Яна анчайин суҳбат бошланди. Энди шошилишнинг ҳожати йўқ эди.
Танабой колхознинг янги раиси билан илк бор шу тарзда тўқнашди. Тўғрироғи, шахсан ўзи билан эмас, балки унинг ажи-бужи имзоси билан. Унинг ўзини ҳали юзма-юз кўрмаганди. У Чоронинг ўрнига келганида тоғларда эди. Уни қаттиққўл одам, катта мансабларда ишлаган, дейишарди. Биринчи йиғилишдаёқ ишёқмасларни қаттиқ жазолашни айтиб огоҳлантириб қўйган, меҳнат куни минимумини бажармаганлик учун эса судга тортаман, деб дўқ қилган, колхозлардаги барча қийинчиликлар колхозларнинг майда бўлганлигидан юз бераётганлигини, энди уларни йириклаштиражакларини, тез орада аҳвол яхшиланишини, уни шунинг учун ҳам бу ерга юборилганини, хўжаликни илғор агротехника ва зоотехниканинг барча қонун-қоидаларига мувофиқ олиб боришини ўзининг асосий вазифаси қилиб олганлигини айтган эди. Бунинг учун эса ҳамма агротехника ва зоотехника тўгаракларида ўқишга мажбур.
Чиндан ҳам ўқишни бошлаб юборишди – плакатлар осиб қўйишди, лекциялар ўтказа бошлашди. Агар чўпонлар лекциялар пайтида пинакка кетиб қолишаётган бўлишса, бу энди уларнинг иши...
– Танака, биз кетишимиз керак, – Иброҳим Танабойдан бир нарсани кутгандай қаради ва этикларининг сирғалиб тушган қўнжларини тортиб, тулки телпагини қоқиб, у ер-бу ерини тузата бошлади.
– Гап бундай, ферма мудири, раисга бориб айт: мен Гулсарини бермайман. У уюр айғири. Бияларга қўямиз.
– Вой-бўй, Танака, биз унинг ўрнига беш айғир берамиз, биронта ҳам бия қисир қолмайди. Ахир шу ҳам гапми? – ажабланди Иброҳим. Ҳамма иш яхши бораётганидан у хурсанд эди, бирдан... Эҳ, Танабой ўрнида бошқа бирон киши бўлганида гапни қисқа қилган бўларди. Аммо Танабой Танабойлигини қилади-да, у ўзининг акасини ҳам аямаган, буни эътиборга олиш керак. Эҳтиётлик билан иш тутмаса бўлмайди.
66


– Менга сизларнинг беш айғирингиз керакмас! – Танабой терлаб кетган пешонасини артди ва бир оз индамай тургач, очиқчасига гаплашишга қарор қилди. – Нима, раисингга минишга от топилмадими? Отхонада отлар қуриб кетибдими? Нега энди айнан Гулсари керак бўлиб қолди?
– Нега бундай дейсиз, Танака? Раис бизнинг раҳбаримиз, демак, уни ҳурмат қилиш керак. Ахир у туманга боради, унинг олдига ҳам одамлар келиб туришади. Раис халқ орасида юради, хўш, айтайлик...
– Нима, хўш? Бошқа отни минса ҳеч ким уни тан олмай қўядими? Ёки ҳамманинг кўз олдида бўлса, албатта йўрға отни миниши керакми?
– Албаттами, албатта эмасми, аммо шундай бўлиши керак. Мана сиз, Танака, урушда солдат бўлгансиз. Сиз енгил машинада, генералингиз эса юк машинасида юрганми ахир? Йўқ, албатта. Генералга – генераллигига муносиби, солдатга – солдатларга ярашаси. Ё нотўғрими?
– Унинг йўриғи бошқа, – иккиланиб эътироз билдиради Танабой. Нега йўриғи бошқачароқ эканлигини тушунтириб ўтирмади, очиғини айтганда, тушунтира олмасди.
Саман йўрға бўйнидаги сиртмоқнинг тортилаётганини сезиб, у жаҳл билан гапирди:
– Бермайман. Агар маъқул кўрмаётган бўлсаларинг, йилқибоқарликдан олиб ташланглар. Темирчилик устахонасига бораман. У ерда сиз мендан болғани тортиб ололмайсизлар.
