«ДАВЛАТ АСОСИДEК ПОЙДОР БИНО»
(Кундаликнинг бешинчи саҳифаси)
Дафн маросимига бутун қишлоқ аҳли келди. Тобут қўлма-қўл бўлди. Қабр устига чойшаб
ёйилиб, мурда лаҳадга қўйилаётганида Муслимхўжа ҳушидан кетди. Ёлғиз қизининг қабрига
бир сиқим тупроқ ташлашга мажоли бўлмади. Тупроқ тортилиб, қуръон тиловат қилиниб
бўлинганида ҳам у нест бўлиб ўтирарди. Уни суяб турғизиб, уйига бошладилар.
Шамсибекни ҳам, Қамариддинни ҳам полвоннинг тақдири ташвишга соларди. Улар энди
Муслимхўжанинг кетиш-кетмаслигини билолмай қолгандилар. Эртасига Муслимхўжага бу ҳақда
сўз очганларида, у «Ёлғизимни қандай ташлаб кетаман, ҳеч бўлмаса қабрида танҳо қолмасин»,
деди. Шундан сўнг, улар оқшомда Ғаниполвонни олиб йўлга чиқиш қарорига келдилар.
Икки кун йўл юришгач, катта карвонга қўшилдилар. Ҳафта ўтмай Самарқандга етиб
бордилар. Ҳаммалари карвонсаройга қўнишди. Эртаси бомдоддан сўнг Шамсибек Қамариддин
билан Кўҳак сари юрди. Кўчаларда одам сийрак, шунинг учун улар отларини йўрттириб
борардилар. Кумуш камарли сипоҳни кўрганлар дарров четга чиқиб, қуллуқ қилишарди.
Бибихоним масжиди томон бурилишганларида Шамсибекнинг оти бехос бир кимсани туртиб
юборди. Шамсибек орқасига қараб, гарангсиб турган Абдулваҳобни кўрди-да, жиловни тортди.
Унинг тўхташга чоғланганини кўрган Қамариддин:

46
— Тўхтаманг, юраверинг, — деди. Шамсибек жиловни бўш қўйиб, яна орқага қаради.
Абдулваҳоб уни таниб қолган эди шекилли, ҳамон кўча ўртасида у томон қараб турар эди.
Улар Чинний қасрга киришганида сарой аҳли тахт мулозаматини бажо келтирмоққа
шайланиб турарди. Жарчи чиқиб онҳазрат ўз ҳузурларига Қамариддин билан Шамсибекни
чорлаётганларини айтгач, улар- нинг аксари соқолини сийпаб, «астағфируллоҳ!» деб қўйди.
Улар ичкари киришди. Тахт ва унинг атрофи бўш. Улуғбек пастдаги кичик фаввора ёнида
беш чоғли одамлар орасида туриб сўз айтаётган, давранинг ёши бўлмиш нависанда эса супага
омонат ўтирган эди. Афтидан давлатпаноҳ вазифасини ўташга киришмаган эди. (Унинг зар
тўнсиз юриши ҳам шундан далолат эди.) У қуллуқ қилган Қамариддин билан Шамсибекка бош
ирғадию яна нависандага ўгирилди.
— Шаҳриёрнинг қобилиятли шогирдлари, Афлотуни замон28нинг набиралари Мирам
Чалабий ўша йигит бўлади, — деди Қамариддин шивирлаб. Шамсибек гапга оғиз жуфтлаган
эди, Чалабийнинг сўзлари хаёлини тортди:
— Курраи арзнинг Шамс29 атрофида айланажагини айтаман, деб эдингиз. Бу ҳодисани
қандай тафсир этмоқ керак?
— Курраи арз Шамс атрофида айланадир, деб тафсир этсак, гўримизга яна ғишт
қалашармикин? — Улуғбек шундай деб кулди. Унинг кимларни назарда тутганини англаб,
бошқалар ҳам жилмайишди. Улуғбек бир неча нафас ўйланиб, Чалабийга юзланди. — Мундай
тафсир этсак, у ақли ноқислар тушуниб етишмас, илм аҳли англар. Алқисса шундай деб ёз:
«Парвардигори олам яратган курраи арз мураккаб ҳаракатлар учун таянч бўлгулик қулай нуқта
бўлолмаса ҳам, аҳли илм то ҳозиргача дунёнинг марказини шу деб билурлар...» Буларни
хаттотларга элт. Оқшомга қадар оққа кўчиришсин.
Улуғбек атрофдагиларнинг таъзимига жавоб бергач, Шамсибек ва Қамариддин томон юрди.
— Қайтганларингни шомда эшитиб эдим. Бугун дам олиб, ҳузуримга эрта келарсизлар, деган
ўйда эдим. Сафар бехатар ўтдими?
