РАД ҚИЛИНГАН ИЛТИМОС
Шу ерга келганда Жаҳонгир асабларини бошқаролмай қолган. Афтидан, кўз олдида
гавдаланган бегуноҳ, мунис жувон жасадининг, фарёд чекаётган онанинг қиёфаси унга қаттиқ
таъсир қилган эди.
Жаҳонгир дафтардаги сўнгги жумлага нуқта қўйиб, бошини ушлаганича ўтириб қолди.
Дастлаб эшикнинг тақиллашига аҳамият бермади. Кейин ўғлининг овозини эшитиб дафтарини
бекитди-да, эшикни очди.
— Дада, ахир ишлашингиз мумкинмас-ку, — деди Жамшид ялинчоқ бир оҳангда.
— Тўғри... мен ишлаганим йўқ. Фақат... уйқу қочди.
— Соат беш бўлди. Сиз ҳали мижжа қоққанингиз йўқ.

45
— На илож? Бугун дам олиш уйига кетсам... Ўша ерда тўйиб ухлайман. Тоза ҳаво... Мароқли
сайрлар...
— У ёққа бир шарт билан борасиз.
— Қандай шарт?
— Китоб тугул бир варақ қоғоз ҳам олмайсиз.
— Шунинг ўзими? Яхши. Лекин менда ҳам бир шарт бор: мени йўқламайсан.
— Буни ўйлаб кўраман.
— Ана шу-да! Бирор еринг сал оғридими, даволовчи эмас, буйруқ берувчилар билан ақл
ўргатувчилар кўпайиб қолади! Менга қара, шу ондан бошлаб мен ҳақимда ўйлашни йиғиштир.
Илмий ишингни ўйла. Ишинг бир ёқлик бўлмагунча сен билан гаплашишни ҳам истамайман.
— Ахир, дада...
— Гап тамом. Ҳозироқ хонангга чиқ. Кечаси ухламай мени пойлаган бўлсанг, дамингни ол.
— Ҳеч бўлмаса кузатиб қўяй.
— Ёш бола эмасман, йўлимни топиб кета оламан.
«19... йил, 14 июн, ЎзФА Биофизика илмий-текшириш институти. Профессор Алиевнинг
тажрибахонаси.
Соат 11.00. Тажрибанинг бешинчи босқичи бошланди. Медитсина комиссияси
профессорнинг соғлиғини текшириб, тажрибани давом эттиришга рухсат берди. Энди
комиссиянинг рухсати билан тажриба ҳафтада бир марта ўтказилади. Институтнинг тоғ
этагидаги оромгоҳидан профессор учун махсус хона ажратилди. У тажрибадан сўнг уйга
бормай, шу ерда дам олади. Медитсина комиссияси тажрибага алоқаси йўқ кишилар билан
муомалада бўлишни қатъий ман қилди.
Соат 19.20. Тажрибанинг бешинчи босқичи якунланди. Профессор ўзини яхши ҳис қиляпти.
Элалломалар узлуксиз, режа асосида ишлади. Тажриба давомида ҳеч қандай ҳодиса юз
бермади. Тажрибанинг навбатдаги босқичи 21 июнга белгиланди. Профессорнинг тажрибалар
орасини қисқартириш ҳақидаги илтимоси рад этилди...»