Гулсари ўнг оёғига оқсарди.
– Биз бўлсак сизни қидириб юрибмиз! – қувониб хабар қилди
унинг олдига чопиб борган йигитча, – Жайдар опа энди ташвишлана бошлаганди...
Эҳ, болакай, болакай...
– Адашиб қолдим,– тўнғиллади Танабой. Эр-хотин шу тарзда учрашишди. Бир бирига ҳеч нарса дейишмади. Йигитча жарликдаги йилқиларни ҳайдаш учун узоқлашганида хотини секин деди:
– Бу нимаси, ҳатто кийинишга ҳам улгурмабсан. Яхшиямки, иштонинг билан этикларинг бор. Уятмасми? Ахир энди ёш эмассан- ку. Ана, болаларннг яқинда улғайиб қолишади, сен бўлсанг...
Танабой миқ этмасди. Нима ҳам десин? Бу орада йигитча йилқиларни ҳайдаб келди. Ҳамма отлар ва тойлар соғ-саломат эди.
– Уйга кетдик, Олтивой, – йигитчани чақирди Жайдар. – Бугун сизларнинг ҳам, бизларнинг ҳам бир дунё ишимиз бор. Шамол ўтовларимизни ағдар-тўнтар қилиб ташлади. Юр, йиғиштириб олайлик.
Танабойга бўлса секин деди:
– Сен шу ерда тура тур. Сенга овқат, кийим-кечак келтираман. Одамларнинг кўзига қандай кўринасан бу аҳволда?
– Ҳув анави ерда, пастда бўламан, – деб ишора қилди Танабой.
Улар жўнаб қолишди. Танабой йилқиларни яйловга ҳайдаб кетди. Узоқ ҳайдади. Офтоб ёйилиб кун илиди. Чўл буғланиб жонланди. Ёмғир ва кўкатларнинг ҳиди анқий бошлади.
Отлар баланд-пастликлардан, жарликлардан шошилмай лўкиллаб, сайҳонликка чиқишди. Бу ерда Танабой кўзи олдида гўё бошқа бир олам очилгандай бўлди. Узоқ-узоқларда уфқ оқ булутларга бурканганди. Осмон чексиз, баланд ва тип-тиниқ. Бу ердан жуда узоқда, чўлда поезд тутун таратиб кетарди.
Танабой отдан тушиб, ўт-ўланлар устидан юриб кетди. Ёнгинасидан тўрғай «пирр» этиб учди-да, баландга кўтарилиб сайрай кетди. Танабой бошини қуйи солиб борарди, тўсатдан ерга гупиллаб думалаб тушди.
Гулсари хўжайинини ҳеч қачон бундай аҳволда кўрмаганди. У юз
58


тубан ётар, елкалари йиғидан қалт-қалт қиларди. У номус ва аламдан йиғларди, умрида сўнгги бор эришган бахтидан айрилганини биларди у. Тўрғай бўлса ҳамон сайрарди...
Эртасига йилқилар тоғлар томон йўл олишди – энди улар бу ерларга фақат келгуси йили эрта баҳорда қайтишлари керак эди. Кўчманчилар дарё бўйлаб овул яқинидаги сизот пичанзорлардан ўтиб боришарди. Қўй-қўзилар, сигирлар, йилқилар ўтиб борарди. Юк ортилган туялар ва отлар ўтиб борар, эгарларида аёллар ва болалар ўтиришарди. Пахмоқ итлар чопишарди. Ҳавони ҳар хил овозлар: бақириқлар, кишнашлар, маърашлар ларзага келтирган эди.
Танабой ўз йилқиларини кенг ўтлоқдан, кейин яқиндагина байрамда халойиқнинг ғала-ғовури, шовқин-сурони ҳукм сурган тепаликдан ҳайдаб борар ва овул томонга қарамасликка ҳаракат қиларди. Гулсари бир маҳал тўсатдан чеккадаги ҳовли томон қайрилганида, бу қилиғи учун қамчи еди. Шундай қилиб, улар манглайида юлдузи бор ўша тўриқ байталчанинг лаблари сингари силлиқ ва меҳрибон қўлли жувоннинг ҳовлисига киришмади.
Йилқилар бараварига чопиб боришарди.