– Нега бундай дейсиз, Танака! Биз сизни ҳурмат қиламиз, қадрлаймиз. Сиз бўлсангиз худди ёш боланинг гапини қиляпсиз. Ахир шу сизга муносибми? – Иброҳим ўтирган жойида типирчилаб қолди. Иш пачава бўлди шекилли. Ўзи ваъда берганди, ўзи маслаҳат қилганди, ўзи тўғрилайман деб мақтанувди, манави қайсар нусха бўлса ҳамма ишни барбод қилмоқчи.
Иброҳим чуқур хўрсинди-да, Жайдарга мурожаат қилди:
– Ўзингиз ўйлаб кўринг, Жайдар бойбича, битта от нима бўпти, майли йўрға бўлса ҳам? Уюрда қанақа отлар йўқ дейсиз – истаганингизни танлаб олинг. Одам келган бўлса олдингизга, уни
67


юборишган бўлса...
– Сен нега бунча жон куйдиряпсан? – сўради Жайдар.
Иброҳим ҳайрон бўлиб, тутилиб қолди:
– Бўлмасам-чи? Тартиб-интизом. Менга топширишди, мен кичик
одамман. Ўзим учун эмас. Мен эшакда ҳам юравераман. Мана сўранг, Абалаканинг ўғлини юборишди йўрға отни миниб кел деб.
У индамай бош силкитди.
– Яхши иш бўлмаяпти, – давом эттирди Иброҳим. – Уни бизга раис қилиб юборишди, у бизнинг меҳмонимиз, биз бутун овул бир бўлиб отни бермасак. Халқ билса нима дейди? Қирғизлар қачон шундай қилишган?
– Хўп яхши, – жавоб берди Танабой. – Овулдошлар билсин, майли. Мен Чоронинг олдига бораман. Майли, у бир ёқлик қилсин бу масалани.
– Чоро, берма, дейди деб ўйлайсизми? У билан келишилган. Фақат уни уялтириб қўясиз. Қасддан бўйинтоблик қиляпсиз. Янги раисни тан олмаймиз, эскисига арз қилгани борамиз? Чоро касал одам бўлса. Унинг раис билан муносабатини бузишнинг нима ҳожати бор? Чоро партия ташкилотчиси бўлади, у раис билан ишлашиши керак. Халақит беришнинг нима кераги бор...
Чоро ҳақида сўз кетганида Танабой индамай қолди. Ҳамма жимиб қолди. Жайдар оғир хўрсинди.
– Бер, – деди у эрига, – одамларни тутиб турма.
– Мана бу ақлли гап, аллақачон шундай қилсангиз бўларди, раҳмат сизга Жайдар бойбича.
Иброҳим бекорга қайта-қайта миннатдорчилик билдирмаганди. Шундан кейин, кўп вақт ўтмай, у ферма мудирлигидан раиснинг чорвачилик бўйича муовинлигига кўтарилди...
Танабой эгар устида ерга тикилиб ўтирарди, қарамаса ҳам ҳамма нарсани кўрарди. Гулсари қандай тутилганини ва унга қандай қилиб янги нўхта урилганини (ўзининг нўхтасини Танабой ўлса ҳам бермасди) кўриб турди. Гулсарининг уюрдан кетгиси келмаётганлигини, Абалаканинг ўғли тутиб турган жиловдан қутулиш учун ҳар томон ташланаётганини, Иброҳим гоҳ у ёнидан, гоҳ бу
68


ёнидан от чоптириб келиб, қамчи билан қулочкашлаб уни ураётганини кўриб турарди. У йўрға отнинг кўзларини, бу кўзлар саросимага тушиб нотаниш кишилар уни биялар ва қулунлардан, ўз хўжайинидан айириб қаёққа ва нега олиб кетаётганликларини тушунмаётганини кўрарди, кишнаганида унинг очиқ оғзидан отилиб чиққан буғни, ёлини, белини, сағрисини, бел ва биқинларидаги қамчи изларини кўриб турарди, бутун бастини, ҳатто олдинги ўнг оёғининг тўпиғидан юқорисидаги кичикроқ ғуррани ҳам кўриб турарди, унинг оёқ ташлашларини, туёқ изларини, оч сарғиш тўриқ жунларининг сўнгги қилигача ҳаммасини кўриб турарди ва лабларини тишлаб индамай изтироб чекарди...
