ВАЙОМИНГ

ВАЙОМИНГ — АКШ ғарбидаги штат. Майд. 253,6 минг км2. Аҳолиси 470 минг киши. Маъмурий маркази — Шайенн ш. Ҳудудининг катта қисми Қояли тоғларда жойлашган, шим.-шарқи эса Буюк текисликларга туташган. Янв. нинг ўртача т-раси —3° дан —9°гача, июлники 18—22°, йилига 300—500 мм ёғин ёғади. Текисликларда дашт ва чала чўл ўсимликлари, тоғларда игна баргли дарахтлар ўсади. Вайоминг АҚШнинг аҳолиси сийрак ва иқтисодида қ. х. етакчи ўринда турадиган штатларидан бири. К-х. да яйлов чорвачилиги асосий ўрин тутади. Яйлов кўп. Деҳқончилик чорвачилик б-н боғлиқ. Шарқий р-нларда буғдой, суғориладиган ерларда қанд лавлаги, сули ва арпа экилади. Тоғли р-нларда ёғоч тайёрланади. Саноатида нефть, газ, кўмир қазиб чиқариш, электр энергия ҳосил қилиш етакчи ўринда туради. Уран, темир рудалари ва қурилиш материаллари қазиб олинади. Бошқа тармоқлари маҳаллий аҳамиятга эга. Вайомингни трансконтинентал т. й. кесиб ўтган.