кунлар қачон келишини сўраб суриштириб, идорадагиларнинг бошини қотираётганлигини от қаёқдан билсин.
Ўтган йили ҳосил битмади, ем-хашак қаҳатчилиги бўлди, бу йил туманнинг юзи ерга қарамасин деб бошқалар учун ҳам пландан ташқари дон ва мол топширишди, охири нима бўлади, колхозчиларнинг ҳоллари нима кечади – буниси номаълум эди. Вақт ўтиб борарди, урушни эсдан чиқара бошлашди, лекин томорқадан олганлари ва далалардан яширинча ташиб келтирганлари билан ҳамон илгаригидай кун кечиришарди. Колхозда пул ҳам йўқ эди: ғалла, сут, гўшт – ҳаммаси зарарига топшириларди. Ёзда чорвачилик ривожлана бошларди, қишда эса унинг аҳволига маймунлар йиғларди, моллар танқислик ва совуқдан қириларди. Зудлик билан қўтонлар, молхоналар, ем-хашаклар учун базалар қуриш керак эди, қурилиш материалларини эса ҳеч қаердан топиб бўлмас ва уларни топиб беришга ҳам ҳеч ким ваъда бермас эди. Уруш йиллари турар жойлар қай аҳволга келди дейсиз! Кўпроқ бозорма-бозор юриб мол ҳамда картошка билан савдо-сотиқ қилиб юрганларгина уй-жой қуришди. Бундайлар куч-қудратга кириб, қурилиш материалларини ҳам қаёқдандир четдан топиб келишарди.
– Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас ўртоқлар, бунда нимадир чатоқ, қанақадир катта ишкал бор, – дейди Танабой. – Шундай бўлиши кераклигига ишонмайман. Ё биз ишдан чиқиб қолдик, ё сизлар нотўғри раҳбарлик қиляпсизлар.
– Нимаси жойида эмас? Нимаси нотўғри? – Ҳисобчи унга қоғозларни тутарди. – Мана, планларни қара... Манави олганларимиз, манави топширганларимиз, манави дебет, манави кредит, манави сальдо. Даромад йўқ, фақат зарар-зиён. Яна нима демоқчисан? Аввал тушуниб ол. Фақат сен комунистсану биз халқ душманимиз-а, шунақами?
Гапга бошқалар аралашар, баҳс, шовқин-сурон бошланарди, Танабой бўлса бошини қўллари орасига олиб ўтирарди ва куйиб пишиб нега бундай бўлаётганини ўйларди. У шу ерда ишлаётганлиги учунгина колхоз учун куйинмаётганди, бунга бошқа алоҳида сабаблар ҳам бор эди. Танабой билан қадимдан хусумати бўлган кишилар бор
34


эди. Улар энди ундан секин кулиб юрганларини, уни кўрганларида: хўш, ўзларининг ишлари қалай энди, дегандек юзига сурбетлик билан тик боқишларини яхши биларди. «Эҳтимол, яна қулоқларни тугата бошларсан? Фақат энди биздан оладиганинг йўқ. Қўлинг калталик қилади. У-уҳ, нега урушда жонинг узила қолмади-я!»
Танабой ҳам уларга: «Шошмай туринглар, аблаҳлар, барибир биз айтгандай бўлади!» дегандай маънодор қараш билан жавоб берарди. Ҳолбуки, бу одамлар ёт одамлар эмас, ўз одамлари эди. Унинг ўгай акаси Қулибой ҳозир қариб қолган, урушга қадар етти йилини Сибирда – қамоқда ўтказган.
