ФАЛАК
ФАЛАК
56
(Кундаликнинг олтинчи саҳифаси)
Биринчи қор тушганида бинонинг пойдевори қўйилиб, девор ердан одам бўйи кўтарилган
эди. Чилла кирди. Совуқ кўз очирмай қўйди. Устма-уст қор ёғиб, тизза бўйига чиқди.
Томлардан куралган қор тор кўчаларни деярли тўлдираёзди. Ўн кундан бери қуёш ҳам юз
кўрсатмайди. Гўё замин совуқ лаҳадга тушгандай. Фақат одамларнинг ҳаракатигина ҳаётнинг
сўнмаганидан далолат беради.
Бино қурилиши бошлангач, Шамсибек хазинадаги олтин-кумушларни саралашга
киришганди. У кун бўйи саройдаги дўкондан чиқмас, уйга қош қорайганда қайтарди. Баъзан
ўғли ухлаб қолган бўларди. Завжаси сандалнинг оловини баландлатиб, ўзи бир чеккада
чеварлик қилиб ўтирган бўларди. Шамсибек унинг нима тикаётганига кўп ҳам аҳамият
бермасди.
Самарқандга келган кунлари ёлғизликдан Маҳфузанинг дили хун бўлиб, турли ранг ипак
олдирган, Булоқбошидаги одатича, дўппи, қийиқлар тикиб, ўзини овутарди.
... Шамсибек бугунга мўлжал қилган олтинларни қуйиб бўлиб кетишга чоғланганида
ганжур42 уни ичкарига чорлади. Ихчам сандиқлардан бирини очиб:
— Қарангчи, кеча Ҳиндистондан келтиришди. Тилласи дурустмикан? — деди.
Шамсибек тилла безакларга ҳавас билан тикилиб қолди. Безаклар шу даражада нафислик
билан ишланган эдики, тиллалиги учун эмас, нафислиги, гўзаллиги учун ҳам бебаҳо эди.
Шамсибек тилладан шундай безак ишлай оладиган заргар бор, деб хаёлига ҳам келтирмаганди.
У бир балдоқни олиб, машъала ёруғига тутди. Соч толаси йўғонлигидаги ҳалқачаларга
мошнинг ярмича келадиган ёқут қадалган. Машъала ёруғида улар худди баргга қўнган шудринг
томчисидай титрайди, ялтирайди.
— Бундан зўрроқ санъат бўлмаса керак, — деди Шамсибек балдоқни жойига қўяр экан.
— Тилласи-чи? — деб сўради ганжур.
Шамсибек безакларни яна бир кўздан кечирди. Уларнинг юзаси бир оз хира тортган,
тилласи пастроқ навли эди. Агар шундай деса, шубҳасиз, буларни ҳам эритиши керак. Лекин
бунга унинг қўли бормайди. У фақат ўзи ишлай оладиган безак ва буюмларнигина эритаётган
эди. Шунинг учун ҳам у ганжурга ёлғон гапирди:
— Тилласи тоза, эритмоққа ҳожат йўқ.
— Мен ҳам шундайдур, деб эдим, — деди ганжур сандиқни ёпиб, ташқарига йўл бошлар
экан.
Кечқурун изғирин анча кучайган эди. Шамсибек телпагини бостириб кийиб тез-тез юриб
кетди. Дам ўтмай, танаси қизиб, совуқ ҳам сезилмай қолди.
Маҳфуза бугун ҳам одатдагидай сандалда ўтирарди. Эри кириши билан туриб қаршилади-да,
ошхонага чиқди. Шамсибек ширингина ухлаб ётган ўғлининг бурнини чимдиб, уйғотмоқчи
бўлди. Кичкинтой бир ғингшиди-ю, уйғонмади.
Маҳфуза дастурхон ёзди-да, бир чинни овқат билан иккита нон келтириб қўйиб, ўзи ҳам
ўтирди.
