эканлигини айтмаганингда танимаган бўлардим.
– Нимасига ҳайрон қоласан бунинг. Биз иккимизнинг аҳволимиз
ундан яхшироқ деб ўйлайсанми? Ҳамма нарсанинг ҳам ўз вақти-соати бор.
– Мен ҳам мана шуни айтяпманда.– У ўйчан бош чайқади ва оқ кўнгиллик билан кулимсираб ҳазил қилди: – Эҳтимол, сен яна йўрғангда тунлари дайдиб юрарсан? Майли, рухсат.
– Қайда!– у ўнғайсизланиб қўл силтади ва хотинига орқаси билан ўгирилиб олди. Ҳазилга ҳазил билан жавоб қайтарса бўларди, бироқ у уялганидан омбор устига пичан олгани чиқиб кетди. У ерда анча вақтгача ивирсиб юрди. Хотини анави ишларни унутиб юборган, деб ўйлаб юрарди, унутмаган эканда.
Мўридан тутун кўтариларди, хотини совиб қолган овқатни иситарди, у бўлса то хотини эшикдан туриб қичқирмагунча ивирсиб пичан билан овора бўлди.
– Туш, бўлмаса овқат яна совиб қолади.
Хотини ўтган ишни бошқа эсламади, эслашнинг нима ҳам ҳожати бор эди?..
Бутун куз ва қиш бўйи Танабой йўрғани парвариш қилди, илиқ кепак терт, майдаланган лавлаги билан боқди. Гулсарининг тишлари тушиб бўлай деганди, фақат синиқлари қолганди.
Отни энди оёққа турғиздим, деб ўйловди, бунинг аҳволини қаранг. Энди уни нима қилиш керак?
Йўқ, отни йўлнинг қоқ ўртасида ташлаб кетишга кўзи қиймайди.
– Хўш, Гулсари, энди шундай тураверамизми? – Танабой йўрғани қўли билан итарган эди, у тебраниб, оёқлари чалишиб кетди. – Қани, тўхтаб турчи, мен ҳозир...
У келинига картошка олиб келган бўш қопни қамчи сопи билан араванинг тагидан кўтардида, ундан тугунча чиқарди. Хотини йўлга нон ёпиб берганди, эсидан чиқариб юборибди, овқатни ўйлайдиган вақт эмасди. Танабой ноннинг ярмини синдирди, уни майдалаб бешматининг этагига солдида, отга тутди. Гулсари қаттиқ нафас олиб нонни ҳидлади, лекин уни ея олмади. Шунда Танабой унга кафти билан егиза бошлади. Оғзига бир неча бўлагини тиқди, от чайнай
10


кетди.
– Е, е, эҳтимол етиб олармиза? – Танабой қувониб кетди.– Аста-
секин бир амаллаб, эҳтимол етиб олармиза? У ёғи бир гап бўлар, қўрқадиган жойи йўқ. У ерда кампир иккаламиз сени парвариш қиламиз, – дерди у. Унинг қалтираётган қўлларига отнинг лабларидан сўлаги оқиб тушар, у бўлса сўлаги илий бораётганлигидан қувонарди.
Кейин у йўрғанинг жиловидан ушлади.
– Қани, кетдик! Туришдан фойда йўқ! Кетдик!– буюрди у қатъий қилиб.
Йўрға жойидан қўзғалди, арава ғижирлади, ғилдираклар йўл бўйлаб тарақлаб секин юриб кетди. Улар – чол билан қари от аста- секин одимлаб кетишди.
«Ҳолдан тойибди, – деб ўйларди Танабой йўл четидан одимлаб бора туриб. – Нечага кирдинг, Гулсари? Йигирма, ёки ундан ҳам ортиқдир. Ортиқроқ бўлса керак...»
II
Улар биринчи марта урушдан кейин учрашган эдилар.
Ефрейтор Танабой Бакасов Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам бўлган, Квантун армияси таслим бўлганидан сўнг армиядан қайтиб келган эди. Ҳаммаси бўлиб у деярли олти йил аскарлик йўлларидан одимлаб ўтди. Ҳеч нарса қилмади, Худо асради, бир марта обозда контузия қилинди, иккинчи марта бомба парчаси билан кўкрагидан яраланди, икки ойча госпиталда ётди ва яна ўз қисмига қайтди.