Ўғиллари ҳам отасига тортди, Танабойни ўлгудай ёмон кўришади. Нима учун ҳам уни севишсин? Эҳтимол уларнинг болалари ҳам Танабой уруғидан нафратланишса керак. Бунинг сабаби бор. Бу иш аллақачонлар бўлган бўлса ҳам алами кетгани йўқ. Қулибойни шундай қилиш керакмиди? Ахир шунчаки уддабурон, ишбилармон киши, ўртаҳол деҳқон эмасмиди? Қариндош-уруғчиликка риоя қилмай бўладими. Қулибой катта хотиндан, у эса кичик хотиндан эди, лекин қирғизларда бундай ака-укалар бир қориндан туғилгандай ҳисобланади. Демак, у қариндош-уруғчиликка ҳам дахл қилди, ўша вақтда қанча гап-сўзлар бўлган эди. Энди, албатта, турлича мулоҳаза юритиш мумкин. Аммо ўшанда-чи! Ахир колхозни деб у шу ишларни қилмадими? Лекин шундай қилиш керакмиди? Илгарилари шубҳаланмасди, урушдан сўнг эса баъзан бошқачароқ ўйлаб қоладиган бўлди. Ўзига ва колхозга ортиқча душманларни орттириб олмадимикин? – Нега ўтирибсан, Танабой, кўзингни оч, – гапга тортишарди уни. Яна ўша эски ташвиш: қиш ичида ҳамма гўнгларни далаларга олиб чиқиш, ҳовлима-ҳовли юриб йиғиш керак. Ғилдираклар йўқ, демак, қайрағоч, чамбаршина учун темир сотиб олиш керак, лекин қайси пулга сотиб олинади, қарз беришармикин, ниманинг эвазига? Банк қуруқ гапга ишонмайди. Эски ариқларни тузатиш, тозалаш, янгиларини қазиш керак, иш кўп, оғир. Қишда халқ бундай ишларга чиқмайди, ер музлаган, қазиб бўлмайди. Кўкламда эса улгурмайсан – экиш-тикиш, қўзилатиш, ўтоқ қилиш, ундан кейин эса пичан ўрими бошланади. Қўйчиликни нима қилиш керак.
35


Урчитиш учун бинолар қани? Сут фермасида ҳам аҳвол яхши эмас. Томи чириб кетган, ем-хашак етишмайди, сут соғувчилар ишлашни хоҳлашмайди. Эртадан кечгача уриниб юришади, аммо нима ҳақ олишади? Бошқа яна қанча ҳар хил ташвиш ва камчиликлар бор. Ваҳима босиб кетарди баъзан.
Шундай бўлса ҳам ўзларини қўлга олиб, партия мажлиси, колхоз бошқармасида бу масалаларни яна муҳокама қилишар эди. Чоро раис эди. Фақат кейингина Танабой унинг қадрига етди. Танқид қилиш осон экан. Танабой бир уюр отлар учун жавоб берса, Чоро колхоздаги ҳамма одамлар ва барча ишлар учун жавобгар эди. Ҳа, Чоро метин одам эди. Ҳамма ишлар барбод бўлаётгандай туюлганида туманда унга қараб столни дўқиллатганларида ва колхозда ёқаларидан тутганларида Чоронинг руҳи тушмади. Танабой унинг ўрнида бўлганида ё ақлдан озарди, ё ўзини ўзи ўлдирарди. Чоро бўлса хўжаликни сақлаб қола олди, охиригача, юраги ишдан чиққунча туриб берди, кейин ҳам яна икки йилча партия ташкилотчиси бўлиб ишлади. Чоро ишонтира олар, одамлар билан гаплаша билар эди. Танабой уни тинглаб ҳамма иш яхшиланиб кетишига, турмуш ниҳоят одамлар дастлабки пайтлар орзу қилгандай бўлишига яна ишона бошларди. Унинг Чорога бўлган ишончи бир мартагина сусайди, лекин шунда ҳам унинг ўзи кўпроқ айбдор эди...
Танабой идорадан қош-қовоғи осилиб чиққанида, эгарга зарб билан ўтириб, жиловни силтаб тортганида унинг кўнглида нималар юз бераётганини йўрға билмасди. Лекин у хўжайинининг аҳволи жуда ёмонлигини сезарди. Гарчанд Танабой уни ҳеч қачон урмаган бўлса ҳам, саман от бундай пайтларда хўжайинидан чўчиб турарди. Йўлда ўша жувонни кўриши билан хўжайини анча енгил тортиб, кўнгли юмшашини, уни тўхтатиб, аёл билан бир нималар ҳақида секин гаплашиб туришини, жувоннинг қўллари эса Гулсарининг ёлларини тараб, бўйнини силаб-сийпашини от биларди. Ҳеч бир одамнинг қўллари бунчалик мулойим эмасди. Бу қўллар пешонасида юлдузи бор ҳув ўша жийрон байталчанинг лаблари сингари ёқимли ва юмшоқ эди. Оламда ҳеч кимда бу жувоннинг кўзидай кўз йўқ эди. Танабой эгардан эгилиб у билан гаплашар, у бўлса гоҳ жилмаяр, гоҳ хўмраяр,
36


нимагадир рози бўлмай бошини тебратар, кўзлари шошқин дарёнинг тубидан ойдинда кўриниб турувчи тошлар каби ялтирарди. Кетаётиб, у қайрилиб қарар ва яна бошини тебратарди.
