3 - БОБ
Гулсарининг жунлари жуда ўсиб кетганди, шундай бўлса ҳам у совқотар, айниқса тунлари қаттиқ совуқ ерди. Аёзли тунлари йилқилар бир ерга зич бўлиб тўпланишардида, то қуёш чиққунча устларига қиров тушиб, шу кўйда туришарди. Хўжайин шу ердан нари кетмай юрар, қўлқоп кийган қўлларини бир-бирига урар, юзини ишқалар эди. Баъзан кўринмай қолар ва яна пайдо бўларди. Унинг кетмагани яхши эди. Қичқирса ёки совуқда томоқ қирса йилқилар бошларини дик этиб кўтаришар, қулоқларини динг қилишар, аммо хўжайинлари ёнларида эканлигига дарров ишонч ҳосил қилишиб, тунги шамолнинг ғувиллаши, ҳуштаги остида мизғий бошлашарди. Ўша қишдан буён Гулсари Танабойнинг овозини бир умрга эслаб қолди.
Бир куни тунда тоғда бўрон бошланиб, қуруқ қор ёғиб берди. Қор ёлининг ич ичига кирар, думини оғирлаштирар, кўзларини очирмас эди. Йилқилар безовта бўлиб қолди. Отлар бир-бирига тиқилишар, қалтирашар, қари биялар қулунларни уюрнинг ўртасига ҳайдаб, бесаранжом бўлишиб пишқиришарди. Улар Гулсарини энг чеккага сиқиб чиқаришди, у тўданинг орасига ҳеч кира олмасди. Тепкиб бошқаларни сура бошлади, бутунлай чеккага чиқиб қолди, шунда уюр айғири роса таъзирини берди. У кўпдан бери атрофни айланиб юраркан, кучли оёқлари билан қорни босиб-янчиб, йилқиларни бир жойга йиғаётган эди. Баъзан у бошини эгиб ва қулоқларини чимириб қаёққадир бир чеккага ташланар, қоронғуликда кўринмай кетар, унинг фақат пишқириши эшитилар ва ғазаб билан яна отларнинг орасига чопиб қайтиб келар эди. Бир чеккага чиқиб кетган Гулсарини пайқаб қолиб, уни кўкраги билан урди, орқаси билан ўгирилиб кейинги туёқлари билап унинг биқинига шунчалик қаттиқ тепдики, Гулсари оғриқдан ўлар ҳолатга келди. Унинг ичида нимадир гувиллаб кетди, тепки еб қичқириб юборди ва аранг оёқда туриб қолди. У ўзбошимчалик қилишга энди уринмади. Биқини зирқираб оғриркан, золим айғирдан аччиғланиб уюрнинг бир чеккасида қимир этмай турди. Отлар тинчиб қолишди, шунда у аллақандай чўзиқ увлашни эшитди. У ҳеч қачон бўрининг увлашини эшитмаганди, бир он томир уриши тўхтаб, бадани музлаб кетганлигини сезди. Йилқилар чўчиб
18
тушишди, қулоқлари динг бўлди. Ҳаммаси жим бўлиб қолди. Аммо бу сукунат ваҳимали эди. Ҳамон шувиллаб ёғаётган қор Гулсарининг кўтарилган тумшуғига тушиб ёпишиб қоларди. Хўжайин қаерда қолди? Шу дақиқада у жудаям керак эди, лоақал овозини эшитса, пўстинининг дудли ҳидини ҳидласа! У бўлса йўқ. Гулсари бир чеккага кўз қирини ташлади ва қўрқувдан қотиб қолди. Ён томонда қорда судралиб қанақадир кўланка лип этиб ўтгандай бўлди. Гулсари бирдан ўзини орқага ташлади ва шу заҳотиёқ йилқилар ҳуркиб жойидан қўзғалди. Эс-ҳушини йўқотган отлар қаттиқ кишнаб бараварига зулмат оғушига отилишди. Энди уларни тўхтата оладиган ҳеч қандай куч йўқ эди. Отлар тоғ ўпирилганда қоядан узилиб тушган тошлар каби бир-бирларини итариб, кучларининг борича олға томон талпинишарди. Гулсари ҳеч нарсани тушунмай терлаб-пишиб жон- жаҳди билан чопиб борарди. Шунда бирдан ўқ овози эшитилди, кейин яна гумбурлади. Отлар чопиб кетаётиб эгаларининг дарғазаб қичқириғини эшитди. Қичқириқ қаердандир, ён томондан эшитилди ва кейин тўхтамай отларнинг йўлини кесиб ўта бошлади, сўнг олд томондан эшитилди. Улар энди бу тўхтозсиз эшитилаётган овозга етиб олдилар, бу овоз уларни ўз ортидан етаклаб борарди. Хўжайин улар билан бирга эди. У ҳар лаҳзада жарлик ёки дарага йиқилиб тушиш хавфи остида олдинда чопиб борарди. У энди бўғиқ озоз билан қичқирарди, кейин хириллай бошладй, аммо овози тинмади:
Ҳайт, ҳайт, ҳайт-а-айт!» Отлар таъқиб қилаётган даҳшатдан қутулиш учун унинг изидан чопишарди.