— Худога шукр. Паноҳингизда эсон-омон бориб қайтдик. Фарғона аёлотининг пурдил
йигитлари навкарликни ихтиёр қилиб келдилар. Карвонсаройда сўзингизга илҳақ бўлиб
туришибди. Аёлот подшоҳи сизга нома юбордилар. — Қамариддин таъзим билан пойгирни
узатди. Улуғбек уни очиб, кўз югуртирди. Кейин Шамсибекка юзланди:
— Подшоҳ падари бузрукворинг ва волидаи жаҳонингни паноҳига олажагини айтибди.
Кўнглунг хотиржам бўлаверсин.
— Қуллуқ, шаҳриёрим.
— Қамариддин, йигитларга бошпана тайёрла. Маош тайинла. Токи менинг паноҳимда
муҳтожлик сезишмасин. Жума куни майдонга чорлаяжакмиз.
— Шаҳриёрим, бир пурдил йигитимиз бор эди. Ҳозирча майдонга чиқолмайди. Мажруҳ
бўлиб қолди.
— Сабаб?
Шамсибек Ғанимурод воқеасини айтиб берди. Улуғбек унинг сўзларини диққат билан
эшитди.
— Бу хасталик яна қандай ғавғоларни бошлар экан? Бунинг шифоси бормикан? — деди
Улуғбек тахт томон юриб.
— Қайси хасталикни айтасиз? — деб сўради Шамсибек.
— Мутаассибликни айтаман. Ўлат каби тарқаб, раият тинчини бузяпти.
— Бу хасталик энди авжига чиқди. Қайтиши хийла мушкул.
— Ҳақ гап... Мулла Шамсибек, сен айтгандай қилиб дорилшафақа учун ер танланди. Меъмор
билан бамаслаҳат иш бошланглар. Вилоятларга жарчилар кетган, иқтидорли ҳакимларни

28 Qozizoda Rumiy.
29 Quyosh.

47
тўплаймиз. Бу ер фақат дорулшафақа эмас, боҳтардин то баҳовар30гача ном чиқозғон
дорулшифоия бўлсин. Чиқимлардан қимтинма, савоб ишлар учун ганжина дариғ тутилмайди.
Ҳузуримга истаган вақтда келишинг мумкин.
Улуғбекнинг кейинги сўзлари улар учун қайтишга жавоб ҳам эди. Буни англаб, таъзим билан
орқаларига юришди. Лекин Улуғбек уларни тўхтатди.
— Дарвоқе, мулла Шамсибек, —деди у, — келар оқшом сен донишмандлар суҳбатидан огоҳ
бўлмоғинг даркор, шуни унутма.
Шамсибек жавоб ўрнига қуллуқ қилиб чиқди. У Қамариддин ёрдамида меъморни Чилстун
яқинидан топди. Меъмор кичкина кўк салла ўраган, калта соқолли, паст бўйли киши эди.
Шамсибекнинг қўлини олиб, «кўзим йўлингизда эди», деди. У сал дудуқланиб гапирар, тили
ҳам чучук эди. Талаффузига қараганда, у самарқандлик эмасди. Шамсибек унинг сўзларидан
қайси музофотлик эканини аниқлай олмади, сўрашни ўзига эп кўрмади. Зеро, бунинг зарурияти
ҳам йўқ эди. Меъмор ўзини уста Хидир, деб танитди.
— Жой қаердан танланди? — деб сўради Шамсибек ундан.
— Гўштлар дастлаб шаҳристон ичкарисида бузилди. Энг сўнггиси шу ерда айниди.
Шаҳриёрнинг фармонлари билан хийла этакроққа, обираҳматнинг пойига қурадиган бўлдик.
Худди расадхона сингари, уч ошъёнлиқ қилиб тиклаш ниятимиз бор.
— Нимага уч ошъёнлиқ?
— Сабабики, у ҳам расадхона сингари савлат тўкиб турсин, шаҳристон чиройини очсин.
Одамлар ҳайратдан ёқа ушлашсин.
— Уста Хидир, сўраганимни айбга буюрмайсиз, бинони қуришдан мақсад недур?
— Буни мендан кўра сиз мўлроқ биласиз. Дорулшафақа деб айтдилар менга.
— Ҳа, балли. Бу ерга фуқаро ҳайратдан ёқа ушлаш учун эмас, шифо топгани келади.
Менимча, бинонинг бир ошъёнлиқ бўлиши кифоя.
— Нега?
— Бир ошъёнлиқ бўлса, хасталар учун ҳам, ҳакимлар учун ҳам айни муддао. Атроф катта
боғ бўлмоғи лозим. Дарахтлар бинони шамсия31 сифатида қуёшнинг ўтли нафасидан асрайди.
Уч ошъёнлиқда хасталар иссиқдан яна бир қадар азобланадилар. Чиқиб тушиш ҳам малол
келади.
— Бир ошъёнлиқ бино ажиж-мажиж кунлари хасталарни қийнаб қўйса-чи? Совуқ ҳам
тепадан, ҳам остдан, ҳам деразалардан киради. Уч ошъёнлиқ бинонинг ўрта ошъёнида
бирмунча иссиқ бўлади. Совуқ фақат деразадан кириши мумкин.
