Диссертация мавзусининг долзарблиги ва зарурати. Экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини ошириш, импорт оқимини камайтириш, валюта заҳираларини тежаш ва аҳолининг ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондириш янги композицион материаллар ва тайёр истеъмол буюмларини, жумладан, трикотаж асосида яратишни талаб этмоқда. Республикамиз тўқимачилик ва енгил саноатининг трикотаж тармоғи нисбатан ёш, ўта муҳим соҳа бўлиб, ҳозирда мамлакатимиз экспорт потенциалини оширишга йўналтирилган. Айнан трикотаж ишлаб чиқариш базасида «хом ашё – тайёр маҳсулот» якунланган цикли мавжуддир. Шунинг учун ҳам замонавий композицион фильтрлар ва қатламли полимер материалларни яратишда техник трикотаж ўта маъқул компонент бўлиши мақаррардир.