айтишга осон. Ҳар бир қўзи туғилиши, унинг устига яна тирик қолиши ҳам керак. Ёмғир, шамол, совуқ эса унга қарши туради.
Жун-чи? Жун толасини олиб кўр, кўзинг илғамайди, пуфласанг йўқ бўлиб кетади қўяди. Килограммларни қаёқдан оласан? Уҳ, олтинга баравар-а бу килограммлар. Лекин баъзилар буларнинг ҳаммаси қандай олинишини тасаввур ҳам қила олмаса керак...
Ҳа, Чоро уни йўлдан урди, адаштирди... «Сўзга чиқ, дейди, лекин қисқа қил, ўз мажбуриятларинг ҳақида сўзла. Бошқа ҳеч нарса гапирма. Маслаҳатим шу». Танабой кўна қолди. Минбарга чиқди-ю, юраги пўкиллади, шундай қилиб юрагида қайнаб тошиб юрган гапларни айта олмади ҳам. Мажбуриятлари ҳақида минғирлаб гапирди-да, тушиб кетди. Эсласанг уяласан. Чоро бўлса мамнун. Нега у бунчалик эҳтиёткор бўлиб қолди? Кексалигиданмикин ёки энди колхозга бош бўлмаганиданмикин? Танабойни эҳтиёт бўлишга чақиришнинг нима кераги бор экан? Йўқ, у айниган, негадир ўзгарган! Эҳтимол, умр бўйи раис бўлиб колхозни судраганидан, бошлиқлар умр бўйи уни сўкканларидандир. Эпчиллик, усталик қилишга ўрганиб қолганга ўхшайди...
«Ҳап саними, тўхтаб тур, дўстим, бир кунмас бир кун юзма-юз келганда эслатиб қўяман мен сенга...» – ўйларди Танабой пўстинига яхшироқ ўралар экан. Совуқ шамол уриб турибди, уйгача ҳали узоқ. У ёқда нималар кутаётганикин уни?..
** *
Чоро йўрға отда ёлғиз жўнади. Ҳамроҳларини кутиб ўтирмади. Уйга тезроқ етиб олгиси келар, юраги оғрий бошлаганди. Отни ўз ҳолига қўйиб берди, у кун бўйи дам олганидан энди бир текис елиб борарди. Юргизилган машина сингари бир маромда туёқларини тақиллатиб кетаётганди. Аввалги ҳамма нарсасидан унда фақат чопиш иштиёқигина қолганди. Бошқа ҳамма нарса унда аллақачон ўлган эди. У фақат эгару йўлнигина билсин учун қолган ҳамма фазилатларини йўқотишганди. Гулсари чопиш билан тирик эди. Гўё одамлар тортиб олган нарсаларга етиб олмоқчидай, виждонан,
98


ҳормай-толмай чопарди. Чопарди-ю, лекин етиб ололмасди.
Шамолда Чоро бир оз енгил тортди. Юрагидаги оғриқ ўтиб кетди. У кенгашдан умуман мамнун эди, айниқса, обком секретарининг чиқиши жуда ёқди, у ҳақда кўп эшитган бўлса ҳам биринчи марта кўриши эди. Шундай бўлса ҳам парторг ўзини ноқулай сезарди. Кўнгли ғаш эди. Ахир у Танабойга яхшилик қилмоқчи эди. Ахир у бундай кенгашлар, мажлислар ва йиғилишларда қатнашавериб пихи қайрилган қаерда нима гапириш керагу, нима керак эмаслигини биларди. Тажрибаси бор эди. Танабой эса гарчанд қулоқ солган бўлса ҳам, буни тушунишни хоҳламади. Кенгашдан сўнг унга бир оғиз ҳам сўз айтмади. Машинага ўтирди-ю, тескари ўгирилиб олди. Хафа бўлибди. Эҳ, Танабой, Танабой! Соддасан, ҳаёт сени ҳеч нарсага ўргатмабди. Сен ҳеч нарсани билмайсан ҳам, пайқамайсан ҳам. Ёшлигингда қандай бўлсанг, шундайлигингча қолибсан. Ҳамма нарсани шартта-шартта қилсанг. Замон ҳозир бошқача. Энди ҳаммасидан муҳими, қандай гапиришни, кимнинг олдида нима гапиришни билиш, сўзинг барча одамларники сингари замон руҳида жаранглаши, ажралиб турмаслиги, ёзилгандай силлиқ бўлиши керак. Шунда ҳамма нарса жойида бўлади. Сени, Танабой, кўнглингнинг кўчасига қўйиб юборсанг борми, ҳамма нарсани ағдар-тўнтар қилиб ташлайсан, яна жавоб беришга ҳам тўғри келади. «Ўз ташкилотингиз аъзоларини сиз қандай тарбияламоқдасиз? Бу қанақа тартиб-интизом?