Уйга қайтаётганида эса станциялардаги бозорчи аёллар уни чол деб аташди. Бу кўпроқ ҳазил эди, албатта. Танабой улардан унча хафа ҳам бўлмасди. У ёш эмасди, албатта, лекин қари ҳам эмасди. Кўринишдангина гўё қарига ўхшарди, уруш йиллари ичида қариб кетди, мўйловига оқ оралай бошлади. Аммо танаси ва руҳи ҳали бардам эди. Бир йилдан сўнг хотини қиз кўрди, кейин эса иккинчисини туғди. Ҳозир иккаласи ҳам эрга чиққан, болалари бор. Ёзда дамбадам келиб туришади. Катта қизининг эри – ҳайдовчи.
11


Хотин, бола-чақасини кузовга ўтқизадида, тоққа – чолу кампирнинг олдига ҳайдайди. Йўқ, чолу кампир қизлари ва куёвларидан хафа эмас, лекин ўғилдан ёлчимадилар. Аммо бу бошқа масала...
Ўшанда, ғалабадан кейин йўлда келаётганида чинакам ҳаёт энди бошланаётгандай туюлган эди. Кўнгли бирам шод эдики, асти қўяверасиз. Катта станцияларда эшелонни духовой оркестр билан кутиб олишар ва кузатиб қўйишар эди. Уйда хотини кутарди, ўғилчаси саккизга қадам қўйган, мактабга кириш ҳаракатида эди. Танабой худди дунёга қайта келгандай, худди шу маҳалгача бўлиб ўтган ҳамма нарсага гўё ҳозир бўлмагандай ғалати ҳис туйғу билан қайтаётганди. У ҳамма нарсани унутгиси, фақат келажак ҳақида ўйлагиси келарди. Истиқболи ҳам хаёлида аниқ-равшан ва оддийгина бўлиб кўринарди: яшаш керак, болаларни ўстириш, хўжаликни йўлга қўйиш, уй қуриш, хуллас, яшаш керак. Бунга энди бошқа ҳеч нарса халақит бермаслиги зарур, чунки бутун ўтмиш, гаровга қўйилган, чинакам ҳаёт ниҳоят энди бошланиб келяпти, ана шу ҳаётга интиляпти, азборойи ана шу ҳаёт учун одамлар урушда ғалаба қозонишди ва қурбонлар беришди.
Аммо энди маълум бўлишича, Танабой шошилган, ортиқча шошилган экан, келажакнинг гарови учун яна йиллар ва йилларни бериш керак эди.
Дастлаб у темирчилик устахонасида босқончи бўлиб ишлади. Қачонлардир бу ишнинг ҳадисини олган эди, сандон ёнида туриб эрталабдан кечгача қулочкашлаб шундай чўкич урардики, темирчи қиздирилган темир парчасини болға остида ағдариб туришга зўрға улгурарди. Ҳозир ҳам барча кулфат ва ташвишларини унуттириб юборадиган темирчихонадаги ўша тақа-туқ, жаранг-журунглар унга гоҳо эшитилгандай бўлади.
Нон, кийим-кечак етишмасди, аёллар сарпойчан калиш кийиб юришарди, болалар қанд нималигини билишмасди, колхоз қарзга ботган, банкдаги ҳисоблар қаланиб ётган эди, у бўлса болғани кўтариб тушириш билан буларнинг ҳаммасини унутмоқчидай бўларди. У болғани гурсиллатиб урар, сандон жаранглар, учқунлар кўк томчилар каби сачрар эди. «Ҳуҳ-ҳа, ҳуҳ-ҳа!– деб нафас оларди
12


болғани кўтариб туширганида. – Ҳамма иш ўнгланиб кетади, энг муҳими – биз ғалаба қилдик, ҳа, ғалаба қилдик!» деб ўйларди. Болға эса «ғалаба қилдик, ғалаба қилдиқ», дегандек, «дук, дук, дук!» тушарди. Фақат угина эмас, ўша кунлари ҳамма худди нондай азиз ғалаба нафаси билан яшар эди.
Кейин эса Танабой йилқичиликка ўтди, тоққа чиқиб кетди. Чоро уни шу ишга кўндирди. Раҳматли Чоро ўша пайтда колхоз раиси эди, у бутун уруш давомида раислик қилди. Хаста юраги туфайли уни армияга олишмади. Фронт орқасида бўлса ҳам хийла қариб қолганди. Танабой қайтганида буни дарров пайқади.
