искай бошлади. Бия эркаланиб пишқирар, уни ўзи билан бирга кетишга чорлар, у бўлса жойидан қўзғала олмасди. Сўнг бияча унинг бўйнига калласини қўйди-да, тишлари билан ёллари орасини қаший бошлади. Саман той ҳам унинг бўйнига калласини қўйиши ва яғринини қашиши керак эди. Аммо унинг меҳрибонлигига меҳрибонлик билан жавоб қайтара олмасди, ҳатто қимир этишга ҳоли келмас, у чанқаганди. Байталча қочиб кетганида то унинг сояси дарё ортидаги тун қоронғулигига сингиб кетгунча орқасидан қараб қолди. Келди-ю кетди. Унинг кўзларидан тирқираб ёш чиқди. Йирик-йирик ёш томчилари тумшуғидан оқиб, оёқлари остига секингина думалаб тушарди. Саман йўрға умрида биринчи марта йиғлаётганди.
Эрта тонгда хўжайин келди. У атрофдаги кўм-кўк тоғларга қаради, кулимсираб бир керишиб олди, суяклари сирқираб оғриганидан инграб қўйди.
– Оҳ, Гулсари, кеча менинг роса адабимни бердинг-да. Нима қилди? Совқотдингми? Вой сени қара-ю. Ҳа, дуруст, дуруст.
У йўрға тойнинг бўйнини силаб-сийпади ва унга қандайдир илиқ ҳазиломуз сўзларни гапира бошлади. Одам нималарни гапираётганини Гулсари қаёқдан билсин? Танабой бўлса бундай дерди:
– Ҳа, майли, хафа бўлма, биродар. Умр бўйи ишсиз, бекор юрмассан ахир. Кўникиб қоларсан, ҳамма иш ўнгланиб кетади. Қийналдинг-а, ҳечқиси йўқ, шусиз бўлмайди. Ҳаёт мана шунақа, дўстим, тўрттала туёғингни ҳам тақалайди. Кейинчалик йўлингда учраган ҳар бир тошга эгилиб таъзим қилиб юрмайсан. Қорнинг очдими, а? Чанқадингми? Биламан...
У саман тойни дарё томон етаклаб кетди. Яраланган оғзидан сувлиғими авайлаб чиқарди. Гулсари титраб-қақшаб сувга ташланди, совуқдан кўзларидан ёш чиқди. Оҳ, сув нақадар мазали эди, у бунинг учун одамдан қанчалик миннатдор!
Шундай қилиб, орадан кўп вақт ўтмай у эгарга шунчалик кўникиб кетдики, унинг оғирлигини сезмай ҳам қолди. Устидаги чавандоз унга қушдай енгил кўринар, ўзини яхши сезарди. Одам сира жиловни бўш қўймас, саман от бўлса йўлларда бир маромда оёқ ташлаб, йўрғалаб
26


кетарди. У эгар остида шунчалик тез ва текис юришга ўрганган эдики, одамлар қойил қолишарди:
– Устига бир челак сув қўй – бир томчи ҳам тўкилмайди! – дейишарди.
Аввалги йилқичи чол – Тўрғай эса Танабойга деди:
– Раҳмат, яхши ўргатибсан. Йўрғангнинг донғи чиқишини энди кўрасан!
III
Эски арава ғилдираклари кимсасиз йўлда секин ғирчиллаб борарди. Баъзан ғилдиракларнинг тўқиллаши эшитилмай қоларди. Ҳолдан тойган йўрға тўхтаб қолар, сукунат чўккан дамда юрагининг гуп-гуп, гуп-гуп этиб ураётганлиги қулоғига чалинарди.
Кекса Танабой отнинг нафасини ростлаб олишини кутиб турар, сўнг яна жиловидан тортарди:
– Кетдик, Гулсари, кетдик, қара, қоронғи тушиб қолди.
Улар бир ярим соатларча юришди, кейин йўрға таққа тўхтаб қолди. У аравани ортиқ торта олмасди. Танабой яна от атрофида айлана бошлади.
– Сенга нима бўлди, Гулсари, а? Қара, тезда тун киради!
Лекин от уни тушунмасди. У ҳатто калласини кўтаришга ҳам мажоли етмай, бошини силкитиб, чайқалиб турарди. Қулоғига эса ҳамон юрагининг гуп-гуп, гуп-гуп этиб уриши эшитиларди.
