Ўзбек халқи тилининг такомиллашувида XIV асрдан XIX асрнинг иккинчи ярмигача бўлган тарихий давр муҳим рол ўйнайди. Темур давлатининг равнақи остида ижод этган Саккокий, Атоий, Лутфий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби мумтоз адибларимиз ўзбек адабий тилининг мавқеини юксак даражага кўтардилар. Кейинчалик ўзбек тилини халқ тилининг бой имкониятлари асосида Абулғозихон, Турди, Гулханий, Махмур, Мунис, Огаҳий каби адиблар янада бойитдилар.