У бошини кўтарганида Гулсарини олиб кетганлар тепалик орқасида кўздан ғойиб бўлишган эди. Танабой инграб юбордида, уларнинг ортидан отини чоптириб кетди.
– Тўхта, бу ниятингдан қайт! – Жайдар ўтовдан югуриб чиқди.
Чопиб кетаётиб бирдан унинг хаёлидан: хотиним анави тунлардаги қилмишларим учун саман йўрғадан қасос оляпти, деган даҳшатли тахмин ўтди. У отни тўсатдан кескин буриб, қамчи билан тислаттириб урганича орқасига қайтарди. Ўтов ёнида отни шартта тўхтатди-да, сакраб тушди ва юзи бурушган, ранги қув ўчган даҳшатли бир аҳволда хотинининг олдига чопиб келди:
– Сен нега... нега бериб юбор, дединг? – пичирлади у тик боқиб.
– Ўзингни бос! Қўлингни тушир, – у ҳар доимгидай хотиржамлик билан босиб қўйди эрини. – Гапимга қулоқ сол. Гулсари ахир сенинг хусусий отингми? Ўз отингми? Ўзингга тегишли ниманг бор сенинг? Биздаги ҳамма нарса колхозники. Шу билан тирикмиз. Саман йўрға ҳам колхозники. Раис эса колхоз хўжайини, нима деса, шу бўлади. Анави тўғрисида кўнглингга келган нарса бекор, истасанг, ҳозир ҳам кетишинг мумкин. Кетавер. У мендан яхшироқ, чиройлироқ, ёшроқ. Яхши жувон. Мен ҳам бева қолишим мумкин эди, лекин сен қайтиб келдинг. Қанча кутдим сени! Майли, бу тўғрида гапириб ўтирмайлик ҳам. Сенинг уч боланг бор. Уларни нима қиласан? Кейинчалик нима дейсан уларга? Улар нима дейишади? Мен нима дейман уларга? Ўзинг ҳал қил...
69


Танабой чўлга чиқиб кетди. Йилқилар олдида кечга қадар қолиб кетди, ҳамон ўзини босиб ололмасди. Йилқилар етимланиб қолди. Танабойнинг қалби бум-бўш бўлиб қолди. Йўрға от ўзи билан бирга унинг қалбини ҳам олиб кетди. Ҳаммасини олиб кетди. Гўё, ҳамма нарса ўзгаргандай.
Қуёш ҳам бўлакча, осмон ҳам бўлакча, ўзи ҳам гўё бошқачадай эди.
У қоронғи тушганда қайтди. Ўтовга индамай, қоп-қорайиб кириб келди. Қизлари ухлаб қолишганди. Ўчоқда олов ёнарди. Хотини қўлига сув қуйди.
– Емайман, – рад қилди Танабой. Сўнг деди: – Чанговузни ол, «Она туянинг бўзлаши»ни чалиб бер.
Жайдар чанговузни олди, уни лабларига тутди, бармоғини ингичкагина пўлат «тил»га тегизди, унга пуфлади, сўнг нафасини ичига тортди, кўчманчиларнинг қадимий куйи қуйилиб оқа бошлади. Оқ бўталоғини йўқотган она туя ҳақида қўшиқ. Чўлу даштларда у узоқ кунлар югуриб-елиб юради. Бўталоғини чақиради, қидиради. Оқшомлари жарлик ёқалаб, эрталаб ялангликларда уни ўз орқасидан энди эргаштириб юра олмаслигидан, бутоқлардан баргларни биргаликда териб ея олмаслигидан, кўчма қумлар устида югура олмаслигидан, баҳор пайтида далаларда айланиб юра олмаслигидан, уни оппоқ сутин билан эмиза олмаслигидан зорланарди. Қайдасан, қоракўз бўталоғим? Жавоб бер! Елинимдан, тирсиллаб турган елинимдан сут тизиллаб оқяпти, оёқларимдан оқиб тушяпти. Қайдасан? Жавоб бер! Елинимдан, тирсиллаб турган елинимдан тизиллаб сут оқяпти. Оппоқ сут...
Жайдар чанговузни яхши чаларди. Танабой уни қизлик вақтида шу чалиши учун севиб қолганди.