– Кечир мени, – деди Танабой. – Дарров фаҳмим етмаганини қара- я. Қуриб кетсин бу арава ҳам, бу эгар-жабдуқ ҳам, сени бир амаллаб уйга етказиб олсам бўлгани.
У пўстинини ерга ташлади ва шошиб-пишиб отни аравадан чиқарди, бошидан хомутни олди-да, ҳамма анжомларни аравага ташлади.
– Мана, вассалом, – деди у ва пўстинини кийиб аравадан чиқарилган саман отига қаради. Хомутсиз, анжомсиз ҳаддан ортиқ катта каллали от ҳозир кечки совуқда чўл ўртасида арвоҳдай турарди.
27


– Ёпирай, Худойим-э, қай аҳволга тушиб қолдинг, Гулсари? – пичирлади Танабой. – Агар сени ҳозир Тўрғай кўрганидами, гўрида тик турарди...
У саман отнинг жиловидан тортди, улар яна аста юриб кетишди. Қари от ва кекса одам. Ортда арава қолиб кетди, олдинда, ғарб томонда йўлни қорамтир-бинафша ранг зулмат босиб келаётганди. Тун тоғларни чулғаб уфқни беркитиб, чўл устига, унсиз-товушсиз ёйилиб келарди.
Танабой юриб бораркан, узоқ йиллар давомида саман от билан боғлиқ бўлган нарсаларни эслар ва аламли жилмайиб, одамлар ҳақида ўйларди: «Биз ҳаммамиз мана шунақамиз. Умримизнинг охирида, бирортамиз оғир касал бўлиб қолганимизда ёки дунёдан ўтганимизда бир-биримизни эслаймиз. Ана шунда кимни йўқотганимиз, у қандай одам бўлганлиги, нимаси билан донг чиқарганлиги, қандай ишлар қилганлиги бирдан ҳаммамизга аён бўлиб қолади. Тилсиз махлуқ ҳақда нима дейиш мумкин? Гулсари кимларни олиб юрмади ахир! Кимлар уни минмади! Қариши билан уни ҳамма унутди қўйди. Энди оёқларини зўрга судраб юрибди. Ахир қанақа от эди у!»
Сўнг у яна ўтган воқеаларни эслай бошлади ва қандай қилиб кўпдан бери хаёлан ўтмиш кунларга қайтмаганлигига ўзи ҳам ҳайрон бўлди. Қачонлардир бўлиб ўтган ишларнинг ҳаммаси унинг хотирасида жонлана бошлади. Ҳеч нарса ҳам изсиз йўқолмас экан. Илгарилари у ўтмиш ҳақида кам ўйларди, тўғрироғи, ўйлашга йўл қўймасди. Энди бўлса, ўғли ва келини билан бўлган гап-сўздан кейин жонини бераётган саман отнинг жиловидан ушлаб йўлда кетаркан, бошидан ўтган йилларни алам ва ҳасрат билан эслади ва бу йилларнинг ҳаммаси унинг кўз ўнгида яққол гавдаланди.
У ўз хаёллари билан банд бўлиб қадам ташлаб борарди, саман от эса жиловни тобора ортга тортиб судралиб келарди. Чолнинг қўли толиб қолганида жиловни бошқа елкасига оширар ва йўрғани яна етаклаб кетар эди. Кейин у бундай юришдан чарчади, саман отга ҳам дам берди. Ўйлаб туриб отнинг калласидан юганни чиқариб олди.
– Олдинда юр, ҳолинг келганича юр, мен орқангдан бораман, сени ташлаб кетмайман, – деди у. – Қани юр, аста-аста.
28


Энди саман от олдинда, Танабой эса елкасида юган, орқада борарди. У юганни ҳеч қачон ташламайди. Гулсари тўхтаганида Танабой у куч йиғиб олсин, деб кутиб турар, сўнг яна улар йўлда судралиб кетишарди. Қари от ва кекса одам.
