ГВИНЕЯ-БИСАУ

ГВИНЕЯ-БИСАУ (Guine-Bissau) , Гвинея-Бисау Республикаси (Republics da Guine-Bissau) — Ғарбий Африкадаги давлат. Атлантика океани соҳилида. Г.-Б. таркибига материк қисмидан ташқари Бълама ва Бижагош о. лари киради. Майд. 36,1 минг км2. Аҳолиси 1,1 млн. киши (1990-й. лар охири). Пойтахти — Бисау ш. Маъмурий жиҳатдан Бисау мухтор сектори, 8 округ ва 37 туманга бўлинади.

Давлат тузуми. Г.-Б. — республика. Амалдаги конституцияси 1991 й. майда қабул қилинган. Давлат бошлиғи — президент. У умумий яширин овоз бериш йўли билан 5 й. муддатга сайланади. Қонун чиқарувчи органи 102 депутатдан иборат бир палатали парламент — Миллат халқ мажлиси. Ижроия ҳокимиятни президент амалга оширади, у ҳукумат аъзолари ва бош вазирни тайинлайди.

Табиати. Материкдаги қисми текис, айрим жойлари ботқоқпи пасттекислик. Соҳилида қўлтиқлар ва дарё эстуарийлари кўп. Боксит, фосфорит, олтин, темир рудаси, цирконий, нефть конлари бор. Иқлими экваториал муссонли, ёзи серёмғир, қиши қуруқ. Янв. нинг ўртача т-раси 24°, июлники 26°. Йиллик ёғин соҳилда 2000 мм дан ортиқ, мамлакат ичкарисида 1200 — 1500 мм. Дарёлари (Жеба, Корубал, Кашеу) қисқа, аммо серсув. Ўсимликлари саванна ва доимий яшил нам тропик ўрмонлардан иборат. Ўрмонларда маймун, буйвол, кийик, леопард, бегемот, тимсоҳ, тўнғиз ва ҳар хил қушлар яшайди.

Аҳолиси баланте, мандьяк, мандинка, фульбе, манжак ва б. элатлардан иборат. Расмий тили — португал тили. Шаҳар аҳолиси 19,9%. Аҳолининг ярмидан купи маҳаллий, анъанавий динларга, 35% и ислом динига эътиқод қилади, бир қисми христианлар. Йирик шаҳарлари: Бисау, Болама, Габу, Кашеу.

Тарихи. Г.-Б. халқининг қад. ва ўрта асрлардаги тарихи ўрганилмаган. 15-а. дан бошлаб Португалия мустамлакачилари ҳоз. Г.-Б. ҳудудини қул бозорига айлантирдилар. 16 — 18-а. ларда португалиялик қул савдогарлари бу ерда бир неча таянч базалар (Фарин, Кашеу, Бисау ва б.) куриб, юз минглаб қулларни Америка ва Вест-Индияга олиб кетдилар. 19-а. да Африкани бўлиб олиш бошланган вақтда Португалия Г.-Б. устидан назоратни янада кучайтирди. 1879 й. алоҳида мустамлака деб эълон қилинди.

Г.-Б. аҳолиси мустамлакачиларга қарши кескин курашиб, таянч базаларига тезтез ҳужум қилиб турди. 1908 й. мустамлакачиларга қарши кўтарилган халқ қўзғолони 1915 й. гача давом этди. 2жаҳон урушидан кейин миллий озодлик ҳаракати кенг туе олди. 1951 й. да Г.-Б. Португалиянинг «денгиз орти вилояти» мақомини олган булсада, мустамлака ҳолати ўзгармади.

1956 й. да «Гвинея ва Яшил Бурун ороллари мустақиллик Африка партияси» мустақиллик курашига раҳбарлик қилди. 1962 й. да қуролли кураш бошланиб, 1970 й. бошларида мамлакатнинг ўчдан икки қисми мустамлакачилардан озод қилинди ва ҳукуматнинг маҳаллий органлари тузилди. 1972 й. маҳаллий мухторият ҳуқуқини олди. Шу йили Миллат халқ мажлисига депутатлар сайланди. 1973 й. 24 сент. да Миллат халқ мажлисининг биринчи сессияси мустақил Г.-Б. Республикаси тузилганлигини эълон қилди. Португалиядаги фашистлар режими ағдарилгач (1974), Португалиянинг янги ҳукумати 1974 й. 10 сент. да Г.-Б. мустақиллигини тан олди. Г.-Б. 1974 й. дан БМТ аъзоси. Миллий байрами — 24 сент. — Мустақиллик куни (1973).

Снёсий партиялари, касаба уюшмалари. Гвинея ва Кабо-Верде мустақиллиги африкаликлар партияси, 1956 й. да тузилган; Бирлашган социал-демократик партия, 1991 й. да тузилган; Г.-Б. қаршилик кўрсатиш партияси — Ба-Фата ҳаракати, 1986 й. да тузилган; Ижтимоий янгиланиш партияси, 1992 й. да тузилган. Г.-Б. меҳнаткашлари миллий бирлиги касаба уюшмаси, 1961 й. да асос солинган, Жаҳон касаба уюшмалари федерацияси ва Африка касаба уюшмалари бирлиги ташкилотига киради.

