тўлиша бошлади. Ориқлаб кетишган, қоринларини зўрға кўтариб юришган бўлса ҳам, елинлари эса кун сайин эмас, соат сайин қизариб, шишиб борарди. Нима сабабданикин? Қаёқдан бунчалик куч-қувват олишади-я! Кимнингдир бир неча совлиқлари қўзилаб қўйибди, деган овоз тарқалди. Демак, қочириш даврида эътиборсизлик, бепарволик қилинган экан-да. Бу биринчи огоҳлантириш эди. Бир-икки ҳафтадан кейин қўзилар пишган олмадек «тап-тап» туша бошлайди. Қабул қилиб олишга улгурсанг бас. Шунда чўпонларнинг ташвишлар палласи бошланади. Ҳар бир қўзи учун чўпон титраб туради ва қўйлар кетидан юра бошлаган кунини лаънатлайди, агар барра қўзичоқни сақлаб қола олса, агар қўзилар оёққа туриб, қишга қадар думлари кўриниб қолса унинг шодлик-қувончларининг чеки бўлмайди.
Шундай бўлса, яхши бўларди. Кейинчалик одамлардан кўзини яшириб юрмас эди.
Қўзилатиш даврида ёрдам учун колхоздан сақмончиларни – кўпчилиги қари ва боласиз бўлган аёлларни ўз ҳолларига қўймай юборишди. Танабойнинг отарига ҳам икки сақмончини жўнатишди. Улар кўрпа-тўшаклари, чодирлари, қозон-товоқлари билан келишди. Ҳамманинг кўнгли кўтарилди. Сақмончилардан кам деганда етти киши керак эди. Иброҳим отарлар Бештол водийсидаги қўзилатиш пунктига кўчганида яна сақмончилар юборишни ваъда қилиб, ҳозирча шуларнинг ўзи ҳам кифоя, деганди.
Отарлар ғимирлаб қолишди, пастроққа, тоғ ёнбағирларига, қўзилатиш базаларига туша бошлашди. Танабой ўзи қўйларни ҳайдаб боргунча аёлларнинг манзилга етиб, у ерда ўрнашиб олишларига ёрдам беришни Эшим Бўлатбековдан илтимос қилди. Аёлларни бир карвон қилиб жўнатди, ўзи эса қўйларни тўплади-да, бўғоз совлиқлар қийналмасликлари учун уларни ўз юришига қараб, бамайлихотир ҳайдаб кетди. Кейинчалик Бештол водийсига олиб борадиган худди шу йўлни тағин икки марта босиб ўтиши, оталиғидаги чўпонларга кўмаклашиши керак эди.
Қўйлар аста-секин жилиб боришарди, уларни шошириб бўлмасди. Ҳатто ит ҳам зерикиб кетди, у ёқдан-бу ёққа изғиб чопа бошлади.
106


Қуёш бота бошлаганди, аммо ҳали тафти бор эди. Сурув тоғ этакларига тушган сари ҳаво ҳам шунчалик исий бошларди. Кунгай жойларда ўтларни ўра бошлаган эдилар.
Йўлда бир оз тўхтаб қолишди, биринчи совлиқ қўзилаб қўйди. Буни ҳеч ким кутмаган эди. Танабой куйиб-пишиб, янги туғилган қўзининг қулоқ ва бурун ковакларига пуфларди. Қўзилашга ҳам бир ҳафтача вақт бор эди. Бу томдан тушган тарашадай бўлди.
Эҳтимол, йўлда тағин қўзилаб қолишар? Бошқа совлиқларини кўздан кечирди – йўқ, унақага ўхшамайди. Хотиржам бўлди, кейин ҳатто кайфи чоғ бўлиб кетди. Унинг биринчи қўзичоғига қизлари ўзларида йўқ қувонишар. Тўнғич доим азиз бўлади-ю. Қўзичоқ ҳам яхшигина эди. Киприклари қора, туёқлари қора, ўзи оппоқ. Отарда бир нечта ярим дағал жунли қўйлар бор эди, худди ана шулардан бири қўзилади. Уларнинг қўзилари одатда майин жунли қўйларнинг деярли қип-яланғоч туғиладиган қўзиларидан фарқли ўлароқ бақувват жунли бўлишарди.
– Ҳа, майли, шошилган экансан, ана, ёруғ дунёни кўриб ол, – деди Танабой. – Ҳам бизга бахт-саодатли бўлиб кел! Ўзингга ўхшаган қўзичоқлардан шунча кўп эргашиб келсинки, қадам босишга жой топилмасин, сизларнинг овозларингиздан қулоқларимиз битиб кетсин, ҳаммаси тирик қолсин. – У қўзичоқни боши узра кўтарди. – Қараб қўй, мана у, тўнғич қўзичоқ!