Бир вақтлар мана шу йўлдан орқасида чанг-тўзон қолдириб Гулсари елиб ўтганини эслаб, Танабой ғамгин кулимсираб қўйди. Чўпонлар мана шу чанг-тўзондан саман отнинг чопиб ўтганлигини билиб олишларини айтишарди. Туёқлари остидан чиққан чанг чўлда оппоқ бўлиб сузар ва шабада-шамолсиз кунлари у худди реактив самолётнинг тутунидай йўл устида муаллақ осилиб турарди. Бундай дамларда чўпон кафтини кўзлари устига соябон қилиб ўзича: «Гулсари келяпти! Бу ўша Гулсари» дерди ва иссиқ шамолда юзини куйдириб, бу от устида елиб келаётган бахтли киши ҳақида ҳавас билан ўйларди. Донғи кетган мана шундай йўрға устида ўтириб бориш қирғиз учун буюк шарафдир.
Гулсари қанча колхоз раисларини кўрмади дейсиз, ҳар хили бўлган – ақлли ва тентаклари, софдил ва виждонсизлари бўлган, аммо ҳаммаси ҳам ўз раислигининг биринчи кунидан то сўнгги кунигача саман отни миниб юрган. «Қани энди улар? Эртадан кечгача уларни олиб юрган Гулсарини гоҳо-гоҳо эслаб қўйишармикин?» – ўйларди Танабой.
Улар ниҳоят жарлик устидаги кўприкка етиб олишди. Бу ерда яна тўхташди. Саман ог ерга ётиш учун оёқларини бука бошлади, лекин Танабой бунга йўл қўйиши мумкин эмасди, кейинчалик ҳеч қандай куч билан уни жойидан турғиза олмасди:
– Тур, тур! – қичқириб юборди у ва тизгин билан отнинг калласига туширди. Сўнг ургани учун ўзидан хафа бўлиб, яна бақира бошлади: – Нега тушунмайсан ахир? Ҳаром ўлмоқчимисан? Бунга сираям йўл қўймайман! Тур, тур, дедим!
У отнинг ёлидан тортарди.
Гулсари оёқларини зўр-базўр тиклаб олди, оғир ингради. Қоронғу бўлса ҳам отнинг кўзига қарашга Танабойнинг юраги дов бермади. У отни силаб-сийпади, у ер-бу ерини пайпаслаб кўрди, сўнгра қулоғини отнинг чап биқинига тутди. У ерда, отнинг кўкрагида юраги худди
29


йўсинларга ўралиб қолган тегирмон паррагидай пихиллаб зўрға уриб турар эди. У то бели қақшагунича отнинг ёнида шу кўйда узоқ эгилиб турди. Кейин қаддини ростлаб, бошини силкиди, хўрсинди, сўнг таваккал қилишга – кўприкдан ўтгач, сой ёқалаб борувчи сўқмоққа бурилишга қарор қилди. Бу сўқмоқ тоғлиққа олиб чиқарди ва уйга тезроқ етиб олиши мумкин эди. Тўғри, тунда адашиб қолиш ҳам ҳеч гап эмас, аммо Танабой ўзига ишонарди, бу ерларни кўпдан бери биларди, фақат от чидаш берса бўлгани.
Чол шулар ҳақида ўйлар экан, узоқда йўловчи машинанинг чироқлари порлаб кўринди. Чироқлар зулмат қучоғидан бир жуфт ёрқин шар каби тўсатдан чиқди-да, узун, тебранувчи ёғдулари билан ўз олдидаги йўлни пайпаслаб тез яқинлашиб кела бошлади. Танабой саман от билан кўприк ёнида турарди. Машина уларга ҳеч қандай ёрдам бера олмасди, шундай бўлса ҳам Танабой уни кутиб турарди. Сабабини ўзи билмаса ҳам кутиб турарди у.
«Ниҳоят, лоақал биттаси учради»,– ўйлади у йўлда одамлар пайдо бўлганлигидан мамнун бўлиб. Юк машинасининг чироқлари ўткир нурлари билан унинг кўзларини қамаштирган эди, у кўзларини қўли билан беркитиб олди.
Машина кабинасида ўтирган икки киши кўприк ёнидаги қари киши ва унинг олдида гўё от эмас, балки одамга эргашиб олган итга ўхшаб турган эгарсиз, югансиз қирчанғини кўриб ҳайрон қолишди. Тўғри тушган ёруғлик бир лаҳза чол ва отни ёритиб юборди ва улар бирдан жисмсиз оппоқ шаклга айланиб қолгандек бўлди.
