Услубий қўлланма фалсафа фанидан талабаларнинг Марказий Осиё фалсафаси, унинг жаҳон маданиятига таъсири мавзуси юзасидан қатор маълумотларни самарали ўзлаштириб олишларида муҳим назарий-илмий услубий аҳамият касб этади. Бу эса, талабаларни юртимизда энг қадимий даврдан бошлаб токи Темурийлар давригача бўлган ижтимоий-маданий ҳаёт, диний-фалсафий тафаккур ривожи, унинг ўзига хос томонлари, буюк файласуф – алломалар илмий –диний мероси, улар амалга ошириб кетган эзгу яратувчилик ишлари каби муҳим маълумотлар билан таништиришда катта рол ўйнайди. Чунки, бундай билимларга эга бўлиш ёшларнинг ўз тарихий-ижтимоий, фалсафий меросини ўзлаштириб олиўлари улар онги ва қалбини маънавий озиқлантиришда, ҳозирги давр тақоза этаётган долзарб вазифалар моҳиятини тушуниш ва амалга оширишда зарурдир. Услубий қўлланма Фалсафа фанидан 2004-йил Олий таълим вазирлиги томонидан тавсия этилган намунавий дастур асосида тайёрланди.