Тонгга яқин Танабой йилқиларни эски жойига ҳайдаб келди. Фақат шу ердагина отлар тўхташди. Йилқилар устидан қуюқ туман каби буғ кўтариларди, отларнинг биқинлари кўтарилиб-тушиб турар, бошларидан кечирган даҳшатдан ҳамон қалтирашарди. Улар қор ейишарди. Танабой ҳам қор ерди. У тиззалаб ўтириб олиб, оғзига сиқимлаб қор тиқарди. Кейин у юзини кафтлари орасига олиб, қимир этмай узоқ ўтирди. Осмондан эса ҳамон қор еғиб турарди. У отларнинг иссиқ сағрисида дарров эриб кетиб, лойқа, сарғиш томчиларга айланиб пастга оқиб тушарди.
19
** *
Калин қорлар эриб кетди, ўтлар кўкариб қолди. Гулсари тез этга кирди. Йилқилар туллаб, терилари йилтиллаб қолди. Қиш ва ем- хашак танқислиги гўё сира бўлмагандай. У отларнинг эсидан чиқиб кетган, аммо одамнинг хотирида қолган. У совуқни, бўронли тунларни эслайди, эгар устида қотиб ўтирган пайтларини, музлаб қолган қўл ва оёқларини гулхан ёнида иситиб, йиғлаб юбормаслик учун лабларини тишлаган вақтларини эслайди. Баҳорда ерни юпқа муз билан қоплаб олган «ют»ни эслайди, ўшанда уюрдаги энг кучсиз йилқилар ҳалок бўлганлигини, тоғ» лардан тушиб, колхоз идорасида кўзини ердан узмай отларнинг ўлганлиги ҳақидаги актга имзо чекканлигини ва бирдан ғазабга қелиб, раис столига мушт уриб бақирганлигини эслайди:
– Сен менга бунақа қарама! Мен сенга фашист эмасман! Йилқилар учун отхона қани, ем-хашак қани, сули қани, туз қани? Буюқда қолиб кетганмиз! Ахир хўжаликни шундай олиб бориш керак дейилганми? Қарагин, қанақа йиртиқ-ямоқ кийимда юрибмиз! Ўтовларимизни кўр, қандай яшаётганлигимизни кўр! Тўйиб нон емаймиз. Уруш вақтида ҳам бундан юз марта яхши яшардик. Сен бўлсанг менга худди бу отларни мен бўғиб ўлдиргандай ўқрайиб қарайсан!
Раиснинг мум тишлаб қолгани, унинг ранги бўзариб кетгани ҳали ҳам эсида. Ўз сўзларидан уялиб кетганини ва узр сўрай бошлаганини эслайди у.
– Сен... кечир мени, қизишиб кетдим, - дудуқланиб зўрға тилга кирганди у.
– Сен мени кечиришинг керак,– деди унга Чоро. Раис омборчи аёлни чақириб:
– Унга беш кило ун бер,– деганда Танабой бешбаттар қизариб кетганди.
– Яслини нима қиламиз?
– Қанақа ясли? Доим сен ҳамма нарсани чалкаштириб юрасан! Бер! – кескин буюрди Чоро.
20
Танабой яқинда сут соғила бошланади, қимиз бўлади, деб ун олишдан бош тортмоқчи эди-ю, лекин раисга назар ташлаб ва унинг жон аччиғида ёлғон гапирганини англаб индамай қўя қолишга мажбур бўлди. Кейинчалик, у шу ундан қилинган угра ошдан ичаркан, ҳар гал оғзини куйдириб оларди. Қошиқни ташлаб:
– Бу нимаси, оғзимни куйдирмоқчимисан?– дерди.
– Совутиб ич, кичкина эмассан-ку,– бамайлихотир жавоб берарди хотини.
Унутмаганди, ҳеч нарсани унутмаганди у.
