чекиб юрасизу, мен истироҳат қилиб тақиб юрайми, ота? — дея отасини кўндирди.
Мунаввар бой бўлиши, тақинчоқларини тақиши мумкин, лекин бир шарт билан — қаршисида ҳеч кимсанинг кўнгли эзилмасин, молининг кўплиги уни севинч ва ғурур кўчасига
йўлламасин, қўлидан кетса, ғусса ва қайғу чекмасин. Фақат бундай бўлиши қийин.
Мунаввар ота уйини келин бўлиб тарк этгач, бошидан нималар кечди? У ҳам қайнона
дардини тортдими? Бу саволларга бир сўз билан жавоб бериш мумкин эмас.
Чунки баъзи нарсалар кишилар ва уларнинг дунёқарашига кўра ўзгаради ва тушунчаларига кўра қиймат топади, бирининг фикрича дард, бошқасининг фикрича ҳеч нарса эмас. Булар
Аллоҳ томонидан юборилган синовлар-ки, сабр этганларнинг мақоми юксалади.
Келин, яъни Мунаввар борган жойида роҳат топмади. Ёмон сўз эшитди ва ҳақсиз муомала кўрди. Қилмаган иши учун айбдор саналган пайтлари бўлди. Рағбат ўрнига туҳматга қолди, яхши сўз ўрнига танбеҳ эшитди. Самимият кўрсатиб, изтироб чекди. «Лекин буларни мендан зиёдароқ чекаётганлар бор-ку», деб кўп ҳам аҳамият бермади. «Шундай муомалага лойиқ бўлиб, гап эшитганимда эди, бундан ёмони бўлмасди», дея ўзига тасалли берди. «Менинг намозимга, рўзамга аралашмаяптилар, дину имонимга тўсқинлик қилмаяптилар, куфр келтирмаяптилар, ахлоқсизликка ташвиқ этмаяптилар, бундан ёмонроғини кўришим мумкин эди», дея овунарди. «Парвардигорим олдида қанча қусурим бор, балки, булар шунинг жазосидир», дея ўйлар ва сабр этарди. Бу ишлар келажақда асқотиб қолишини ўйлаб, фикр сузгичидан ўтказар, яхши-ёмонга, ёқимли-ёқимсизга ажратарди. Аслида ёқимлиси оз, ҳатто йўқ дейиши мумкин. Фақат ёқимсизи бор. Мунаввар шу ўйлар билан, ҳаракат қилар, таъбир жоиз
бўлса, қайнона элагида эланиб, тандрида пишиб етиларди.
Турмушидан, қайнонасидан ғийбат қилиш учун камчилик ахтарганларнинг уринишлари
беҳуда бўлди. Бир оз дадилроқ, дағалроқ муомала қилиб қайнонангга ҳаддингни билдириб кўй, ҳаққингни кетказма, иложи бўлса қўлга олиб ол дегувчи насиҳатгўйларга:
— Қайнонам ёмон деб сизларга ким айтди? У зот катта, мен кичик, — деган жавобни олдилар. «У катталигини билмайди», дедилар. «Мен кичиклигимни биламан», деди. Ҳеч бўлмаса, ёмон сўзласа, жавоб қайтаришни насиҳат қилганлар бўларди.
— Мен бу уйга айтишиш ёки ғавғо чиқариш учун келмадим, — деди ва жим бўлди.
Йиллар давомида келинлик ҳаётидан шикоят қилганини биров кўрмади, ҳеч ким эшитмади. Бу уйга жанжал учун эмас, яхши турмуш учун келганини барча хатти-ҳаракатлари билан исбот этди. Ўрнак бир қайнона бўлиб етишганидек, аввал намунали келин бўлиб яшади.
Ёмонликка қарши яхшилик, турли муомалаларга нисбатан ҳурмат, тескари гапирганларнинг, миш-миш тарқатганларнинг фойдасини ўйлаб сўзлаш фазилати у келин бўлган уйда кунлик ҳодисалар орасида ўрин олди.
Ҳар қачон, ҳар маҳаллада бўлганидек, жағи очилган вайсақи хотинлардан бири қайнонасидан эшитганларига бир талай гапларни қўшиб-чатиб, унга айтиб бериш, тўғрироғи, чақиш учун чиқди. Мунаввар бир пасда унинг умидини пучга чиқарди.