— Ғанимуроддан хабар олмадингизми? — деди Шамсибек.
— Бориб келдим. Яна юролмаяпти эканлар, оёқларида шиш бормиш.
— Бели-чи?
— Опоқбуви айтмадилар.
Шамсибек овқатни ичиб бўлиб, дастурхон устидаги нонлар олингач, юзига фотиҳа тортдида, ўрнидан турди.
— Мен ҳам бориб хабар олай-чи. Аввалги куни юзидан хийла қон қочганди. Қарашидан ҳам
хавфим бор эди, — деди. Маҳфуза «майлингиз», деб қозиқдан тўнни олиб тутди.
42 Xazina saqlovchi.
57
Ғанимурод сандалда ёнбошлаб ётарди. Сандалнинг бир томонида Қамариддин ўтирарди. Уй
эгалари кўринмасди. Шамсибек кириб бир оз ўтиргач, Ғанимуроднинг томирини ушлаб кўрди.
Кейин унинг шишган, бир оз кўкарган оёғини кўрди.
— Мен малҳам тайёрлаб қўяман. Завжам эртага ташлаб кетар. Кечга қадар беш маротаба
суриб, яхшилаб силанг. Совуқ тегмасин. — Шамсибек шундай деб, кетишга чоғланди.
Қамариддин ҳам турди. Икковлон хайрлашиб чиқишди.
— Оёғини кўриб машқингиз пасайди, тинчликми?— деди Қамариддин.
— Пайқадингизми? — деди Шамсибек. — Унга оғир дард илашибди. Қорасон бўлганга
ўхшайди.
— Давоси мушкулми?
— Давоси йўқ.
— Ҳеч-а?
— Оёқни кесса, балки...
— Астағфируллоҳ!
— Бўлак шифо йўқ. Суяклар ирий бошлаган. Табобат ожиз.
— Ё Худо, бедаво дарддан ўзинг асра. Аммо Ғаниполвонга ихлосим баланд эди. Бундайин
мард камдан-кам бўлади... Пешанасида бахтсизлик бор эканда... Наилож... Асли бахтсизлик
ёпишган киши охир бир кун унинг шарбатидан тотади, дердилар. Ғаниполвон бу шарбатдан
хийла эрта тотиб қўйибди. Аттанг.
Шамсибек индамади. Бир оз юришгач, Қамариддин яна сўз очди.
Кеча анави қозини кўрдим. Афти ангори анча хароб.
— Қайси қозини айтяпсиз?
— Андижон йўлидаги-чи?
— Сизни танидими?
— Танимай-чи! Тескари қараб олди. Эрта-индин у ҳам девоналарга қўшилади.
Қаландарликка қайтган жўрангиз уни қанотига олади.
— Нега ундай деяпсиз?
— Фарғона аёлатидан келганлар тез топишадилар.
— Мусофирликда юз иссиқ бўлади-да.
— У нонкўр қаландар билан кўришиб турасизми?
— Ҳа.
— Сиз у билан салом-алик қилманг. Ундан яхшилик чиқмайди. Назари совуқ.
— Шундай дейсиз-у, лекин у ҳам тирик жон. Худонинг бандаси.
Улар мадраса муюлишида ажрашдилар. Шамсибек келганида Маҳфуза ухламаганди. Эри
танчага ўтириб ёнбошлагач, Ғанимуроднинг аҳволини суриштирди. Кейин эрининг хаёлга
чўмганини кўриб, аста сўради:
— Яқин орада Абдулваҳобни кўрмадингизми?
Шамсибек қўққисдан берилган бу саволга ҳайрон бўлди.
— Нима эди?
— Хавотирдаман. Кўпдан бери эшигимиз тагидан ўтишни одат қилган. Уч-тўрт бор кўпчилик
бўлиб ўтдилар. Бақириб, нималарнидир айтадилар, мен англай олмайман. Кўнглига ёмонлик
ораламаганмикан?
