ЖАҲОН ИЧРА ЯНА БИР ОСМОН
ЖАҲОН ИЧРА ЯНА БИР ОСМОН
Жаҳонгир бошида қаттиқ оғриқ турганини ҳис қилди. Дафтарни ёпиб, хона бўйлаб юра
бошлади. Бир оз ётди ҳам, бўлмади. Ташқарига чиқди. Дам олувчилар сайрга кетишган,
шунинг учун атрофда шовқин йўқ эди. Пастдаги сойнинг шовиллашигина тоғлар сукунатни
бузиб турарди. Жаҳонгир сой бўйига тушди. Соҳилда бир оз юрди-да, кейин катта харсангга
ўтирди. Сув кўпириб, тошларни юмалатгудай бўлиб оқар, унинг муздек шабадаси танга хуш
ёқарди. «Сал нарида бундан ҳам каттароқ сой бор, — деб ўйлади Жаҳонгир. — Иккиси
қўшилиб кичик дарё бўлади. Кейин у катта дарёга, дарё эса денгизга қўшилади. Фан тарихи
54
ҳам шунга ўхшаркан. Турли замон, турли юртларнинг олимлари ўзига хос бир жилға бўлиб,
денгизга қуйилаверган. Денгизда биз бир томчимиз холос. Қанча кашфиётлар қилинди. Бу
кашфиётларнинг қанчаси қайта ишланишга муҳтож. Али Қушчининг таъбири ўринли бўлган
экан: Аллома улуғ бўлгани билан унинг фикри мутлақ эмас! Ал Хоразмий Птоломейнинг
географиясини тубдан қайта ишлади. Сўнгра фаннинг янги тармоғи алгебрани яратиб нақадар
буюк иш қилди. Тенгламаларни ҳал қилишда Евклид геометрик ечимлар билан чекланган,
Диофант таклиф қилган ечимларни исбот қилиб беролмаган, Герон эса, айрим сонларнинг
иловасинигина берган эди. Ал-Хоразмий мана шуларни таҳлил қилиб ечимда Архимеддан кўра
аниқроқ қийматни чиқарди. Фибоначчи, Пачиола, Тарталян, Кардан, ҳатто Феррари41
Хоразмийни устод деб тан олган эдилар. Кибернетиканинг асосий терминлари — «алгоритм» ва
«алгорифм» Ал Хоразмий номи билан боғлиқ бўлиб қолди. Бунинг барчаси нусха кўчириш эмас,
ҳайиқмай таҳлил қилиш ва қайта кўриб чиқишнинг натижаси бўлди. Биз салафларимизнинг шу
хислатларини чуқурроқ эгаллашимиз керак экан. Ҳолбуки, ҳозир номдор академикнинг ишини
қайта ишлаш тугул, таҳлил қилиш, жилла бўлмаса шарҳлаш катта муаммо бўлиб қоляпти. Мана
Жамшид... Яна кераксиз хаёлга берилдим. Бошқа нарсани ўйлашим керак. Нимани? Масалан,
расадхонани... Қандай гўзал бино. Дарвоқе, бу ҳақда Султонга мактуб ёзишим керак эди...»
Жаҳонгир шуни эслаб, ўрнидан турди-да, юқорига кўтарилди. Бошининг лўқиллаши ҳали
тўхтамаган бўлса ҳам, хонасига киргач, бир варақ қоғоз олиб, тез-тез ёза бошлади:
«Дўстим Султон! Тажриба даврида бир фикр уйғонди. Жасади тажрибага асос бўлган
аллома Улуғбек расадхонасини кўрган экан. Таассуротлари асосида мен ҳам унинг гувоҳи
бўлдим. Расадхонани тасвирлашга кўп вақт керак. Мен ҳозир бунга қодир эмасман. Сен фақат
бир нарсани ўйлаб, текшириб, ҳужжатларни солиштириб кўр: расадхона қачон бузилган? Ким
буздирган? Абдуллатифми? У ҳолда нега Бобур Мирзо «Бобурнома»да дарз кетган тош тахтга
қадар батафсил тасвирлаган? Алишер Навоий-чи? Эсингдами:
Темирхон наслидин султон Улуғбек,
Ки олам кўрмади султон анингдек...
... Расадким боғламиш зеби жаҳондир,
Жаҳон ичра яна бир осмондир...
Булардан ташқари, билишимча, Абдуллатифнинг ўлимидан сўнг расадхонада астрономик
текширишлар олиб борилган. Балки бошингни бемаврид айлантираётгандирман? Мен шунчаки
ўйлаб кўр, демоқчиман.
Салом билан, Жаҳонгир. 16 июн 19... йил».
Жаҳонгир хатни почта қутисига ташлади-да, яна бир оз сой бўйида юрди. Хаёл билан бўлиб,
катта ҳовузга яқинлашганини сезмай қолди. Бу ҳовузда чўмилувчилар кўп бўлгучийди. Бугун
негадир икки йигитдан бўлак ҳеч ким йўқ. Улардан бири офтобда тобланиб ётибди. Бири
юқорига чиқиб калла ташлашга ҳозирланарди. Мана у ташлади. Лекин Жаҳонгир ўйлагандай
калласи билан эмас, қорни билан тушди. Сув чайқалиб атрофга сачради. Жаҳонгир бирдан
тўхтаб қолди. Кейин сузаётган йигитга қараб турди-да, тез бурилиб орқасига қайтди. Оромгоҳ
бошлиғининг хонасига кириб, институтга телефон қилди. Мансур тажрибахонада экан. У икки
соатлардан сўнг оромгоҳга етиб келди.