— Хола, мен унинг қизиман, бундан ортиқроқ танбеҳ беришга ҳаққи бор. Сиз нега бекорга заҳмат чекяпсиз? Узоқда эмасман-ку, чақириб юзимга айтар. Бундай ишлар учун ўзингизни уринтирманг. Ёшман, уларчалик тажрибам йўқ. Албатта, қусурим бор; улар гапирадилар. Агар улар гапириб, ўргатмасалар ҳолим не кечади. Эл-элатга шарманда бўлмайманми?
Эшитган танбеҳлари ўз-ўзини тарбиялашга, камчиликларини йўқотишга ёрдам берарди.
Аввал ўйлаб кўради: «Мен ҳақиқатан ҳам шундайманми?» Шундай бўлса, бу феълдан воз кечтирадиган чоралар ахтаради. Аксинча бўлса, Аллоҳдан қайнонасини афв этишини сўрайди.
Мунаввар қайнонаси айблагандек сохтакор эмасди. Ҳийладан, икки юзламачиликдан нафратланарди. Ўзини бир муддат сохтакор эмасман дея овутди. Лекин бир кун рўй берган ҳодиса сабабли ўз-ўзидан уялди.
Муҳим бўлмаган бир нарса хусусида икки аёл суҳбатлашарди. Зотан, баногоҳ учрашиб
58


қолган икки хотин қандай муҳим гапни гаплашарди. Диндан, Аллоҳдан, фазилатданми?! Мунаввар бундай миш-мишларни тинглашни хуш кўрмасди. Лекин, уйига келган бу икки меҳмон аёлни ташлаб кетиб бўлмасди. Иккиси ҳам нимадир тўқир, гаплашишни ҳам унутмасди. Бири тўқиётган нарсасининг тугунларини санай бошлади. Қаршисидаги хотин бундан хабарсиз эди.
— Эртага, Фотима хонимларникига келасизми? — деди. Жавоб бўлмагач, бошини кўтариб қаради, тугун санамоқда.
Саволни такрорлади. Аёлнинг фикри ҳисоблаш билан банд эди. Тугатиб қаради:
— Бир нарса дедингизми, иш билан бўлиб яхши тушунмадим, узр, санаётувдим-да, — деди. Тўғри. Ҳисоблаётганда тинглаёлмайди, тингласа ҳисоблаёлмайди. Бир инсоннинг фикри-
зикри, касби бир онда икки нарсага машғул бўлолмайди. Бири билан машғул экан, бошқасини унутишга мажбур. Мунаввар мана шу фикр устида тўхталиб қолди. Шу пайтда сохтакор эканини яхши англади.
Ҳа, Мунаввар сохтакор эди. Намозда тили зарур, лозим бўлган оят, такбир, тасбеҳларни такрорлар, дили эса намозга мутлақо алоқасиз нарсаларга машғул эди; уй супурар, кир ювар, овқат пиширар, либосларининг сўкикларини тикар, намозидан ташқарида бўларди. Ажабланарли томони бу аҳволни намоз ўқиш ҳисоблаб, Мунаввар ўзини алдарди. Мана, шу сохта намоз. Демак, бундай намоз ўқувчи ким бўлиши маълум. Аллоҳ ҳузурида туриб ҳушсиз ўқиган намозларидан уялди. Неча йиллар бу маънавий ҳузурдан бебаҳра қолганидан ўкинди. Натижада уни сохтакор атаб, билмасдан ўзини ўзига танитган қайнонасини дуолар қилди.
Мунаввардаги ахлоқий ўзгаришлар асосан шундан бошланди. Нотўғри ишга қўли, нотўғри сўзга тили бормай қолди, бунга кўнгли рози бўлмас, қандайдир ички ҳис жиловлаб турарди. Бир соат аввал Аллоҳ ҳузурида турганини, бир-икки соат кейин яна туражагини ўйлар, кўнглини бир соат аввалгига нисбатан кирли кўрсатишга Парвардигордан уялар, буни мурувватсизлик ҳисобларди.
Бир кун Парвардигори:
— Сенга покиза қалб ато этдим, нечун доғ туширдинт? Не учун омонатимга хиёнат этдинг? — дея ҳисоб-китоб қилажагини ўйлар эди. Мунаввар буларни ўйлар экан, кўнглида ёлғон сўзлаш, миш-мишга ўрин қолмади.