Танабой бошини қуйи солиб тингларди ва яна бошини кўтариб қарамаса ҳам ҳамма нарсани кўриб турарди. Иссиқ ва совуқдаги кўп йиллик меҳнатдан унинг дағаллашиб кетган қўллари, оппоқ оқарган сочлари ва бўйнида, лабларида, кўз ёнларида пайдо бўлган ажинлар. Ўша ажинлар ортида ўтган, ёшлик сочлари елкасига тушиб турган сариқ мағиз қизча ва унинг ўзи – Танабойнинг ўша кезлардаги жуда-
70


жуда ёш йигитлик даври, ҳамда улар иккаласининг ўша йиллардаги яқинлиги кўзга кўриниб кетарди. Хотини ҳозир уни сезмаётганлигини Танабой биларди, у ўз куйига, ўз хаёлларига ғарқ бўлганди. Ўша дамда у яна ўз кулфатлари ва азоб-уқубатларининг ярмини хотинининг ҳаётида, тақдирида кўрарди. Жайдар бу кулфат ва уқубатларни ўз устига олган эди.
...Она туя қанча кунлардан буён елиб-югуриб ўз боласини қидиради, чақиради. Қайдасан, қора кўзли бўталоғим? Елинимдан, тирсиллаб турган елинимдан сут тизиллаб чиқяпти, оёқларимдан оқиб тушяпти. Қайдасан? Жавоб бер! Елинимдан тизиллаб сут оқяпти. Оппоқ сут...
Қизлар эса ухлаб ётишарди. Ўтов ортида бепоён чўл, тун қоронғилигида кўз илғамас чўл ястаниб ётарди.
Бу пайтда Гулсари отхонада тўс-тўполон қилиб, отбоқарларга уйқу бермаётганди. У отларга қамоқхона бўлган отхонага биринчи бор тушиши эди.
VIII
Танабой бир куни эрталаб йилқилар орасида ўз саман йўрғасини кўрганида қалби олам-олам қувончга тўлди. Устида эгар, нўхтасидан узилган арқоннинг бир бўлаги осилиб турарди.
– Гулсари, Гулсари, омонмисан? – Танабой сиртмоғи билан югуриб борди ва яқинлашиб уни бегона юганда, оғир узангили қўпол бегона эгар остида кўрди. Уни айниқса эгар устидаги қалин духоба ёстиғи ғазаблантириб юборди, гўё отни эркак эмас, балки хотин миниб юргандай.
– Туф! – ғазабланганидан тупуриб юборди Танабой. Отни тутмоқчи, унинг устидаги мана бу бемаъни абзал-анжомларнинг ҳаммасини улоқтириб ташламоқчи бўлди, лекин Гулсари тутқич бермай қочиб кетди. Саман йўрғанинг ҳозир у билан иши йўқ, у бияларга айланишарди. Йўрға уларни шу қадар соғингандики, ўзининг. собиқ хўжайинини ҳатто пайқамаган ҳам эди.
71


«Демак, охир қочиб келибсан-да, тизгинни узибсан-да. Балли! Хўп, майли, ўйнаб қол, ўйнаб қол, мен жим юраман», ўйлади Танабой ва йилқиларнинг бир оз чопиб юришига эрк беришга қарор қилди. Гулсарининг орқасидан одамлар елиб келишмагунича, у ўзини ўз уйидагидай ҳис этиб юраверсин.
– Ҳайт-ҳайт-ҳайт! – қичқирди Танабой, узангига оёқ тираб ва сиртмоқни ҳавода ўйнатиб йилқиларни ҳайдади.
