ИШОНЧ
Жаҳонгир дафтарни ёпиб ўрнидан турди. Деразани очиб юборди. Салқин тоғ ҳавоси
ичкарига уфуриб кирди. Тун яримлаган. Оромгоҳда сокинлик ҳукмрон. Унинг уйқуси ўчган,
ётгани билан бари бир кўзи илинмас эди. Шунинг учун «Қоровул ота билан бир отамлашай»,
деб чойнакни кўтарди-да, ташқарига чиқди. Елвизак туриб эшикни тарақлатиб ёпди. Пешайвон
панжарасига суянганича сигарет тутатаётган киши шу томонга қаради. Жаҳонгир
гелиобиология соҳасида ишловчи бу олимни танир, унинг астрономия билан медитсинани
чоғиштирган ҳолда олиб бораётган илмий тадқиқотларидан хабардор эди.
— Аҳмад Зокирович, ҳали ҳам ухламабсизда, — деди Жаҳонгир унга яқинлашиб. — Ё
осмондаги ўзгаришларни кузатяпсизми?
— Йўқ, осмон ҳозир тинч. Уйқум қочди. Ўзлари чойнак кўтариб қолибдилар?
— Қоровул ота билан бир отамлашай, юринг сиз ҳам.
— Мен яқингинада чой дамлаб суҳбатдошга хумор бўлиб турувдим. Бу ёққа марҳамат қила
қолинг.
— Гелиобиология оламшумул кашфиёт бўсағасида турганга ўхшайди, — деди Жаҳонгир
ичкари киргач.
— Нимага ундай деяпсиз?
— Олим тунни бедор ўтказдими, демак, бир гап бор.
— Йўқ, бедорликнинг сабаби бошқа. Оқшомда сой бўйида бир киши билан баҳслашиб
қолдим. Медитсинага оид китобларни ўқиб ўзида ўн икки хил касаллик борлигини «кашф»
қилибди. Ўзини билағон қилиб кўрсатиб врачларни айбламоқчи бўлди. Нима эмиш, врачлар
унинг ўн учинчи касаллигига диагноз қўйиша олишмаётганмиш.
— Одамлар ҳам қизиқ, — деди Жаҳонгир кулимсираб, — касаллик сал чўзилса ё оғирлашса
врачни айбдор қила бошлашади.
— Қарс икки қўлдан чиқади. Қани, Жаҳонгир Алиевич, марҳамат қилсинлар, — мезбон
шундай деб чой узатди-да, ширинлик ва нон бурдалари устига ёпилган оқ сочиқни олиб,
гапини давом эттирди. — Медитсинанинг бу қадар тез тараққиёти муҳим муаммоларни
кўндаланг қилиб қўйяпти. Врачларнинг иши тобора оғирлашиб, масъулиятлари ортяпти.
Кўпчилик медитсинага ишониб, касаллик билан юзма-юз курашиб, енгиб чиқиш қудратидан
маҳрум бўлиб бораётганини англамаяпти. Айниқса, оқшомги суҳбатдошимга ўхшаган
«билимдон»ларнинг кўпайиши хавфли.
— Касалнинг хили ҳам мингдан ошгандир?
— Ўн минг деяверинг.
— Шунга яраша медитсина техникаси тараққий этяпти-ку?
— Ҳамма оғирлик шунда-да! Илгарилари врач беморнинг қон босимини ўлчаб, юрак
уришини тинглаб, тахминан бўлса ҳам диагноз қўйиб, дарҳол даволашни бошларди. Энди
аҳвол бутунлай ўзгарди. Аввал врачнинг ўзи хастани турли йўсинда текшириб кўради. Сўнг
маслаҳат учун бошқа соҳадаги ҳамкасбларига юборади. Улар ҳам беморни турли мақомга
солишиб, обдан текширишади. Асосий врачнинг хонасига касаллик тўғрисидаги ахборотлар
оқиб кираверади-ю, диагноз баъзан ҳафталаб ноаниқ бўлиб қолаверади.

62
— Врач ўз билими, маҳоратига нисбатан кўпроқ техникага ишониб қолган, денг?
— Афсуски, шундай. Натижада беморнинг врачга бўлган ишончи ҳам йўқолиши мумкин.
— Даволашдаги энг муҳим дори йўқолар экан.
— Ҳа-да! Бемор врачга ишонмаса, даводан умид қилиш қийин. Ундан ташқари ишончсизлик
тез тарқаладиган юқумли касал. Сой бўйидаги суҳбатдошимга ҳам шу касал илашган. Эски
табибларни қўмсаб, таърифлаб ўтирибди.
— Халқдан чиққан табибларни буткул инкор этиб, менимча нотўғри иш қиляпсизлар.