Мунавварда ғайриинсоний ҳаракатларга нисбатан инсоний муомала билан жавоб қайтариш, уйга иккинчи келин келиши билан бошланди. Тўғрироғи, қайнонанинг фикрича, унинг истагини келини бўйин товламасдан бажариши керак. Мунаввар шундай эди. Иккинчи келинни ҳам Мунаввардай эгиб, букиб олмоқни истарди. Бу унинг табиий ҳаққидай, ҳатто бошқасини хаёлига ҳам келтирмасди. Қиз бола баъзан ўз онасидан танбеҳ эшитади-ку, қайнонадан кўпроқ эшитиши табиийдек эди гўё. Не бўлса-да, қайноналикиинг ҳам алоҳида, ўзича шарафи бор.
Иккинчи келин келганига, орадан ўн беш йигирма кун ўтгунча қайнонаси шундай фикрда эди.
Инсон кўпинча яхшиликнинг қадрига етолмайди. Унутади. Лекин мусибат, эсини жойига тушириб қўяди. Шу жиҳатдап мусибат рағбатга лойиқдир!
Мунавварнинг қайнонаси учун ҳам бир мусибат кутилгандек эди. Келди. Қайнона хоним Мунаввардан яхшироғини кўзлаб юрганида, Мунавварнинг қадрини билдириб янги келин келди. Қўлини ўпиш ўрнига юзига тупурилган, салом бериш ёки алик олиш ўрнига сўкиш эшитган, ҳақоратланган одам қандай ҳолга тушса, қайнона ҳам шундай ҳолга тушди.
Қайнона довдираб қолди. Мунаввар саломатга ўхшаса, янги келин, юмшоқ қилиб айтганда нақ хасталикнинг ўзи эди. Сиҳатлик қадрланмаган, унинг ўрнига хасталик бош кўтарган эди. Беҳаловат ҳолат тинчликнинг қадрини билдириб қўяди. Мунаввар қайнонасини ҳар жиҳатдан мамнун этадиган бир фазилат эгаси эди. Лекин ношукр қайнона ундан мамнун бўлмаганди. Бунинг эвазига бало-офат келган эди. Кўрайлик-чи нима бўлар экан?
59


Мунаввардан мамнун бўлинмади? Шундайми? Йўқ. Чунки тонгдан шомгача иш билан машғул. Ахлоқидан шикоят борми? Бу масала озгина тафсилга муҳтож. Аслида, агар ўзидай юзлаб қайнонанинг фақат яхши тарафларини йиғсалар ҳам бир Мунаввар чиқмасди. Эртадан- кечгача миш-мишдан, ғийбатдан завқланадиган хотинларда қанақа фазилат бўлсин? Улардаги қийматли бир нарса — фақат оналик шафқати. Бироқ бу шафқат ҳайвонда ҳам бор. Бу шафқат туфайли она боласини эмизади, асраб-авайлайди. Қўй сурувдан ажраб даладан қайтаркан, елинларига тўлган сутни қўзичоғи тезроқ эмсин дея югуради. Лекин бу хотинларнинг бир хусусияти бор, ўғли учун аталган меҳрга шерик бўлган келинини рақибдай кўриб, шунга яраша муомала қилишади. Ўзини ғийбатчи хотинлардан ҳимоя қилган Мунавварга ҳам шундай қаралди. Бу аёлнинг дарди нима? Мунаввардан нима истайди? Ҳеч нарса истамайди, Шунчаки вайсақилик, эзмалик ва кўнгил ҳаловати. Негаки, она-бола меҳр-муҳаббатига шерик чиқиб қолди. Янаям тўғрироғи, ўғлимни мендан совутади, деган ҳис шунчаликка олиб келди. Шу сабаб келган-кетган Мунаввар ҳақида бўлар-бўлмас сўзлар эшитар, Мунаввар қанчалик очиқ чеҳра бўлмасин қанчалик қарамасин, бари бир уюлган қовоқни кўрди, ёмон сўз эшитди.
Кўрайлик-чи, энди нима бўларкин? Янги келин ҳам шундай муносабатда бўлармикан? Қайнона хоним шу завқли ҳаётини давом эттира олармикин?
Бу саволга келиннинг дастлабки беш-ўн кунлик турмуши жавоб беролмайди. Аммо ишнинг чаппасига кетаётганини кўрсатувчи аломатлар секин-секин намоён бўлмоқда эди. Илк кунлардаёқ, қандай иш юритишини тушунтираётганда: "Ҳасбуналлоҳ ва неъмал вакил", дегандай бош чайқаб қўйиши шундай ҳоллардан эди. Бу ҳол қайнонанинг асабига тегар, лекин бир ой ўтмасидан ғавғо чиқармайлик деган ўйда жим қоларди.