— Биз унга нима гуноҳ қилибмиз-ки, кўнглига ёмонлик ораласа?
— Шаҳриёрнинг рад жавобини сиздан кўрса-чи?
Шамсибек «йўқ» деб кулимсиради. Ўша узрхоҳликдан сўнг Абдулваҳобга олампаноҳнинг
жавобини етказганида, у: «Сен астойдил воситачилик қилмагансан, менинг мулла бўлишим
сенга ёқмайди. Чунки сен қишлоқнинг ягона мулласи бўлишни истайсан. Кўнглунг қора!»
қабилидаги хунук сўзларни айтган эди. Албатта, бу гаплардан Маҳфуза бехабар. Шамсибек
58
унинг хавотирлиги ошмасин, деб билдирмаган эди. Шунинг учун ҳам ҳозир, «бу юриш уларнинг
одати, авҳомга43 берилманг», деб қўя қолди.
Маҳфуза эрининг мудраётганини кўриб қўлтиғига яна бир ёстиқ қўйди-да: «Бир нарса
кўрсатсам изза қилмайсизми?» — деди.
— Нима экан? — деди Шамсибек.
Маҳфуза токчада ўроғлиқ матони олиб очди.
— Қаранг-чи!
Шамсибек қаддини ростлаб, матога тикилди: кўм-кўк матога зарҳал ипакда ажиб тасвирлар
чизилган: ўртада кунгабоқарни эслатувчи доира. Атрофида доирачалар. Ипаклар тўлқинсимон
қилиб тикилгани учун доирачалар ёниқ юлдузлар каби жимирлаб турибди. Матонинг четларида
икки қаторли зарҳал ҳошия бор.
— Қаердадир кўрганман, — деди Шамсибек ундан кўз олмай.
— Расадхонада эмасми? — деди Маҳфуза кулимсираб.
— Ҳа-ҳа, ўша ерда. Аммо сиз қайда кўриб эдингиз!
— Мен кўрганимча йўқ, сизнинг ҳикоянгизни эслаб туриб тикдим. Ўхшайдими?
Шамсибек катта доира атрофидаги доирачаларни санади: олтита. Расадхона деворларида
ҳам худди шундай тасвир бор эди. Ранглар ҳам айнан кўчибди. Шамсибек илк марта
расадхонани кўрганида шу тасвирни Маҳфузага сўзлаб берганди. Не ажабки, завжаси буни
қулоғига илиб, ипак билан матога туширибди.
— Фақат биргинами?
— Ҳа, яна бирини бугун бошладим.
— Жумагача битиринг.
— Мунча шошқич?
— Шаҳриёрга кўрсатаман.
— Вой, ўлай! — Маҳфуза чўчиб тушди. Чунки бу етти ухлаб, тушига кирмаган эди. — Вой
ўлай, нима деяпсиз! Арзийдими?
... Эрталаб Шамсибек тўғри хонақоҳга йўл олди. Унинг Абдулваҳобга айтадиган сўзи кўп
эмасди. Шу боис ташқарида, кимсасиз кўчада, тик турган ҳолда гаплашдилар.
— Абдулваҳоб, сўнгги кунлар ичи кўчамиздан ботма-бот ўтишингизнинг сабаби нима?
— Шаҳристонда Худонинг кўчалари кўп. Қай биридан ўтишим ўз хоҳишим билан бўлади.
Сизга бунинг дахли йўқ.
— Ҳар қандай қилмишнинг миёнаси хўбдур. Оқибатни унутмаслик зарур.
— Оқибатни? Хусрави беоқибатнинг44 этагидан тутганингиз ҳолда бу ибратни тилга
олишингиз ғоят таажжубли.
— Туҳмат ботқоғига яна тўла ботибсиз. Беисбот сўзлардан тийилишингиз лозим.