Бу қанақа бошбошдоқлик?» Эҳ, Танабой, Танабой...
XIV
Ҳамон ўша тун, улар иккиси йўлда. Қари одам ва қари от. Жарлик ёқасида гулхан ёнмоқда. Танабой ўрнидан туради, жон бераётган Гулсари устига ёпган пўстинини нечанчи бор тўғрилаб қўяди. Яна унинг бош томонига ўтиради. У хаёлан бутун умрини бирма-бир назардан ўтказади. Саман отнинг чопишидек тез ўтган йиллар, йиллар, йиллар. Ўшанда у қўйларга чўпон бўлиб борган ўша йили, ўша кеч кузда, ўша эрта қишда нима бўлганди?..
99


XV
Бутун октябрь ойи тоғларда қурғоқчилик бўлиб, ҳамма ёқ олтин тусга кирган эди. Бошда фақат икки кунгина ёмғир ёғиб, ҳаво совуди, туман тушди. Аммо кейин бир кечада булутлар тарқалиб кетди, эрталаб Танабой ўтовидан чиқувди, орқасига тисарилиб кетишига сал қолди– тоғлар чўққиларидаги янги қорлари билан у томон босиб келаётгандай эди. Уларга қор қандай ёғибди! Гўё Тангри ҳозиргина яратгандай, улар фалакда мусаффолигича, сояда ҳам, ёруғликда ҳам яққол кўзга ташланиб турарди. Қор ёғган жойдан кўм-кўк, бепоён бўшлиқ бошланарди. Унинг тубида олис-олислардан коинотнинг хаёлий зумрад уфқи кўриниб турарди. Нур ва соф ҳавонинг мўл- кўллигидан Танабой жунжикиб кетди ва юраги ҳасратга тўлди. У яна Гулсари билан бирга борган ҳув ўша жувонни эслади. Йўрға қўл остида бўлса эди, минарди-да, завқ-шавқи ва шодлигидан қийқириб, мана бу эрталабки оппоқ қор каби унинг ҳузурига кириб борарди...
Аммо у бу фақат орзугина эканлигини биларди... Нимаям қиларди, умрнинг ярми орзу-хаёл билан ўтади. Шунинг учун ҳам, эҳтимол, ҳаёт шунчалик лаззатли, орзу қилганларининг ҳамма- ҳаммаси ҳам рўёбга чиқавермаганлиги учун ҳам, эҳтимол, азиздир бу ҳаёт. У тоғлар ва осмонга тикилиб туриб, ҳамма одамларнинг бир хил даражада бахтли бўла олишига шубҳаланарди. Ҳар кимнинг ўз тақдири – қисмати бор. Унда, бир тоғда бир пайтнинг ўзида ҳам ёруғлик, ҳам қоронғилик бўлганидек, ўз қуванчлари, ўз ғаму- ғуссалари бўлади. Ҳаёт шулар билан тўла-тўкис... У жувон, эҳтимол, энди кутмаётгандир ҳам. Тоғлардаги янги қорни кўриб эслаган бўлмаса агар...
Одам қариб бораверади, кўнгил эса таслим бўлишни хоҳламайди, аҳён-аҳёнда бир ижирғаниб, ўзини эслатиб қўяди.
Танабой отни эгарлади, қўйлар қўрасини очди, ўтовнинг ичига қараб хотинига қичқирди:
– Жайдар, мен қўйларни бир айлантириб келай, сен ишларингни қилиб бўлгунингча қайтиб келаман.
100


Қўйлар майда қадам ташлаб тез-тез юриб кетишди, қўйлар елка, бошларини қимирлатиб тепаликка қараб кўтарилиб борарди, қўшни чўпонлар ҳам қўйларини ҳайдаб чиқа бошлашганди. У ер-бу ерда тоғ ёнбағри, пастликлар, жарликларда қўй сурувлари ер-заминнинг азалий тортиғи – ўт-ўланларни тера бошлади. Кузги тоғларнинг сарғиш, қўнғир ўт-ўланлари орасида кулранг оқиш қўйлар тўда-тўда бўлиб дайдиб юришарди.
Ҳозирча ишлар жойида эди. Танабойга ёмон отар тегмади – улар икки ва уч марта қўзилаган совлиқлар эди. Ярим минг бош. Ярим минг ташвиш. Қўзилагандан кейин эса улар икки баравардан зиёдроқ кўпаяди. Лекин қўзилатишга, чўпонларнинг машаққатли меҳнати бошланишига ҳали узоқ эди.