Бу вазиятда Мунаввар ўзини қандай тутди? Бундан аввал қайнонасининг ёмон муомаласига яхши жавоб-ҳурмат кўрсатди. Ҳақсиз гапларни онанинг қизига айтган самимий танбеҳлари дея қабул қилди. Лекин энди уйга бошқа келин тушди. Вазият янада нозик, ноқулай кўриниш олди. Янги келин тишли-тирноқли эди. Осонгина таслим бўла қолмаслигини, қайнона қаҳрига лойиқ жавоб бериши мумкинлигини сездирди. Кичик бўлса ҳам, ёшига ярашмаган ғалати қайсарлик, қўрслик ва ўжарлик бор эди янги келинда.
Бу ўринда Мунаввар ўзини бир оз тортиб туриши, мени ёқтирмаган қайнонам энди бу ёғини тотиб кўрсин ва ўзидан кўрсин қабилида иш тутиши мумкин. Бироқ: "Мана энди менинг қадримни билади, қандай яхши бўлди", деган фикр унинг ахлоқ дафтарида йўқ эди. Унинг мақсади — яхши турмуш. Шу сабабли яна фазилат йўлидан кетди. Тез орада қайнона-келин орасида чиқиши аниқ бўлган кўнгилсизликларнинг олдини олиши ёки иложи борича кечиктириши керак эди. Вазият шуни кўрсатиб турарди. Олдини олса-ку янада яхши, ҳеч бўлмаса, енгиллатишга, яхшилашга уриниб кўради.
Овсин билан бирга қилинадиган юмушларни Мунавварнинг ўзи жимгина бажараверди. Тонгда ҳар кунгидан ва келинпошшадан бир оз олдинроқ туриб боғни супурди. Нонушта қилар- қилмас бир гап бўлмасин дея идиш-товоқларни, кир-чирларни ювди.
Бу ҳолни кўрган қайнонаси:
— Мунаввар, навбат билан ювинглар. Бир кун сен, бир кун Комила ювсин, — деди.
— Майли, она. Бугун мен бошлайверай-чи.
Лекин ҳар кун навбат уники эди. Ва бу ҳолдан у хафа бўлмади. Бу не кўргилик, фақат мен
ишлайман, демади. Бир кун қайнонаси Комилага:
— Қани, Комила, мана буни ювиб қўйинг, — дейиши билан жанжалнинг биринчи пардаси
очилгандай бўлди. Келин хоним:
— Мен қиладиган ишни сиздан ўрганмоқчи эмасман. Қилмоқчи бўлсам, ўзим туриб
қилавераман, — деб гап қайтарди.
— Хўш, бўлмаса нимага қилмаяпсиз?
— Бунинг сизга алоқаси йўқ. Нима қилишни ўзим биламан.
60


— Менга алоқаси бўлмаса, кимга алоқаси бор, қизим? Бу уйга нима учун келдингиз?
— Ҳар ҳолда сизга чўрилик қилиш учун эмас! Ишнинг бундай тус олганини кўрган Мунаввар:
— Она, бугун менинг навбатим. Комила, эртага қилар, деди.
— Қизим, ҳар кун навбат сизники бўлмайди-ку. Ҳаммасини сиз бажаряпсиз.
— Майли, она. Бугун мен бошлайверай... Гап тўхтади. Мунаввар барча ишни ўзи қилди,
жанжалнинг олди олинди.
Асрдан кейин қайнона қўшнилар уйига чиқиб кетди. Икки келин уйда қолди. Комилага бир
оз насиҳат қилиш мақсадида:
— Комила, бугун жанжал чиқишига сал қолди-я, эҳтиёт бўлинг, синглим, — деди Мунаввар. — Чиқса нима бўпти? Кўрқармидим ундан?! Мунаввар секин давом этди:
— Мақсад — яхши турмуш, жанжал эмас, бу инсон бизнинг онамиз. Каттадан ёмонлик
чиқмайди. Сизга яхшиликдан бошқа нарса истамайди. Она қизига бақиради, яхши-ёмон сўз айтиши ҳам мумкин.
Комила келин бу уйда истаганини кўрмади, излаганини топмади. Бир келин борлигини эшитгач, қайнонани қайириб оламиз, деган ўйда эди. Мунавварнинг феъли бу ўйга мувофиқ эмаслигини илк ҳафтадаёқ тушунди. Бу гал иккисининг ҳақларини бирдан бериб қўйишни мўлжаллади. Фақат қайси биридан бошлаш керак?