Саман йўрға хўжайинининг ўлан айтишини истарди, лекин у миқ этмасди. Овул ортда қолди. Хайр, овул. Олдинда тоғлар. Келгуси баҳоргача хайр, чўл. Олдинда тоғлар.
VI
Тун яримлаб қолганди. Бундан бу ёғига Гулсари ортиқ юра олмасди. У бу ерга, жарликка қадар неча марталаб тўхтаб-тўхтаб бир амаллаб юриб келди, лекин жарликдан ўтишга энди мажоли етмасди. Отдан бундан ортиқ талаб қилиш мумкин эмаслигини кекса Танабой тушунди. Гулсари азобланиб инграр, одам каби инграр эди. У ёта бошлаганида Танабой халақит бермади.
Совуқ ерда ётганида ҳам саман от калласини у ёқдан-бу ёққа тебратиб инграшдан тўхтамасди. У совқотганди, бутун танаси
59


қалтирарди. Танабой устидан пўстинини ечди ва уни отнинг белига ёпиб қўйди.
– Нима бўлди, аҳволинг ёмонми? Жуда ёмонми? Совқотдингми, Гулсари? Сен ахир ҳеч қачон совқотмасдинг-ку.
Танабой яна алланима деб ғулдуради, лекин саман йўрға энди ҳеч нарсани эшитмасди. Унинг юраги гўё йилқилар ўзларини таъқиб қилаётганлардан даҳшатга тушиб қочаётгандай, гум-гуп, гум-гуп, гум-гуп этиб нақ қулоғининг остида тартибсиз урарди.
Тоғлар ортидан ой кўтарилди, туман ичида осмонда осилиб қолди... Юлдузлар товушсиз учар ва сўнар эди.
– Сен шу ерда ёта тур, мен бориб қоврай териб келай, – деди чол.
У бултурги қуриган ўтларни йиғиб, атрофда узоқ дайдиб юрди. Бир қучоғини тергунича қўлларини тиканлар тирнаб кетди. Кейин, ҳар эҳтимолга қарши, қўлида пичоқ тутиб жарликка тушди ва бу ерда юлғунга дуч келди.
У чинакам гулхан қалайдиган бўлдик, деб қувониб кетди.
Гулсари яқинида ёнаётган оловдан доим қўрқарди. Ҳозир эса қўрқмади, ёнидан иссиқ ва дуд уриб турарди. Танабой қоп устида индамай ўтирар, гулханга гоҳ юлғун, гоҳ бурган ташлаб, оловдан кўз узмай қўлларини иситарди. Баъзан ўрнидан туриб, от устига ташланган пўстинини тузатиб қўяр ва яна олов ёнига ўтирарди.
Гулсари исиниб олди, қалтираши тўхтади, аммо кўз олди қоронғилашар, кўкраги қисилар, нафас олишга ҳаво етишмасди. Шамолда олов гоҳ пасаяр, гоҳ кучаярди. Қаршисида ўтирган, узоқ вақтдан бери унинг хўжайини бўлиб келган чол гоҳ ғойиб бўлар, гоҳ пайдо бўларди. Алаҳсираётган саман отга гўё у эгаси билан бирга бўронли тунда чопиб бораётгандай, оёқларини тикка кўтариб кишнаётгандай, йилқиларни қидираётгандай, аммо улар топилмаётгандай туюларди. Оппоқ чақмоқлар ялт-юлт чақнаб, сўнг, ўчиб турганга ўхшарди.
Гоҳ ёришар, гоҳ қоронғилашар, гоҳ ёришар, гоҳ қоронғилашар эди...