Теварак-атрофда тоғлар турар, улар сукут сақлашарди.
Танабой қўзичоқни пўстини остига яширди ва қўйларни ҳайдаб кетди. Она совлиқ изма-из чопар, безовталанар, маърар эди.
– Юр, кетдик! – деди унга Танабой. – У шу ерда, ҳеч қаёққа кетмайди.
Пўстин остида қўзичоқ қуриди, исиниб олди.
Танабой кечга яқин отарни базага ҳайдаб келди.
Ҳамма жойида эди, ўтовдан тутун ўрмаларди. Чодир олдида
сақмончилар ивирсиб юришарди. Демак, бир амаллаб келиб олишибди. Эшим кўринмасди. Ҳа, ростдан ҳам, у эртага ўзи кўчиб келиш учун юк ташувчи туяни олиб кетувди. Ҳаммаси жойида.
Лекин Танабойнинг кейинчалик кўрган нарсаси уни куппа-
107


кундузи бўлган момагулдуракдай ларзага солди. У ҳамма нарса яхши бўлади, деб ўйламаганди, аммо совлиқлар қўзилайдиган қўйхонанинг қамиш томи чириб, ўпирилиб тушганини, деворлари тешилиб, деразасиз, эшиксиз бўлишини, шамол у чеккасидан кириб, бу чеккасидан чиқаётганини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Атрофда қорлар деярли эриб кетган, қўйхона ичида эса ҳамон уюлиб ётарди.
Қачонлардир харсанг тошлардан қурилган қўра ҳам хароба, вайрона ҳолда ётарди. Танабой шу қадар хафа бўлиб кетдики, қизлари қўзичоқни кўриб қандай хурсанд бўлаётганлари кўнглига сиғмади. Қўзичоқни уларнинг қўлига берди-да, теварак атрофни кўздан кечиргани кетди.
Қаергаки қадам қўймасин – ҳамма ерда тоқат қилиб бўлмас даражада хўжасизлик. Уруш бошлангандан бери бу ерда барча нарса ўз ҳолига ташлаб қўйилган, совлиқларни қўзилатишни бир амаллаб эплаштириб, кейин ҳаммасини ёмғир ва шамолга ташлаб кетаверишган бўлишса керак. Сарой томи устида бир ғарам чириган хашак қийшайиб турарди, сочилган сомон уюмлари ётарди, агар бурчакдаги икки чала қоп арпа уни, бир яшик тузни ҳисобга олмаганда, бутун отардаги қўзичоқлар ҳамда совлиқларга аталган ем- хашак ва тўшаманинг бори мана шугина эди, холос. Шу бурчакнинг ўзида шишалари синган бир неча фонус, керосинли, занглаган бидон, икки бел ва синиқ паншахалар ташлаб қўйилганди. Мана шуларнинг ҳаммасига керосин қуйиб, ёндириб кулини кўкка совургиси ва бу ердан боши оққан томонга кетиб қолгиси келди...
Танабой ўтган йилги гўнг ва қорнинг яхлаб қолган уюмларига қоқилиб-суқилиб юрар ва нима дейишини билмас эди. Сўз топа олмасди. Худди ақлдан озган кишидай. «Шундай бўлиши мумкинми, а?.. Шундай бўлиши мумкинми, а?..» деб такрорлагани-такрорлаган эди.
Кейин эса қўйхонадан югуриб чиқиб, отини эгарлашга отилди. Эгарлаётганида қўллари титрарди. Ҳозир ҳув анави ёққа отини елдириб кетади, тун ярмида ҳаммани оёққа турғизади ва уларга кўрсатиб қўяди. Анави Иброҳимни ҳам, раис Алдановни ҳам, Чорони ҳам ёқасидан тутади: ундан раҳм-шафқат кутишмасин! Улар
108


Танабойга шундай қилишдими – ундан ҳам яхшилик кўриб бўлишибди! Бўлди, тамом!..
– Қани, тўхта-чи! – жиловни ушлаб олишга улгурди Жайдар. – Қаёққа кетяпсан? Отдан туш, гапимга қулоқ сол!
Э, қаёқда дейсиз! Танабойни тўхтатиб бўпсиз.
– Қўйиб юбор! Қўйиб юбор! – бақирарди у жиловни тортиб, хотинининг устига от суриб, қамчини қарсиллатиб. – Қўйиб юбор, деяпман! Мен ўлдираман уларни! Ўлдираман!
