ТОПИЛМА
Уч кундан бери эзиб ёғаётган ёмғир тинди. Кун ботарда қонга беланган уфқ энди ҳавонинг
очилиб кетишини ваъда қилган эди. Лекин мағрибдан эсиб турган шамол кўп ўтмай яна қора
булутларни ҳайдаб келди. Юлдузларнинг юзи тўсилди. Ҳаво айтарли совуқ эмас, бироқ кучсиз
изғирин баданни жунжиктиради.
Аеропортда навбатчилардан бўлак ҳеч ким қолмади. Шаҳар томондан келган бўш автобус
ҳайдовчиси бино эшиги оғзида турган Султонга «чиқармикин» дегандай бир-икки қараб қўйди.
Кейин сигнал берди-да, яна шаҳарга йўл олди.
«Охиргиси бўлса керак... — ўйлади Султон, — нега ҳеч кимдан дарак йўқ? Аслида
меҳмонхонага тушаверсам бўлар экан. Ё рейсни нотўғри англадими? Қани, сўраб кўрай-чи...» У
ичкари кириб, навбатчига яқинлашди.
— Кечирасиз, синглим, кундузи ҳеч ким Султон Умрзоқовни йўқладими?
— Умрзоқов дейсизми?.. Йўқ.
— Телефон ҳам қилмадими?
— Йўқ.
Султон раҳмат айтиб орқасига қайтди-да, «яна бир оз кутай-чи», деб пастак креслога
ўтирди. навбатчи қиз телефонда ким биландир гаплаша туриб, чаккасидаги сочлари бир текис
оқарган хушмуомала бу йўловчига қараб-қараб қўйди. Кейин телефон гўшагини жойига ила
туриб, деди:
— Сизни бирор киши кутиб олиши керакмиди?
— Ҳа.
— Борадиган жойингизни аниқ билмайсизми?
— Биламан. Булоқбошига боришим керак.
— Хийла узоқ экан. Шаҳарда бўлса такси чақириб берардим.
— Чақираверинг.

2
Бугун эрталаб Султон Арманистонда эди. У икки ҳафтадан бери ҳамкасби профессор Теос
Акопяннинг илтимоси билан янги очилган ғордаги буюмларни, деворларидаги суратларни
ўрганишга кўмаклашарди. Эрталаб телеграмма келди. «... Булоқбошидаги қабристонни
ковлашда ажабтовур буюм топилди. Тез етиб келинг. Сизни Андижонда кутиб оламан. Асад
Муллаев».
Асад Муллаев Султоннинг истеъдодли шогирдларидан, баъзи топилмаларни текширишни
Султон кўпроқ шу шогирдига ишонарди. У телеграммани ўқибоқ, янги жиддий иш
бошланажагини англади. Асад майда-чуйда нарсалар учун устозини безовта қилавермасди.
Султон ҳамкасбидан узр сўраб Тошкентга қайтди.
Ҳавонинг айнигани сабаб бўлиб, Андижонга бир ярим соат кечикиб келди. Икки соатдан
бери аеропортда Асадни кутади. Аксига олиб, чақирилган такси ҳам бу ерга бир соатдан сўнг
келаркан...
Шу пайт ташқарида юк машинаси тўхтади. Султон «келди шекилли» деб ўрнидан турди.
Янглишмабди. Эшик шахт билан очилиб Асад кўринди.
— Узр, домлажон, — деди у шошиб келиб кўришаркан, — машина панд бериб қўйди.
— Ҳечқиси йўқ. Кетдикми? — Султон шундай деб эшик томон юрди. Сўнг такси буюргани
ёдига тушиб, орқасига қайтди:
— Синглим, сизни яна безовта қиламан. Энди таксига ҳожат йўқ.
Ташқарида ёмғир севалай бошлаган эди. Боғи Шамолга етишганда ёмғир қорга айланди.
Йўлнинг ўнг томонида адир қорайиб кўринар, яланғоч дарахтларнинг шохлари илтижо билан
чўзилган панжалардек ҳаракатсиз турарди. Булоқбоши ёз кунлари дилхуш оромгоҳ бўлгучи шу
адирнинг ортида.
Султон шогирдига қаради. У йўлдан кўз узмай боряпти. Моторнинг бир маромда гувиллаши
қулоққа чалинади. Майда қор учқунлари ойнага урилади. Тозалагич шу заҳотиёқ уларни суриб
ташлайди. Гўё машина билан қор жанг қилаётганга ўхшайди.
Асад кеч қолгани учун изза чекиб, домласига кўп гапирмади. Ҳол-аҳвол сўраш билан
чекланди. Султон шогирдини хижолатдан қутқариш учун уни гапга тутди:
— «Ажабтовур буюм» нима экан?
— Тоштобут, — деди Асад домласига тезгина қараб олиб.
— Тоштобут?
