I
Эски аравани кекса бир киши ҳайдаб борарди. Саман йўрға – Гулсари ҳам жуда қари эди...
Ясси тоғликка тинкани қуритадиган узоқ йўл билан чиқиларди. Яйдоқ Кулранг тепаликларда қишда доим совуқ шамол ер ялаб изғиб юрар, ёзда эса тандирдай қизиб кетар эди.
Бу тепаликлар Танабой учун жон азоби эди. У аравани секин ҳайдашни истамасди. Секин юрса юраги тарс ёрилиб кетай дерди. Ёшлик кезлари туман марказига тез-тез қатнаб туришга тўғри келар, уйга қайтишида у ҳар гал отнинг бошини қўйиб юбориб, тоққа чоптириб чиқиб кетар, уни қамчи билан аёвсиз саваларди. Агарда ҳамроҳлари билан бир аравада кетаётган бўлса, бунинг устига яна аравага ҳўкизлар қўшилган бўлса борми, ерга сакраб тушиб, индамай кийимларини олардида, яёв кетарди. Худди ҳужумга бораётгандай жон-жаҳди билан, қаҳр ғазаб билан юрар ва ясси тоғлик устига кўтарилгандагина тўхтар эди. У ерда кўксини тўлдириб-тўлдириб нафас олиб, пастда ўрмалаб келаётган оғир, катта аравани кутиб турарди. Тез юрганидан юраги гупиллаб урар ва кўкрагида санчиқ турар эди. Ҳар қалай ҳўкизларнинг қадамига қараб, имиллаб келгандан кўра яхши-ку!
Раҳматли Чоро баъзан дўстининг бундай ғалати қилиқларини кўриб тегишишни яхши кўрарди.
– Нега омадинг келмайди, биласанми, Танабой? - дерди у, - бесабрлигингдан. Худо ҳаққи. Сенга қолса ҳамма нарса тезроқ, дарров бўла қолса. Жаҳон революцияси дарҳол бўла қолса! Революция у ёқда турсин, Александровкадан баландликка кўтарилишга ҳам тоқатинг йўқ сенинг. Ҳамма одамлар аравада хотиржамгина ўтириб боришади-ю, сен бўлсанг сакраб тушиб, худди орқангдан бўрилар қуваётгандай тоққа қараб югурасан, хўш, бундан нима фойда кўрасан? Ҳеч нарса. Барибир тепада бошқаларни кутиб ўтирасанку. Жаҳон революциясига ҳам бир ўзинг ета олмайсан, билсанг, бошқаларнинг ҳам тенглашиб олишларини кутасан.
Аммо бу бир замонлардаги, узоқ ўтмишдаги гап эди. Танабой бу
2


гал Александровкадаги баландликдан қандай чиқиб олганлигини сезмай ҳам қолди. Қариганида, демак, кўникиб қолибди. Аравани тез ҳам, секин ҳам ҳайдагани йўқ. Отни ўз ҳолига қўйиб берди. Энди у доим йўлга ёлғиз чиқарди. Ўттизинчи йилларда бу йўллардан у билан бирга шовқин солиб юрган бир тўда ёшларни энди қидириб топа олмайсан. Бири урушда ҳалок бўлган, бири ўлган, битта яримта тирик қолганларининг ҳам кунлари саноғлиқ қолган. Ёшлар эса машиналарда юришади. У билан бирга ориқ қирчанғи от қўшилган аравада юришармиди.
Эски йўлда ғилдираклар ғижирлаб борарди. Йўл узоқ, олдинда чўл ястаниб ётарди, канал ортида эса тоғ этаги бўйлаб яна анчагина юриш керак.
У отнинг бўшашиб, мажолсизланиб бораётганлигини аллақачон сеза бошлаганди. Лекин ўзининг оғир хаёллари билан банд бўлганлиги учун бунга унчалик эътибор бермасди. От йўлда чарчаб қолади, деб ғам ейдими киши?
Ундан баттарлари бўлган. Манзилгача етказа олади, амаллаб судраб олиб боради...
Ўзининг сап-сариқ ранги учун Гулсари деб ном олган қари йўрға оти умрида сўнгги марта Александровка баландлигига кўтарилганлигини ва ҳозир от охирги чақиримларни босиб ўтаётганлигини қаёқдан билсин у. Отнинг боши бангидевона егандай айланаётганлигини, ер унинг хира кўзи ўнгида рангли ҳалқалар сингари сузиб ўтаётганлигини, ер қийшайиб гоҳ у, гоҳ бу томони билан уфққа тегаётганини, назарида йўл бирдан қоп-қоронғи бўшлиққа тушиб кетиб, олдиндаги тоғлар ўрнида қизғиш туман ёки тутун сузаётгандай туюлаётганлигини қаёқдан билсин у.
