КЛОУНАДА (инг. clown, лот. colonus — қўпол одам) — цирк жанри, эксцентрика, буффонада, гротеск, тақлид воситалари асосида комик образ яратиш санъати. Унинг энг яхши намуналари ижтимоий аҳамиятга эга бўлиб, ҳаётнинг салбий томонларини фош этади. Клоунадалик санъатига ҳаракатнинг сўзга нисбатан устунлиги, воқеани бўрттириб кўрсатиш, циркнинг бадиий ифода воситаларидан кенг фойдаланиш каби хусусиятлар хосдир. Клоунада шартли равишда учта асосий йўналиш (пантомима, сўз ва мусиқали Клоунада)га бўлинади.
Циркнинг алоҳида жанри сифатида Клоунада 19-а. нинг 1-чорагида шаклланган. Биринчи машҳур клоун Ж. Б. Ориоль бўлган (Олимпия театр-цирки, 1834 и.). Европа ва рус циркида ҳажвий, кулгили, ҳазилмутойибали кўриниш ва саҳналарни бажарувчилар Белий клоун ва Рижий клоун деб юритилган.
Ўзбекистонга Клоунада санъати 19-а. нинг охирларида кириб келди. Гастролга келган цирк жамоаларида томошалар клоунлар томонидан турли қизиқчилик, фарс, пантомималар билан безаб кўрсатилган ва улар маҳаллий томошабинларда катта қизиқиш уйғотган. Анъанавий ўзбек театри актёрлари — масхарабоз ва қизиқчилар цирк клоунлари билан ижодий алоқа ўрнатганлиги натижасида уларнинг репертуари замонавий Клоунадалар билан бойиди ва улар цирк майдонига қадам қўйдилар. Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Усмон қори Раимбеков, Орифжон Тошматов, Зокиржон Овулов, Иброҳим қизиқ Тешабоев ва б. Улар рус клоунларидан кўчирма қилмай, балки ижодий ёндашганлар. Натижада ўнлаб яхши танилган цирк Клоунада лари асосида миллий Клоунада намуналари («Асалари», «Дурбин», «Шайтон», «Сартарош», «Ака-ука», «Бокс» ва б.) яратилган. Ўзбек Клоунадаси аста-секин дорбозлар санъатига хам сингиб борди.
20-а. да ўзбек Клоунада сининг ривожланишига К. Зарифов, М. Зарифова, А. Юсупов, О. Тошканбоев, Э. Парпиев, Н. Нурматов, Г. Заставников, X. Мусин, Ф. Шарифбоев, Н. Ҳакимовлар катта ҳисса қўшишган. Улар масхарабоз ва қизиқчилик анъаналарини замонавий цирк билан узвий боғлаб, ўзбек Клоунада сининг энг яхши намуналарини яратишди ва уларни жаҳон цирки майдонига олиб чиқишди. Ҳозирги кунда Клоунада жанрида Ж. Тошканбоев, У. Зарифов, Ф. Қорабоев ва б. самарали ижод қилмокдалар. Миллий Клоунадалар халқ анъанавий цирк гуруҳлари дастуридан ҳам ўрин олган. Цирк масхарабозларининг саҳнавий чиқиш матни ҳам Клоунада деб юритилади.
Пўлат Тошканбоев.