— Доно фикр, бироқ ажиж-мажиж қисқа, иссиқ кунлар узун.
— Бу хусусда ўйлаб кўрмоғимиз лозим экан.
— Биз хоналар кенг ва баланд бўлса деймиз. Токи хасталар тоза ҳавога муҳтож
бўлишмасин.
— Маъқул. Расадхонага ҳеч йўлингиз тушганми?
— Ҳа. Фақат ташидан кўрганман. Ич томонлари билан танишмоқни хаёл қилганман-у, бироқ
фурсат бўлмади.
— Шу топда фурсатингиз бўлса, кўрсатар эдим. Шундан сўнг бамаслаҳат иш бошлар эдик.
Бу фикр Шамсибекка маъқул келиб, улар боғнинг юқори томонига, савлат тўкиб турган уч
ошъёнлиқ тегарак иморат томонга юрдилар. Мармар зиналардан кўтарилар эканлар, меъмор
фахр билан: «Бино қиёматда тоғлар сайр қилгунга қадар йиқилишу нурашлардан омон
бўлади», деди. То ичкарига киргунларича у расадхонанинг афзалликларини гапириб борди. У
«иморат давлат асосидек пойдор, пойдевори эса салтанат қоидасидек устивор қилиб
мустаҳкамланган», деганида Шамсибек жилмайиб қўйди. У бу сўзларни жаннатмонанд
шаҳристон сари илк йўлга чиққанида қайнатасидан ҳам эшитган эди.

30 G‘arbdan Sharqqacha.
31 Soyabon.

48
Расадхонанинг юқори қисмига айланма зиналардан чиқдилар. Ҳар ошъёнда ўнлаб ҳужралар,
ўртада эса мажлис аҳли учун кенг хоналар барпо қилинган эди. Тўққиз фалакнинг ҳайъатию32
тўққиз осмон шакллари— даражалар, дақиқалар, сониялардан тортиб то ошираларгача шу
деворларда акс этган эди. Юқори ошъён деворларида эса айланувчи фалаклар, саббаи сайёр,
собита юлдузлар билан курраи арз ҳайъатию, иқлимлар суратигача дилназир нақшлару
беназир рақамлар билан чизилганди.
Меъмор Шамсибекни айвон томон бошлади. Айвонга чиқаверишдаги бир сурат
Шамсибекнинг хаёлини олди. Фалак ва курраи арз тасвирлари билан банд бўлган расадхона
деворлари ичида бу суратнинг чиқиши уни ҳайратда қолдирди. Расмда жанг майдони,
шаҳидлар ва мажруҳлар тасвир этилган эди. Олдинда мажруҳланган шоҳона кийимли кимса.
Унинг ёнида яна бир шоҳона кийимли одам.
Меъмор Шамсибекнинг ҳайратини фаҳмлаб, изоҳ берди:
— Бу шаҳриёрнинг фармонлари билан туширилган. Ҳазрат соҳибқироннинг энг улуғ
зафарларидан ёдгорлик. Ҳоқон Боязиднинг енгилиб, асирга тушган онлари. Соҳибқирон бу
киши билан зўр муҳораба қилган эканлар.
— Эшитганим бор.
— Соҳибқирон ҳарифларининг бу кўйга тушганини билгач, ўзлари етиб келиб кўз ёши
тўккан эканлар.
— Нечун?
— «Минг карра шукрким, Худованди карим нуқсонларимизга қарамай, бизни танлаш назари
билан тақдирлади. Сизга бўлган ҳурматим бисёр эди. Сиздек соҳибқудратнинг бу аҳволга
тушишидан Тангрининг ўзи асрасин», деган эканлар. Боболарининг шу сўзларини инобатга
олиб, онҳазрат бул ёдгорликни яратишга фармон бердилар.
Шамсибек айвонга чиқиб, чор атрофига назар ташлади. Бу ердан шаҳристон кафтдек
кўриниб турарди. Улар шу ерда туришганида пешин намозига азон чақирилди. Пастга тушиб,
расад аҳли билан намоз ўқидилар-да, шаҳристонга қайтдилар.
Қамариддин пурдил йигитларни жойлаштириш билан банд эди. У Шамсибекка оиласи учун
Шоҳизинда даҳасидан жой ҳозирлаб қўйганини, Ғанимуродни сарой хизматкорларидан бири
паноҳига олганини айтди. Кўчлар аравага ортилганча турарди.
Шамсибек ички-ташқилик чоғроқ уйга жойлашди.
Янги уй Маҳфузага ёқинқирамаса ҳам эрига индамади. Хоналар тор ва паст, ҳовли саҳни
йигирма-ўттиз одамни баъзўр сиғдира оладиган бу уйда унинг нафаси сиқилгандек бўлди.