Жаҳонгир уни сой бўйига бошлади. Ҳол-аҳвол сўрагач, муддаога кўчди:
— Мен ўзимни ёмон ҳис қилганимда элалломада ўзгариш сезилмадими?
Мансур ўшанда элалломанинг куйиб қолганини устозидан яширган эди. Шунинг учун
Жаҳонгирнинг саволи уни гангитиб қўйди. Жаҳонгир буни сезди.
— Тўғрисини айтавер, яширма.
41 Italiyaning mashhur olimlari.
55
— Элаллома куйиб қолган эди.
— Қандай қилиб?
Мансур бор гапни айтди.
— Буни ўша заҳоти айтишинг керак эди, — деди Жаҳонгир ранжиганини яширмай.
— Мен сабабини аниқлай олмадим, — деди Мансур.
— Унинг куйиб қолишида ҳеч кимнинг айби йўқ. Элаллома техник жиҳатдан бехато
ишланган.
— Унда хавф чироқларининг ёниши, кейин учқун чиқиши нимадан содир бўлди?
— Буларнинг барига сабаб — биотўлқиннинг кучайиши. Воқеаларнинг киши руҳига таъсири
биотўлқиннинг кучайишига ёки сусайишига сабаб экан. Воқеа фожиага бориб тақалганда мен
ўзимни ёмон ҳис қилганман. Худди шу пайтда элалломанинг таҳлил ва хулосалаш бўлимида
огоҳлантирувчи чироқ ёнган. Биотўлқиннинг кучланиши ошган. Тушундингми? Биз элалломани
бир меъёрдаги биотўлқинга мослаган эдик. Авваллари у текис оқувчи сув каби бўлган
воқеаларни тиклаган эди. Энди сув тўсатдан қаттиқ чайқалди. Ана шу чайқалишнинг кучи
учқун чиқарган. Мана шуларни ҳисобга олиб, элалломага тезлик билан мослама ўрнатишимиз
керак. Тажриба вақтинча тўхтатилади. Мен икки кундан кейин тушиб бораман.
— Кеча кибернетика институтдагилар келишди. Яхши бир янгиликни таклиф қилишяпти.
Робот билан ўтказиладиган тажбирамизда телеекранда фойдаланишмоқчи. Робот ҳам
элалломадан ахборотни қабул қилиб олади, ёзиб боради, ҳам телеекранга узатади.
— Жуда яхши. Тайёр туришсин. Балки, шу йилнинг ўзида бошлармиз.
«19... йил, 21 июн. ЎзФА Биофизика илмий-текшириш институти. Профессор Алиевнинг
тажрибахонаси.
Бугунга мўлжалланган тажриба қолдирилди. Барча элалломага ўрнатиладиган янги мослама
яратиш ишига сафарбар қилинди».
«19... йил, 2 июл. Мослама яратилди. Эртага тажрибанинг олтинчи босқичи бошланади».
«19... йил 3 июл. Соат 11.00. Тажрибанинг олтинчи босқичи бошланиши керак эди.
Eлалломалар ишга тушганида тажрибахонани радиотўлқиндан муҳофаза қилувчи парданинг
кучсизлангани сезилди.
Соат 13.15. Муҳофаза пардаси тиклангач, тажриба бошланди. Профессор ўзини яхши ҳис
қиляпти. Медитсина комиссияси унда ўзгариш сезмади. Барча ходимлар тажрибанинг бориши
ҳақида профессордан маълумот кутишяпти. Бироқ, профессор «Тажриба биз ўйлагандек текис
давом этяпти», дейиш билан чекланди. Ўзини «Профессорнинг яқин дўстиман», деб
таништирган ёзувчи Тўлқин Муродовни ҳам қабул қилмади.
Соат 18.15. Тажрибанинг олтинчи босқичи ҳеч қандай ҳодисасиз муваффақиятли тугади.
Профессор ўзини яхши ҳис қиляпти. Тажрибанинг еттинчи босқичи 11 июлга мўлжалланади.
Профессор бугунги воқеа учун тажриба раҳбарига танбеҳ берди. Унинг айтишича, воқеалар
орасида узилиш сезилган. Тажриба ҳақида бўлак маълумот йўқ».
Дарҳақиқат, тажрибанинг бошланишидаёқ Жаҳонгир элаллома юбораётган ахборот
оқимининг хиралашганини сезди. Кейин яна қаландарлик либосига кирган Абдулваҳоб,
мадрасада ваъз айтаётган Улуғбек, хазинада олтин саралаётган Шамсибек, нимадир тикаётган
Маҳфуза ва англаб бўлмайдиган тасвирлар кўз ўнгида намоён бўлди. Кейинроқ тасвирлар
ойдинлашиб, сўзлар ҳам аниқлашди.
Жаҳонгир оромгоҳга қайтгач, шуларни хаёлида қайта тиклашга уринди.