Отнинг аллақачон зўриқиб, кучсизланиб қолган юраги зирқираб оғрирди, бўйинча-хомутда нафас олиш тобора оғирлашиб борарди. Бир ёнбошга сирғалиб кетган эгар-жабдуқ белига қаттиқ ботар, чап томонда хомут остида аллақандай учли нарса елкасига муттасил қадалиб, санчилаётгандай эди. Эҳтимол, бу тиканак ёки хомутнинг кигиз астаридан чиқиб қолган михнинг учидир. Елкасидаги қадоқ бўлиб кетган эски яғир ўрнида очилган яра чидаб бўлмас даражада
3


зирқираб оғрир, ачишар эди. У худди шудгордан кетаётгандай эди, оёқлари ҳам борган сари оғирлашарди.
Аммо шундай бўлса ҳам қари от сўнгги кучларини тўплаб, юриб борарди, кекса Танабой эса аҳён-аҳёнда унга «чуҳ-чуҳ»лаб, жиловини тортиб-тортиб қўяр ва хаёл суришда давом этарди. Ўйлайдиган ўйлари кўп эди унинг.
Ғилдираклар эски йўлдан ғижирлаб борарди. Гулсари илк бор оёққа туриб, онаси – ёлдор улкан бия ортидан ўтлоқ бўйлаб қўрқа- писа, йўртиб кетганидан буён бирон марта ҳам адашмаган ўша йўрға қадам билан ҳамон бир маромда қадам ташлаб борарди.
Гулсари туғма йўрға от эди ва донғи чиққани учун умрида бошига кўп яхши ва ёмон кунлар келганди. Илгари аравага қўшиш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмасди, уни аравага қўшиш увол эди. Лекин от бошига иш тушса, сувлиқ билан сув ичар, эр бошига иш тушса, этик билан сув кечар, деганларича бор.
Буларнинг ҳаммаси ўтмишдаги гаплар. Ҳозир йўрға бор кучини сарфлаб, ўзининг сўнгги маррасига кетаётганди. У ҳеч қачон манзилга бунчалик секин бормаган, ҳеч қачон унга бунчалик тез яқинлашмаганди ҳам.
Ғилдираклар эски йўлдан ғижирлаб борарди.
Туёқлари остидаги қаттиқ ернинг омонатлигини ҳис этиш отнинг сўниқ хотирасида узоқ ўтмишдаги ўша ёз кунларини, тоғлардаги ўша шабнамли юмшоқ ўтлоқларни, осмонда чарақлаган ва тоғу тошни орқада қолдириб кетаётган қуёшни то уюрбоши айғир ғазабдан қулоқларини динг қилиб олиб уни қувлаб орқасига қайтармагунича у тентак ўтлоқлару дарёни кесиб, буталарни ёриб ўтиб қуёш ортидан қувиб кетган ўша ажойиб ва ғаройиб дамларни ғира-шира жонлантирди. Ўша пайтлардан бери орадан қанча вақт ўтиб кетди-я! Йилқилар худди кўл тубида оёқларини осмонга қилиб юргандай, унинг онаси – ёлдор каттакон бия бўлса, гўё илиққина сутли булутга айлангандай туюларди. Онаси бирдан меҳрибонлик билан пишқирувчи булутга айланиб қоладиган шундай дамларни севарди. Унинг елинлари таранглашиб, лаззатли бўлиб қолар, лабларида сут кўпикланарди, у бўлса сутнинг мўллиги ва ширинлигидан энтикиб
4


қоларди. У ёлдор каттакон онасининг қорнига тумшуғини қадаб туришни яхши кўрарди. Нақадар лаззатли эди бу сут! Бутун олам – қуёш, ер, онаси бир қултум сутга жойлашгандай эди. Тўйиб бўлганидан кейин ҳам яна бир қултум, яна, яна эмишни истарди.