Шундан кейин Танабой от устида ўйчан кетарди. У жиловни эркин қўйиб юборар, йўрға ҳам ўз эркига кўра туёқларини тақиллатиб бамайлихотир юриб борарди. Гўё эгарда хўжайини йўқдай. Гўё уларнинг ҳар бири ўз-ўзларича кетаётгандай. Шунда қўшиқ ҳам ўзидан-ўзи кела қоларди. Танабой саман от туёқларининг бир маромдаги тақ-туқи остида аллақачонлар ўтиб кетган одамларнинг азоб-уқубатлари ҳақида сўзларни аниқ талаффуз этмай секин ҳиргойи қилиб куйлаб борарди. От эса машқини олган юриш билан уни дарё ортига, йилқилар томон олиб кетарди...
Гулсари хўжайинининг кайфи шундай чоғ бўлишини севар, бу жувонни ҳам ўзича яхши кўрар эди. У жувонни қадди-қоматидан, қадам ташлашидан танирди, ҳатто ундан тарқалувчи нотаниш ўтнинг қандайдир ғалати ҳидини сезгирлик билан пайқаб оларди. Бу – қалампир мунчоқ эди. У қалампир мунчоқдан маржон тақиб юрарди.
– Кўряпсанми, у сени нақадар яхши кўради, Бибижон, – дерди жувонга Танабой. – Қани, силаб-сийпачи, яна бир силаб-сийпа. Ҳо, қулоқларини солинтириб юборди-ю! Бузоқнинг худди ўзгинаси-я. Йилқиларга эса унинг дастидан кун йўқ. Эркига қўйиб берсанг бас. Айғирлар билан худди итдай тишлашади. Шунинг учун ҳам уни миниб юрибман, майиб қилиб қўйишмасин, деб қўрқаман. Ҳали ёш.
– У-ку севади-я, – хаёлини банд қилган бир нима ҳақда ўйлаб туриб жавоб берди жувон.
– Бошқалар севмайди, демоқчимисан?
– Мен бошқа нарсани гапиряпман. Бизнинг севишадиган вақтимиз ўтиб кетди. Сенга ачинаман.
– Нега энди?
– Сен унақа одам эмассан, кейин қийин бўлади сенга.
– Сенга-чи?
– Менга нима? Мен беваман, солдат хотиниман. Сен бўлсанг...
– Мен бўлсам тафтиш комиссиясининг аъзосиман. Мана, сени
учратиб қолдиму, у-бу фактларни суриштириб оляпман, – ҳазил
37


қилишга уриниб кўрди Танабой.
– Негадир сен фактларни тез-тез суриштирадиган бўлиб қолдинг.
Ҳушёр бўл.
– Мен нима қилибман? Мен ҳам йўлимда кетаётгандим, сен ҳам... – Мен ўз йўлим билан кетаяпман. Бизнинг йўлимиз бир эмас.
Хўш, хайр. Вақтим йўқ.
– Қулоқ сол, Бибижон!
– Хўш, нима? Керакмас, Танабой. Нима кераги бор? Ақлли
одамсан-ку, ахир. Сенсиз ҳам юрагим сиқилиб юрибди.
– Нима, мен сенга душманманми? – Сен ўзингга душмансан.
– Бу нима деганинг?
– Қандай хоҳласанг, шундай тушунавер.
У кетарди, Танабой бўлса гўё иш билан қаёққадир кетаётгандай
қишлоқ кўчалари бўйлаб юрарди, тегирмон ёки мактаб томон буриларди ва лоақал узоқдан бўлса ҳам қайнанасининг уйидан унинг чиқишини (иш пайтида у қизини шу ерда қолдирарди), қизининг қўлидан етаклаб овул чеккасидаги уйига қандай кетишини бир кўришга зор эди. Унинг ҳамма нарсаси жуда азиз, қадрдон эди. Жувоннинг у томонга қарамасликка тиришиб, қадам ташлаб бориши ҳам, қора рўмол ичидан оқариб кўриниб турган юзи ҳам, қизчаси ҳам, ёнида чопиб бораётган лайчаси ҳам қадрдон эди унга.
