КАНИШКА I

КАНИШКА I — Кушон подшолигининг ҳукмдори (78—123). Унинг даврида мамлакат ҳудуди ҳоз. Ўрта Осиёнинг жан. қисми, Афғонистон, Покистон, Шим. Ҳиндистон ва кейинроқ Шарқий Туркистоннинг бир қисмини ўз ичига олган. K. I Қанғ давлати билан иттифоқда бўлиб Шарқий Туркистонда Хитойга қарши турган. Хусусан, K. I мил. 90 й. да Қашқарни 70 минг отлиқ қўшин б-н қамал қилгани маълум, бироқ озуқа заҳираларининг етишмаслиги сабабли қамални бўшатишга мажбур бўлган. K. I даврида салтанат юксак даражада тараққий этган. Вилоятларни подшо ноиблари — сатрап (кшатрап)лар бошқарган. Бу даврда Шим. Ҳиндистон ва Ўрта Осиё маданияти равнақ топган; Шарқ мамлакатлари ва Рим империяси билан савдо ва маданий алоқалар ўрнатилган. Пул ислоҳоти ўтказилиб, олтин, кумуш ва мис тангалар зарб қилинган. K. I даврида Кушон-Бақтрия тили давлат тили сифатида қабул қилинган. Кашмирда 4-будда собори (йиғини) чақирилган. Бу йиғинда буддизмнинг янги мазҳаби — маҳаяна расмийлаштирилган. Будда ибодатхоналари қурилган, шунингдек, оташпарастлик, ҳиндуизм, ақидапарастлик ва б. диний эътиқодлар тарқалган. Унинг даврида юнон, эрон ва ҳинд маданияти ва дини бир-бири билан аралашиб кетган. Ўзи ҳам буддизм эътиқодини қабул қилган ва унинг аҳоли ўртасида кенг тарқалишига ҳомийлик қилган. Ўз давлати пойтахтини Пурушапур (ҳоз. Пешовар) га кўчирган. K. I Кашмирда Канишкапур ш. ни бунёд этгани ҳақида маълумотлар бор.

Ад.: Бонгард-Левин Т. М., Ильин Т. Ф., Древняя Индия, М., 1969; Ғиёсов Т. Ғ., Қадимги Ҳиндистон тарихи, Т., 2000.