Мунаввар сокин ва хотиржам оҳангда сўзлади. "Ишни бундан кейин бошлаш маъқул". Мунавварни ортиқ тингламади.
— Қаёқдан бизнинг онамиз бўлсин?! Қайнонанинг она дейиш одат бўлдими дейман?!
— Одат эмас, синглим. Агар турмушингиз яхши бўлишини хоҳласангиз, она деб биласиз. Менга қулоқ солсангиз, сабрли бўлинг. Ёмонлик қилганга яхшилик қилинг. Инсондан яхшилик, инсонийлик қолади. Албатта келин бўлиш осон эмас. Ота уйидаги роҳат борган жойда топилавермайди. Қовоқ солса, кулиб қаранг. Дағал гапирса, юмшоқ жавоб беринг. Ҳийла қилганга, яхшилик қилинг, охири бахайр бўлади.
— Хўш, сиз шундай қилдингизми? Қайнона қўпол муомала этганда сиз уни она билдингизми, сабр этдингизми?
Мунаввар бу саволга жавоб бермади. Сукут сақлади. Келин давом этди:
— Бошқага ўргатиш осон. Аммо амал қилиш қийин. Ўзингиз амал этмаган ишни менга қил дейишга уялмайсизми? Сиз оқловчимисиз? Иккингиз бир бўлиб мени эзмоқчимисизлар? Мен ҳайвондай ишлармишман-да, хонимлар истироҳат қилмоқчи эмишлар. Яна она-бола бўлармишмиз.
Овоз баландроқ кўтарилди:
— Менга қаранг! Ҳушингизни йиғинг! Мен ўзимни эздириб, хор қилиб қўймайман. Шундай қайнонага ёлғондан чўри бўлиб, мени ҳам шу кўйга туширмоқчимисиз? Ҳаддингиздан ошманг. Бугунгача жим юрдим, сабр этдим.
Мунаввар бу сурбетлик олдида жим туришни маъқул кўрди. Лекин келиннинг оғзи ҳали замон ёпиладиганга ўхшамайди.
Дағал оҳангда амр этди:
— Бугундан бошлаб бу уйда бирор ишга аралашмайсиз. Сизга биринчи танбеҳим шу.
Нима демоқчилигини Мунаввар англай олмади:
— Тушунмадим, Комила...
— Тушунмайдиган жойи йўқ. Бугундан бошлаб бу уйда ишламайсиз.
Во ажаб! Шу кунгача қўлини совуқ сувга урмаган Комила барча ишни ўз зиммасига
олмоқчими? Йўқ, ололмайди.
Уйнинг бутун ишларини унга юклаб, ўзи бир чеккага чиқиб ўтириш хонимнинг қўлидан
келмайди. Дарҳол эътироз этди:
61


— Бўлмайди. Барчасини сизга топшириб, ўзим қараб туролмайман. Бирга бажарамиз. Бу гапни янги келин англамади:
— Қандай қилиб, барча ишни менга қолдирармишсиз?
— Мен иш қилмасам, барча иш сизга қолмайдими? Келин қаҳқаҳа отди.
— Тентак, иккимиз ҳам иш қилмаймиз.
— Унда ким, бажаради?
— Қайнонам. Сўнг масхараомуз қўшиб қўйди:
— Яъни сизнинг онангиз.
— Йўқ, бунақаси бўлмайди.
— Шунақаям бўлади-ки!...
— Сиз ишламоқчи эмассиз, шундайми, бир четга чиқиб турмоқчисиз? Аммо мен ишлайман.
Мендан йигарма ёш катта одамни ишлатиб қўйиб, қараб туролмайман. Худога шукр, виждоним бор.
— Виждонингизни қаранг-у! Сўнг буйруқ оҳангида деди:
— Мен ортиқча нозу карашмани кўтаролмайман. Нима десам, шуни бажарасиз. Ўзингизга зарар бўлишини истамасангиз, сўзимни икки қилмайсиз. Йўқса, ўзингиздан кўринг.
Келиннинг сурбетлиги ошиб борарди. Яхшиликни англамагани етмаганидек, бировни ҳам йўлдан уриб, зўравонлик қилиб измига солмоқчи. Ёши кичик бўлса-да, Мунаввардан сал бўйчанроқ эди. Жанжал-тўполон ичида ўсганга ўхшайди.