60


VII
Қиш тугади, яшаш унчалик оғир эмаслигини чўпонларга кўрсатиш учун қиш вақтинча ўрнини бўшатди. Иссиқ кунлар келади, молларга мой битиб, эт олади, сут ва гўшт мўл-кўл бўлади, пойга ва байрамлар бўлади, оддий кунлар бошланади: қўзилатиш-қулунлатиш, жун қирқиш, ёш молни ўстириш, яйловдан-яйловга кўчиш, гўшт комбинатига қўй-йилқиларни ҳайдаб бориш керак, бу ишлар орасида ҳар кимнинг ўз ташвиши – муҳаббат ва айрилиқ, туғилиш ва ўлим бор, фарзандларнинг муваффақиятларидан одамлар ғурурланишади, улар ҳақида интернатдан нохуш хабарлар олганда: «Ўзимнинг олдимда бўлганида, эҳтимол, яхшироқ ўқирмиди», деб куйиб- пишишади. Нималар, бўлмайди, дейсиз, ташвишлар бошингиздан ошади ва қишки азоб-уқубатлар вақтинча эсдан чиқади. «Ют» келади, моллар нобуд бўлади, ерлар яхмалак билан қопланади, тешик-йиртиқ ўтовлар ва муздек молхоналар келгуси йилгача сводкаларда ва ҳисобатларда қолиб кетади. Кейин яна қиш босиб келади, оқ туясида чопиб келади, тоғдами, чўлдами, қаерда бўлмасин, чўпонни излаб топади ва унга ўз қилиқларини кўрсатади. Вақтинча унутилган ҳамма нарсани эсга туширади у. Йигирманчи асрда ҳам қиш ўзининг шу қилиғини қўймади...
Ўшанда ҳам шундай қилди. Ориқлаб кетган моллар ва йилқилар тоғлардан тушишиб, чўлга ёйилиб кетишди.
Баҳор. Қишдан омон чиқишди.
Ўша баҳорда айғир Гулсари йилқилар орасида сайр қилиб юрди. Танабой энди уни камдан-кам эгарлар, унга раҳми келар, минавериш мумкин ҳам эмасди – қочириш мавсуми яқинлашиб қолганди.
Гулсари яхши айғир бўладиганга ўхшарди. Жажжигина қулунларни худди оталаридай кузатиб юрарди. Она бия алаҳсиб қолса, у қулуннинг бирор ёққа думалаб кетишига ёки йилқилардан ажралиб қолишига йўл қўймасди. Гулсарининг яна бир фазилати шу эдики, у отларни бекордан-бекор безовта қилишларини яхши кўрмасди, агар безовта қилаверишса йилқиларни дарров узоқроққа ҳайдаб кетарди.
61


Ўша йилнинг қишида колхозда ўзгаришлар бўлди. Янги раис юборишди, Чоро ишларни топширди-да, туман касалхонасига ётди. Унинг юраги жуда заифлашиб қолганди. Танабой кўп марта дўстини кўргани бормоқчи бўлди-ю, аммо ишни ташлаб кетиб бўлармиди? Чўпон кўп болали онага ўхшайди. Доим, айниқса куз ва кўкламда ташвиши кўп бўлади. Мол машина эмаски, қулоғини бураб қўйиб кетаверсанг. Шу тариқа Танабой туман касалхонасига бора олмади. Энди унинг ёрдамчиси йўқ эди. Хотини ўрин ёрдамчи йилқибоқар ҳисобланарди – турмуш кечириш учун бир амаллаб пул топиш керак эди-да, ахир: меҳнат кунига кам ҳақ тўланса ҳам, ҳар ҳолда бир меҳнат кунига қараганда икки меҳнат кунига кўпроқ ҳақ олиш мумкин.
Лекин Жайдарнинг қўлида боласи бор эди. У қанақасига ёрдамчи бўла олсин? Куну тун ўзи кўз-қулоқ бўлиб туриши керак эди. Танабой қўни-қўшнилари билан гаплашиб ёрдамчи топгунича Чоронинг касалхонадан чиқиб овулга қайтганлиги ҳақида хабар келди. Шунда у хотини иккиси, кейинчалик – тоғдан тушганларида уникига боришга қарор қилишди.
Водийга энди қайтиб тушишганида, янги жойга эндигина кўника бошлашганида, Танабой ҳалигача ҳаяжонсиз эслай олмайдиган воқеа юз берди...
Йўрға от донг чиқарса, оқибати унинг учун яхши ҳам бўлиши мумкин, ёмон ҳам. Теварак-атрофга унинг донг-довруғи қанчалик кўп таралса, бошлиқлар унга шунча кўп кўз олайтиришади.
Ўша куни Танабой эрталабдан отларни яйловга ҳайдади, ўзи эса овқатланиш учун уйига қайтди. Қизини тиззасига олиб, хотини билан оилавий ишлар ҳақида гаплашиб чой ичиб ўтирарди.
