АКТИНОМИКОЗ

АКТИНОМИКОЗ (актино… ва юн. mykes — замбуруғ) — турли нурсимон замбуруғлар — актиномицетлар келтириб чиқарадиган юқумли касаллик. Одамда кам учрайди; кўпинча ҳайвонлар (аксари қорамоллар) касалланади. Актиномикоз б-н асосан жағ ва бўғим соҳаси, қорин бўшлиғи аъзолари, шунингдек ўпка касалланади. Актиномикоз пайдо бўлган жойнинг таги қаттиқ тортиб, берчлашади ва мадда йиғиб, бир қанча вақтдан кейин ёрилади; бунда ярадан ёпишқоқ йиринг оқиб чиқади; шу йирингда кўпинча актиномицетлар бўлади. Яра битиб кетганидан кейин чандиқ бўлиб қолади. Актиномикоз вақтида даволанмаса. у баданнинг бошқа жойларига ҳам тарқалиб кетиши мумкин. Замонавий даво усуллари кўпинча беморнинг бутунлай соғайиб кетишига имкон беради.