– Қўйвормайман! Сен бирон кишини ўлдиргинг келяптими? Мени ўлдир!
Шу орада Жайдарга сақмончилар кўмакка югуриб келиб қолишди, қизлари чопиб келишди, қий-чув кўтаришди.
– Ота! Ота! Қўйинг!
Танабой жаҳлдан тушди, лекин ҳамон кетмоқчи бўлиб юлқинарди.
– Ушлама мени, ахир кўрмаяпсанми бу ердаги аҳволни? Ҳув анави қўзичоқлар билан турган совлиқларни кўрмаяпсанми ахир? Эртага биз уларни қаёққа қўямиз, том қани? Ем-хашак қани? Ҳаммаси ҳаром ўлади. Ким жавоб беради? Қўйвор!
– Ҳе, тўхтасанг-чи, тўхта. Хўш, майли, бординг ҳам дейлик, бақириб-чақириб жанжал-тўполон қилдинг ҳам дейлик. Хўш, бундан нима чиқади? Агар улар шу кунга қадар ҳеч нарса қилишмаган бўлса, демак, уларнинг бунга кучлари етмабди-да. Агар иложи бўлганда колхоз янги оғилхона қурган бўлмасмиди?
– Томини ёпиш мумкин эди-ку! Эшиклари қани? Деразалари қани? Ҳамма ёқ вайрона, қўйхонада қор, ўн йиллик қий чиқарилмаган. Буни қара, бу чирик хашак қанча вақтга етади? Ахир қўзичоқларга шунақа пичан бериладими? Қўй-қўзилар тагига нима тўшаймиз? Қўзичоқлар балчиққа ботиб ўлаверишсинми, а? Шундайми сенингча? Қоч, йўлимни тўсма!
– Бўлди, Танабой ўзингни бос. Нима, сен ҳаммадан ортиқмисан? Кўпчилик нима бўлса, биз ҳам шу-да. Тағин сени эркак дейишади-я! – Уялтирди хотини. – Яхшиси, нима қилиш мумкинлигини ўйлаб кўр, ҳали ҳам кеч эмас. «Туф» де уларга. Биз жавобгармиз, биз шу ишни
109


қилишимиз керак. Мен ҳув анави жарликка тушаверишда қалин ўсган наъматакларни кўрдим, тўғри, тиканакли-ю, лекин уларни чопиб томни беркитса бўлади, устидан гўнг ташлаймиз. Қўй-қўзилар тагига эса қуврай ўришга тўғри келади. Агар ҳаво айниб қолмаса, бир амаллаб қишдан чиқиб оламиз...
Сақмончилар ҳам Танабойни тинчита бошлашди. У эгардан сирғалиб тушди, хотин-халажларга парво қилмай, ўтовга кириб кетди. Худди оғир касалликдан тургандай бошини хам қилиб ўтирди.
Уйда ҳамма жимиб қолди. Гаплашгани қўрқишарди. Жайдар тезак ёқиб қайнатилган қумғонни олдида, аччиқ қилиб чой дамлади. Кўзада сув келтириб эрининг қўлига сув қуйди. Озода дастурхонни ёзди, ҳатто қаёқдандир қант-қурслар ҳам топиб келтирди, ликобчага сариёғ тўғраб қўйди. Сақмончиларни таклиф қилишди ва чой ичишга ўтиришди. Эҳ, бу хотинлар-ей! Гўё меҳмонга келишгандай пиёлалардан чой ичиб ҳар балони гапириб ўтиришарди. Танабой жимгина ўтириб, чой ичди-да, сўнг ўтовдан чиқиб қўй қўранинг қулаб тушган тошларини қалай бошлади. Бу битадиган иш эмасди. Лекин қўйларни тунда қамаш учун бирон нарса қилиш керак-ку. Аёллар ҳам чиқишиб, тошларга ёпишишди. Ҳатто қизалоқлар ҳам тошларни кўтариб келтириш учун чиранишарди.
– Уйга жўнанглар, – деди уларга отаси.
У номус қиларди. Кўзларини ердан кўтармай тош таширди. Ҳақ гапни айтганди Чоро, Жайдар бўлмаганида Танабой бечора бошини омон сақлай олмасди.
XVI
Эртасига Танабой ўз оталиғидаги чўпонларни кўчириб келишга кетди. Кейин бутун ҳафта бўйи тинмай ишлади. У ҳатто шундай қаттиқ ишлаганини эслай олмасди. Ахир фронтда мудофаа линиясини кеча-ю кундуз ухламай қурган эмасмиди. Бироқ у ерда полк билан, дивизия билан, армия билан бирга эди. Бу ерда-чи, ўзи, хотини ва сақмончилардан бири. Иккинчиси эса яқин орага қўйларни ёйгани кетган эди.