— Беисбот дейсизми? Оллоҳ ўз мағфиратига чўмдиргур ҳазрат хоқони Саид Мирзо
Шоҳруҳга, яъни падари бузрукворига суиқасд қилган Шайх Қосим Анварни паноҳига олганига
не дейсиз?
— Мирзога Аҳмад Лур суиқасд қилган. Шайх беайб.
— Аҳмад Лурнинг шайхга мурид эканлиги-чи? Ёинки динимизни поймол этувчи илм билан
машғул бўлиш-чи?
— Муридлик хусусидаги сўзингиз мавҳум. Илм хусусидаги сўзларингиз эса бемаънилик. Ҳақ
таоло Одам алайҳиссалом билан бирга илмларни ҳам яратган. Фалакиёт динни поймол этмай,
динимиз равнақи учун хизмат қилгувчи илмдур. Расад аҳли фалакдаги ўзгаришларга қараб
намоз вақти, рўзаи-рамазон дамлари, кун чиқиш ва ботиш вақти, ният ва фарзлар муддатини,
Қуёш ё Ойнинг тутилиши воқе бўлса, унинг вақтини аниқлаб бериш мақсадида тер тўкадилар.
Бунинг нимаси гуноҳ? Билингки, тушунишдан ожизликни эътироф этмоқ ҳам идроклиликдур.
43 Vahima. 44 Oqibatni o‘ylamovchi podshoh.
59
— Шундайми? Сиз ҳам билингки, севган нарсангиз ўзингиз учун кулфатдир.
— Бағоят ибратли сўз айтдингиз. Сизнинг назарингиз тушган Расулиллоҳнинг
ҳадисларидаги: «Сиз бирор нарсани ёқтирмассиз-у, аммо сиз учун хайрлидур», деган жумлага
эътибор қилганингиз маъқул эди.
— Худованди каримнинг ўзи ҳақ-ноҳақни қиёмат кунлари ажратиб олади. Менинг
тавбаларим ўшанда асқотади.
— Илоҳим асқотсин. Аммо ўрмонга ўт кетса ҳўлу қуруқ баравар ёнади.
Абдулваҳобнинг кўзларида ғазаб ёнди. У динга нисбатан қаттиқ сўзлар айтгани учун эмас,
балки донишмандлик бобида ҳамқишлоғидан анча паст эканини ҳис қилганидан ғазабда эди.
Жума намози олдидан Улуғбек диёр акобирлари ва соҳибқироннинг мозорига бориб
муҳтожларга дуою садақалар улашди. Сўнг Бибихоним масжидига йўл олди. Шамсибек ҳам
унинг шогирдлари қаторида турди. Намоз тугагач барчалари мадрасага бордилар.
Дорул-салтанада Байтул-ҳикма қарор топганидан бери гоҳ Улуғбек, гоҳ Али Қушчи
алломалар билан биргаликда талабалардан бир гуруҳини фалакиёт илмидан бохабар қилар
эдилар. Бу жума Улуғбекнинг ўзи сабоқ берди. У фалакиёт хусусида жуда босиқ ва оҳиста
сўзлар, тингловчилар унинг ҳар бир фикрини осон уқиб олиш имконига эга эдилар. Улуғбек
устрлоб45 ва ундан фойдаланиш ҳақидаги сўзларини тугатгач, зийж тузмоқ ҳунаридан сўзлай
кетди:
— Зийж тузмоқ милоддан бир юз ўттиз тўрт йил муқаддам расм бўлган. Юнон алломаси
Гупарху46 Ақроб мажмуасида тасодифан ёруғ юлдузни кўриб ҳайратдан ёқа ушлаган. Аллома
мажмуада илгари бу юлдузни сира учратмаган экан. Гавҳари анжумда бир кўриниб, бир кўздан
йўқолувчи фалак бошоқларини назардан қочирмаслик учун у зийж тузмоқни расм қилди. У