– Тавба, тун ярмида бу ерда нима қилиб юрибди? – деди ҳайдовчининг ёнида ўтирган қулоқчин телпакли новча йигит.
– Бу ўша, анави ёқдаги арава шуники, – тушунтирди ҳайдовчи ва машинасини тўхтатди. – Сенга нима бўлди, чол? – қичқирди у кабинадан бошини чиқариб. –Йўлда аравани ташлаб кетган сенмисан?
– Ҳа, мен,– жавоб берди Танабой.
– Шунақа дегин. Қарасак, йўлда шалағи чиққан арава ётибди. Атрофда ҳеч ким йўқ. Абзал-анжомни олмоқчи эдик, у ҳам ҳеч нарсага арзимас экан.
Танабой индамади.
30


Ҳайдовчи машинадан тушди, ароқнинг ўткир бадбўй ҳидини ҳар ёққа таратиб, у ёқдан-бу ёққа бир неча қадам ташлади.
– Нима бўлди? – сўради у қайрилиб.
– От торта олмади, касал бўп қолди, унинг устига ўзн ҳам қари.
– Ҳмм. Хўш, энди қаёққа бормоқчисан?
– Уйга. Саригов дарасига.
– Ў-ҳў! – ҳуштак чалиб юборди ҳайдовчи. – Тоққами? Йўлимиз
бир эмас экан. Хоҳласанг, кузовга чиқ, совхозгача элтиб қўяман, у ердан эртага кетасан.
– Раҳмат. Отим бор.
– Манави ўлимтикми? Итга ташла уни, ҳув анави жарликка итариб юбор, вассалом, қарғалар чўқиб тамом қилишади. Хоҳласанг, кўмаклашиб юборайлик.
– Кетавер, – деди қовоғини уйиб Танабой.
– Билганингни қил, – тиржайди ҳайдовчи ва эшикни ёпа туриб кабина ичига қараб сўз қотди: – Мияси айниб қолибди чолнинг!
Машина қўзғалиб, хира нур оқимини ўзи билан эргаштириб кетди. Стоп-сигналларнинг тўқ қизил нури билан ёритилган сой устидаги кўприк ғичирлаб қолди.
– Нега у одам устидан куласан, агар ўзингнинг бошингга шундай кун тушса нима бўларди? – деди кўприкдан ўтгач, ҳайдовчи ёнида ўтирган қулоқчинли йигит.
– Ҳечқиси йўқ... – Ҳайдовчи эснаб баранкани айлантирди. – Ҳар қанақасига дуч келганман. Мен гапнинг пўскалласини гапирдим. Қандайдир бир қирчанғи... Ўтмишнинг сарқити. Ҳозир, биродар, ҳамма нарсанинг отаси техника. Ҳамма ерда техника. Урушда ҳам. Бунақа чоллар ва отларнинг даври ўтди.
– Мол экансан! – деди йигит.
– Тупирдим ҳаммасига, – жавоб берди у.
Машина кетгандан сўнг, яна ҳамма ёқни тун зулмати қоплади, кўз
эса яна қоронғуликка ўрганди. Танабой саман отни ҳайдай бошлади.
– Қани, кетдик, чуҳ, чуҳ! Юрсанг-чи!
Кўприкдан ўтгандан кейин у отни катта йўлдан сўқмоққа бурди.
31


Энди улар қоронғиликда зўр-базўр кўриниб турган сўқмоқ билан сой ёқалаб аста-секин илгарилаб боришарди. Ой тоғлар ортидан эндигина мўралаб келаётганди. Юлдузлар совуқ осмонда милтиллашиб, унинг чиқишини кутишарди.
IV
Гулсари минишга ўргатилган йили йилқиларни кузги яйловлардан кеч қайтаришди. Куз одатдагига қараганда чўзилиб кетди, қиш ҳам юмшоқ келди, қор тез-тез ёғди-ю, аммо узоқ турмади. Ем-хашак етарли эди. Баҳорда эса йилқилар яна тоғ ёнбағирларига қайтиб келишди ва чўл гуллаб-яшнаши биланоқ пастликка туша бошлашди.