110


Ҳаммадан ҳам қўйхонани гўнгдан тозалаш, наъматакларни кесиб келтириш қийин бўлди. Бутазор қалин бўлиб, турган-битгани тикан эди. Танабойнинг этиги йиртилиб, эскириб қолган солдатча шинели ҳам илма-тешик бўлиб кетган эди. Кесилган наъматак шохлари арқон билан боғланиб судраб келтириларди; тиканли бўлганидан на отга ортиб, на орқалаб бўларди. – Бештол водийси эмиш, ундан бешта тўнкани ҳам излаб тополмайсан, – сўкинарди Танабой. Бу лаънати наъматакни икки букилиб эгилиб, терга ботиб ташийверганларидан йўл то қўй қўрагача тирмалаб чашланган эди. Танабой хотин-қизларга ачинарди, бироқ, илож қанча. Улар хавотирда ишлашарди, иш орасида гоҳ-гоҳ ҳавога ҳам қараб қўйиш зарур эди. Ҳавонинг авзойи қалай? Қор уриб берса буларнинг ҳаммаси бир пул. У қўйлар қўзилаб қолмадимикан деб, хабар олиб келиш учун катта қизини отарга югуртирди.
Қўйхонани гўнгдан тозалаш ҳам оғир эди. Бу ерда шунчалик кўп гўнг бор эдики, уни ярим йил ичида ҳам ташиб чиқариш мумкин эмасди. Агар қўй қийи яхши том остида қуруқ ва шиббаланган бўлса, уни қирқиш ҳам кўнгилли бўлади. Бир-бирига зичлашиб, қотиб қолган қийни кессанг, палахса-палахса чиқади. Уларни қуритиш учун катта-катта уюм қилиб тахлаб қўйилади. Қўй қийининг чўғи ёқимли ва беғубор бўлади, қиш совуғида чўпонлар уни ёқиб исинадилар. Аммо гўнг, бу ердагидек, ёмғир ёки қор остида қолган бўлса, у ҳолда буни тозалашдан ҳам оғирроқ иш йўқ. Тинкани қуритадиган иш. Вақт эса кутиб турмайди. Кечалари ис босган фонарь ёруғида улар бу муздек, ёпишқоқ, қўрғошиндай оғир балчиқни зўр бериб замбилда ташир эдилар. Мана, уларнинг иккинчи сутка ишлашлари.
Қўйхона орқасига каттакон гўнг уюмини ташиб чиқаришган эди, қўйхонанинг ичи ҳали гўнг билан лиқ тўла. Кутиб турган қўзичоқлар учун, ҳеч бўлмаганда, қўйхонанинг бирон бурчагини очишга шошилишарди. Она-бола қўйларнинг ҳаммасини жойлаштириш учун бутун бир қўйхона торлик қилиб турган пайтда, бир бурчагини очиш нима деган гап, – кунига йигирматадан, ўттизтадан қўйлар қўзилаётган бўлса! «Нима бўлади?» – фақат шу ҳақда ўйларди Танабой, замбилга гўнгни солишда ҳам, ташиётганда ҳам, уни тўкиб
111


қайтиб келаётганда ҳам. Шу тарзда ярим кечадан то тонг отарга қадар ҳадеб ўйлагани-ўйлаган. Гангиб қолиб, қўллари увушди. Бунинг устига шамол фонарни ўчирарди. Яхшики, сақмончилар зорланмади, Танабой ва Жайдар сингари ишлашди.
Орадан бир кун ўтди, икки, уч кун ўтди ва ҳоказо. Улар эса ҳамон гўнгни ташир, девор ва том тешикларини беркитар эдилар. Бир кун кечаси Танабой қўйхонадан замбил билан чиқаётиб отарда қўзичоқнинг маърагани ва она қўйнинг безовталаниб, унга жавобан оёқ тепишини эшитди. «Бошланди!» –юраги шув этиб кетди.
– Эшитяпсанми? – хотинига ўгирилиб қаради Танабой.