Бошқа одам эҳтимол темирчиликни ташлаб йилқичи бўлишга уни кўндира олмасди. Аммо Чоро унинг эски дўсти эди. Улар бир вақтлар комсомол эканликларида колхозга киришга биргаликда ташвиқот қилишган, биргаликда қулоқларни тугатишганди. Айниқса у, Танабой ўша пайтлари ғайрат кўрсатганди. У қулоқларни тугатиш рўйхатига тушиб қолганларни аямасди.
Чоро унинг олдига – темирчихонага келиб уни янги ишга ўтишга кўндирди ва кўндира олганидан у жуда мамнун эди:
– Мен бўлсам сен болғани қўлдан ташламассан, ундан сени ажрата олмасман, деб қўрқардим, – деган эди кулимсираб.
Чоро касал эди, озиб кетган, бўйни чўзилиб, чўкиб кетган яноқларини ажин босган эди. Ҳали кун илиқ бўлсада, Чоронинг фуфайкаси ёзда ҳам эгнидан тушмасди.
Улар темирчихона яқинидаги ариқ бўйида чўққайиб ўтириб олиб суҳбатлашишарди. Чоронинг ёшлиги Танабойнинг эсига тушиб кетди. Ўша даврда у овулда энг саводхон, кўзга кўринган йигит эди. Одамлар вазминлиги, яхши хулқи учун уни ҳурмат қилишарди. Танабойга эса унинг кўнгилчанлиги ёқмасди. Мажлисларда у баъзан ўрнидан сакраб турардида, душман билан синфий курашга йўл қўйиб бўлмайдиган бўшанглиги учун Чорони уриб йиқарди. Унинг сўзлари худди газеталарда ёзилган сўзлардай шиддатли эди. Овоз чиқариб газета ўқиганларида нимаики эшитган бўлса, ҳаммасини ёдаки такрорларди. Баъзан ўзининг сўзларидан ўзи даҳшатга тушиб кетарди. Лекин жуда зўр чиқарди.
13


– Билсанг, сешанба куни мен тоғда эдим,– деди Чоро. – Чоллар, ҳамма солдатлар ҳам қайтиб келишдими, деб сўрашди. Ҳа, тирик қолганларнинг ҳаммаси, дедим. «Қачон иш бошлашмоқчи!» Ишни бошлашган, деб жавоб қилдим, бири далада, бири қурилишда, бошқалари яна бошқа ерларда. «Буни биз ҳам биламиз. Йилқиларга ким қараши керак? Бизнинг ўлишимизни кутишмоқчими, бир оёғимиз гўрдаку». Жуда уялиб кетдим. Тушуняпсанми муддаоларини? Биз бу чолларни уруш йиллари тоғларга йилқичиликка юборгандик. Шундан бери улар ўша ёқда. Сенга айтиб ўтиришимнинг ҳожати йўқ, чолларнинг иши эмас бу. Доим эгардасан, на кундузи, на кечаси ҳаловат йўқ. Қиш кечаларини айтмайсанми!
Дарвешбой эсингдами, эгарда музлаб қотиб қолди. Улар ахир отларни юришга, минишга ҳам ўргатишарди – армияга керак эди бу отлар. Етмиш ёшингда сен тоғу даштларда сарсон бўлишни татиб кўрчи. Кўрадиганингни кўрасан. Шунча чидаб берганлари учун ҳам раҳмат уларга. Фронтчилар бўлса мана қайтишдию, бурунларини жийиришяпти, «чет эл маданияти»ни кўришгандирда, энди йилқичиликни ёқтирмай қолишибди. Тоғларда сарсон-саргардон бўлиб нима қиламан эмиш. Аҳвол мана шундай. Шунинг учун сен ёрдам бер, Танабой. Сен борсанг, бошқаларни ҳам мажбур қиламиз.
- Хўп, яхши, Чоро, хотиним билан гаплашиб кўрай, – жавоб берди Танабой. Ўзи эса: «Қанақа кунларни бошимиздан ўтказдик, сен бўлсанг, Чоро, ҳали илгаригидайсан. Кўнгилчанлигинг туфайли адойи-тамом бўласан. Эҳтимол, бу яхши ҳамдир, урушда нималарни кўрмадик ахир, ҳаммамиз ҳам кўнгилчанроқ бўлсак яхши бўларди. Эҳтимол, ҳаётдаги энг кераги мана шудир?» деб ўйлади.