Шамсибек хотинидаги бу ўзгаришни сезди. «Кўникиб кетади, — деб ўйлади ўзича. — Қишлоқда
кенг уйга, чорбоққа ўрганиб қолган. Бу ерда эса биргина дарахт офтобда қовжирай деб
турибди. Қизиқ, Ҳақ-таоло бандалари учун жаннатсифат ерларни ато қилган. Бандалар эса бу
жойларни ташлаб тор, сиқиқ ерларда яшайдилар. Шаҳристоннинг оҳанрабоси бормикин? Бу
ҳам Худонинг хоҳиши экан. На илож?..»
Маҳфуза ҳамон тугунлар олдида ўтирар, бошидаги рўмоли елкасига тушган, чарос
кўзларида ҳорғинлик бор эди... Иссиқдан безовта бўлиб, инжиқлик қилаётган ўғлининг бошини
силаб, рўмолининг учи билан елпирди.
— Ичкарига кирайлик, уй салқинроқ, — деди Шамсибек катта бир тугунни кўтариб. Аёл унга
эргашди.
...Шербек заргар Бухоро мадрасасида таҳсил кўрган донишманд киши эди. Соҳибқирон
ҳаётлигида бирмунча муддат Самарқандда ҳам истиқомат қилган, ундан сўнг кўтарилган тўстўполондан безор бўлиб Булоқбошига қайтган, шу ерда оила қурган эди. Исмоилбек заргар
билан бирга улғайган. Шунинг учун тўнғичи Шамсибекни унинг тарбиясига инониб топширган
эди. Шамсибек Улуғбекнинг назарига тушган барча хислатини шу заргардан олган эди.

32 Ko‘rinish.

49
Абдулваҳобнинг хонадонидан совчилар келган дамларда Шамсибек билан Маҳфуза ширин
орзулардан қанот қилиб, бахтиёрлик самосида учиб юрардилар. Эшикка совчилар қадами
текканидан хабар топган қиз аждаҳо домига тушгандек оҳ урди, «отамга инсоф бер», деб
Худога ёлборди. Унинг бахтига биринчи сафар ҳам, иккинчи, учинчи сафар ҳам заргар совчиларга рад жавобини бераверди. Шамсибек хонадонидан совчилар келган кун патир
синдирилгач, қиз йигит билан яқинлашиш онларини ҳам қўрқув, ҳам соғиниш билан кута
бошлади.
Орадан уч йил ўтгач, тақдир уларни бегона бир ерга олиб келиб ташлади. Маҳфуза бунинг
яхши ёки ёмон эканини ҳам билмайди. Яхши, деса, мусофирлик заҳматларидан чўчийди. Ёмон
деса, умр йўлдоши султоннинг назарига тушиш бахтига муяссар бўлган. Шунинг учун у нолиш
ёки рад сўзлар айтиш билан эрининг кўнглини оғритишни истамасди.
Улар уйга намат тўшаётганларида эшик оғзида офтобда қорайган озғин бола кўринди.
Қўлида коса. У киришни ҳам, кирмасини ҳам билмай турарди. Шамсибек ташқарига чиққанида,
бола ёшига ярашмаган йўғон овозда салом бериб, косани узатди.
— Энам бердилар, — деди.
— Эшикларинг қайси? — деди Шамсибек унинг қўлидан чиннини олар экан.
— Қайси эшик? — Бола Шамсибекнинг сўзига тушунмади.
— Уйларингиз-да, — деди Шамсибек.
— Наригиси, — бола ўнг томондаги ҳовлини кўрсатди.
— Раҳмат айтдилар, дегин, хўпми?
Бола «хўп», деб изига қайтди. Оқшомга яқин яна икки қўшнидан овқат чиқди. Шундан сўнг
Маҳфузанинг кўнглига чироқ ёқилгандай бўлди.
— Қўшнилардан ёлчисак, мусофирлик тузи шўр ботмас, — деб қўйди.
Шамсибек саҳар билан рўзғор ташвишида бозорга кетди. Пўлотий нондан, мева-чевадан
олиб, уйига қайтишда Абдулваҳобни кўрди. Ёнида отаси.
— Бир ҳафтадан бери кўзимиз йўлингизда, — деди Бойбува салом-аликдан сўнг. Соч-соқоли
олинган, кулоҳжанда ўрнига дўппи ва тўн кийган Абдулваҳоб Шамсибек билан совуқроқ
кўришди. Буни сезган Бойбува ўғлига қовоқ уйиб қарадию индамади. Кейин Шамсибекка
жилмайиб, деди:
— Қўлингиздагини уйга ташлаб чиқсангиз, чойхонада бирга нонушта қилсак.
Шамсибек уларни уйга таклиф қилди. Бойбува «янги рўзғорсизлар», деб унамагач,
қўлидагиларни ташлаб чиқди.
Улар чеккароқдаги холироқ чойхонага боришди. Абдулваҳоб йўлда ҳам, келиб ўтиришганда
ҳам оғиз очмади. Бойбува орадаги совуқ сукутни қувиш учун турли мавзуларда гап очар,
Шамсибек тинглар, керак бўлган тақдирда бир-икки жумла билан чекланарди. У қаршисида
тунд бўлиб ўтирган сабоқдошига қараб, ўйларди: «Унда ўз бахтидан бўлак барча нарса муҳайё.