Мана, май ойи етиб келди. Ёш айғирлар кишнашар, бир-бирлари билан уришиб, бегона уюрлардан ёш бияларни ҳайдаб олиб кетишарди. Йилқичилар уришқоқ отларни қувиб юбориш учун куйиб- пишиб чопишар, бир-бирлари билан сўкинишар, баъзан ўзлари ҳам ёқалашиб кетишар, қамчи кўтаришар эди. Гулсарининг булар билан иши йўқ эди. Бир ёқдан ёмғир ёғиб, бир ёқдан офтоб чиқар, туёқлар остидан ўт унар эди. Ўтлоқлар кўм-кўк, уларнинг устидаги тизма тоғларда оппоқ-оппоқ қорлар ярқираб турарди. Ўша баҳорда саман йўрға ёшликнинг ажойиб даврини сурарди. Бир ярим яшарли калта дум, сержун тойчоқдан келишган, бақувват айғирга айланиб бораётганди. Унинг бўйи ўсди, танаси юмшоқ тарҳларини йўқотиб, уч бурчак шаклига кира бошлаганди – кўкраги кенг, орқаси ингичка эди. Калласи ҳам йўрға отларникидек озғин, пешонаси дўнг, кўзларининг оралиғи кенг, лаблари йиғиқ ва таранг эди. Аммо унинг чопишдан бошқа иши йўқ, шу сабабдан у хўжайинига кўп ташвиш орттирган эди. Ўз тенгдошларини орқасидан эргаштириб, буларнинг орасида учар юлдуздай чопиб юрарди. Қанақадир битмас-туганмас куч уни тоғларга, ён бағирлардан пастликларга, тошли қирғоқ, тик сўқмоқлар бўйлаб, сойликларга ҳайдарди. Ҳатто тун ярмида, юлдузлар остида уйқуга кетганида ҳам оёқлари остидаги заминининг қочиб кетаётганлиги, ёли ва қулоқларида шамолнинг ҳуштак чалаётганлиги, туёқлари тақиллаётганлиги тушига кирарди.
Ўзига бевосита алоқадор бўлмаган ҳамма нарсага қандай қараса, хўжайинига ҳам худди шундай қарарди. Уни севмасди ҳам, унга ҳеч қандай адовати, ғарази ҳам йўқ эди, чунки унга халақит бермасди.
21
Фақат узоққа чопиб кетишганида уларни қувиб сўкинарди. Баъзан хўжайини саман йўрғанинг сағрисига укрук – сиртмоқ билан бир- икки уриб қолишга улгурарди. Бундай вақтда Гулсарининг бутун танаси титраб кетар, аммо калтакдан кўра кўпроқ зарбнинг тўсатдан келиб тушганлигидан чўчиб кетарди, шунда қадамини яна ҳам тезлаштирарди. У йилқилар ёнига қайтаётиб қанчалик тез чопса, укрукни кўндаланг тутиб изма-из қувиб келаётган хўжайинига шунчалик кўп ёқарди. Йўрға ўз ортидан руҳлантирувчи қичқириқларни, хўжайини эгар устида ўлан айта бошлаганини эшитар, бундай дамларда у эгасини севар, қўшиқ остида чопишни яхши кўрар эди. Бориб-бориб бу қўшиқлар қулоғида қолди – уларнинг орасида ҳар хили: қувноғи ва ғамгини ҳам, узуни ва қисқаси ҳам, сўзлиси ва сўзсизи ҳам бор эди. У яна хўжайининг йилқиларни туз билан боқишини ҳам яхши кўрарди. Қозиқларга ўрнатилган узун тахта охурга эгаси ялама туз парчаларини ташларди. Бутун йилқилар ёпирилиб келарди, ана роҳат, ана маза. Уни қўлга туширган ҳам шу туз бўлди.
Бир куни хўжайин бўш челакни тақиллатиб чалиб, отларни «пў, пў, пў!» деб чорлай бошлади. Отлар чопиб келишди. Гулсари бошқаларнинг ўртасида туриб туз яларди ва хўжайини шериги билан бирга қўлларида сиртмоқ билан йилқиларни айлана бошлаганида сира ҳам безовталанмади. Бунинг унга даҳли йўқ эди. Укрук билан миниладиган отларни, соғиладиган бияларни ва бошқа йилқиларни тутишарди, лекин уни тутишмасди. У эркин эди. Бирдан қил сиртмоқ унинг бошидан сирғалиб тушиб, бўйнида осилиб қолди. Гулсари нима гаплигини тушунмас, сиртмоқдан у қўрқмас, шунинг учун туз ялашда давом этарди. Бошқа отлар бўйинларига укрук ташланганида ўзларини ҳар ёққа ташлардилар, оёқларини кўтариб сапчирдилар, Гулсари бўлса қимир этмади. Лекин унинг дарёга чопиб бориб сув ичгиси келиб кетди. Бўйнидаги сиртмоқ эса тортилиб уни тўхтатиб қўйди. Бунақаси сира бўлмаганди. Гулсари сапчиб ўзини орқага ташлади, кўзлари ола-кула бўлиб хириллай бошлади, сўнг шиддат билан олд оёқларини осмонга тик кўтарди. Атрофдаги отлар бирпасда тумтарақай қочиб кетишди, шунда у ўзини қил арқонда ушлаб турган
22
одамлар ўртасида кўрди. Эгаси олдинда, унинг орқасида эса иккинчи йилқичи турарди, яқиндан бери бу ерда пайдо бўлиб қолган ва йилқилар теварагида тинмай от чоптириб, унинг жонига теккан йилқичиларнинг болалари уларни ўраб олишганди.