Афсус, бу узоққа чўзилмади, тезда барҳам топди. Орадан кўп ўтмай ҳамма нарса ўзгариб кетди. Кўкдаги қуёш чарақламай, тоғдан тошга сакрамай қўйди. Энди кун шарқдан чиқиб ғарбга томон оғишмай боради, йилқилар оёқларини осмонга қилиб юрмайдиган бўлиб қолди, пайҳон қилиб ташланган сизот ўтлоқ улар туёқлари остида чапиллайди ва қораяди, қирғоқлардаги тошлар қарсиллаб ёрилиб кетади. Ёлдор каттакон бия қаттиққўл она экан, боласи ҳаддан ортиқ безор қилганида унинг ёлидан қаттиқ тишлаб оларди. Энди сут етишмас, ўтлаш керак эди. Узоқ йиллар чўзилган ҳаёт бошланди, мана энди охирлаб бораётир.
Мана шу ўтган узоқ умри давомида абадий йўқолган ўша ёз йўрға отга сира қайтиб келмади. У эгарланган ҳолда ҳар хил йўлларни босиб ўтди, уни ҳар хил чавандозлар минди, лекин ҳамон йўлларнинг охири кўринмасди. Фақат эндигина – қуёш яна ўз ўрнидан қўзғалган, ер эса оёқлари остида чайқалаётган, кўзлари жимирлаб, хиралаша бошлагандагина шунча узоқ вақтдан бери қайтмаган ўша ёз унинг кўзига кўриниб кетди. Ҳозир унинг кўз ўнгида ўша тоғлар, ўша сизот ўтлоқлар, ўша йилқилар, ўша ёлдор каттакон бия милтиллаб, ғира- шира намоён бўлди. У дўғадан, хомут ва шотидан қутилиб олиб, тўсатдан унинг кўзига кўриниб кетган ўтмишга қадам қўйиш учун кучи борича талпинар, жон-жаҳди билан депсинарди. Лекин алдамчи хаёл ҳар гал узоқлашиб кетар, шуниси жонга азоб берарди. Қулунлик пайтидагидек онаси секин кишнаб уни чақирар, йилқилар уни тойлик вақтидагидай биқинлари билан туртиб, думлари билан уриб ўтар, унинг эса шамолга бардош беришга кучи етмасди – шамол тобора кучаяр, уни думи билан қамчилар, кўзлари ва бурун катакларини қор билан тўлдириб, терга ботиб совуқдан қалтирар, эришиб бўлмас ўша олам изғирин қуюнлари ичида унсиз кўмилиб йўқ бўлиб кетар эди. Мана энди тоғлар ҳам, ўтлоқлар ҳам, дарё ҳам ғойиб бўлди, йилқилар қочиб кетди, фақат онасининг – ёлдор катта биянинг шарпаси
5


олдинда ғира-шира кўриниб турарди. У боласини танҳо ташлаб кетишни хоҳламасди. У тойчоғини олдига чорларди; тойчоқ бор кучи билан хихилаб кишнаб юборди, аммо ўз овозини ўзи эшитмади. Ҳамма нарса бирдан ғойиб бўлди, изғирин ҳам тинди. Ғилдираклар ғижирламай қўйди. Хомут остидаги яранинг ачишгани ҳам сезилмай қолди.
Йўрға тўхтади, гандираклаб кетди. Кўзи қаттиқ оғрирди. Калласи тинмай ғувилларди.
Танабой жиловни араванинг олдига ташлади, бесўнақай сакраб тушди, увишиб қолган оёқларининг чигилини ёзди ва қовоғини солиб отнинг олдига келди.
– Ҳей, ҳаром ўлгур!– секин сўкинди у йўрғага боқиб. От озиб кетган узун бўйнини чўзиб, каттакон калласини хомутдан осилтириб турарди. Йўрғанинг қовурғалари, эски-тускилар ёпилган, ич-ичига кириб кетган биқинлари юқорига, пастга кўтарилиб тушиб турарди. Қачонлардир сап-сариқ, тилла ранг бўлган от энди тер ва чангдан қўнғир тусга кирган эди. Кўкиш тер томчилари қоқ суяк сағрисидан қорнига, оёқларига, туёқларига оқиб тушарди.
– Қаттиқ ҳайдамовдим шекилли,– деб тўнғиллади Танабой ва шошиб-пишиб айилни бўшатди, сувлиғини чиқарди. Сувлиғи иссиқ, ёпишқоқ сўлакка ботганди. Пўстинининг енги билан йўрғанинг тумшуғини ва бўйнини артиб қўйди. Кейин қолган-қутган пичанларни йиғиш учун аравага сакраб чиқди, супуриб-сидириб ярим қучоқ тўплади, отнинг олдига ташлади. Лекин от пичанга қайрилиб қарамади ҳам, у қалт-қалт титрарди.
Танабой йўрғага бир тутам пичан тутди.
– Ма, ол, е, сенга нима бўлди-я!