зийжига беш юз юлдузни жамлаб, ёруғлик даражаларини олтига бўлди. Шундан сўнг фалакиёт
илмининг акобирлари бу зийжга ўзгартишлар киритдилар. Батлимус, Насриддин Тусий,
Муҳаммад ал-Батоний, Абдураҳмон Сўфий каби алломалар зийж ганжига нодир гавҳарлар
қўшдилар. Офтоб ва бўлак сайёраларнинг тақвимини кузатиб бориб, ҳикмат эгаси бўлмиш
Насриддин Тусий тузган «Зийжи жадиди Элҳоний»даги ҳамда Абдураҳмон Сўфий рисоласидаги
офтоб ва бўлак сайёралар тақвимида йўл қўйилган тафовутларни инобатга олиб, Оллоҳнинг
ҳукми билан, биз ҳам зийж тузмоққа бел боғлаб, Тангрининг марҳамати билан муддаога
эришдик. Зийжда бир минг ўн саккиз юлдузнинг ўрнини белгиладик. Абдураҳмон Сўфий
рисоласидаги саккиз юлдузни ҳамон изламоқдамиз. Ҳаракатимиз то шу кунга қадар самара
бермади. Мавлоно Сўфий ушбу юлдузларни ўзлари кўрмай, Батлимусдан олганлар. Иншооллоҳ,
унинг ўрнини белгилаш бизга насиб этур.
Совуқ сабаб бўлди шекилли, Улуғбек бу кунги дарсини қисқа қилди. Талабалардан «англай
олмаган фикрларни қайта сўранглар», деб сукут сақлади. Сўровчилар чиқавермагач, Шамсибек
ўрнидан туриб қуллуқ қилди.
— Қулоғим сенда, — деди Улуғбек ундан савол кутиб.
— Шаҳриёрим, сизга бир нарсани кўрсатиш ниятида эдим. — Шамсибек шундай деди-да,
матолардан бирини олиб, Улуғбекнинг оёғи остига қўйди.
— Нима бу? — деди Улуғбек.
— Каминанинг ожизалари тўқиган эканлар, мақбул бўлармикан, деб олиб келдим.
Чаққонроқ икки мулозим уни олиб, шаҳриёр қаршисида очди. Улуғбек бир матога, бир
Шамсибекка, сўнг яна матога тикилди.
— Ажаб, бу фалак-ку! — деди у ҳайрат билан. — Бу расад деворларидаги фалакнинг
тасвири-ку! Кимнинг иши бу? Ожизамники, дедингми?
— Ҳа, шаҳриёрим.
45 Quyosh va yulduzlarning yuksakligini o‘lchaydigan asbob.
46 Gipparx.
60
— Шундай мўъжизани яратган иқтидор эгасини ожиза демоқликка қандай тилинг айланди?
Машойихлар:
«Онангдан бош товлама, ошмасин дарди,
Ҳаёт тожи эрур оёғин гарди!» —
демиш эканлар. Уқдингми?
— Гуноҳкорман, шаҳриёрим.
— Аёллар ҳам Худонинг бандалари. Сен каби иқтидор эгаларини яратар эканлар, нечун
ўзлари «ожиза» ёинки ақли ноқис бўлсинлар?! Мана бу фалакка қаранглар, — Улуғбек энди
атрофдагиларга мурожаат қилди. — Биз бу юлдузлар ўрнини топмоқ учун неча тунлар мижжа
қоқмадик. Небахтким, фалакиёт илмини кулбахонадаги аёл чақиб кўрса. Улар ҳам илмдан
хабар топса. Курраи арз айланади, деганда, «астағфируллоҳ!», деб ёқа ушламаса... Завжангга
расадхонани қачон кўрсатиб эдинг?
— У киши кўрмаганлар. Мен ҳикоя қилиб бериб эдим.
