АТИР
У идоранинг эшигига барвақт келиб қолган экан. Ҳали қоровул ҳам тол соясидаги чорпояга чопонини ташлаб, хуррак отиб ётибди. «Ҳой, Мадраим, нима қилиб юрибсан саҳармардонда?» дейдиган одам йўқ. Сувчиники шу-да, ҳамма ухлаганда ишлайди, ҳамма ишлаганда ухлайди. Қуёш найзага келганда шийпоннинг заҳроқ бурчагини танлаб жиндак мизғиб олади-да,— тун ўзиники — ойдинда сув тараб тонг оттиради.
Ҳозир ҳам даладан келиши. Кетмонни зинапояга суяб, этигининг лойини обдон қириб артгач, қабулхонага кириб ўтирди. Нос отиб, мулоҳазага тушди: бемаврит келди-ёв... жаво.б бериши амримаҳол. Ҳа, саратонда сувчининг жойи худди шаҳарда, дея кесатиб чиқариворса-чи? Тағин билиб бўлмайди, қайси томони билан турганига ҳам боғлиқ. Омад юришиб, ёш хотиндан хурсанд бўлиб, чеҳраси очилиб келиб қолса...
Раиснинг машинаси чарақлаган қуёшни чақнатиб, соат саккизларда келиб тўхтади.
— Сув қалай?
— Сув сероб.
— Кўллатманглар.
Раис шундай дедию саломлашмасданоқ идорасига кириб кетди. Мадраим қабулхонада эсанкираб, яктагининг этаги билан пешонасини қайта-қайта сидириб артганча, кирсамми- кирмасамми дегандай депсиниб турди-да, таваккал қилди шекилли, носқовоғини қайта белбоғига қистириб, эшик қоқди. Ичкаридан овоз келмаса ҳам очиб кираверди.
— Фронтчи ўртоғим касалхонага тушиб қолибди, хўжайин. Хабар олмасам бўлмайди. Ўзингиздан қолар гап йўқ, бирга ўлиб, бирга тирилган қиёматлик ошна... Шомгача айланиб қайтаман, хўжайин,— деди иланиб. Нима деса ҳам, жеркиб ташласа ҳам, чидаб бераман, дегандай ерга қараганча кутди. Раис узоқ индамади.
— Майли...— деди анчадан кейин. Тавба — астағфирилло, кўз тегмасин бу ёш хотиннинг шарофати, албатта. Лекин айнимасдан туриб, пайтида жўнаб қолиш керак.
— Менга қаранг,— деди раис уни остонада тўхтатиб. Мадраимнинг юраги шув этди: «Айтмадимми, ана, айниди!»
Раис бир парча қоғозга нимадир ёзиб, эллик сўм пул қўшиб узатди.
—«Домдеҳқонга» тушасиз-ку? Уша ерга яқин. Шута Руставиллининг муюшида ойнавонлик магазин бор, «Теже» деган. Атир оласиз.
Мадраимнинг эллик сўмни ушлаганча ҳайрон бўлиб турганини кўриб, юзи кенгайиб жилмайди. — ...Келинингизга. Отини мана бу қоғозга ёздим.
— Хўп бўлади, хўп бўлади,— дея чиқиб кетди ўзида йўқ хурсанд Мадраим. Осонгина жавоб берганининг боиси бу ёқда экан-ку. «Селмаг» га бир асил мол келса аввал шу кишининг олдидан ўтишади: «Келинойимизга мабодо...?» Эллик сўмни яна олиб қараб қўйди Мадраим. Ўзининг кеча олган икки ойлик «аванси» 43 сўм, мана, белбоққа тугуглиқ... Наҳотки битта атир эллик сўм бўлса? Оти ҳам... оти ҳам қиёмат, бегона сўз бўлса керак, одамнинг тили келишмайди.