Биялар қулунларини чақириб қўзғалишди, ёш биялар ўйноқлаб чопиб кетишди. Шамол уларнинг ёлларини ўйнарди. Кўкатлар билан қопланаётган ер қуёш нури остида яшнарди. Гулсари сесканиб тушди, қаддини ростлаб олди-да, гердайиб чопиб кетди. Уюр олдига тушиб олди, янги айғирни уюрдан қувиб чиқарди-да, орқага ҳайдаб юборди, ўзи бўлса пишқириб, уюр олдида ўзини кўз-кўз қилиб ўйноқлаб кетди ва йилқиларнинг гоҳ у ёнбошига, гоҳ бу ёнбошига чопиб ўта бошлади. Уюрнинг ҳиди, биялар сутининг ҳиди, қулунлар ҳиди, дашт шамолининг ҳиди унинг бошини айлантирарди. Устида бемаъни духоба ёстиқли бесўнақай эгарнинг борлиги, биқинларига зилдай узангиларнинг шапатилаб заифлаётганлиги билан унинг иши йўқ эди. У кеча сувлиғини чайнаб, гувиллаб ўтаётган юк машиналаридан ҳуркиб, тумандаги қатор от қозиқларининг бирида турганлигини унутганди. Кейинроқ сассиқ ичимликхона ёнидаги кўлмакда турганлиги ва унинг янги хўжайини ўзининг улфатлари билан чиққанлиги, ҳаммасидан сассиқ ҳид бурқиб таралганлигини ҳам унутганди. Янги хўжайини пишиллаб, кекира-кекира унга минганди. Йўлда улар лой кечишиб аҳмоқона пойга уюштирганларини, янги хўжайинини қандай суриб олиб кетганлигини ва у эгар устида лўкиллаб борганлигини, кейин эса юганни қаттиқ тортиб, унинг бошига қамчи билан тушира бошлаганини ҳам унутганди.
Ҳаммасини унутганди саман йўрға, ҳаммасини. Уюрнинг ҳиди, биялар сутининг ҳиди, қулунлар ҳиди, дашт шамолининг ҳиди унинг бошини айлантирарди... Саман йўрға чопиб юрарди – орқасидан қувиб келаётганларини фаҳмламай чопиб-елиб юрарди.
Танабой йилқиларни аввалги жойига қайтарган эди ҳамки, овулдан икки отбоқар келиб қолди.
72


Улар Гулсарини подадан олиб кетишди.
Лекин кўп ўтмай у яна пайдо бўлиб қолди. Бу гал нўхтаси ҳам, эгари ҳам йўқ эди. Бир амаллаб юганни бошидан чиқариб ташлаб, тунда отхонадан қочганди. Танабой аввал кулиб юборди, сўнг жимиб қолди ва ўйлаб туриб, йўрғанинг бўйнига сиртмоқ ташлади, ўзи тутди, ўзи жиловлаб, овулга етаклаб кетди, қўшни яйловдаги ёш йилқибоқардан йўрғани орқадан ҳайдаб боришни илтимос қилмоқчи бўлди. Ярим йўлда қочоқ йўрға от кетидан келаётган отбоқарларни учратди. Гулсарини уларга топшира туриб, Танабой ҳатто пўнғиллаб ҳам қўйди:
– Нима, у ёқда ҳамма қўлсизлар тўпланганмисизлар, раиснинг отига тузукроқ қарай олмайсизлар. Қаттиқроқ боғланглар уни.
Гулсари учинчи марта қочиб келганида, Танабойнинг ҳазилакамига жаҳли чиқмади:
– Нима қиляпсан, аҳмоқ! Қайси жин сени бу ёққа бошлаб келяпти? Аҳмоқсанда, аҳмоқсан, – сўкинарди у сиртмоқ билан саман йўрғанинг кетидан қувиб. Яна уни қайтариб олиб бориб берди ва тағин отбоқарлар билан сўкишишди.
Лекин Гулсари ақлли бўлишни хаёлига ҳам келтирмасди, ҳар гал қулай пайтдан фойдаланиб қочиб келарди.
Отбоқарларнинг ҳам жонига тегди, Танабойнинг ҳам.
...Ўша кун Танабой кеч ётди – яйловдан кеч қайтган эди. Ҳар эҳтимолга қарши, йилқиларни ўтовга яқин ҳайдаб келтириб қўйди-да, ухлаб қолди, уйқуси нотинч бўлди. Кун бўйи жуда чарчаганди. Қанақадир ғалати туш кўрди – у яна урушда юрибдими ё қаердадир кушхонадами, англаш қийин эди. Ҳамма ёқ қон, қўллар ҳам ёпишқоқ қон эди. Тушга кирган қон яхшиликка бўлмайди, деб ўйлайди тушида. Қўлларини бирон ерда ювиб олмоқчи бўлади. Лекин уни итариб ташлашади, мазах қилиб кулишади, қаҳ-қаҳ уришади, чинқиришади, кимлигини билмайди, биров дейди: «Танабой, қонга қўлингни ювяпсан, қонга. Бу ерда сув йўқ, Танабой, бу ерда ҳамма ёқ қон! Ҳа-ҳа-ҳа, ҳо-ҳо-ҳо, ҳи-ҳи-ҳи!..»
73