлай бошлади. Музлаган лойли ердаги ариқлар, кўлмак сувлар кўпириб, тошиб кетган эди. Чириб қолган томдан сизиб ўтаётган сув деворларни ювиб, қўйхонани босиб кетди, ундаги қўй қўзиларни қалтироқ босиб, суяк-суягидан совуқ ўтиб кетди. Ҳаммани оёққа турғизди. Ҳамма қўзичоқлар сувда ғуж бўлишиб бир ерга тўпланишди. Она қўйлар сувда қўзилаб маъраб қичқирарди. Баҳор қўзичоқларни туғилиши биланоқ муздек сувга чўмилтириб чўқинтирди. Плаш кийиб, қўлларига фонарь ушлаган кишилар ҳовлиқишарди. Танабой оёғи куйган товуқдай типирчилаб қолди. Катта этиклари билан қоронғиликда кўлмаклар, гўнг шилталари устидан кечиб юрарди. Плашнинг этаклари яраланган қуш қанотидай шапилларди. У хириллар, ўзига ўзи ва бошқаларга бақирарди:
– Тезроқ мисрангни бер! Белкуракни! Гўнгни бу ёққа ағдаринглар! Сувни тўсинглар!
Ҳеч бўлмаганда қўйхонага тез оқиб кираётган сувни четга буриб юбориш керак эди. Музлаб ётган ерни чопиб, ариқ ўйди.
– Фонарни тут! Бу ёқни ёрит! Нега қараб турибсан! Тун эса туман билан хиралашиб, қор аралаш ёмғир ураётган эди. Уни асло тўхтатиб бўлмасди.
Танабой ўтовга югуриб кетди. Чироқни ёқди. Бу ерда ҳам ҳамма ёқдан чакка ўтаётган эди. Бироқ қўйхонадагидек эмасди. Болалар ухлашарди, уларнинг кўрпаси ҳам хўл бўлиб қолганди. Танабой
115


болаларни кўрпа-тўшаги билан бир қучоқ қилиб ўраб, уларни бурчакка кўтариб келди. Ўтовдан каттароқ жой оча бошлади. Кўрпа ивиб қолмаслиги учун болаларнинг устига кигизни ёпиб ташлади ва чиқиб қўйхонадаги хотин-қизларни чақира бошлади:
– Қўзичоқларни ўтовга олиб келинглар! – деди-ю, ўзи ҳам ўша ёққа чопиб кетди.
Аммо ўтовга булардан қанчасини жойлаштириш мумкин? Кўп деганда ўттиз-қирқтасини. Қолганларини нима қилиш керак. Эҳ, ҳеч бўлмаса қўлдагиларини сақлаб қолсак эди.
Мана, тонг ҳам отди. Ёғингарчиликнинг охири ҳам кўринмасди.. Бир оз тинган бўлади, кейин яна гоҳ ёмғир, гоҳ қор, гоҳ ёмғир, гоҳ қор...
Ўтов қўзичоқларга тўлган. Улар тўхтовсиз маърашарди, сассиқ ҳид. Буюмларни бир жойга уйиб, брезент билан ёпиб қўйишди. Ўзлари эса сақмончиларнинг чодирига кўчиб ўтишди. Болалар совқотиб, йиғлашарди.
Чўпоннинг қора кунлари келди. У ўз тақдирини қарғайди. Ҳаммани сўкади, оламдаги ҳамма нарсани. Чўпон бошидан оёғигача жиққа ҳўл бўлган қўйлар, совуқдан тўнғаётган қўзичоқлар орасида ухламайди, емайди-ичмайди ва сўнгги кучлари билан курашади. Ўлим зах қўйхонадаги қўй-қўзиларни қийрата бошлади. Ўлимнинг бу ерга кириб келиши – ўпирилган том орқали, ойнасиз дераза орқали, эшик ўрни орқали, истаган жойдан кириб келавериши қийин эмас эди. У кириб келди-ю, қўзичоқларни ва заифлашиб қолган она қўйларни қира бошлади. Чўпон кўкариб кетган қўй ўликларини бир нечталаб ташиб қўйхона орқасига уя бошлади.
Далада, қўй қўрада эса қорни осилган бўғоз совлиқлар қор ва ёмғир остида туришарди. Улар бугун-эрта туғадиган. Уларни ёмғир саваларди, жағлари қаришиб, ҳўл жунлари тутам-тутам бўлиб осилиб турарди.