Шийпонга қайтиб тоза этик, оқ иштон, янги яктак кийиб, барини белбоққа қистирди-да, йўлга тушди. Ҳаяллаб бўлмайди, кечга қайтиб келиши керак. Яхши бўлди. Бўтавой-сержантдан ҳол сўраш қиёмат-қарз эди, раисга раҳмат... жонон келинга раҳмат, очиғи. Мадраим ўзича жилмайиб қўйди.
Шошсанг шаҳарга бор. Ҳамма елиб-югуриб юради. Кўпчилик қатори сен ҳам. Имиллаб кўр-чи, туртиб ўтади. Эшитасан эшитмаганингни. Шошганингдан, ишинг битганини ўзинг ҳам пайқамай қоласан. Бозор, касалхона, Бўтавой билан апоқ-чапоқ суҳбат, яна «Домдеҳқон», Шута... Руставилли, чакана йўл босмади, ўйлаб қараса. Тўғри, Бўтавой-сержант билан узоқ ўтиришга рухсат беришгани йўқ. Бу ҳам ўз йўлига омад-да. Ойнавандлик «Тежэ» ёпилиб қолса нима бўларди!
35


«Тежэ» дегани нима дегани — худо билади. Мадраим раиснинг ёзиб берганини ичида такрорлаб-такрорлаб, яна ўзига ишонмай қоғозни очиб боқди. «Poisoh»— эскича ҳарфда ёзилган экан. Капиталистларда тутганини қўймайди, ҳали-ҳали ўша эски алифбода ўқиб-ёзиб юришибди.
Эшикни очиши билан — оҳ-оҳ-оҳ!— аллақандай хушбўйлар димоғига урилди. Сотувчи қизалоқларни-чи? Осмондая тушган паризотларми дейсиз, қўғирчоқдай бежирим, узун киприклари юзига соя солиб, яноқлари ял-ял ёниб турибди. Айниқса ўртада бирови — чилвирсоч, кўзлари теран чашмадай, қарашлари осуда... Хайрининг ёшлигига ўхшаб кетади. Худо ҳаққи, сал ёндан қарасанг, Хайрининг ўзгинаси-я, иягининг чуқурчасигача...
Мадраимнинг эсини йиғиб олишига анча вақт кетди.
— Атирни шўтта сотадими?
— Атир дўконида турибсиз-ку, амаки!—деб чиройли кулди сотувчи қиз.
Овози ўхшамас зкан. Айниқса ҳозирги Хайриникига. Мадраимнинг қулоғига хотинининг овози эшитилиб кетди: «Ҳой, қайси қора гўрда юрибсиз? Аванс қани, бугун йигирмаси! Опкелинг буёққа, супрани қоқиб, қозонни қантариб қўйибман!»
Аванс... Ойлик, маош деган гаплар бўларди, бизда аунас дегани чиққан. Ялинтириб беради-да, йиллик ҳисобда ялинтирмай-нетмай осонгина чийириб қолади...
Мадраимнинг хаёли кетиб қолган экан, ҳалиги па-ризотнинг овози ўзига келтирди.
— Хизмат?
— Пайсон деган атир керак,— деди Мадраим қоғоздаги ёзувни зўрға эслаб.
Қиз елкасини қисиб, дугонасига кулиб қаради.
— Унақасини эшитмаганмиз, амаки.
— Нега эшитмас зкансиз, мана,— деб Мадраим раиснинг қоғозини узатди. Қизлар, ўқиб, кулиб юбо-ришди. Қейин ҳалигиниси содда одамдан узр сўрагандай, мулойим овозда тушунтирди:
— «Пуазонг» дейилади бу, амакижон,— атир номидаги охирги «Н» ҳарфини димоғидан чиқариб айтди,— Француз атри бу, жуда қиммат.
— Биламан, эллик сўм,— деди Мадраим белбоғидан пулни чиқариб.