Улар бирдан гўнг солинган замбилни оёқлари остига ташлаб, фонарни ушлаганларича отар томон югуришиб қолишди. Фонарнинг хира нурида қўй галасини тимирскилаб қарай бошлашди. Қаёқда у? Ҳув ана, бурчакда! Совлиқ қўй ҳозиргина туғилиб қалтираб турган увоққина қўзичоқни ялаб турган эди. Жайдар уни барига солиб олди. Яхшиям ўз вақтида улгуришди, бўлмаса қўрада музлаб қолган бўларди. Уларнинг ёнгинасида яна бир совлиқ қўзилаганлигини кўрдилар. У эгизак туққан эди. Буларни Танабой плашининг этагига солди. Бештаси тўлғоқ тутиб, кучаниб маъраб ётган эди. Демак, бошланибди. Эрталабгача булар ҳам қўзилайди. Сақмончиларни чақиришди. Қўзилаган қўйларни қўйхонанинг ҳалиги наридан-бери тозаланган бурчагига жойлаштириш учун қўй қўрадан ажратиб чиқара бошладилар.
Танабой девор остига похол тўшаб, онасининг оғиз сутини биринчи татиб кўрган қўзичоқларни ётқизиб, уларнинг устини қоп билан ёпиб қўйди. Совуқ. Она қўйларни ҳам шу ёққа қўйиб юбордик- ку, – лабини тишлаганча ўйланиб қолди. Ўйлаб ўтиришдан нима фойда? Фақат бир иложини қилармиз деган умид қолди. Қанча иш, қанча ташвиш... Ҳеч бўлмаса похол етарли бўлганда эди, у ҳам йўқ. Иброҳим унга ҳам узрли сабаб топади. Йўлсиз тоғда похол ташиб кўрчи, дейди.
Э, нима бўлса бўлар, бориб сиёҳ солинган банкани олиб келди. Битта туғилган қўзичоқ орқасига икки, эгизакларига эса уч рақамини ёзиб қўйди. Она қўйларни ҳам худди шундай номерлаб чиқди. Юзлаб
112


қўй қўзилагандан сўнг уларни бир-биридан ажратиб кўрчи.
Чўпонлар ишининг энг қизғин палласи бошланди. Бошланганда ҳам у худди мудофаадагидай, босиб келаётган танкларни ҳеч нима билан даф эта олмаган пайтдагидек шафқатсизлик билан бошланган эди. Сен эса окопда турасан ва ҳеч қаёққа кетмайсан, чунки кетиш мумкин эмас. Иккисидан бири – ё охиригача тик туриб олишиш, ёки
ўлиш керак.
Танабой ҳар кун эрталаб қўйларни яйловга чиқариб юбориш
олдидан, гўё ўз жабҳасини баҳолаётгандай, тепалик устида жимгина туриб атрофга қарарди. Унинг мудофаа линияси кўҳна, ярамайдиган эди. Бироқ, у туриб бериши керак. Унинг ҳеч қаёққа кетиши мумкин эмас. Ичидан саёз сой оқиб турган илон изига ўхшаш кичик бир дара дўнгликлар орасида сиқилиб турар, ундан кейин баландроқ тепаликлар, улардан кейин эса яна баландроқ қорли тоғлар қад кўтарган эди. Оппоқ ёнбағирлар тепасида яланғоч тош қоялари қорайиб кўринарди. У ердаги тоғлар устида ёппасига муз билан қопланган қиш ётарди. У бу ёққа қўлини узатиши мумкин. Фақат ҳаракатга келиши, пастга булутларни тушириб юбориши ва дарани туманликка ғарқ қилиб юбориши қолган. Кейин дарани қидириб тополмайсан.
Ҳаво айниб, осмон кулранг тусга кирган эди. Пастлаб шамол эсарди. Теварак бўм-бўш. Тоғлар, ҳамма ёқда тоғлар, қўрқувдан кишининг юраги музлаб кетади. Хароба қўйхонада қўзичоқлар маърашарди. Отардан қўзилай деб қолган яна ўн бош совлиқни ҳайдаб келишди, қўзиласин деб қўйхонада қолдиришди.
Қўй галалари жиндай бўлсада, хашак топиш учун секин юриб кетди. Энди яйловда ҳам улардан кўз-қулоқ бўлиб туриш керак. Шундай пайтлар ҳам бўладики, совлиқнинг яқин орада қўзилаши мумкин эканлигини билиб бўлмайди. Кейин, бирдан бутанинг орқасига боради-да, бўшаб олади. Агар вақтида қаралмаса қўзичоқ зах ерда ётиб, шамоллаб, касалланиб нобуд бўлиши мумкин.
Шундай бўлса ҳам Танабой тепаликда узоқ туриб қолди. Қўлини силтаб, қўйхона томон юриб кетди: у ерда ишлар ҳали кўнгилдагидек эмас эди. Ҳали нималардир қилиб улгуриш керак эди.
113