— Ҳа. Эски қабристонни бузаётганларида топишибди. Бизга хабар қилишди. Мен кеча
келгандим. Иккита тоштобутни кавлаб олдик.
— Санаси аниқми?
— Аниқ. Ўн бешинчи аср.
— Темирзодаларникими?
— Бу ҳақда маълумот йўқ.
Чорак соатлардан сўнг улар Булоқбошига етишди. Шаҳарчада тўхтамай, юқорилашди.
Машина катта кўча бориб тақалган қабристон олдида тўхтади. Улар чироқлар ёниб турган
томонга лой кечиб боришди. Чодирдан икки киши чиқиб, уларни кутиб олди. Султон бу
йигитларни таниди. Улар Асадга бириктирилган талабалар эди. Асад устозини тупроқ уюмининг
орқасига бошлади. Йигитлардан бири тоштобут устидаги чойшабни кўтарди. Султон
яқинлашиб, араб алифбесида ўйиб ёзилган хатга тикилди. Кейин овоз чиқариб ўқиди:
— Жаннатий аллома Шамсибек Исмоил ўғли хусуф куни шаҳид бўлдиким, қотили аҳли
мутаассиб эрур. Воллоҳи аълам, биссавоб. Ўн бешинчи зу-л-қаъда 8... ҳижрий йил». Ажаб, бу
Улуғбек даври-ку? Тоштобутлар бу ерга қандай келиб қолди экан?
— Музейдагилар ҳам етиб келишган, уларга нима деймиз?
— Шошмай туришсин. Тоштобутларни Тошкентга юбориш керак. Биофизика институтидаги
профессор Алиевнинг тажрибахонасини биласиз-а? Ўша ерга юборинг. Кейин маъмуриятга
айтинг, экскаватор солмай туришсин. Бу ерларни жиддийроқ ўрганиш керакка ўхшайди.

3
Султон шундай деб изига қайтди.
— Меҳмонхонадан жой тайёрлаб қўйганмиз, — деди Асад.
— Ўша ердан Тошкентга қўнғироқ қилиш мумкинми?
— Ҳа, телефон бор.
Султон идора ёнидаги меҳмонхонага жойлашди. Ивиб қолган шляпасини, ёмғирпўшини
қозиққа илгач, соатига қаради: икки ярим бўлибди. Телефон қилсамми ё эрталаб гаплашсамми,
деб бирпас иккиланиб турди-да, гўшакни кўтарди.
Биофизика институтининг етакчи олимларидан бўлган профессор Жаҳонгир Алиев бу дамда
элалломанинг электрон мияси қоғозга туширган сатрларни таҳлил қилиб ўтирарди. Жаҳонгир
бу ҳайратомуз кашфиётини яратишга киришганида асосий вазифа — асбобни ихтиро қилиш,
уёғи тарихчилар билан криминалистларнинг иши деб ўйлаган эди. То элаллома яратилгунча
унинг сочлари тўкилди, пешонасига уч-тўрт чизиқ тортилиб, тажанг одамга ўхшаб қолди.
Ниҳоят, йигирма йиллик меҳнати ўтган ойда илк самара берди. Элаллома тўрт кун бурун вафот
этган одамнинг руҳий дунёсини тўла тиклай олди. Бироқ, бир неча йиллик мурдани ўрганишда
асбоб кўп ғўнғиллади-ю, тайинли гапни кам ёзиб чиқарди. Элаллома суяклари чириб қолган
мурданинг фақат исмию оламдан кўз юмган йилини аниқлаб берди. Асбоб тарихга мурожаат
этган сари ишга яроқсизланиб, профессорнинг умидини булут пардасига ўраб қўяётган эди.
Жаҳонгир сатрларга тикилиб, шу ҳақда бош қотириб ўтирганида телефон жиринглади.
Гўшакни кўтарди. Султонни овозидан таниб, ажабланди.
— Тинчликми? — деди у салом-аликни унутиб.
— Тинчлик. Мен сенга Булоқбошидан телефон қиляпман.
— Булоқбошидан?
— Ҳа, Арманистондан тўғри шу ерга келдим. Ғалати нарса топилди. Бу ердаги гўристонни
бузишаётганидан хабаринг бормиди?
— Йўқ. Бир ҳафтадан бери таҳлил билан бандман. Нима топилибди?
— Иккита тоштобут чиқибди. Ёзувига қараганда тобут ичида Шамсибек исмли шаҳид аллома
ётибди. Иккинчисида Маҳфуза исмли аёл. Тоштобутларни тажрибахонангда очсак, девдим.
Эртага Тошкентга жўнатаман. Кутиб ол. Ўзим кечга яқин ё индинга эрталаб етиб бораман.
Дўстининг ярим тунда етказган бу янгилиги Жаҳонгирнинг тинчини олди. Эрталаб
тажрибахонага бориб, тоштобут ортилган машинани оқшомгача кутди. То уни тушириб,
ичкарига олиб киришгунларига қадар Султон ҳам етиб келди.