Йилқиларга қараганда қўйларни боқиш анча тинчроқ, албатта, лекин Танабой уларга дарров кўника қолмади. Отларни боқиш бошқача эди-да! Аммо, айтишларича, йилқичилик ўз аҳамиятини йўқотган эмиш. Машиналар пайдо бўлганмиш. Отлар энди, демак, фойдасиз бўлиб қолибди-да. Энди қўйчилик: жун, гўшт, тери – асосий нарса. Гарчанд бундай оқилона ҳисоб-китобда ҳақиқат борлигини тушунса ҳам, у Танабойга қаттиқ ботарди.
Яхши айғири бўлган уюрини баъзи пайтларда вақтинча, ярим кунга, ёки ундан ҳам кўпга ташлаб кетиб, ўз ишлари билан банд бўлса бўларди. Қўйларни эса ташлаб ҳеч қаёққа кетиб бўлмайди. Кундузи бир қадам ҳам жилмай улар билан бирга юриш, тунда қоровуллик қилиш керак. Чўпондан ташқари отарда чўлиқ бўлиши керак эди, лекин чўлиқ беришмаётганди. Шунинг учун навбат алмашмай, дам олмай, тинимсиз ишлашга тўғри келарди. Жайдар қоровул ҳисобланарди, кундузи фақат баъзи вақтлардагина қизлари билан қўйларга қарай оларди, тун ярмига қадар милтиқ билан қўра атрофида айланиб юрарди, кейин Танабойнинг ўзига қоровуллик қилишга тўғри келарди. Энди колхоздаги бутун чорвачиликка хўжайин бўлган Иброҳим эса баҳона топишга уста эди.
– Хўш, мен қаердан оламан чўлиқни, Танака? – дерди у куйингандай бўлиб. – Ақлли одамсиз-ку ахир. Ёшларнинг ҳаммаси ўқимоқда. Ўқимаётганлари эса қўй десангиз тепа сочи тикка бўлади,
101


улар шаҳарга, темир йўлга, ҳатто аллақаёқлардаги конларга ҳам кетиб қолишмоқда. Нима қилишга ақлим етмай қолди. Сизда ҳаммаси бўлиб биргина отар – шунда ҳам оҳ-воҳ қиласиз. Мен-чи? Бутун чорвачилик менинг бўйнимда. Судга тушаман. Бу ишга беҳуда ўтган эканман, беҳуда. Сиз оталиққа олган Бектойга ўхшаш кишилар билан ишлаб бўлармиди? Сен, дейди, мени радио, кино, газеталар билан таъминла, янги ўтов бер, тағин ҳар ҳафтада олдимга магазин келиб турсин. Бўлмаса бошим оққан томонга кетаман қоламан, дейди. Сиз у билан гаплашсангиз бўларди, Танака!..
Иброҳим алдамаётганди. Унинг ўзи ҳам кўтарилиб кетганидан хурсанд эмасди. Бектой ҳақидаги гапи ҳам тўғри эди. Танабой баъзан бир амаллаб вақт топиб, оталиққа олган комсомоллари олдига бориб турарди. Эшим Бўлатбеков гарчанд унчалик эпчил бўлмаса ҳам кўнгилчан, юмшоқ табиатли йигит эди. Бектой эса чиройли, келишган эди, аммо унинг қора қийиқ кўзларидан ғазаб ўти чақнаб турарди. У Танабойни қовоқ осиб кутиб оларди, унга:
– Сен, Танака, куйиб-пишаверма, яхшиси, ўз болаларинг олдида ўтир. Сенсиз ҳам мени текширувчилар кўп.
– Сенга нима, бир нарса ютқизяпсанми бундан?
– Ютқизишга ютқизмайману , лекин сенга ўхшаганларни ёқтирмайман. Сизлар, ўзингизни сувга ҳам, ўтга ҳам ургансизлар. Доим ҳайбаракаллачилик, «ура, ура!» қилгансизлар. Ўзингиз бўлса одамдай ҳаёт кечирмадингиз, ўзгаларни ҳам одамдай яшашига йўл қўймадингиз.
– Сен, йигит, жуда ҳам ҳаддингдан ошаверма, – Танабой зўр- базўр ўзини тутиб ижирғаниб гапирди. – Қўлингни менга бигиз қилиб гапирма. Бу сенинг ишинг эмас Ўзини сувга ҳам, ўтга ҳам урган сен эмас, биз бўламиз. Афсусланмаймиз бундан. Сизларни деб ўзимизни ўтга, сувга ташлаганмиз. Шундай қилмаганимизда эди, кўрардим ҳозир аҳволинг нима бўлишини. Кино кўриш, газета ўқиш ҳам гапми, ўз отингни ҳам билмаган бўлардинг. Уч ҳарфдангина иборат биргина «қул» деган отинг бўларди сенинг...
