ОМОН ҚОЛГАН ОДАМ
1956 йили эди. Етимхонада бирга ўсган тенгдошларимни учратиб қолдим. йигирма йилча кўришмаган бўлсак-да, мен у ҳақда анча-мунча гапни эшитиб билар эдим. Ўзим умримда кўп қийинчилик, мушкул вазиятларни бошимдан кечирганман. Лекин менинг кўрган кунимни бунинг кўргиликлари олдида жаннат деса бўларди.
У тарихчи ёш муаллим эди. 1941 йили урушга кетганини биламан, кейин кўп ўтмай, бедарак йўқолганини эшитдим. Урушдан кейин маълум бўлдики, асир тушиб, тўрт йилда концлагер даҳшатларинн бошидан кечирибди. Ғалабадан кейин ҳарбий қисмларимиз қутқазганда, оиласига дарак келди: очликдан чалажон бўлган ҳолича госпиталга жойлаштиришган экан. Аммо бир йил ўтар-ўтмай Колимада эмиш, деб эшитдик.
Уша гапга ҳам тўққиз йил бўлди. Демак, жами ўн беш йилча жаҳаннам азобини чекиб омон қолган одам.
Лекин у ҳозир бундай кулфатни кечирган кишига сира ўхшамасди. Қулоч ёзиб кўришганимизда яна ҳам амин бўлдимки, у тоғни урса талқон қиладигандай соғ-лом, бақувват, оқ юзидан кулги чарақлаб турибди.
– Оббо, Фазлиддин-ей...— дедим ўша танишим эканига ишонқирамай. Спортчиларникидай дағал, кенг кафти билан елкамга уриб қўйди. Шунча мудҳиш синовлар кор қилмабди, азаматга. «Биз детдом болалари ҳаммамиз шунақамиз ўзи — дея ғурурланиб қўйдим,— мушкул йиллар қаддимизни буколмай ўтди-кетди, биз эса ўша-ўша тетик!..
– Оббо, сен-ей, юр кетдик!
– Қаёққа?
– Қаёққа бўларди, ҳовлига-да, ўтган қора кунларни эслаб чақ-чақлашамиз, оғайни.
– Йўқ,— деди у.
– Йигирма йилда бир кўришиб-а?
– Йўқ, Қўқон хонлигининг элчиси қабулхонамда кутиб ўлтирибди... Сиз ҳам боринг. Хуросонда вазият оғир...—деди у.
Кўзларимни пирпиратиб, юзига боқсам, ҳазиллашаётган кишига ўхшамайди, жиддий. У-бу гап топгунимча «хайр» деб жўнаб кетди.
– ... Аттанг...— дея шивирлаб, теракка суянганча орқасидан қараб қолавердим.