— Нур аъло нур. Кўрмай-ки, шундай мўъжиза яратибдими, шараф унга. Сен кундузи уни
олиб кел. Расадни кўрсат. Қизларни ёнига олиб шундай фалак тасвирларидан тиксин.
Фармоним шул: расад аҳли, сарой аҳли, мадраса аҳлига етиб маълум бўлсинким, Шамсибек
Исмоил ўғлининг завжаси тиккан фалак тасвири барчанинг уйида бўлмоғи даркор. Расад аҳли,
сарой аҳли, мадраса аҳли бу фалакларни бозордан сотиб олишга мажбур. Фалакни фуқарога
кўрсатмоқ, танитмоқ мақсадида у фақат бозорга олиб чиқилсун!
Улуғбек гап тамом, дегандай ишора қилгач, талабалар таъзим билан чиқа бошлашди.
Улуғбек Шамсибекни саройга олиб кетди. Дорулшафақа қурилиши ва хазинадаги ишларни
суриштирди-да, деди:
— Билишимча, ўтган ой Байтул-ҳикма қанотига Хоразмдан келган табиб хасталик
тарқатувчи инсу жинс билан ўзини эмлаб бетобланибди.
— Ҳа, шаҳриёрим шундай бўлди.
— Ўз-ўзини хаста қилмоқдан муддаоси не экан?
— У хасталикнинг бошланиш онларини билиб, шифо излашни ният қилиб эди.
— Шифога умид борми?
— Худо хоҳласа, яқин кунлар ичи оёққа турур. Дарди у қадар оғир эмас.
— Шифо топгани ҳамон ҳузуримга келтирурсан. Бўлак ҳакимларга менинг фармонимни
етказ: хоразмлик табиб сингари инсу жинсларни синаб кўриш жазо билан тақдирланур.
— Шаҳриёрим, бир арзим бор, — деди Шамсибек қуллуқ қилиб.
— Гапир.
— Биринчи бор суҳбатингизда бўлганимда фалакдаги ўзгаришлар курраи арзга таъсир
кўрсатади, деб эдингиз.
— Ҳа, шундай.
— Маълумингизки, Андижондан қайтар маҳалимиз Ғанимурод исмли пурдил йигитни олиб
келиб эдик. Ножинслар майиб қилганини айтиб ҳам эдик.
— Ёдимда бор. Қамариддин унинг тузалиб майдонга чиқишини кутяпти чамамда.
— Афсуски у майдонга тушолмайди.
— Сабаб?
— Сабаби, у қорасон хасталигига мубтало бўлган. Хасталикнинг бирдан бир шифоси —
оёқни кесиш. Бўлак шифо табобатга қоронғу. Бироқ, хаёлимга бир фикр келиб эди.
— Қандай фикр?
— Фалакда бўладиган катта ўзгаришларни билсам. Шу куни дори тайёрлаб, муолажа
қилсам.
— Қайси ўзгаришлардан айтасан, фалакда ўзгариш мўл.
— Айтайлик, хусуф куни ёки қуёш тутиладиган кун. Шу онларда ҳаво таркибида ўзгариш
бўлмасмикан? Бўлса, дори ва малҳамга таъсир этмасмикан?
61
— Фикрингда жон бор. Бу кунлар уммонда тўфон кўтарилиши, бўрон бўлиши, қаттиқ шамол
эсиши, сел келишини кўпдан айтадилар. Ажаб эмас, табобат ҳам ўзгариш сезса. Ҳамалнинг ўн
бири хусуф куни бўлади. Аммо бу дамда сен тоат-ибодатда бўлишинг зарур-ку?!
— Раият учун менинг тоат-ибодатимдан кўра табобатдаги ишим кўпроқ наф берармикин?
Қолаберса, курраи арз айланади, дедингиз. У ҳолда Ойнинг ёришмоғи менинг ибодатимга
муҳтож эмас.
Улуғбек йигитнинг жавобини эшитиб, жилмайди.