Йўрға отни даҳшат босди. У тағин бир сапчиб оёқларини баланд кўтарди, сўнг яна осмонга сапчиди, кўзи ўнгида қуёш оловли доираларга бўлиниб хиралашиб кетди, тоғлар, ер, одамлар қулаб, чалқанчасига йиқилиб тушаркан, кўз олдини бир лаҳза қоп-қора, ваҳимали бўшлиқ қоплади, у бу бўшлиқни олдинги оёқлари билан тепкилаб турарди.
Аммо у қанча тепинмасин, сиртмоқ бўйнини борган сари қаттиқроқ сиқиб борарди, йўрға саманнинг нафаси бўғилиб, ўзини одамлардан четга олиш ўрнига уларга ташланди. Одамлар ўзларини олиб қочишди, сиртмоқ бир дақиқа бўшашди ва от чопиб уларни судраб кетди. Аёллар қичқириб, болаларини ўтовларга ҳайдай бошлашди. Лекин йилқичилар ўринларидан туриб олишга улгуришди ва сиртмоқ яна Гулсарининг бўйнидан сиқа бошлади. Бу гал у шу қадар қаттиқ сиқдики, нафас олишнинг иложи бўлмай қолди. Шунда у боши айланиб, нафаси бўғилиб тўхтади.
Арқонни қўлдан чиқармай, хўжайин ён томондан яқинлашиб келаверди. Гулсари уни бир кўзи билан кўриб турарди. Хўжайин тилка-пора бўлиб кетган кийимда, юзлари шилинган ҳолда унга яқинлашарди Аммо эгасининг кўзларида ғазаб учқуни кўринмасди. У оғир нафас олар ва ёрилиб кетган лабларини чапиллатиб секин, деярли шивирлаб гапирарди:
– Тек, тек, Гулсари, қўрқма, тўхта, тўхта!
Унинг ортидан арқонни бўшатмай эҳтиёткорлик билан ёрдамчиси яқинлашиб кела бошлади. Хўжайин ниҳоят қўлини чўзиб саман отга етказди, унинг бошини сийпади, ўгирилмай туриб ёрдамчисига:
– Юганни бер, – деди. У юганни узатди.
– Тек тур, Гулсари, тек тур, жонивор, – дер эди у. У йўрға отнинг кўзларини кафти билан беркитиб туриб бошига юган солди.
Энди уни жиловлаш ва эгарлаш керак эди. Калласига юган ташланганида Гулсари хириллаб, қочишга уриниб кўрди. Лекин эгаси
23
унинг юқори лабидан ушлаб қолишга улгурди.
– Буров сол! – қичқирди ёрдамчисига. У чопиб келиб отнинг
лабига чилвир билан буров солди ва ғалтакни айлантиргандай таёқ билан айлантира бошлади.
Йўрға саман оғриқ азобидан орқа оёқларига ўтириб қолди ва ортиқ қаршилик кўрсатмади. Совуқ темир сувлиқ тишларига тақиллаб тегди ва оғзининг бурчларига ботиб кетди. Унинг устига ниманидир ташлашди, белига қайиш солиб шундай тортишдики, кўкраги қисилиб, тебраниб кетди. Булар ҳам кўзига кўринмади, энди лаб- лунжидаги даҳшатли оғриқнигина сезарди, холос. Кўзлари косасидан чиқиб кетаёзганди. На қимирлаб, на нафас олиб бўларди. У ҳатто эгаси қачон ва қандай қилиб устига миниб олганини ҳам сезмай қолди, оғзидан буровни олишгандагина ўзига келди.
