КОВРАК (Ferula) — зирадошлар (соябонгулдошлар) оиласига мансуб кўп йиллик ўтлар туркуми. Ўзбекистонда 45 тури ўсади. Сассиқ Ковракнинг бўйи 1 м ча, илдизи шолғомсимон, диаметри 15 см ча. Пояси тик, йўғон, ичи ковак, юқори қисми шохланган. Илдизолди барглари бандли, 3 бўлақли, поядагилари майдароқ, кетмакет жойлашган. Тўпгули йирик, шарсимон, диаметри 20 см, ён тўпгуллари майдароқ. Эрта баҳорда гуллайди. Меваси — икки бўлақли. Чўлларда ўсади. Илдизидан олинадиган елим (смола)дан астма ва баъзи нерв касалликларида ишлатиладиган дори тайёрланади.