Ниҳоят у ўз ҳовлисига кириб, кўздан ғойиб бўларди, Танабой бўлса унинг қандай қилиб бўм-бўш уйи эшигини очишини, тўзиб кетган пахталик чопонини ечиб, кўйлакчан сув келтиргани чопиб кетишини, ўчоққа олов ёқиб, қизини ювинтиришини, овқатлантиришини, подадан сигирини кутиб олишини ва тунда қоп қоронғи, ҳувиллаб ётган уйда ёлғиз ётиб, улар бир-бирларини севиши мумкин эмаслигига, унинг оиласи борлигига, унинг ёшида севиши кулгили эканлигига, ҳар бир нарсанинг ўз вақт-соати борлигига, Танабойнинг хотини яхши аёл эканлигига, у эрининг бошқа хотин дардида оҳ-воҳ қилиб юришига лойиқ иш қилмаганлигига ўзини ҳам, уни ҳам ишонтиришга уринаётганлигини хаёлан тасаввур қилиб йўлида давом этарди.
Бундай фикрлардан Танабой ўзини ноқулай сезарди. «Демак,
38


насиб бўлмаган экан-да», – ўйларди у ва дарё ортидаги сурма ранг олисликларга боқиб, дунёдаги ҳамма нарсани – ишни ҳам, колхозни ҳам, болаларининг кийим-кечакларини ҳам, дўст ва душманларини ҳам, неча-неча йиллардан бери гаплашишмай юрган ўгай акаси Қулибойни ҳам, хоҳламаса ҳам тушига кириб уни совуқ терга ботириб юборадиган урушни ҳам унутиб, ўзининг бутун борлиғини унутиб, қадимги ашулаларни куйлай бошларди. Отининг дарёни кечиб, нариги қирғоғига ўтиб яна йўлини давом эттираётганлигини ҳам сезмасди. Фақат саман йўрға йилқиларга яқинлашиб қолганлигини сезиб, қадамини тезлаштиргандагина у ўзига келарди.
– Т-р-р-р, Гулсари қаёққа шошиляпсан? – тизгинни тортарди Танабой эс-ҳушини йиғиб олиб.
V
Ҳар қалай ўша пайтларда Танабой ҳам, саман йўрға ҳам даврини суриб қолди. Учқур отнинг довруғи футболчининг довруғига ўхшаш бўлади. Кўча-кўйда копток тепиб юрган кечаги бола бирдан ҳамманинг арзандаси, билимдонларнинг оғзига тушади, оломоннинг завқ-шавқига сабаб бўлади. Дарвозага тўп киритиб юрган маҳалда унинг довруғи ошиб боради. Сўнг у аста-секин диққат марказидан туша бориб, кейинчалик бутунлай унутилади. Ҳаммадан ҳам ортиқ завқланган кишиларнинг ўзлари биринчи бўлиб уни эсларидан чиқаришади. Буюк футболчининг ўрнини бошқаси эгаллайди. Учқур от довруғининг қисмати ҳам шундай. Мусобақаларда ғолиб чиқаверар экан, унинг шуҳрати ошади. Ораларидаги фарқ шундаки, отлар ҳасад қилишни билмайди, одамлар эса, Худога шукур, отларга ҳасад қилишни ҳали ўрганганлари йўқ. Лекин гапнинг очиғи, ҳасад деган нарса ақлга сиғмайди. Шундай ҳодисалар бўлганки, ҳасадгўйлар одамга ёмонлик қилиш учун от туёғига мих қоқишган. Оҳ, бу машъум ҳасад! Ҳа, майли, қуриб кетсин...
Чол Тўрғайнинг каромати тўғри чиқди. Ўша баҳорда саман йўрғанинг бахт юлдузи порлади. Кекса-ю ёш ҳамма уни танирди:
39


«Гулсари!», «Танабойнинг йўрғаси», «Овулнинг кўрки» деб тилга оларди.
Ҳали «р» ҳарфини айта олмайдиган жажжи болалар саман йўрғанинг елишига тақлид қилишиб кўчани чангитишиб чопишаркан: «Ман Гулсалиман... Йўқ, ман Гулсалиман... Ойи, айтгин, ман Гулсалиман-а... Чу-у, олға, ҳе-е-й-й, ман Гулсали», деб қичқиришарди.
Шуҳратнинг нималигини ва у қандай буюк қудратга эга эканлигини саман от ўзининг биринчи катта пойгасида билган эди. Бу 1 майда бўлганди.