Қизлар тушунишдики, бу содда одамга нозик харид-ни бир бойвачча буюрган. Олиб кўрсатишди. Кичкинагина, тилларанг хат битилган шишача. Мадраим уни авайлаб олди, шишача дағал бармоқлари орасида нақ йўқолиб кетди. Харидор ишонинқирамай, қошини чими- риб узоқ боқди. Ажабо, эллик томчи ҳам келмайди-ку бу! Наҳодки томчиси бир сўмдан ошиқ бўлса?
— Бошқа ҳеч нарса олмайсизми, амак,— деди ҳалиги Хайрининг ёшлигига ўхшаган қиз бўялган узун тирноқли бармоқларида қаламни ўйнатиб,— келинойимларга ҳам олинг, арзонроғи бор.
Хайрига атир? Мадраим хоҳолаб кулиб юборишига сал қолди. Хайрига-я! Шишаси билан уриб бошингни ёрар! Бугун йигирмаси, ауансни кутиб кўзи тўрт бўлиб ўтиргандир. Пул ўрнига мана бу шишачани олиб борса, жазаваси тутиб, доктор чақиришга тўғри келади. Бу паризотлар нимани билади, нимани кўрибди, на рўзғор буларда, на бола...
Ўтган йигирманчи числони эслади. Ауансни олиб энди кўчага чиқса, дўконга муздек пиво тушган экан, тўртта улфат учраб икки кружкани ичиб қўйди-да. Мадраим ўзи ичмайди, ҳадеганда нафсга ҳам чалғимайди, аммо кўнгил экан, ҳа-ҳа ол билан яна бир кружка ич-ди. Пивопуруш лотерей ҳам сотаётган экан, жизманларига йўл-йўлакай тўртта-бештасини тутқизиб турибди. Гапдан-гап чиқиб, ола-ғовурда кимдир мақтаниб қолди: қўшни совхозда бир ошнаси шу лотерейга машина ютибди эмиш. Яна биров кимдир гилам, кимдир мотоцикл ютган деб хабар қилди. Сал кайф қилган Мадраимни ҳам шайтон чалғитдими, йигит-яланг қатори учта лотерей олса бўладими?!
— Ютасиз, ютасиз, қаторасига олинг!—деб туришибди текин насиҳатчи шериклари... Қисқаси, энди уйга келгандаги аҳволни кўринг. «Ауанс»ни кутиб ўтирган Хайри лотерей
36


билетларини шундоқ олдию ширакайф эрининг башарасига урди, билетлар сочилиб, шабадада ҳовлининг бурчак-бурчагига, бири токлар орасига, бири ўчоқ бошига капалакдай пирпираб учди.
— Балонинг ўқини ютасиз! Туяни думи ерга текканда!—деб бақирди Хайри,— ана боқинг тўртта болани ўша қоғозларингиз билан!—бўхчасини тугиб онасиникига кетиб қолди. Бундай пайтда унга қарши гапириб бўлмайди, жазаваси тутиб йиқилиб қолиши ҳам бор. Мадраимнинг кайфи елдай учиб, остонада қаққайганча қолди.
Бола боқиш нималигини ана ўшанда билган Мадраим. Ёлғизликнинг ўн тўртинчи куни кечаси билан йиғлаб, хаёлида хотинининг ёрилиб кетган чақа бармоқларини ўпганини ҳалигача бировга очилиб гапиргани йўқ. Хотини ўн етти кун деганда болаларига тугунчада у-бу кўтариб қайтиб келди. Адабини еган Мадраим Хайрини ҳали ҳам яхши кўришини ич-ичидан тан олган эди ўшанда.
— Бошқалар оладию сиз нега олмас экансиз келинойимларга!—деди ҳалиги қиз,— ёзаман чек, ўн тўққиз сўм бўлади, хўпми, амакижон?