Мол-дунё бандага бахтиёрлик қасрини қуриб беришдан ожиз экан-да? Илгари у варрак ясашни
билмасди. Уқувсизроқ эди. Аммо қишлоқдаги энг яхши варракни бир бурда зоғора нон эвазига
сотиб олиб, кўз-кўз қиларди. Энг баландга кўтариладиган варрак Абдулваҳобники эди. Бахт
варрак эмас экан. Уни сотиб олиб учириш ҳали ҳеч кимга муяссар бўлмаган. Бойбува муддаони
айтишга истиҳола қиляпти. Сезиб турибман. Мен улар олдида яланг оёқ бир бола эдим...
Ҳаёт катта шикоргаю бандалар сайёдга ўхшар эканлар. Сайдни қувишда ким баъзан ўзади,
ким қолади. Кимнинг ўқи нишонга боради, кимники йўқ... Сайд ортидан қувишда қанча
йўқотишлар бўлади...
Абдулваҳоб қанча йўқотди? Яна қанча йўқотади? Мен-чи? Жавобга ҳисоб ожиздир. Худонинг
ҳар бандаси дақиқа сайин ўзини йўқотиб, ҳеч ким билмаган бошқа одамга айланиб боради.
Фақат шакли шамойили билан бир-бировини танийди. Узоқ йил кўришмаса танимай қолиши
ҳам шубҳасиз. Шу топда қайта танишмоқ лозим. Нечун? Яна йўқотиш учунми? Абдулваҳобни,

50
гарчи у мен учун азиз бўлмаса-да, икки марта йўқотдим. Бойбува бугун бизни яна қайта
топиштирмоқчи... Йўқ, ҳаёт сайд ортидан қувишга нисбатан анча мушкулроқ...»
— Мулла Шамсибек, келишимизнинг боиси сизга аён бўлса эҳтимол. Сиз ҳам ўғлим қатори
ўғлимсиз. Оппоқ соқолим билан айтган сўзларимни назарга олурсиз. — Бойбува муддаога
ўтаётгани учун Шамсибек хаёллари оғушидан қутулиб унинг гапларини тинглашга тутинди: —
Мирзо Улуғбек Кўрагон ҳукмдорлиги кунларида Мовароуннаҳр ва Туркистон мамлакатининг
раияти зулм зулматидан адлу эҳсоннинг оби-ҳаёт чашмасига етишди. Ва барча халойиқ
омонлиқ бўстони ҳам фароғат чаманида ором олди. Бу Худога ҳам, бандасига ҳам маълум ва
манзур. Ақли ноқис дўстингиз бу марҳаматни кўзга тўтиё қилмоқ ўрнига гумроҳлик йўлини
аъло топган экан, мени ризо қилмай, Худонинг ғазабига учради. Ўтган гуноҳлари учун узр
сўраса, ёлғиз Тангрию давлатпаноҳини истаги билан яна илм олмоққа етишурмикин...
Бойбува жим қолди. Шамсибек ҳам, жавобга шошилмади. Дам ўтмай бойбува яна гапира
бошлади. У энди анчайин мунгли оҳангда сўз айтарди:
— Умрим афсонаси охирлаб қолди. Ажал шамоли умидим сомонини ҳам, умр донасини ҳам
совуряпти. Кўзим очиқлигида орзу-ҳавасим ушалса деган ёлғиз умид билан яшаяпман.
Яхшилик ерда қолмайди, ўғлим. Бизга кўрсатган лутфу-карамингиз, Худо хоҳласа, ўн чандон
бўлиб ўзингизга қайтади.
— Бойбува, муддаони англамай турибман.
— Муддао шулки, — Абдулваҳоб сўз бошлаб отасига қаради. У кўзи билан «гапиравер»,
деган ишорани қилгач, давом этди: — Шаҳриёр олдида ўзим узрхоҳлик қила олмайман.
Орамизда воситачи бўлинг... Мен фарзанднинг бурчи — отанинг ҳиммат ва равишига яхши
мутоибат қилиш эканлигини англадим. Буни амалга оширмоққа ёлғиз сиз кўмак бера оласиз.
— Мадрасага қайтиш ихтиёрингизни фурсат топиб олампаноҳга етказаман. Аммо илм
олмоқликка фақатгина истакнинг ўзи кифоя қилмас. Сиз бу ҳақда мулоҳаза қилиб
кўрдингизми?
— Ўғлим, ҳақ сўзни айтдингиз. Лекин мадраса эшигидан ҳар вақт зукко ва алломалар
чиқавермайди-ку? Абдулваҳоб хатми кутуб қилса бўлгани. Алломаликка даъвоимиз йўқ.
— Узрларини шаҳриёрга етказаман. Бироқ, Абдулваҳобнинг мадрасага қайтиши хусусида
бир сўз дея олишга ожизман. Шу топдаги ваъда даштда овланмаган оҳуни сизларга бағишлаш
бўлиб қолади.