Танабой Бектойни ёқтирмасди, лекин мана шу тўғри сўзлиги учун уни ичидан ҳурмат қиларди. Бектойнинг феъл-атвори айниб
102


бораётганди. У йигитнинг эгри йўлга кириб кетаётганлигини кўриб Танабой ачинарди. Кейинчалик уларнинг йўллари ажралиб кетиб, шаҳарда тасодифан учрашиб қолганларида Танабой унга ҳеч нарса демади, унинг сўзларини тинглаб ўтирмади ҳам.
Ўша эрта тушган қиш кунлари эди... Қиш ўзининг оппоқ қаҳрли туясида тез елиб-югуриб келиб, чўпонларни беғамлиги учун жазолай кетди.
Бутун октябрь ойи қуруқ келганди, ҳамма ёқ олтин тусга кирганди. Ноябрь ойида эса бирданига қиш тушиб қолди.
Танабой кечқурун қўйларни ҳайдаб келиб, уларни қўрага қамади, ҳамма нарса гўё ўз жойидагидек эди. Аммо тун ярмида уни хотини уйғотиб қолди:
– Тур, Танабой, мен жуда совқотиб қолдим. Қор ёғяпти.
Унинг қўллари муздай эди, ҳамма еридан қор ҳиди келарди. Милтиқ ҳам нам ва совуқ эди.
Ҳовлида оқиш тун. Қор гупиллаб ёғяпти. Қўйлар қўраларда безовталаниб ётишарди, қорга кўникмаганликларидан силкинишар, каллаларини чайқашар, қор бўлса ҳамон шиғаб ёғарди.
«Шошманглар, ҳали сиз билан бизнинг бошимизга бундан ҳам баттарроқ кунлар келади, – деб ўйлади Танабой пўстинига ўралиб. – Эрта, жуда эрта келдинг сен қиш. Оқибати нима бўларкин, яхшиликми, ёмонликми? Балки кейинчалик юмшаб қоларсан, ҳа? Фақат қўйлар қўзилагунча ўтиб кетсанг бўлгани. Бор илтимосимиз мана шугина. Ҳозирча эса ўз билганингни қилавер. Бунга ҳаққинг бор, ҳеч кимдан сўрамасанг ҳам бўлади...»
Қиш индамай қоронғида, одамлар уҳ тортиб, у ёқдан бу ёққа югургилаб қолсин деб ўз ишини қилар эди.
Тоғлар тунда қорайиб, баҳайбат турар эди. Улар қишни писанд қилмасди. Анави чўпонлар сурувлари билан елиб чопаверишсин. Тоғлар эса қандай турган бўлса, шундай тураверади.
Эсдан чиқмайдиган ўша қиш бошланди, аммо унинг оқибатини ким билсин?
Қор эримай ётарди, бир неча кундан сўнг яна гупиллаб ёғиб берди, кейин яна, яна ёғди ва чўпонларни кузги манзилларидан
103


ҳайдаб туширди. Отарлар дайдиб, тарқалишиб, даралар, овлоқ жойлар, кам қорли ерларга бекина бошладилар. Чўпонлар ўз ҳунарларини – бошқа бир одам бу ерда қордан бўлак ҳеч нарса йўқ, деб қўл силтаб кетган жойлардан отарларга ем-хашак излаб топиб бериш ҳунарларини ишга солишди. Шунинг учун ҳам уларни чўпон дейишади-да... Баъзан бирон бошлиқ келиб қараб туради-да, уни-буни суриштиради, бир дунё нарсани ваъда қилади ва дарҳол тоғдан жўнаб қолади. Чўпон бўлса яна ёлғиз ўзи қиш билан юзма-юз қолади.
Колхоздагилар қўзилатишни қандай ўтказиш ҳақида нима ўйлаётганликларини, ҳамма ишлар қилинганми, ҳамма нарса жамғарилганми – шуларни билиш учун Танабой кўпдан бери колхозга бир амаллаб бориб келмоқчи бўларди. Аммо қаёқда дейсиз! Бош қашишга ҳам қўли тегмасди. Жайдар бир куни интернатга ўғлининг олдига бориб келди, лекин у ерда узоқ турмади: усиз жуда қийин бўлишини биларди, Танабой ўшанда қизлари билан қўйларни боқарди. Кичик қизини эгарнинг олдига ўтқизиб, пўстин билан ўраб оларди, у иссиқда тинч эди, каттаси эса совқотарди, у отасининг орқасида ўтирарди. Ҳаттоки ўчоқдаги олов ҳам бошқача бўлиб ғарибона ёнарди.