Йўрғанинг лаблари қимирлади, лекин пичандан илинтира олмади.
Танабой унинг кўзларига қаради-ю, қош-қовоғи солиниб кетди. У отнинг ич-ичига чўкиб кетган, ярим очиқ кўзларида ҳеч нарсани кўрмади. Улар ташландиқ уйнинг деразалари каби хиралашган эди.
Танабой саросимага тушиб у ёқ-бу ёққа қаради: узоқда тоғлар, атроф бийдай чўл, йўлда ҳеч ким кўринмасди. Йилнинг бу фаслида йўловчилар бу ерда камдан-кам учрайди.
6


Қари от ва кекса одам кимсасиз йўлда якка-ёлғиз туришарди.
Февраль ойининг охирлари эди. Ялангликлардаги қорлар эриб кетганди, фақат жарликлар ва қамишзор сойликлардаги қишнинг яширин уяларидагина сўнгги қор уюмлари ҳануз сақланиб қолганди. Шамол эски қорнинг кучсиз ҳидини учириб келтирарди, ер ҳали ҳам музлаб ётар, жонсиз эди. Қиш охирларида тошлоқ дашт ҳувиллаб ётади. Унга бир қарашдаёқ Танабойнинг ичига қалтироқ турарди.
У кўкиш чўққи соқолини диккайтириб, пўстинининг ёғ босган енги остидан ғарб томонга узоқ қараб қолди. Қуёш ернинг бир чеккасида, булутлар орасида осилиб турарди. Уфқдан ботаётган қуёшнинг нурсиз, хира шафақ нури тарала бошлаганди. Ҳеч нарса ҳавонинг айнишидан дарак бермасди, лекин шундай бўлса ҳам кун совуқ, ваҳимали эди.
«Билганимда эди, яхшиси йўлга чиқмаган бўлардим,– афсусланарди Танабой. – Энди эса на у ёққа, на бу ёққа юра оласан, тап-тақир даланинг ўртасида қолиб кетдим. Отни ҳам бекордан- бекорга нобуд қилиб қўяман».
Яхшиси эрталаб йўлга чиқиш керак эди. Кундузи йўлда бир нарса бўлиб қолса ҳам бирон йўловчи дуч келиб қолиши мумкин. У эса тушдан кейин йўлга чиқди. Бундай кезларда йўлга отланиш мумкинми, ахир?
Танабой орқадан ёки қарши томондан келаётган машина кўриниб қолармикин, дея дўнгликка чиқиб атрофга боқди. Аммо на у, на бу тарафда ҳеч нарса кўринмасди, шарпаси ҳам эшитилмасди. У орқасига – арава томонга қадам ташлади.
«Бекорга йўлга чиқибман»,– деб ўйлади яна Танабой шошқалоқлиги учун қайта-қайта ўзини койиб. У алам қилганидан ўзидан ҳам, ўғлининг уйидан тезроқ жўнаб кетишга мажбур этган ҳамма нарсадан ҳам аччиғланарди. Тунаб қолиши, отига дам бериши керак эди, албатта. У эса!..
Танабой жаҳл билан қўл силтади. «Йўқ, барибир қолмасдим. Яёв бўлса ҳам кетардим,– ўзини ўзи оқларди у.– Қайнатага шунақа гапларни гапириш мумкинми ахир? Ҳар қалай, мен отаманку. Сени қара-ю, бутун умрингни чўпонлигу йилқичиликда ўтказгансан,
7


қариганингда ҳайдаб чиқаришаркан, партияга кириб нима қилардинг, эмиш. Ўғлимгаям балли-е. Миқ этмайди-я, кўзини ердан олишга қўрқади. Агар хотини унга отангдан кеч деса, йўқ демайди. Латта, тағин у бошлиқ бўлиб кўтарилишга уриниб ётибди. Э, гапиришдан нима фойда. Одамлар бошқача бўлиб кетган!»