Дарё ёқасидаги катта ўтлоқда ўтказилган митингдан сўнг сайл бошланди. Ҳар ёқдан сон-саноқсиз халойиқ йиғилди. Одамлар қўшни совхоздан, тоғлардан, ҳатто Қозоғистондан ҳам келишган эди. Қозоқлар ўз отларини қўйишди. Айтишларича, урушдан кейин ҳали бунақа катта байрам бўлмаган экан.
Эрталабданоқ, Танабой эгарлаётган, айил ва узангиларни диққат билан текшираётган пайтдаёқ, саман от эгасининг кўзлари ёнишидан ва қўлларининг қалтирашидан фавқулодда бир нарса бўлишини сезган эди. Хўжайини жуда ҳаяжонланарди.
– Ҳушёр бўл, Гулсари, уялтириб қўйма, – шивирлади у отнинг ёли ва пешонасини тараб. – Сен ўзингни шарманда қилишинг керакмас, эшитяпсанми! Бунга ҳаққимиз йўқ бизнинг, эшитяпсанми!
Одамларнинг овозлари ва югуриб-елишидан ҳам фавқулодда бир нима кутилаётганлиги сезиларди. Қўшни яйловларда йилқичилар отларини эгарлашарди. Болалар аллақачон отларга миниб олишганди, улар қийқириб атрофда чопиб юришарди. Кейин йилқичилар тўпланишди-да, ҳаммаси биргаликда дарё томон йўл олишди.
Гулсари ўтлоқда бунчалик кўп от ва одам йиғилганидан гангиб қолганди. Дарё, сув бўйидаги тепаликлар устида шовқин-сурон ҳукмрон эди. Ранг-баранг рўмол ва кўйлаклардан, қип қизил байроқлар ва аёлларнинг оппоқ лачакларидан кўзлар қамашарди. Отларга энг яхши абзаллар тақилган. Узангилар жаранглар, сувлиқлар ва отларнинг кўкракларига осиб қўйилган кумуш ўмилдириқлар шақирларди.
40


Чавандозлар остидаги отлар қаторда тоқатсизланиб депсинишар, жиловни юлқиб, туёқлари билан ер тепишарди. Ўртада чоллар – сайлни бошқарувчилар отларини гижинглатиб юришарди.
Гулсари ғайрат ва шижоати тобора ошиб, кучга тўлиб-тошиб бораётганлигини ҳис қиларди. Ичига гўё қанақадир оташин руҳ кириб олгандай, бундан қутулиш учун тезроқ даврага отилиб кириш, сўнг ўқдай учиб кетиш керак эди.
Бошқарувчилар даврага киришга ишора қилишгач, Танабой тизгинни бўшатди, от уни ўртага олиб кирди ва ҳали қаёққа қараб чопишни билмай айлана бошлади. Қатор оралари гувиллаб «Гулсари!» «Гулсари!» деган сўзлар эшитилди.
Катта пойгада қатнашишни истаганларнинг ҳаммаси даврага кирди. Элликка яқин чавандоз йиғилди.
– Халқдан фотиҳа олинг! – деди сайлнинг бош бошқарувчиси тантанали суратда.
Пешоналарини қаттиқ танғиб олган тақир бошли чавандозлар кафтларини очганларича қўлларини баланд кўтаришиб қатор бўйлаб юришди ва «О-ми-ин!» деган овоз у чеккасидан бу чеккасигача гуриллиб тарқалди, юзлаб қўллар пешоналарга кўтарилиб, кафтлар оқиб тушаётган сув оқими сингари юзларидан сирғалиб тушди.
Шундан сўнг чавандозлар бу ердан тўққиз чақирим наридаги пойга бошланадиган жойга отларини йўрттириб кетишди.
Бу орада даврада отсиз ва отлиқларнинг кураши, эгардан тортиб тушириш, чопиб ўтаётиб ердан тангани олиш ва бошқа мусобақа ўйинлари бошланди. Буларнинг ҳаммаси фақат катта ўйиннинг бошланиши эди, холос. Энг муҳими у ёқда, чавандозлар чопиб бораётган томонда бошланарди.
Гулсари йўлда қизишарди. У хўжайинининг нега жиловини қўйиб юбормаслигини тушунмасди. Атрофда бошқа отлар ҳам гижинглашар ва юлқинишар эди. Уларнинг кўплиги ва ҳаммаси чопишни хоҳлаётганлигидан саман йўрға асабийлашар ва тоқатсизланиб қалтирарди.
Ниҳоят, ҳамма стартга – пойга бошланадиган жойда бир қатор бўлиб тизилди, пойга боши сафдагиларнинг олдидан у чеккадан бу
41