Урушдан кейин Танабой ҳаётида бу, эҳтимол, энг яхши давр бўлган чиқар. Қариликнинг қўнғир оти уни ҳали довон ортида, гарчанд бу довон яқин бўлса ҳам кутиб турар, Танабой ҳали ёш саман йўрғани миниб юрар эди. Бу йўрға от унга бир неча йил кейин учраганда, у Гулсарини минганда, эҳтимол бу қадар ўзини бахтли сезмасди. Ҳа, Танабой гоҳо одамлар олдида ўзини кўз-кўз қилишдан ҳам қайтмасди. Елиб кетаётган саман от устида ўтириб у ўзини қандай кўз-кўз қилмасин! Гулсари буни яхши биларди. Айниқса Танабой овулга кетаётганида ишга тўда-тўда бўлиб бораётган аёллар йўлда учраб қолса, ўзини кўз-кўз қилишни яхши кўрарди. Улардан ҳали узоқда қадди-қоматини ростлаб эгар устида ғоз ўтириб олар ва унинг ҳаяжони отига ҳам ўтарди, Гулсари думини сағриси баравар кўтариб олар, ёли шамолда ҳилпираб борарди. У устидаги чавандозни енгилгина кўтариб, пишқириб йўрғаларди. Оқ ва қизил дуррали аёллар тиззаларига қадар яшил буғдойларга кўмилишиб йўл чеккаларига чиқиб туришарди. Улар гўё сеҳрлангандай тўхтаб қолишар, ҳаммаси бирданига қайрилиб қарашарди, чеҳралар, порлаб турган кўзлар, табассумлар ва оппоқ тишлар лип-лип этиб кўринарди.
– Ҳей, йилқичи! Тўхта-а!
Изма-из кулги ва қочириқлар эшитиларди:
– Шошмай тур, қўлга тушарсан, тутиб оламиз!
32


Бир-бирларининг қўлларидан ушлашиб йўлни тўсиб уни тутиб олишган кунлар ҳам бўлган. Нималар қилишмас эди денг! Хотинлар ҳазил-мазах қилишни яхши кўришади-да. Танабойни эгардан судраб туширишар, қўлидан қамчини тортиб олишиб қаҳ-қаҳлаб кулишар, қийқиришар эди:
– Очиғини айт, қачон қимиз келтирасан?
– Биз бу ерда эрталабдан кечгача далада ишлаймизу, сен бўлсанг саман отда сайр-томоша қилиб юрасан!
– Ким сизларни ушлаб турибди? Йилқичиликка ўтинг. Фақат эрларингга тайинлаб қўйинглар, ўзларига бошқасини қидиришсин. Тоғда сумалакдай музлаб қоласизлар.
– Ҳо, ҳали шунақами! – яна уни тортқилай бошлашарди.
Танабой ҳеч кимни саман йўрғага минишга йўл қўймасди. Ҳатто учрашганида дарҳол кайфияти ўзгарадиган ва отини секин юритишга сабабчи бўладиган ўша аёл ҳам бирон марта уни минмаган. Эҳтимол, у буни истамаган ҳамдир.
Ўша йили Танабойни колхоз тафтиш комиссиясига сайлашганди. У овулга дам-бадам келиб турар ва деярли ҳар гал бу аёл билан учрашар эди. У идорадан кўпинча аччиқланиб чиқарди. Гулсари унинг кўзлари, овози, қўлларининг ҳаракатига қараб буни сезарди. Аммо бу аёл билан учрашганида у доим очилиб, ҳушфеъл бўлиб қоларди.
– Ҳай-ҳай, секинроқ, қаёққа шошасан! – шивирларди у ўйноқи отини тинчлантириб ва аёл билан тенглашиб олгач секин ҳайдарди.
Улар нима ҳақдадир аста гаплашишар, баъзан индамай боришарди. Гулсари хўжайинининг юрагидаги алам қандай тарқалаётганлигини, унинг овози қандай мулойимлашиб бораётганлигини, қандай меҳр-шафқатли бўлиб кетаётганлигини қўлидан ҳис қиларди. Шунинг учун ҳам у ўзлари йўлда бу аёлни қувиб етишларини яхши кўрарди.
Колхозда турмуш оғирлигини, меҳнат кунига деярли ҳеч нарса тушмаётганлигини, тафтиш комиссиясининг аъзоси Танабой Бакасов қандай қилиб шундай аҳвол юз бераётганлигини, давлатга ҳам бир нарса бериш мумкин бўладиган, одамлар ҳам бекорга ишламайдиган
33