Бошланғич таълимга паст назар билан қаралишининг исботи шуки, собиқ СССРда бутун бошли педагогика техникумлари ва билим юртлари тизими ташкил этилиб, улар асосан 1–4 синф ўқувчиларини ўқитадиган муаллимлар тайёрлар эди.
Ваҳоланки, боланинг дунёқараши, диди, салоҳияти шаклланадиган бошланғич синфларга энг етук, энг тажрибали мураббийлар бириктириб қўйилишини оддий мантиқнинг ўзи талаб этади.
Замонавий бошланғич таълимнинг ўзи нимадан иборат бўлиши керак? Бола 1–4 синфларда қандай билимга эга бўлиши лозим? Уларнинг тарбияси қандай бўлиши керак? Шу масалаларга жавоб топишимиз зарур.
Яна бир муҳим савол. Норасида боланинг мияси, онги нимани ўзига сингдира олади, нимани қабул қилмайди? Ким бу масалани илмий жиҳатдан тадқиқ қилган?
Болаларимизга қачондан бошлаб, қандай қилиб, қандай усулда ва услубда миллий қадриятларимиз, урф-одатларимизни ўргатишимиз, чуқур англатишимиз керак?