Улар гапни бир жойга қўйиб ажралишди, Танабой ўзининг устахонаси томон йўл олди. Лекин Чоро бирдан уни чақириб қолди:
– Танабой, тўхта! – у отда унинг олдига келди ва эгар қошига энгашиб унинг юзига тикилди:– Сен хафа бўлмадингми? – сўради у секингина. – Биласанми, ҳеч вақт топа олмаяпманда. Илгариги пайтлардагидай дилкашлик қилгим келади. Неча йил кўришмадик. Уруш тамом бўлса енгилроқ бўлар, деб ўйлагандим, ташвиш камаймаяпти. Баъзан ҳар хил фикрлар бошингга келиб мижжа қоқмай
14


чиқасан. Қандай қилиб хўжаликни юксалтириш, халқни тўйдириш ва ҳамма режаларни бажариш мумкин. Одамлар ҳам аввалги одамлар эмас, яхшироқ яшашни хоҳлашади...
Аммо дилкашлик қилиб суҳбатлашиб ўтириш уларга насиб бўлмади, холи ўтиришга вақт ҳам топиша олмади. Вақт эса ўтиб борарди, кейинчалик энди кеч бўлиб қолганди...
Танабой худди ўша кезларда тоққа йилқичи бўлиб борганида кекса Тўрғайнинг йилқилари орасида бир ярим яшар саман тойни биринчи марта кўрганди.
– Меросга нима қолдиряпсан, оқсоқол? Йилқиларинг жуда зўр эмаску, а? – отларни санаганларидан ва қўтондан ҳайдаб чиқарганларидан сўнг кекса йилқичини узиб олди Танабой.
Тўрғай ажин босган юзида биронта ҳам туки бўлмаган қотмагина, ўсмирлардай паст бўйли чол эди. Қўй терисидан тикилган каттакон пахмоқ телпаги бошида худди қўзиқориндай турарди. Бундай чоллар одатда эпчил, тили аччиқ ва бақироқ бўлади.
Лекин Тўрғайнинг жаҳли чиқмади.
– Бори шу, анчайин йилқиларда, – пинагини бузмай жавоб берди у.– Мақтанадиган жойи йўқ, боқиб кўрсанг биласан.
– Ота, мен шунчаки айтдим қўйдим-да,– деди Танабой, муросасозлик билан.
– Биттаси бор! – Тўрғай кўзига тушиб кетган телпагини кўтариб қўйдида, узангида туриб, қамчи сопи билан кўрсатди. – Ўнг томонда ўтлаб юрган ҳув анави саман той. Зўр от бўлади.
– Қайси бири, ҳув анави коптокдай юм-юмалоғими? Кўринишдан увоққинаку, бели ҳам калта.
– Кечикиб туғилган. Қувватга кирса зўр бўлади. – Нима фазилати бор? Нимаси яхши?
– Туғма йўрға.
– Хўш, нима қипти?
– Бундайларни кам учратганман. Илгариги замонларда у бебаҳо от ҳисобланарди. Бундай от учун пойга-улоқларда жонларини тикишарди.
– Қани кўрайликчи! – деб қўйди Танабой.
15


Улар отларига қамчи босиб, йилқиларни чеккалаб боришдида, саман тойчоқни бир четга чиқаришди ва олдиларига солиб ҳайдаб кетишди. Тойнинг бир чопгиси келиб турувди. Пешонасидаги ёлини силкитиб пишқирдида, ўрнидан қўзғалиб, пружинали ўйинчоқ отдай бир маромда шитоб билан йўрғалаб кетди. Кейин, йилқиларга қўшилиш учун катта ярим доира ясаб айланиб чиқди. Унинг чопишига мафтун бўлган Танабой қичқириб юборди:
– Хў-ў-ў, қадам ташлашини қара! Қара!
– Сен нима деб ўйловдинг! – ғурур билан жавоб қилди кекса йилқичи.
Улар йўрғанинг кетидан тез йўрттириб боришарди ва пойгадаги кичкина болалардай қичқиришарди. Уларнинг овозлари гўё тойчоқни савалаётгандай бўлар, у ўзини деярли зўриқтирмай, қадамини тобора тезлаштириб, лўкилламасдан бир текис йўрғалаб борарди.
Уларга отларини чоптиришга тўғри келди, анави бўлса ҳамон аввалгидай йўрғалаб борарди.