Мунаввар яна паст келиб, гапни узоқдан бошлади, юмшоқ оҳангда деди:
— Мен бу уйда шунга ўргандим, бошқача иш тутолмайман. Келиннинг кўзларида ғазаб чақнади. Ҳайқирди:
— Тутасан дедим, тутасан!
Мунавварнинг юзига шаполоқ туширди. Уч шаполоқ еган Мунаввар нима қиларини билмай довдираб қолди. Бир одим чекинди.
— Нима бўляпти, Комила.
— Нима бўляпди дейди-я, тағин!
Шундай дея шиддат билан қайтадан қўл кўтарди. Мунаввар чаққонлик билан унинг қўлини
тутиб, тўсқинлик қилди. Ўзини зўравонлик билан йўлдан урмоқчи бўлган бу аёлдан таёқ еб, жимгина кетавериш ҳар қалай инсонийлик аломати эмас. Унга сабоқ бермоқ керак, чунки насиҳат билан, яхшилик билан қабул қилмади. Ҳамма ишни қайнонага қолдиришни буюрди, Мунаввар кўнмагач урушга отланди. Худо билади, қўйиб берса, иккинчи-учинчи галда қайнонасини уришга буйруқ берар, эътироз этса, яна калтаклашга тушар?! Шу сабабдан ушлаб олган қўлини қўйиб юбормади ва:
— Одоб сақланг, — деди.
Келин қутулмоқ учун типирчилади:
— Қўйвор, кейин дабдала қиламан сени! — дея бақирди ва иккинчи кўли билан урмоқчи
бўлди. Мунаввар иккинчи қўлини ҳам қаттиқ тутиб турди. Сўнг ўз ҳолига қўйди.
— Комила, майли сизни кечираман. Олдимдан кетинг, — деди. Келин жаҳлга минди. Тингламади, яна уришмоқчи бўлди. Фақат юз-кўзига чақмоқдай тушган шапалоқ уни довдиратиб қўйди. Ўзини тутиб яна ҳужумга ўтди, бу сафар устма-уст икки шапалоқ тушгач, эсанкираб қолди. Чунки бу аввалроқ ургани учун олинган ўчгина бўлмай, ҳақиқат учун
туширилган зарба эди. Келин такрор ҳужумга ўтмоқчи бўлди.
— Комила, сиз уч марта урдингиз, мен ҳам. Келинг ярашайлик хоҳласангиз, яна бир марта
ошиқча уринг.
Келин эътибор бермас, ураман-ўлдираман деб уятли сўзлар билан ҳақоратларди. Мунаввар
бу сўзлар таъсирига берилмади. Ўзини босиб олган эди. Шу сабабдан уни ўз ҳолига қўйиб, ташқарига чиқа бошлади. Лекин бехосдан сочлари тортилди. Қаттиқ оғриқ сезгач,
62


одамгарчиликни билмаган бу келиннинг адабини бериб қўймоқчи бўлди. Бу орада Комила Мунавварнинг сочларини тортиб силкитарди. Сочлари тубидан суғурилгандек оғрир, кўзлари ёшланар, қўллари билан унинг билакларни сиқарди. Қаттиқ сиқди. Ниҳоят бармоқлари бўшаб, сочлари бу ифлос қўлдан халос бўлди. Билаклари бироз жонлансин дея индамади. Қўллари дармонсиз пайтда уришмоқ мурувватдан эмас, деб ўйлади. Лекин келин такрор ташланиб крлди. Мунаввар уни яна тутди.
— Ташвишланма, яна уришамиз. Фақат қўлларинг оғриди. Бир оз дам бер.
Лекин ҳирс Комилани қўзғар, ҳақоратлаб, ташланар эди. Қараб туришдан фойда йўқ.
— Тинчимадингми, мана ол, тинчи! Типирчилаши, ташланишига қарамасдан шапалоқ
остида Комиланинг вужуди ҳолсизланиб, яна устма-уст тушган зарбадан дармони қуриб, чайқалиб қолди. Мунаввар уни қучоқлагандай букди ва остига босиб олди. Уруш учун эмас, тавба қилдирмоқ учун шундай қилди. Комиланинг тарбияга муҳтожлиги кундай равшан эди.
Ниҳоят тарбиянинг биринчи дарси учун шуни кифоя билиб тўхтади ва ташқарига чиқди. Оқшом яқин эди. Қайнонаси қайдандир келди. Ошхона томонга ўтди. Келин бориб юз-қўлини ювди. Мунавварнинг ёнидан ўтаётиб:
— Кўрсатиб қўяман, сенга — дея минғиллади.