Ҳамма ёғидан қайиш билан тортилган ва оғирлашган от ҳеч нарсани тушуна олмай бир-икки дақиқа туриб қолди, кейин елкаси оша кўз қирини ташлаб, бирдан устида одам борлигини кўрди. Чўчиганидан ўзини бир чеккага отди, лекин сувлиқ оғзини йиртар, одамнинг оёқлари эса биқинларига қаттиқ ботиб турар эди. Саман от олдинги оёқларини тикка кўтарди, ғазабнок ва жон аччиғи билан кишнади, шаталоқ отиб у ёқдан бу еққа югуриб-елди ва ўзини босиб турган ҳамма юкни устидан улоқтириб ташлаш учун куч тўплаб бир томонга ташланди, бироқ иккинчи учини бошқа бир отлиқ одам маҳкам ушлаб турган арқон уни қўйиб юбормасди. Шунда у доира ясаб чопа бошлади, у доирадан чиқиб, қочиб кетиш пайида бўларди. Бироқ доирадан чиқиб кетиб бўлмас, тинмай чопар эди. Одамларга худди мана шуниси керак эди. Эгаси уни қамчи билан уриб турар, этик пошнаси билан ниқтарди. Шундай бўлса ҳам саман от уни икки марта устидан улоқтириб ташлади. Аммо эгаси ўрнидан турар ва яна эгарга минарди.
Бу ҳолат шу йўсинда узоқ, жуда узоқ давом этди. Боши айланарди, атрофдаги ер, ўтовлар айланарди, узоқларга тарқалиб кетган отлар, тоғлар, осмондаги булутлар айланарди. Кейин у чарчади ва қадамлаб юриб кетди. Жуда чанқади.
Аммо унга сув беришмасди. Кечқурун устидан эгарини олмай,
24
фақат айилини салгина бўшатиб, отқозиққа қантариб қўйишди. Жиловини эгарнинг қошига қаттиқ ўраб боғлаб қўйилганидан бошини тик тутишга тўғри келар ва натидада ерга ёта олмас эди. Узангилар кўтарилиб эгар қошига илиб қўйилганди. У тун бўйи шу тахлитда туриб чиқди. У ўз бошидан кечирган бу ғаройиб нарсаларнинг ҳаммасидан довдираб, эсанкираб тикка турарди. Оғзидаги сувлиқ ҳамон унга халақит берар, у салгина қимирласа ҳам оғзини оғритар, темирнинг мазаси ҳам ёқимсиз эди. Оғзининг шишган бурчакларини сувлиқ шилиб юборганди. Қорнидаги қайиш қийиб юборган жойлари ачишарди. Эгар тагидан қўйилган намат терлик ҳам белини оғритарди. Жуда-жуда сув ичгиси келарди. У дарёнинг шовиллашини эшитар ва бундан чанқоғи янада кучаярди. У ёқда – дарёнинг нариги бетида ҳар вақтдагидай йилқилар ўтлаб юришарди. Кўп туёқларнинг тақир-туқури, отларнинг кишнаши ва тунги йилқичиларнинг қичқириғи эшитиларди. Ўтовлар олдидаги одамлар гулханлар ёнида ўтириб дам олишар, болалар итларни майна қилиб вовиллашарди. У бўлса ўз жойида турар, ҳеч кимнинг у билан иши ҳам йўқ эди.
Сўнг, ой кўтарилди. Тоғлар зулмат қучоғидан чиқиб, ойнинг сарғиш нури остида секин тебрана бошлади. Юлдузлар тобора ерга яқинлашиб, ёрқинроқ порларди. У бир жойга маҳкам боғланганича қимир этмай турар, уни кимдир изларди. У ўзи билан бирга ўсган ва ўзидан ҳеч қачон ажралмайдиган жийрон байталнинг кишнашини эшитарди. Байталчанинг пешонасида оқ юлдуз қашқаси бор эди. У саман тойча билан чопиб юришни яхши кўрарди. Айғирлар унинг ортидан қувиб юра бошлаганди, у тутқич бермас, йўрға той билан бирга улардан узоққа қочиб кетарди. Жийрон байталча ҳам, саман той ҳам ҳали ёшига етмаган эди.
Мана, у қайдадир жуда яқин жойда кишнади. Ҳа, бу ўша бия эди, унинг овозини у аниқ таниди. У жавоб қайтармоқчи бўлди-ю, аммо шилиниб, шишиб кетган оғзини очгани қўрқарди. Жуда ҳам оғрирди.
Ниҳоят байталча уни излаб топди. Ойдинда пешонасидаги оқ юлдузчани ярақлатиб енгилгина чопиб келди. Думи ва оёқлари ҳўл эди. У дарёни кечиб ўтиб, ўзи билан бирга сувнинг совуқ нафасини келтирганди. Тумшуғини тираб, юмшоқ илиқ лабларини тегизиб, уни
25