Танабой қизиб кетди, у кўйлагининг ёқасини ечиб юборди ва отни ҳам, йўлни ҳам, босиб келаётган тунни ҳам унутиб, оғир-оғир нафас олиб арава атрофида юра бошлади. Минг уринса ҳам ўзини боса олмади. У ерда – ўғлининг уйида у ўзини тутиб олди, келини билан ади-бади қилиб ўтиришни ўзига эп кўрмади. Энди эса бирдан қайнаб- тошиб кетди, ҳозир бўлганида йўл бўйи алам билан ўйлаб келган гапларининг ҳаммасини унга тўкиб соларди: «Мени партияга қабул қилган сен эмассан, чиқарган ҳам сен эмассан, ўша вақтда нима бўлганлигини сен қаёқдан билардинг, келинпошша. Энди ҳамма нарса ҳақида фикр юритиш осон. Энди ҳамма саводли, ҳурмат ва обрўйинг жойида. Биздан эса талаб қилишарди, шунақанги талаб қилишардики, отанг учун, онанг учун, дўстинг ва душманинг учун, ўзинг учун, қўшнингнинг ити учун, оламдаги жамики ҳамма нарса учун жавобгар эдинг. Партиядан ўчирганлари билан эса сенинг ишинг бўлмасин! Бу менинг ичимдаги ғамим, келинжон. Бу билан ишинг бўлмасин!»
– Бу билан ишинг бўлмасин!– овоз чиқариб такрорлашда давом этди у араванинг олдидан нари кетмай.– Ишинг бўлмасин!– ҳамон такрорларди у. Энг алам қилган нарса шу эдики, «ишинг бўлмасин» дейишдан бўлак гап тополмасди.
То бир нима қилиш кераклиги, бу ерда тунаб қолиб бўлмаслиги эсига тушмагунича у арава атрофида юраверди.
Гулсари аравага қўшилганича аввалгидай жимгина, ҳамма нарсага бепарво, букчайиб, оёқларини бир жойга тўплаб, гўё қотиб қолгандай турарди.
– Сенга нима бўлди?– Танабой отнинг олдига югуриб келди ва унинг чўзиб секин инграганини эшитди.– Кўзинг уйқуга кетдими? Касалмисан, бечора? Аҳволинг чатоқми? – У шошиб-пишиб йўрғанинг муздек қулоқларини ушлаб кўрди, ёллари тагига қўлини суқди, бўйни ҳам совуқ ва нам. Аммо ҳаммасидан ҳам уни ёлининг
8


илгаригидай оғир эмаслиги қўрқитиб юборди. «Жуда қарибди, ёли соп бўлибди, пардай енгил. Ҳаммамиз ҳам қарияпмиз, ҳаммамиз ҳам ўлиб кетамиз»,– алам билан ўйлади у.
Нима қилишни билмай боши қотиб ўрнидан турди. Агар от билан аравани ташлаб яёв кетса, ярим кечада уйига, дарадаги қоровулхонасига етиб олиши мумкин. У ердаги базада хотини билан турар, дарёдан бир ярим километр юқорида ўрнашиб олган водхоз қоровулига қўшни эди. Танабой ёзда пичан ўримига, қишда эса чўпонлар пичанни талон-тарож қилиб кетишмасин, муддатидан олдин исроф этиб қўйишмасин деб, ғарамларга кўз-қулоқ бўлиб турарди.
Ўтган кузда бир иш билан идорага келган эди, янги бригадир – четдан келган ёш агроном унга:
– Оқсоқол, бирров отхонага ўтинг, биз у ерда сизга бошқа отни танлаб қўйдик. Қарироғу, лекин сизнинг ишингизга ярайди,– деди.
– Қайси отни? – сергакланди Танабой. – Яна бирон қирчанғиними?
– Ўша ерда кўрсатишади сизга. Саман от. Билсангиз керак, айтишларича, сиз бир маҳаллар уни миниб юрар экансиз.
Танабой отхонага йўл олди ва қўрада турган йўрғанн кўриши билан юраги ачишиб кетди. «Ия, яна учрашдик»,– деди ичида у минилавериб, ниҳоят ҳолдан тойган қари отга қараб. «Керакмас», дейишга юраги бормади. Отни етаклаб кетди.
Уйда хотини йўрғани зўрға таниди.
– Танабой, наҳотки бу ўша Гулсари бўлса?– ҳайрон қолди у.
– Ўша, худди ўша. Нима қипти?– хотинининг кўзига
қарамасликка тиришиб тўнғиллади Танабой.
Йўрға билан боғлиқ хотираларни эслаб ўтиришнинг ҳожати йўқ
эди уларга. Танабойнинг ёшлигида қилган гуноҳи бор эди. Гап ўзига ёқмайдиган мавзуга кўчиб кетишидан қочиб, у хотинига дағал гапирди:
– Нима қилиб турибсан, ейишга бирон нарса тайёрласангчи. Итдай очман.
– Мана ҳозир отга тикилиб туриб, қарилик нима эканлигини билдим,– жавоб берди хотини.– Агар сен ҳув ўша Гулсари
9