— Насиҳат қилдим-тушунмадингиз, одобсизлик қилиб охири калтак едингиз. Агар ақлингизни йиғиб олмасангиз, билинг-ки, бу бошланиши. Иккинчи мартасида ёмон ураман. Таёқ билан тарбиялаш сизга ёқадиганга ўхшайди.
Келин мағлубиятни ҳеч қабул қилолмаётган эди.
— Ким кимни уради, кўрасан, нималар қиларканман сени. Ҳеч нарса қилолмасди. Қўлидан пўписадан бошқа ҳеч нарса келмасди.
Биринчи ишни унинг айтганларини бажармаслиқдан бошлади. Нима деяпсан, демади. Эшитмагандай турди. Билмагандай юрди. Мақсади — уни ҳурмат қилмаслигини билдирмоқ. Баъзан ҳатто унинг айтганларининг тамоман тескарисини бажарарди. Қайнона жанжаллардан хабарсиз эди. Келин бориб мени Мунаввар урди, деёлмасди. Мунаввар эса мақтанмайди.
Мунаввар билан бўлган иккинчи жанжалдан кейин чамаси йигирма-йигирма беш кунлар ўтди. Уйда янги келин ва қайнона орасидаги вазият ниҳоятда таранг тортилган бир пайт. Гўё икки келин орасида энди бундай ҳол йўқдай кўринарди. Лекин янги келин ва қайнона бир- бирини кўрганда ҳўрпайишарди. Аслида бу ҳолатнинг мағлубият эшигида қайнона турарди. Жангда ғолиб чиқиш учун эмас, бир оз кечроқ таслим бўлиш учун қўлида қолган қурол- яроғлардан фойдаланаётган ярадор жангчи ҳолига тушганди. Не қиларини билмасди. Бугунга қадар бир гапини икки қилмаган катта келинидан ёрдам умид этолмасди. Унинг хонимлик шаънига, тарбиясига энди тан берар, дилдан қадрлар, аммо энди бунинг қандай фойдаси бор?! Бугунгача уни хафа этмоқдан, келган-кетганга ғийбат қилмоқдан бошқа унга не каромат кўрсатди-ки, бугун ундан иккинчи келинга қарши ёрдам сўрасин? Ёрдам сўраса: "Яхшиликка ёмонлик қилиб, энди ёрдам сўрашга уялмайсизми?" демайдими? Шундай деса, яна не куйга тушади?
Бугунгача Мунаввардан ёмонлик кўрдими? Йўқ. Аммо у ҳам келин. Ҳеч бир келин қайнонани ҳимоя қилиб, бошқа келинга қарши чиққанми?! Шунинг учун Мунаввардан фойда йўқ. Энди фақат ўғли қолди. Аммо ўғил... уйланганига бир ҳафта ўтмасданоқ қорасини кўрсатмай қўйди ҳисоб. Фақат ишга кетаётиб:
— Хайр она, — дейди, холос. Хотинининг қовоғи уюлса дарҳол:
— Комила, нима бўлди? Хастамисан, — деб типирчилаб қолади. Во ажаб! Агар онаси хасталанса, шундай заҳмат чекармикан? Яхшиям хаста бўлиб, уларнинг қўлида хор эмас. Илгари бошқача эди бу ўғил. Келин гаҳ дея қўлига қўндириб олди. Бегона бир қиз келиб уни ўзига бўйсундириб олганини тушунолмасди. Тунов кун бозордай бир тўрвачада нарса келтириб, Комиланинг қўлига тутқазди. Кейин билса, узум экан. Кўрсатмасдан нелар қилишади, нималар
63


еймшади? Ким билсин? "Она, сизга мана шуни олиб келдим", деб бирор нарса бермайди. Қўлидаги нарсаларни, халта-тўрваларни Комилага берар-бермас тўғри ҳожатхонага шошилди. Ахир одам ёрилиб кетмайди-ку. Беш дақиқа кейин борса ҳам бўлар эди. Уйга олиниши керак бўлган нарсаларни ҳам келиндан сўрайди. Онадан сўраш лозим эмасми? Икки кун аввал келган келин олдида не деган одам бўлди? Одам ўрнида кўришми бу? Олдин онанинг ҳурматини ўринлатиш керак эмасми? Онасининг ёнига ўтириб: «Қалайсиз, келинингиз билан чиқишяпсизларми? Ё шикоятингиз борми? Одобсиз бўлса менга билдиринг, кулоғини чўзиб кўяман!» — демайдими? Ўғил шу пайтгача ҳеч бўлмаса, бир-икки марта хотинини озорлаши, кўз олдида мушт ўқталиб таёқ кўтариши керак эмасмиди? «Ақлингни йиғ. Агар онам зиғирча игикоят қилса ёки қош чимирса, ўзинг. биласан, кўрадиганингни кўрасан», демайдими?