Интернатдаги ўғлининг олдига, шу билан бирга бир йўла станцияга – чайқов бозорига ҳам бориш, болалари ва хотини учун у- бу кийим сотиб олиш керак эди.
– Ундай бўлса, Жайдар, йўрғани эгарлай, – деди Танабой чойдан ҳўплаб. – Бўлмаса қайтиб келишга улгурмайман. Охирги марта миниб бориб келаман, кейин унга тегмайман.
– Майли, ўзинг биласан, – рози бўлди Жайдар. Ташқарида
62


отлиқларнинг дупури эшитилди. Кимдир улар томон келарди.
– Қара-чи, – деди Танабой хотинига. – Ким экан у?
У чиқди-да, қайтиб келди, ферма мудири Иброҳим ва у билан
бирга яна овулдан кимдир келганлигини айтди.
Танабой ўрнидан истар-истамас қўзғалди, қизини қўлига кўтариб
ўтовдан чиқди. Гарчанд у йилқичилик фермасининг мудири Иброҳимни унча ёқтирмаса ҳам, меҳмонни кутиб олиш керак эди. Иброҳимни нима учун ёқтирмаслигини Танабойнинг ўзи ҳам билмасди. У бошқаларга қараганда хушмуомалали эди, аммо шундай бўлса ҳам у субутсиз одамга ўхшарди. Энг ёмони шу эдики, ҳеч қандай иш билан шуғулланмасди, фақат ҳисоб-китоб олиб борарди. Фермада йилқичилик ишлари ўлда-жўлда, ҳар бир йилқибоқар ўз ҳолига ташлаб қўйилганди. Партия мажлисларида Танабой бу ҳақда неча бор гапирганда ҳамма унга қўшиларди, Иброҳим ҳам қўшилиб, танқид учун миннатдорчилик билдирарди, лекин ҳамма нарса илгаригидай қолиб кетаверарди. Яхшиямки, виждонли, ҳалол йилқибоқарлар танланган. Уларни Чоронинг ўзи танлаганди.
Иброҳим эгардан тушиб, очиқ юз билан қулочини ёзди.
– Ассалому алайкум, хўжайин! – у ҳамма йилқи боқарларни хўжайин деб атарди.
– Ваалайкум ассалом! – вазмин жавоб берди Танабой келганларнинг қўлини сиқиб.
– Соғ-омонмисизлар? Отлар қалай, Танака, ўзингиз қалайсиз? – Иброҳим оғзи ўрганиб қолган саволларни сиғдирар, одатдаги табассумидан унинг семиз юзи ёйилиб кетарди.
– Жойида.
– Худога шукур. Сиздан кўнглим тўқ.
– Ўтовга марҳамат.
Жайдар меҳмонлар учун янги кигиз тўшади, кигиз устига эса эчки
терисидан қилинган пўстак ташлади. Унга ҳам Иброҳим илтифот қилди.
– Салом, Жайдар бойбича. Соғлиғингиз қалай? Эрингизга яхши қараяпсизми?
– Салом, киринглар, бу ёққа ўтиринглар.
63


Ҳаммаси ўтиришди.
– Бизга қимиздан қуй, – деди хотинига Танабой. Қимиз ичишди, у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиришди.
– Ҳозир энг яхши иш – чорвачилик. Ҳеч бўлмаганда ёзда сут, гўшт бўлади-ку, – мулоҳаза қиларди Иброҳим, – далачиликда ёки бошқа ишларда умуман ҳеч вақо йўқ. Шунинг учун ҳозир йилқилару қўй-қўзилар ёнида бўлгап маъқул. Тўғримасми, Жайдар бойбича.