Уларнинг аксариятидан ўрганиш мумкин эди. Онамнинг айтишларича, олти ойлигимда
ҳаётимни бир табиб аёл сақлаб қолган экан.
— Жаҳонгир Алиевич, сиз — йигирманчи асрнинг профессоридан шундай гап чиқишини
кутмаган эдим.
— Йўқ, бу олди-қочди гап эмас, ишонаверинг. Айтишларича, икки кун онамни эмолмай сўлиб
қолган эканман. Врачлар юқумли касал дейишибди. Шунда дадам бир кишининг гапига кириб,
мени далада турадиган бир аёл табибникига олиб борибдилар. Табиб пиёз ўтоқ қилаётган
экан. Воқеани дадамдан эшитиб, «Қани, оғзини очинг-чи», дебдию ўша заҳоти бармоғини
тиқиб, томоғимдан олма пўчоғини олиб берибди. Бутун касаллигимга шу пўчоқ сабаб экан.
Табиблар ҳақида бундай ибратли ҳикоялар кўп. Ҳатто азайимхонлардан ҳам...
— Ўрганиш мумкин. Лекин уларнинг усули биз эришган ютуқларга муносиб эмас. Анча
орқада. ЭҲМларнинг медитсинада тутган ўрни қадимги усулларни ўрганишга эҳтиёж
қолдирмайди. Гелиобиологиянинг тарихини қадимда осмондаги ўзгаришларга қараб касаллик
тарқалишини башорат қиладиган мунажжимлар билан боғлашади. Лекин бу фанга ана ўшалар
асос солган дейишимиз, уларнинг усулини қўллашимиз нотўғри-да. Бугунги гелиобиология
аниқ далилларга суянади.
Жаҳонгирнинг кўз олдига тажриба якунлари келди. Гелиобиологнинг сўзлари Шамсибек
бошламоқчи бўлган даволаш усулини ёдига солди. «Демак, Шамсибекнинг усули шунчаки эмас,
ҳам мантиқан, ҳам илмий асосланган фараз. Тажриба тугагач, унинг натижасини
гелиобиологларга ҳам маълум қилиш керакка ўхшайди...» Жаҳонгир шуларни хаёлидан
ўтказиб, суҳбатдошининг сўзини бўлди:
— Аҳмад Зокирович, мен бу борада сиз билан баҳслаша олмайман. Қани, чойдан қуйинг, —
деди у пиёлани узатиб. — Лекин менимча, ЭҲМ врач билан бемор ўртасида қора тиканак
бўлмай, уларнинг қаторида туриши керак. Чунки энг юксак техника ҳам фақат врачнинг
таҳлиллаш идрокини тўлдиради, унга ёрдам беради. Асрлар ўтавергани билан беморлар
врачдан маслаҳатгина эмас, тасалли кутиш хислатларини йўқотмайдилар.
— Бу гапингиз ўринли. Ҳатто ўзим ҳам баъзан тасаллига муҳтож бўламан.
— Чой учун ҳам, суҳбат учун ҳам ташаккур. Энди бир оз дам олайлик, — деди Жаҳонгир
ўрнидан туриб. — Агар истасангиз, қимизхўрликка олиб боришим мумкин.
— Қаерга?
— Бу сир.
— Ўразбой чўпонникига эмасми?
— Оббо, фақат мен биламан деб, керилиб юрсам-а?
— Биз қуёшдаги ўзгаришларга қараб билиб оламиз-да.
Ҳазил-мутойиба тугагач, Жаҳонгир ўз хонасига кириб ётди. Пешинда фаррош хотин унга
телеграмма келтирди. «Дадажон, мен енгиб чиқдим. Ишимни давом эттиришга рухсат берилди.
Академик Жавдод Нусратовни илмий раҳбар қилиб тайинлашди. Ўғлингиз Жамшид».
Жаҳонгир енгил тин олди.
«19.. йил, 11 июл. ЎзФА Биофизика илмий-текшириш институти. Профессор Алиевнинг
тажрибахонаси.

63
Соат 12.00. Тажрибанинг еттинчи босқичи бошланди. Профессор ўзини яхши ҳис қиляпти.
Фанлар академиясидан тажриба хулосалари ҳақида маълумот сўрашди. Профессор ҳозир ҳеч
қандай маълумот беролмаслигини айтди.
Соат 17.40. Бошқарув мурватларининг юқорисидаги қизил чироқлар бирин-кетин ёна
бошлади. Бу тажрибанинг тугаганидан далолат. Хонага профессорни табриклагани ҳамма
тўпланди. Лекин у «Кейин, кейин», деб чиқиб кетди. Тўрт кундан сўнг тажриба хулосаларининг
таҳлили бошланади».