Не ўйлар, не сафсаталар айланарди қайнонанинг бошида. Энди унинг янги онаси бор. Келган-кетганида отилиб туриб: «Марҳамат она, буюринг она!» деб жой кўрсатади, қўлини ўпади. Унинг олдида ўз онаси ким бўпти. Йиллар бўйи ювиб-тараб ўстирган қизини берган аёлдан қимматли бўлишармиди онаси?! Нега ўғли келиннинг қилмишларини текшириб кўрмайди? Қисқаси, келин ўғлини хоҳлаган мақомига ўйнатади. Келинини қайириб олишга ҳеч кўзи етмасди. Оҳ, бир оз ёш бўлсайди, кучи етсайди боплаб адабини берарди-я келиннинг. Энди нима қилсин? Баъзан эрталаб чиқиб кетиб, тушгача вақтини қўни-қўшниларникида ўтказади. Баъзан уйга келганларни қистаб ўтқизар, кетгани қўймас, дардини тўкиб солади. Лекин бир куни бу иши ҳам тескари натижа берди. Нари-бери сўзлаганларини ғийбатчи хотинлардан бири келинига етказди. Келин келиб оғзига келганини шанғиллади:
— Яна бир бор мен ҳақимда бошқаларга ёмонлаб гапирганингизни эшитадиган бўлсам, ўзингиздан кўринг, — деди. Огоҳлантирди.
Бугунгача одобсизлиги билан жонини зада қилгай келинидан ҳар нарса кутса бўлади. Ҳозирги қилиғи ҳолва. Уни пнсофга чақириш йўлларини тополмади. Яна бир уриниб кўрай деб, икки оғиз гапирмасидан, сўзи оғзида қолди.
— Яна хўжайинликми? Насиҳатингизни бошқа вақтга қолдиринг. Бугун жоним чиқиб турибди. Мен сизга насиҳат тинглайдиган вақтни айтаман, ўшанда бошларсиз, — дея эрмаклади. Бир гал қайнона синаб кўриш учун:
— Қилиқларингнинг ҳаммасини ўғлимга айтаман, нима қилдиришимни кўрасан, — дейиши билан келин қаҳқаҳа отди:
— Бизнинг тилимиз йўқми? Айтинг, ким таёқ ейишини ўшанда кўрамиз, — деб жавоб берди. Кейин бироз жиддийлашгандай:
— Сизга бир нарса айтайми, севимли онажоним? Бундай ишларга яқинлаша кўрманг. Агар эримдан бир гап эшитадиган бўлсам жазосини ортиғи билан қайтараман. Айтганингизга пушаймон қилдирамап, — деди.
Вазиятдан ўғлини хабардор қилмоқчи эдими? Йўқ, бунинг имкони йўқ. Келинга пўписа қилиб қўймоқчи эди, холос. Лекин бу ҳам беҳуда кетди. Катта ўғлига ҳам бир нарса деёлмасди. Деса-чи? Бориб укасинипг хотинини урмайди-ку. Нари борса, укасига айтади, укаси хотинига, айланиб зарари яна ўзига қайтади. Қайнона не қиларини билмасди. Мунаввар унга ачинарди. Бир куни кичик келини эри билан онасининг уйига кетгач, эркин нафас олаётган қайнона ёнига Мунаввар келиб ўтирди. Муҳим масалани гаплашмоқчи.
— Она, сиз билан бироз гаплашиб ўтирайлик, — деди. «Она» сўзи қайнонага хуш ёқди. Кичик келиндан бундай сўзни эшитиш амримаҳол. Баъзан «қария», баъзан «кампир», деб камситади, баъзан, масхаралаб «севимли онажоним», дейди. Комиланинг олдида Мунавварга чиндан тан берарди. Дардли эди, дардли бўлганидан умидсиз эди. Унингча ҳеч илож қолмаган. Суҳбатдан не наф? Бошини «Ҳайҳот, ҳаммаси тугади», дегандай тебратгач:
— Нимани гаплашамиз, қизим? — деди.
— Уйдан турмушнинг тоти кетиб қолмадими она! — деди. Қайнонанинг кўзларида ёшлар
64