– Кўряпсанми, Танабой! – телпагини силкитиб қичқирарди Тўрғай отда чопиб бораётиб: – Зийраклигини қара-я, овозингга қараб қадам ташлайди-я! Ҳайт, ҳайт, ҳайт-э!
Саман тойчоқ ниҳоят йилқиларга келиб қўшилганида Тўрғай билан Танабой уни тинч қўйишди. Лекин отларини совутаётганда ҳам анчагача ҳаяжонларини босишолмади.
– Раҳмат-э, Тўрғай ака, яхши от етиштирибсиз. Кўнглим анча кўтарилди.
– Яхши от, – қўшилди унга чол.– Аммо эҳтиёт бўл, – энсасини қашиб бирдан қовоғини солиб олди у. – Кўзиктириб қўйма. Маҳмадоналик қилиб, элдан бурун гапириб юрма. Суқсур қизлардек яхши йўрға отнинг ҳам хуштори кўп бўлади. Қиз тақдири шундайки, яхши одамга тушса, очилиб кетади, кўз кўриб қувонади, бирон аҳмоқнинг қўлига тушса, қизни кўриб хафа бўлиб кетасан. Ҳеч ёрдам ҳам бера олмайсан. Яхши от ҳам худди шундай. Нобуд қилиб қўйиш ҳеч гапмас. Пойгада қоқилиб йиқилади.
– Ташвишланма, оқсоқол, ахир менинг ҳам бунақа ишлардан хабарим бор, кичкина бола эмасман.
16


– Ҳа, балли. Мен шунчаки гапирдим қўйдим-да. Унинг оти Гулсари. Эсингда тут.
– Гулсари?
– Ҳа. Бултур ёзда неварам меҳмон бўлиб келганди. Бу отни ўша қўйган. Севиб қолганди. Ўша вақтда у қулун эди. Эсдан чиқарма: «Гулсари».
Тўрғай эзма чол экан. Тун бўйи насиҳатгўйлик қилди, Танабой уни сабр-тоқат билан тинглади.
У Тўрғай билан хотинини манзилдан етти чақирим наригача кузатиб қўйди. Унга бўш ўтов қолди, энди оиласи билан бирга кўчиб кириши лозим эди. Бошқа ўтовга унинг ёрдамчиси ўрнашиши керак эди. Аммо ҳали ёрдамчи топишмаганди. Ҳозирча унинг бир ўзи эди. Хайрлашаётганида Тўрғай яна:
– Саман тойга ҳозирча тегмай тур,– деди. – Ҳеч кимга ишониб топширма ҳам. Баҳорда ўзинг минишга ўргат. Ҳа, эҳтиёт бўл. Эгарлаб миниб олгандан кейин қаттиқ ҳайдама. Тизгинини ҳадеб тортаверсанг йўрға қадамидан айнийди, отни бузиб қўясан. Тағин қара, биринчи кунлари иссиқлаб туриб кўп сув ичиб қўймасин. Оёқларига сув тушади, оқбош яраси пайдо бўла бошлайди. Агар ўлмасам, минишга ўргатганингдан кейин кўрсатарсан.
Тўрғай унга йилқиларни, ўтовни, тоғ-тошларни қолдириб, кўч- кўронларини туяга ортдию, кампири билан жўнаб кетди...
Гулсари ўзи ҳақида қанча гап-сўзлар бўлганини, яна қанча сўзлар айтилишини ва буларнинг оқибати нима бўлишини билса эди!..
У йилқилар подасида аввалгидай эркин юрарди. Чор атрофда ҳеч нарса ўзгармаган, ўша тоғлар, ўша майсалар ва ўша дарёлар. Фақат чол ўрнига Кулранг шинель ва солдатча қулоқчин кийиб олган бошқа хўжайин уларни қўриқлай бошлади. Янги йилқичининг овози хирқироқ, лекин баланд ва кучли эди. Йилқилар кўп ўтмай унга ўрганиб қолишди. Майли, атрофда айланиб юраверсин.
Кейин эса қор ёғди. У дам-бадам ёғар ва эринмай узоқ ётарди. Отлар ўт-ўлан топиш учун туёқлари билан қор титкилашарди. Хўжайиннинг юзлари қорайиб, қўллари шамолдан тарашадай қотиб кетди. Энди у кигиз этик кийиб, катта пўстинга ўралиб юрарди.
17