— Албатта, албатта. — Бойбува ёнидан халтача чиқариб Шамсибекка узатди. — Ўғлим, бу
тангаларни олиб қўйинг.
— Нимага?
— Абдулваҳобнинг каму кўстидан хабардор бўлиб турасиз. Уни сизга инониб ташлаб
кетаман.
— Бойбува, Абдулваҳоб сағир эмаски, мен унинг каму кўстидан бохабар бўлиб турсам. Ўзига
қолдираверинг. Камхаржликда қийналса, у ҳолда хабардор бўлиш ўринли.
Бойбува халтани яна қўйнига солди.
— Мен эртага бомдоддан сўнг Булоқбошига жўнайман. Кузнинг нафаси келиб қолди. Иш
бошида турмоғим лозим. Сизга ишониб кетяпман.
Нонушта баҳонасида айтилмоқчи бўлган гаплар тугаб, ортиқча ўтиришга ҳожат қолмаган
эди. Бойбува фотиҳага қўл очди.
Шамсибек уйга қайтгач, Маҳфуза Абдулваҳобларнинг муддаосини сўради. Воқеани билгач,
«Шундай қилмасангиз бўларди», деди.
— Эски гиналарни унутмаслик гуноҳ, — деди Шамсибек Абдулваҳобнинг совчи қўйганига
шама қилиб.
— Менинг гина-кудуратим йўқ. Қишлоқнинг каттаю кичиги уларнинг яхшилигини эсламайди.
Диллари тоза эмас-да, буни ўзингиз ҳам биласиз-ку?
— Бу гапларга ҳожат йўқ. У айбига иқрор.

51
Шу билан тонгги меҳмонлар хусусидаги гапга нуқта қўйилди. Шамсибек пешинда Бибихоним
масжидига чиқиб, ундан кейин Кўҳак томонга юрди.
Пуштаи Кўҳак доманасига яқинлашганда Қамариддинга дуч келди.
— Шаҳриёр бу кеча базм қуриш ихтиёридалар. Пурдил йигитларни майдонга чақирамиз, —
деди Қамариддин омонлаша туриб.
— Мен аҳли урфон33 мажлисга тўпланар, деган хаёлда эдим, — деди Шамсибек. Дарҳақиқат,
у Улуғбек зиёфатидан баҳраманд бўлишни ўйламаганди.
— Бўлса бордир. Базм балки мажлисдан сўнгдир,— деди Қамариддин унга жавобан. Кейин
«шошиб турибман», деб отга қамчи урди.
Расадхона атрофида Шамсибек танимайдиган одамлар кўп эди. Шунинг учун у ётсираб
четроқда турди. Бир вақт ихчам салла ўраган, Шамсибек тенги йигит унга яқинлашиб, салом
берди. Шамсибек уни таниди. Бу кечаги куни олампаноҳга нависандалик қилган йигит,
Афлотун-замоннинг набираси Мирам Чалабий эди.
— Мен Маҳмуд ибн Муҳаммадман34. Шайх-ул-уламо35 сизни кутиб олишни каминага
топшириб эдилар. Узрким, ташрифингиздан бехабар қолибман.
— Такаллуфингиздан бошим кўкка етди. Агар янглишмасам, шаҳриёр катта мажлис қуришни
ихтиёр қилган кўринадилар.
— Ҳа, қани, марҳамат қилсинлар.
Бу дамда бошқалар ҳам қаср томонга йўл олгандилар.
Қаср олдидаги майдончага бир доира қилиб гиламлар, гиламлар устига эса якандоз ва
дастурхонлар тўшалган, дастурхон усти ноз-неъматлар билан тўла эди.
Келганлар ўз иззатларига яраша жой танлаб ўтирдилар. Шамсибек пойгакдан жой олди.
Мирам Чалабий уни бир оз ёлғиз қолдирди. Кейин қайтиб келди-да, омонат ўтирди. Қаср
томонда Улуғбек кўриниши ҳамон барча ўрнидан туриб, саломга шайланди. Олампаноҳ
саломларни қабул қилгач, яна қайта ўтирдилар. Ҳамма Улуғбекнинг сўз айтишини кутиб, жим
қолди. Улуғбек жойига борди-да, даврага назар ташлаб:
— Ўғлим Алоуддин Али Қушчи нечун куринмайди?— деб сўради.
Мирам Чалабий илдам ўрнидан туриб, қуллуқ қилди:
— Батлимуси даврон расадхонада андак тутилиб қолдилар. Дақиқа ўтмай етиб келурлар, —
деди у.
Улуғбек яхши, дегандек бош ирғаб, «дастурхонга марҳамат қилинглар», деб қўйди.
Йиғилганлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб паст овозда гаплаша кетдилар. Шамсибек Али Қушчининг
келишини кута бошлади. У хизматкорлик чоҳидан алломалик даражасига кўтарилган
донишмандни кўз олдига келтиришга ҳаракат қиларди. Лекин Али Қушчининг ташриф
буюрганини сезмай қолди. Мирам Чалабий «Келдилар», деб шивирлагандан кейингина,
Улуғбек қаршисида таъзимда турган оддий кийимли, қорача, чайир кишининг Али Қушчи
эканини фаҳмлади. Улуғбек унга ёнидан жой кўрсатди. Ўзаро гаплашиб олишгач, Мирзо
ўрнидан турди. Унинг сўз айтмоққа шайланганини билиб, йиғилганлар гапни бас қилдилар.
— Афлотуни замон Салоҳуддин Мусо Қозизодайи Румийнинг жаннат боғига рихлат
қилғонларига олти йил бўлди. Илм арки шайхул-уламо Ғиёсид-дин Жамшид вафотидан сўнг кўп
қашшоқлашди. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун. Бизнинг баримиз Оллоҳнинг
бандаларимиз ва унинг ўзига қайтгумиздир. Биздан қолган осор-атиқалар бизнинг ким
бўлганимиздан дарак бергуси. Алалхусус, биздан кейинги қолғучи осор-атиқаларга назар
қилиш муддаосида сиз каби фаросатли аҳли идрокни тўпладик. Амри аъло шулким, бугундан
эътиборан, дорус-салтанада Байтул-ҳикма36 жорий қилинсин. Аҳли ирфоннинг Байтул-ҳикма

33 Ilm ahli.
34 Chalabiyning asl ismi.
35 Olimlar ustozi.
36 Hikmat uyi. Akademiya ma’nosida.

52
атрофида бирлашуви Тангрининг соф ҳимматидан умид қилинур. Тупроғимиз улуғ
донишмандлар Абу Наср Форобий, ал-Хоразмий, ал-Беруний, Ибн Сино қадамларидан мунаввар
бўлган. Тириклик таъмининг ўзлари учун ширин ва мазали бўлишини истаб, бутун оламни
ўзларидан паст деб билган хоқонлар давронида улар бу тупроққа бегона бўлибдилар.
Алалхусус, Тангри каромати ила ёруғ дунёда кўз очаётган алломаларни тўплаш бурчимиздир.
Алломалар қувғин ва алам саҳросида саргашта юрмай иззат-икром шоҳсупасида ўтирмоқлари
лозим.
Улуғбек сўздан тўхтади. Ўтирганлар тасдиқ ишорасини қилиб гапга тутиндилар. Мирзо
даврадагиларга ўткир назарини бир-бир қадаб чиқди-да, жойига қайтди.
— Байтул-ҳикма хусусида ким сўзламакчи? — деди у ўтира туриб. Унинг саволи бирмунча
фурсат жавобсиз қолди. Шунда у сукут сақлаб ўйга толган Али Қушчига қаради: — Бу хусусда
ўғлим не дер экан?
Али Қушчи қўлини кўксига қўйиб, ўрнидан турди. Енгил таъзим қилиб сўз бошлади. У
шаҳриёрга нисбатан тез гапирар, сўзлаётганида нигоҳи бир жойда турмас эди.
— Дорул-салтанада Байтул-ҳикма қарор топса нураланнур бўлур. Байтул-ҳикма халифа
Маъмун37 фармони билан барпо этилган алломалар уюшмасига ўхшамай, илм аркининг
норасидаларини ҳақ йўлга бошловчи даргоҳ бўлса.
— Маъқул, — деди Улуғбек мамнун бош ирғаб. Бунга жавобан Али Қушчи таъзим қилди-да,
сўзини давом этди:
— Тангри-таолонинг қудрати билан ёруғ дунёга биздан илгари келган алломалар илм арки
хазинасини ноёб фикр дурдоналари билан бойитдиларким, биз бу дурлардан ҳануз
баҳраманддурмиз. Аммо илм аркимизнинг норасидалари билмоқликлари шартдурким, ушбу
фикрлар қанчалар ноёб бўлмасин, мутлақ эмасдур. Фалак айлангани сайин улар таҳлил ва
таҳрирга муҳтож бўлиб борурлар. Ал Хоразмийнинг «Китоб сурат ал-арз»38 деб аталмиш
рисоласида Батлимус жуғрофиясига ўзгартишлар ва аниқликлар киритиши илм аркимиз
норасидаларига ўрнак бўлмоғи даркор. Юноннинг улуғ алломалари яратган нодир асарларни
дадил таҳрир қилгани учун Ал Хоразмий улардан катта ноаниқликларни топди ва Тангрининг
хоҳишу истаги билан ёзилган «Ал китоб ал муҳтасар фи ҳисоб ал жабр ва муқобала»39 зар
андар зар40 бўлди. Байтул-ҳикмада шулар четда қолмаса, деган умидимиз бор.
Али Қушчи Улуғбекка яна таъзим қилиб, сўзини тугатишга изн сўради. Мирзо унга бўлак
гапинг йўқми, дегандай савол назари билан қаради-да, кейин «Мирам Чалабий» деб чақирди.
Шамсибекнинг ҳамсуҳбати ўрнидан тургач:
— Қулоғимиз сенда, — деди.