Қўйлар яйловга боришни исташмасди. Шундай совуқ ва лойгарчиликда яйловда нима бор. Қоп ёпиниб олган кекса сақмончи аёл уларни қувлайди, қўйлар эса, гўё бу ерда ўзларига жаннат тайёрлаб қўйилгандай, ҳадеб орқага тисарилишади. Аёл йиғлайди,
116


уларни тўплайди, яна ҳайдайди. Улар эса тумтарақай бўлиб яна орқаларига қочадилар. Танабой ғазабланган ҳолда чопиб чиқади. Қани энди бу тентак қўйларни таёқ билан саваласанг. Аммо уларнинг қорнида боласи бор. Бошқаларни чақириб, ҳаммалари биргаликда не қийинчиликлар билан қўйларни яйловга ҳайдаб юборадилар.
Бу офат бошлангандан бери Танабой қанча вақт ўтганини билмайди, қўзилатиш пайтидаги ҳисоб-китобидан адашиб қолди. Кўпчилиги иккитадан, ҳатто учтадан қўзилашди. Аммо бутун бойлик нобуд бўлди, ҳамма меҳнат зое кетди. Қўзичоқлар туғилган куниёқ лой ва гўнг шилтаси устида ҳаром ўлиб қолаверди. Қолганлари ҳам йўталарди, хирилларди, ичи кетиб бир-бировларини булғаб ифлос қилиб ташлашарди. Боласиз қолган совлиқлар маърашарди, югуришарди, тўлғоқ тутиб ётганларини туртиб, босиб ўтишарди. Буларнинг ҳаммаси, қандайдир, ғайри-табиий офат эди. Эҳ, қўзилаш, ҳеч бўлмаганда, бир оз секинлашганда эдими! – Танабойнинг истаги шу эди.
Совлиқлар эса худди маслаҳатлашиб қўйишгандай, бирининг кетидан бири, бирининг кетидан бири қўзиларди.
Танабойнинг қалбида даҳшатли адоват ўти ёндики, бу ярамас қўйхонада содир бўлган жамики нарсаларга: қўйларга ҳам, ўзига ҳам, ўз ҳаётига ҳам, бу ерда жон бериб, жон олиб юрган ишига ҳам нафрати ошиб кўз олдини қоронғилик қоплай бошлади.
У бир оз эс-ҳушини йўқотиб қўйди, ўй-хаёллардан кўнгли беҳузур бўла бошлади. Уларни қанчалик қувиб юборишга уринмасин, яна нари кетмай қалбига, миясига жойлашиб олмоқчи бўларди: «Нега бундай? Бу кимга керак эди? Нега биз қўйларни қўзилатяпмиз, уларни сақлай олмасак? Ким айбдор бунга? Ким? Жавоб бер, ким? Сен ва сенга ўхшаган вайсақилар. Биз ҳаммасини кўтарамиз, етиб олиб, ўзиб кетамиз, сўз берамиз. Чиройли гапирамиз. Мана кўтар энди, ҳаром ўлган қўзичоқларни. Чиқариб ташла уларни. Ҳув анави халқобда ўлиб ётган совлиқни судраб кел. Кўрсат ўзингни, ким эканлигингни...»
Айниқса кечалари тиззасигача лойда ва қўй сийдигида шалоплаб кечиб юраркан, аламли ва изтиробли ўйлардан Танабойнинг нафаси қисиларди.
117


О, бу қўзилатиш палласининг уйқусиз тунлари! Оёқ остингда бижиб кетган гўнг ботқоғи, тепангдан ёмғир қуймоқда. Шамол қўйхонада худди даладагидек кезиб юрар, фонарларни ўчирар эди. Танабой янги туғилган қўзичоқларни босиб олмаслик учун пайпасланиб, қоқилиб-суриниб, кафтларини ерга қадаб, тиззалаб юриб боради, фонарни топиб ёқади ва унинг ёруғида ўзининг гўнгга ва қонга беланиб қоп-қора бўлиб шишиб кетган қўлларини кўради.
У кўпдан бери ўзини ойнада кўрмаган эди. Сочлари оқариб, ўзининг анча кексайиб қолганини сезмасди. Энди уни кексалар қаторига қўшса бўларди. Ўзига қарай олмасди, бунга фурсати йўқ эди. Овқатланишга, ювинишга вақти йўқ эди. Бир зум ўзига ҳам, бошқаларга ҳам тинчлик бермасди. Ишнинг бундай фожеали аҳволда бораётганлигини кўриб ёш сақмончи қизни отга мингизди:
– Йўртиб бориб Чорони топгин. Айтгин, тез келсин, агар келмайдиган бўлса у ҳолда қайтиб кўзимга кўринмасин.
Кечга томон қиз от чопиб келди, кўм-кўк кўкариб, бутунлай увиб кетган ҳолда отдан сакраб тушди:
– Касал экан у, Танака, тўшакда ётибди, бир-икки кундан сўнг ўлсам ҳам бораман, деб айтди.