Эртасига оналари қайтганда эса нима бўлди денг-а! Болалар унинг бўйнига ташланишди, куч билан ажратиб олишга тўғри келди. Ҳа, ота албатта ота-ю, лекин онанинг ўрни бошқа.
Вақт шу зайлда ўтиб борарди. Ҳаво ўзгариб туради, гоҳ қиш қаҳрига олар, гоҳ бир оз юмшарди, икки марта бўрон ҳам бўлди, кейин тинчиб, ерлар эрий бошлади. Танабойни худди мана шу нарса ташвишлантирарди. Қўйларнинг қўзилашлари илиқ кунларга тўғри келса яхши-я, агар тўғри келмаса-чи, унда нима бўлади?
Бу орада қўйларнинг қоринлари тобора катталашиб борарди. Боласи йирик ёки эгизак бўлган айрим совлиқларнинг қоринлари осилиб қолган эди. Совлиқ қўйлар эҳтиёткорлик билан зўр-базўр қадам ташлашарди, жуда озиб кетишганди. Орқа суяклари туртиб чиқиб қолганди. Ҳайрон қоладиган жойи ҳам йўқ бунинг – бола қоринда ўсиб, онасининг бор-йўғини сўриб етилиб-тўлишарди, бу ерда бўлса ҳар битта ўтни қор остидан тимирскилаб топиш керак.
104


Чўпон қўйларни эрталаб ва кечқурун қўшимча боқса, тоққа ем- хашаклар келтирса бўларди-ю, лекин колхоз омборларида ҳеч нарса топилмасди. Уруғликлар ва аравага қўшиладиган, миниладиган отлар учун асраб қўйилган сулидан бўлак ҳеч нарса йўқ эди.
Танабой ҳар куни эрталаб қўйларни қўралардан ҳайдаб чиқараётганда совлиқларни кўздан кечирар, қорни, елинини пайпаслаб кўрар эди. Агар ҳамма бало-қазолардан соғ-омон чиқарса, чамалаб қўзилар бўйича мажбуриятини бажариши, жун бўйича бажара олмаслигига кўзи етарди. Қиш ичида қўйларнинг жуни ёмон ўсди, баъзилариники ҳатто сийраклашиб қолди, тўкила бошлади, уларни янада яхшироқ боқиш керак эди. Танабойнинг қош-қовоғи осиларди, ғазабланарди, аммо ҳеч нарса қила олмасди. Шунда Чоронинг сўзига киргани учун ўзини энг ёмон сўзлар билан койирди. Ваъдани катта берди. Минбарга чиқиб гапирди. «Мен, фалончи пистончи илғор одам, партия ва ватан олдида сўз бераман». Лоақал мана шу кейинги сўзларни гапирмаса ҳам бўларди! Партия ва ватаннинг бунга нима дахли бор-а! Одатдаги хўжалик иши. Йўқ, тартиб-қоида шундай. Нега энди керак бўлса-бўлмаса, биз ҳар қадамда шу сўзларни тиқиштираверамиз, а?..
Нима ҳам қиларди, ўзи айбдор. Ўйлаб кўрмаган. Ўзгаларнинг гапи билан иш қиладиган бўлиб қолган. Уларга нима, алдаб-сулдаб қутулиб олишади, лекин Чорога раҳминг келади. Ҳеч омади келмаяпти-да унинг. Бир кун соғ бўлса, икки кун касал. Умр бўйи у ёққа югуради, бу ёққа югуради, унга ялинади, буни кўндиради, хўш, ниманинг уддасидан чиқди? Эҳтиёткор бўлиб боряпти, сўзни танлаб гапиради. Модомики касал экансан, дам олишга чиқсанг ҳам бўлармиди...
Қиш чўпонларни гоҳ умидлантириб, гоҳ ташвишлантириб ўз маромида бораётганди. Танабойнинг отарида икки совлиқ қувватдан кетиб ҳалок бўлди, жуда нимжон бўлиб қолган экан. Унинг оталиғидаги ёш чўпонларнинг ҳам бир нечтадан қўйлари ўлди. Бусиз бўлмайди ҳам. Бир қиш ичида ўн совлиқни йўқотиш оддий нарса. Энг муҳими олдинда, кўклам арафасида.
Бирдан ҳаво илий бошлади. Совлиқларнинг елинлари дарров
105