Унинг овози эритворди Мадраимни. Атирни қўлига олганида ўша ширинзабоннинг қўлини олгандай бўлди: кичкина, чиройли, хушбўй... Индамай ўйланиб турганида қиз чекни ёзиб, у томон суриб қўйди. Мадраим туфугини зўрға ютиб, қуруқшаган лабларини ялади. Юзига мулойим қараган қизга бир нима деёлмай, пулни чиқарди, хаёллари чувалиб, «мен нега олмас эканман, мен... нега олмас эканман...» дея кўнглида такрорлаб дўкондан чиқди. Қизчага раҳмат, хайр деёлдими-йўқми — эсида ҳам йўқ.
Энди унинг хаёли бошқа ёқда эди: уйга қандай кириб боради, нима дейди, ходинига атирни қандай беради, ундан кейин нима бўлади? 19 сўм! Ауансни қарийб ярми-я!
Кечга яқин эшикни ғирчиллатмасдан очиб, ёзвош кириб борди. Хотини ўчоқ бошида болалар билан чуғуллашарди.
— Ўзингизмисиз?—деди Хайри шарпани сезиб, қайрилиб қарамасдан.— Улфатлар учрамадими ишқилиб? Бугун йигирманчи число — я...
«Бошланди!»—деди Мадраим ичида: саволларга жавобан, «Ҳа, келдим», дегандай йўталиб қўйди. Лекин ҳамони этигини ечмай, гарангсиброқ турарди.
— Ҳа, қўлингиз чўнтагингизга ёпишиб қолдими?
— Йўғе, нега...— Мадраим ҳали ҳам атирни маҳкам ушлаб турганини энди пайқаб, қўлини олди. Жилмайган бўлди. Сунъий чиқди жилмайиши.
— Бир нимани яширяпсиз,— деди хотини.
Мадраим болаларнинг ҳам келиб, «ҳозир жанжал бўлади» дегандай бақрайиб туришганини кўрди.
— Қизиқмисан... Нимани...
Ўзи бўлса ўйларди: аввал совғани берсаммикан, ё қолган пулними? Иккаласи ҳам хатарли, иккала ҳолатда ҳам ўт олиб кетиши мумкин...» Энди таваккал, бўлар иш бўлди. Мадраим ҳар нарсага тайёр эди. Атирни яктак киссасидан шартта чиқарди-ю хотинига узатди.
— Мана!
Хайри беихтиёр икки қўллаб олди-ю пешонасини тириштириб бежирим қутичага тикилиб қолди. Кейин уни аста очиб, жажжигина юмалоқ атир шишасини худди учиб кетадиган қушчадай ҳовучида ушлаганча яна узоқ тикилиб турди.
Нима бўлди унга? Тезроқ бир нима деса-чи?! Ё ғазаби томоғига тиқилдими? Бақир, Хайри, сўк, қарға, фақат жим турма!
...Ҳозир жазаваси тутади, идиш-товоқни кўтариб уради, йиқилади... Мадраим жуда кўрқиб кетди: Хайри тилдан қолган, юмуқ кўзидан ёш сизиб, кўкси тўлқинланиб, гавдаси чайқалиб кетди.
— Ойи! Ойи! Нима бўлди сизга?—дейишди болалари.
— Хайри,— деди унинг йиқилиб кетишидан қўрққан Мадраим. Ҳақиқатан ҳам йиқиладиган
37


экан, эрига суялиб қолди ва шу зумдаёқ бўйнидан маҳкам қучиб осилиб қолди.
— Хайри...— деди яна Мадраим хавотирда.
— Ҳиди яхши экан,.. бошим айланди. Ўзингиз яхшисизда,—деди Хайри яна маҳкамроқ қучоқлаб,— эсингизда турган экан... тўйимиз бўлган кун. Эсингизда экан...
— Хайри, ўзингни бос, болалар қараб турибди,— дедн бахтиёр Мадраим илжайиб. Аллақачон унутгансиз деб ўйловдим.
— Хайри, эсингни йиғ, куппа-кундузи...— дея ши-вирлади хотинининг ҳароратини бутун вужуди билан сезган Мадраим.
— Ахир кечаси яна кетасиз... бугун ҳам ойдин, сув тарайсиз...