– Бу касалдан боши чиқмасин! – деб сўкинди Танабой.
Жайдар унинг танобини тортиб қўймоқчи бўлди-ю, лекин ботина олмади, ҳозир бунинг мавриди эмасди.
Орадан уч кун ўтгандан сўнг ҳаво очила бошлади. Булутлар эринчоқлик билан судралиб кетишди, тоғлардан туман кўтарилди. Шамол тинди. Бироқ кеч кириб қолган эди. Бу кунлар ичида бўғоз совлиқлар шу даража ориқлаб кетган эдики, ҳатто уларга қараб бўлмасди. Озиб-тўзиб, ингичка оёқ устида, пуфлагандай катта қоринларини осилтириб туришарди. Уларни сут эмизувчи совлиқ деб қандай айтиш мумкин! Ҳозирча қўзилаб тирик қолган совлиқлар, қўзичоқлардан кўпчилиги баҳорга чиқиб олиб, кўкатга оғзи теккандан кейин соғайиб кетишармикин? Эртами-кечми, касаллик уларни йиқитади. Йўқса, «хўрда» бўлади: ундан на жун, на гўшт олиш мумкин...
Ҳавонинг эндигина очилиши билан яна бошқа фалокат юз берди –
118


ер юзи музлай бошлади. Бироқ тушга бориб юмшади. «Эҳтимол, яна қолганини сақлаб қолиш мумкин бўлар», қувониб кетди Танабой. Яна белкурак, паншаха, замбилни ишга солишди. Оз бўлса ҳам қўйхонага йўл очиш керак, бўлмаса қадам босишга йўл йўқ. Бу билан бир оз машғул бўлди. Ҳали яна онасиз қолган қўзичоқларни овқатлантириши, уларни боласиз совлиқларнинг ёнига олиб бориши керак. Улар эса бўйсунишмас, бегона қўзичоқларни яқинига йўлатишмас эди. Қўзичоқлар тумшуқчалари билан туртиб-ниқтаб сут сўрашар, муздек оғизчалари билан бармоқларни тортқилаб сўришарди. Тортиб олгудай бўлсанг плашнинг ифлосланиб кир бўлиб кетган барини шимишар, овқат қидиришар эди. Маъраб юрган қўй тўдалари орқасидан чопишарди.
Кўз ёши қилсами, ёки тарс ёрилиб кетсами. Бу хотинлардан ва ёш қизлардан яна бошқа нимани ҳам талаб қилиши мумкин. Оёқда аранг туришибди. Шилта ҳўл плашда юрганларига қанча бўлди. Уларга ҳеч нима демасди Танабой. Лекин бир сафар ўзини тутиб туролмади. Кекса хотин қўйларни куннинг ярмида қўрага ҳайдаб келди, Танабойга ёрдамлашмоқчи бўлди. Танабой қўйларнинг аҳволидан хабар олмоқчи бўлиб югуриб чиқди. Уларга кўз ташлаши билан тутақиб кетди. Қўйлар турган жойида бир-бировининг юнгини ямлаб ейишаётган эди. Демак, бу қўйлар очлигидан ўлиб кетадиган бўлибди. Танабой югуриб бориб аёлга ўшқирди:
– Ҳа кампир, сенга нима бало бўлди? Кўрмаяпсанми! Нега нафасинг чиқмайди? Йўқол бу ердан! Отарни ҳайда. Уларни бирон ерда тутиб турма. Бир-бирининг юнгини ғажишга ҳам йўл қўйма. Бирор дақиқа ҳам тўхтатма. Бўлмаса ўлдираман!
Бу ерда яна бошқа фалокат – эгизак туққан совлиқлардан бири ўз болаларини яқинига йўлаттирмаяпти. Уларни сузиб, тепиб ҳайдаб юборади. Қўзичоқлар бўлса интилиб, зорланиб йиғлашарди. Бу ҳол она қўйнинг жон сақлаб қолиш учун қўзичоқларни эмизишдан инстинктив равишда воз кечганида юз бериши мумкин, чунки унинг организми куч-қувватдан кетган бўлиб, бошқани боқишга ҳоли келмайди. Бу ҳодиса юқумли касаллик сингаридир. Битта совлиқ боласини эмизмаса, бошқалар ҳам ундан ўрнак олади.
119


Саросимага тушиб қолди Танабой. Улар қизча билан биргаликда очликдан бир-бирини еб қўйиш ҳолига келган она қўйларни қўзичоқлари билан қўй қўрага қамаб, бу ерда уларни ўз болаларини эмизишга мажбур этдилар. Танабойнинг ўзи совлиқларни тутиб турди, қизи эса қўзичоқларни уларнинг елинига олиб борди. Бироқ она қўй айланиб, буралиб, типирчиларди. Қизча бу ишни уддалай олмади.