— Сизнинг бул амрингиз биздай илм арки норасидаларининг йўлини офтоб янглиғ
ёритгусидир. Устоднинг гаплари ҳам кўп маъқул. Мен тавбалари қабул бўлгур бобомнинг
«Батлимусдан ўрган, аммо тақлид қилма», деган ўгитларини тоабад ёдда тутурман. Истагим
шулки, тенгқурларим ҳам насиҳатгўйликдан нари юрсалар. Яна бир истагим шулки, илм
аркининг биз каби норасидалари Ал Форобий, Ар Розий, Ал Беруний, Ал Хоразмий, Ал
Фарғоний каби шайхул-уламоларнинг йўлига солинса, яъни аллома Тангри яратган илмларнинг
баридан бохабар бўлса. Фалакиёт, риёзиёт, ҳандаса, тиббиёт, жуғрофия, адабиёт илмидан
хабар топсагина аллома деб тилга олинса.
— Маъқул. Яна ким сўз айтиш истагида?
Қора соқол қўйиб, катта салла ўраган киши ўрнидан турди. Шамсибек унинг кимлигини
билмасди. Аммо мажлис олдидан унинг анчайин сезиларли оқсашига эътибор бериб, «туғма
оқсоқ экан», деб қўйганди.

37 813—833 yillarda hukmronlik qilib, Bag‘dodda Baytul hikmani rivojlantirgan arab xalifasi.
38 Yerning surati.
39 Tiklash va qarshi qo‘yish hisobiga oid mo‘’jaz kitob.
40 Zarlarning zari.

53
— Қулоғим сенда.
— Байтул-ҳикма Сизнинг улуғ марҳаматингиз туфайлидур. Шу боис унга бўлак юртлардан
алломалар жалб қилинмаса.
— Нечун?
— Сизнинг марҳамат нурингиздан баҳраманд бўлаётган Мовароуннаҳр алломалари ҳам
етурмикин, деган хаёлдамиз.
— Хаёлинг чакки! Байтул-ҳикма Ҳақ-таолонинг истак ва хоҳиши билан бўлур, алалхусус,
унга курраи арзнинг иқтидорли алломалари таклиф қилинур.
Байтул-ҳикма хусусида бўлак фикр айтувчилар чиқмади. Мирзонинг ишораси билан базм
бошланди. Мирам Чалабий, «Бу базм қарор топган Байтул-ҳикма шарафига», деб тушунтирди.
Шамсибек бу кеч шаҳриёр суҳбатида бўлолмаслигини сезди.
Eртаси куни ҳам, икки кундан сўнг ҳам мирзо ҳузурига кириш шарафига муяссар бўлолмади.
Бир ҳафтадан кейин меъмор дорулшафақа иморатининг тарҳи тайёр бўлганини маълум
қилгач, олампаноҳ даргоҳига юзлана олди. Бир ошъёнлиқ бино қуриш фикрини шаҳриёр
маъқуллади. У атрофга мевали дарахтлар экишни таъкидлагач, меъморга деди:
— Янги ҳаммом учун нобоп жой танланибди.
— У ер кўпчиликка маъқул бўлиб эди.
— Маъқул эмас. Тўрт кўчанинг боши беркилиб қолади. Шаҳристонда боши берк кўчаларнинг
мавжудлиги меъморнинг ноқобиллиги оқибатидир. Шуни инобатга ол.
Улуғбек қайтишга рухсат берди. Шундан сўнг Шамсибек Абдулваҳобнинг узрини айтишга
журъат қилди.
— Воситачи бўлмоғингга сабаб недур? — деди Улуғбек унинг сўзларини тинглаб бўлиб.
— Сабаби ўзингизга маълум: сабоқдошмиз, бир қишлоқданмиз.
— Шугинами?
— Ҳа, шугина холос.
— Иқтидорига кафилмисан?
— Ожизман, шаҳриёрим.
— Балли. Шундайлиги менга ҳам маълум эди. У мадрасани тоат-ибодат учун эмас, ақли
ноқислиги учун тарк этган. Дори дардга сабаб экан, шифога қандай умид бўлиши мумкин?
— ...
— Фақатгина сабоқдош бўлгани учун илм аркига етаклаб киришга интилмоқ масжидга эшак
олиб кирмоқ билан баробардур. Шуни билки, бўлак сабаби билан эмас, балки ақли ноқислиги
учун илм даргоҳидан қайтиб, унга тош отганлар тубан ва жоҳилдурлар. Яна билки, кимки
жоҳилга кўмак берса, Оллоҳ унинг устидан шул жоҳилни ҳукмрон қилиб қўюр. Сабоқдошинг
жарималари саҳифасига авф рақамини тортмоққа нолойиқ. Бундан сўнг фикрингни бу қадар
бемаъни ишлар билан банд этма.
Шамсибек узр айта-айта, чиқди.
Eртаси куни расадхона йўлидаги ерга дорулшафақа биносини қуриш ҳаракати бошланди.