Жайдар бош силкиди, Танабой бўлса индамади. Буни унинг ўзи ҳам биларди, чорвачиликни қадрлаш кераклигига ишора қилиш учун ҳар бир имкониятдан фойдаланадиган Иброҳимдан ҳам бундай гапни биринчи бор эшитаётгани йўқ эди. Танабойнинг унга: агар одамлар сут-гўштли иссиққина жойларга суқуладиган бўлса, бунинг ҳеч яхши томони йўқ, дегиси келди. Бошқалар-чи? Қачонгача одамлар бекорга ишлашади? Урушга қадар бундаймасди-ку. Кузда ҳар бир уйга икки- уч аравадан ғалла келтириларди. Энди-чи? Бирор ердан бирон нарса ундириш учун қоплари билан югуриб юришади. Ўзлари ғалла етиштиришиб, ўзлари нонсиз ўтиришади. Бу яхши эмас. Фақат мажлислару панд-насиҳатлар билан узоққа бориб бўлмайди. Чоро меҳнатлари учун одамларга яхши сўздан бўлак ҳеч нарса бера олмай қолгани учун ҳам юрак касалига йўлиқди.
Аммо фикр-хаёлини банд қилган бу масалаларни Иброҳимга гапириб ўтиришнинг фойдаси йўқ. Танабой ҳозир гапни чўзишни истамасди ҳам. Буларни тезроқ кузатиш, ишларини тезроқ битириш учун йўрғани эгарлаш – барвақтроқ қайтиш керак эди. Нега келишдийкин улар? Лекин сўраб-суриштириш ноқулай эди.
– Негадир сени таниёлмаяпман, иним, – Танабой Иброҳимнинг ҳамроҳи, кам гап ёш йигитга мурожат қилди. – Раҳматли Абалаканинг ўғлимасмисан сен?
– Ҳа, Танака, мен ўшанинг ўғлиман.
– Ўх, вақт қандай тез ўтяпти-я. Йилқиларни кўргани келдикми?
– Йўқ, биз...
– У мен билан бирга келди, – унинг сўзини бўлди Иброҳим.
– Биз бу ерга бир иш билан келдик, кейинчалик гаплашармиз у
ҳақда. Қимизингиз, Жайдар бойбича, жуда ажойиб экан. Ҳидини
64


қаранг, қандай ўткир. Яна бир коса қуйингчи.
Яна у-бу ҳакда гаплаша бошлашди. Танабойнинг кўнгли
кўнгилсиз бир нарсани сезиб турарди, лекин нима мақсадда келишганини тушуна олмади. Ниҳоят, Иброҳим чўнтагидан қанақадир қоғозни олди.
– Танака, биз сизнинг олдингизга мана шу иш билан, манави қоғоз билан келувдик. Ўқиб кўринг.
Танабой овоз чиқармай ҳижжалаб ўқирди, ўқирди-ю кўзларига ишонмасди. Йирик-йирик ҳарфлар билан қоғозга шулар ёзилганди:
«Фармойиш.
Йилқичи Бакасовга.
Саман йўрға Гулсари миниб юриш учун отхонага жўнатилсин. Колхоз раиси (ажи-бужи имзо). 1950 йил, 5 март».
Ишнинг бунчалик ёмон тус олишидан эсанкираб қолган Танабой индамай қоғозни тўртга буклади-да, гимнастёркасининг кўкрак чўнтагига солди ва кўзини ердан узмай узоқ ўтириб қолди. Курагининг ости музлаб, кўнгли беҳузур бўла бошлади. Сирасини айтганда, бунда кутилмаган, тасодифий ҳеч нарса йўқ. Кейинчалик ишлатиш, миниб юриш учун у отларни парвариш қилаётган эди-да. Бу йиллар ичида у қанча-қанча отларни бригадаларга жўнатди. Лекин Гулсарини бериш унинг қўлидан келмасди. Шунинг учун у саман йўрғани қандай қилиб олиб қолиш ҳақида зўр бериб фикр юрита бошлади. Ҳамма ишни пухта ўйлаб қилиш керак эди. Ўзини тутиб олиши керак.
Иброҳим безовталана бошлади:
– Мана шундай арзимаган иш билан сизнинг олдингизга келдик, Танака, – эҳтиёткорлик билан деди у.
– Маъқул, Иброҳим, – хотиржам боқди унга Танабой. – Бу иш қочиб қутулмайди. Яна қимиздан ичайлик, гаплашиб ўтирайлик.
– Ҳа, албатта, сиз ақлли одамсиз-ку, Танака.
«Ақлли! Сенинг авраб алдашларингга учиб бўпман!» – деди ичида Танабой аччиғланиб.
65