– Ота, улар эмиша олмаяпти.
– Эмишади, ўзинг уддасидан чиқа олмаётгандирсан.
– Йўғ-е, кўряпсиз-ку, улар йиқилиб тушишяпти. – Қизчанинг
йиғлаб юборишига оз қолган эди.
– Қани ушлаб турчи, мен ўзим!
Кошки унинг кучи етса она қўйни ушлаб туришга. Отаси
қўзичоқни эмчагига тутиши, у эндигина эма бошлаши билан она қўй бирдан ўрнидан қўзғалиб қизчани йиқитиб қочиб қолди. Танабойнинг тоқати тоқ бўлди. Қизининг юзига бир шапати урди. У ҳеч қачон болаларини урмаган эди. Энди эса аламини қизидан олди. Қизча бурнини тортиб йиғлай бошлади. Танабой бўлса уни ташлаб, қўл силтаганча чиқиб кетди.
Бир оз юриб қайтиб келди, қизидан қандай кечирим сўрашни билмасди. Унинг ўзи чопиб келди:
– Ота, она қўй қўзичоқларни эмиза бошлади. Биз ойим билан уларни совлиқларга тута бошладик. У энди қўзичоқларни тепиб ҳайдамаяпти.
– Ундай бўлса жуда соз, яша қизим.
Бирдан ўзини енгил ҳис қилди Танабой. Гўё ишлар бир оз юришгандай. Эҳтимол, қолганларини яна сақлаб қолиш мумкин бўлар. Кўряпсанми, ҳаво ҳам юмшаяпти! Ногаҳонда, чинакам баҳор бошланиб, чўпоннинг қора кунлари ўтиб кетса? Яна у ишга тутинди. Ишлаш, ишлаш! – фақат шу йўл билангина уларни сақлаб қолиш мумкин.
Отда ўспирин йигит – ҳисобчи келиб қолди. Хайрият... Аҳвол қалай, деб сўрайди.
Танабойнинг сўкиб юборишига сал қолди. Энди нимасини
120


сўрайсан?
– Илгарироқ қаерда эдинг.
– Қаердаси нимаси? Отарма-отар айланиб юрибман, якка ўзим
улгуролмаяпман.
– Бошқа отарларда аҳвол қалай?
– Аҳвол чатоқ, шу уч кун ичида кўпи қирилиб кетди.
– Чўпонлар нима дейишяпти?
– Эҳ, сўраманг. Сўкинишади. Бир хиллари гаплашишни ҳам
истамайди. Бектой мени ҳовлидан ҳайдаб чиқарди. Жаҳли чиқиб юрибди, яқинига йўлаб бўлмайди.
– Ҳа-а. Унинг олдига чопиб бориб келай десам бош қашишга ҳам қўл тегмайди. Ишдан бўшаб бирров бориб келарман, сен-чи?
– Мен қандай бора оламан? Ҳисоб олиб бораётган бўлсам.
– Бизга бирон ёрдам келадими?
– Бўлади. Чорони соғайиб чиқибди дейишяпти. Араваларда пичан,
похол юборган эмиш. Отхоналардаги ем-хашакнинг ҳаммасини олишибди. Ўлса ҳам отлар ўлсин деган эмиш. Ҳа, араваларни қаердадир тиқилиб қолишган дейишади, йўлларнинг қанақа эканлигини ўзинг кўряпсан-ку.
– Йўллар эмиш! Нега илгарироқ ўйлаб кўришмади? Бизда ҳамма вақт шунақа. Энди араваларни юборишдан на фойда. Ҳали мен уларнинг адабини бериб қўяман! – дўқ урди Танабой. – Сўраб ўтирмасдан ўзинг бориб кўргин, ҳисоблаб ёзавергин. Энди менга барибир! – деди ва сўзни кесиб, қўйхонага – совлиқларни туғдиришга кетди.
Бугун яна ўн бешта совлиқ қўзилаган эди. Танабой бориб қўзичоқларни йиғиб олди. Қараса, ҳисобчи унга қоғозни узатяпти:
– Ўлган қўйларга қўл қўйинг.
Танабой қарамасдан қўл қўйди. У шундай зарб билан имзо чекдики, қалам синиб кетди.
– Хайр, Танака. Балки бирон гапингиз бордир, айтинг етказаман.
– Айтадиган ҳеч қандай гапим йўқ, – деди, кейин шундай бўлса- да, йигитчани тўхтатиб: – Бектойникига кириб ўт. Айтгинки, эртага вақт топиб тушликка етиб бораман.
121