Хужалиги. Г.-Б — иқтисодий жиҳатдан заиф ривожланган аграр мамлакат. Мустамлакачиларнинг кўп асрлик ҳукмронлиги натижасида мамлакат иқтисодиёти қолоқ, монокультура йўналишида бўлиб, ярим кустар саноатга эга. Ҳукумат бир ёқлама ривожланишга барҳам бериш чораларини кўрмоқда. Ялпи ички маҳсулотда қ. х. нинг улуши 40%, саноатнинг улуши 10 %. Меҳнатга яроқли аҳолининг 80% қ. х. да банд. Асосий қ. х. товар маҳсулотлари: ер ёнғоқ, пальма мағизи, ёғи ва б. Пахта, канакунжут, каучукли ўсимликлар, шоли ҳам етиштирилади. Чорвачиликда қорамол, чўчқа, эчки, қўй боқилади. Балиқовланади.

Саноати қ. х. маҳсулотларини дастлабки қайта ишлайдигаи корхоналардан иборат. Ер ёнғоқ тозаловчи ва шоли оқповчи з-длар, ер ёнғоқ ва пальма ёғи ишлаб чиқарадиган ф-ка, ёғоч тилиш, ғишт з-длари, совунгарлик ва целлюлоза з-длари, кема таъмирлаш устахоналари бор. Қимматбаҳо ёғоч тайёрланади. Т. й. йўқ. Автомобиль йўлларининг уз. 4,6 минг км. Ички сув йулларининг уз. — 1,8 минг км. Бисау ш. да халқаро аэропорт бор. Денгиз портлари: Бисау, Болама, Кашеу. Четга ер ёнғоқ. пальма ёғи ва мағизи, каучук, ёғоч ва ёғоч материаллари чиқарилади. Четдан цемент, газлама, нефть маҳсулотлари, озиқ-овқат, тамаки келтирилади. Ташқи савдодаги асосий мижозлари: Португалия, Испания, Франция, Швеция, АҚШ, Сенегал. Пул бирлиги — Африка франки.

Маорифи. Мустамлакачилик даврида кўпчилик африкаликлар учун фақат 2 й. лик бошланғич мактаблар бор эди. 4 й. лик бошланғич ва 7 й. лик ўрта мактабларда европаликлар ва дурагайлар ўқиган. Мустақилликка эришилгандан сўнг 7 ёшдан 13 ёшгача бўлган болаларнинг мажбурий бепул умумий таълими тўғрисидаги қонун жорий этилди. Бошланғич мактабдаги ўқиш муддати — 4 й., ўрта ўқув юртларида —7 й. Бундан ташкари 6 й. лик бошланғич ва 3 й. лик тўлиқсиз ўрта мактаб негизида тўлиқ ўрта маълумот берадиган 2 й. лик лицейлар мавжуд. Мамлакатда олий ўқув юрти йўқ. Ёшлар олий маълумотни чет элларда олади. Ўқитувчилар тайёрловчи курслар мавжуд.

Матбуоти, радиоэшиттириш. Г.-Б. да нашр этиладиган йирик газ. лар: «Либертасау» («Озодлик», португал тилидаги ҳафтанома, 1960 й. дан), «Но пинча» («Олға», асосан португал тилида, айрим мақолалари креол тилида чиқадиган ҳафтанома, 1975 й. дан). Г.-Б. ахборот агентлиги ҳукумат ахборот маҳкамаси бўлиб, 1975 й. да тузилган. Г.-Б. Республикаси миллий радиоэшиттириш хизмати 1975 й. да ташкил этилган.

Меъморлиги ва тасвирий санъати. Аҳолининг турар жойлари жуда хилмахил. Соҳил бўйидаги пасттекисликларда яшовчи баланте қабиласи тўғри бурчакли пастқам уйларда истиқомат қилади. Бу уйларнинг деворлари 4 устунга маҳкамланган қамишдан тўқилиб, лой б-н сувалган. Томи похол билан ёпилиб нишаби икки томонга ёки 4 томонга қаратилган. Ҳар бир уй бир неча хона ва қазноқдан иборат бўлган. Бир неча уй баланд қалин девор билан ўралиб, қўрғон тусини олган ва унинг ўртасида қабила бошлиғининг уйи жойлаштирилган. Мамлакат ички туманлари (фульбе, мандинка қабилалари қароргохдари) аниқ ва равон режаланган. Тўсиқсиз уйлар тўғри ва кенг кўчалар бўйлаб жойлаштирилган. Марказдаги майдон турли байрам ва йиғинларни ўтказишга мўлжалланган. Уйларнинг деворлари лойдан ёки хом ғиштдан тикланган ва сомонли конуссимон том билан ёпилган. Дарвозалар, тўсинлар, устунларга оҳу, сигир, илон ва қушларнинг қиёфаси ўйиб тасвирланган. Байот ва папел қабилаларининг каттакатта оилалари кўп хонали (4 — 10 хонагача) уйларда яшайди. Бу уйлар тўғри бурчакли, доирасимон ёки чўзиқ шаклда бўлиб, похол томининг нишаби 2 томонга қараган ёки конуссимон қилиб ишланган.

Бадиий ҳунармандчилик айниқса оролларда ривожланган. Қизил ва қора ёғочдан ҳамда фил суягидан аждодларнинг ҳайкалчалари, диний буюмлар, майда рўзғор асбоб-анжомлари (мас, ўсимликлар тасвирланган қошиклар), турли жониворлар қиёфасидаги ниқоблар ясалади. Қабила бошликларининг ўриндиқ ва тахтлари, қўндоқ, жовон, тоғораларга турли нақшлар туширилиб, ҳайвонлар, қушлар, илонлар ва балиқлар тасвирланади. Ёғоч ва сигир шохидан қурол (ўқ-ёй, ўқдон, найза, қалқон) ясаш авж олган. Хорижий сайёҳларга мўлжаллаб кўпгина буюмлар ясалади. Қитъадаги элатлар орасида фульбелар ҳайкалча, пойабзал, безак буюмлари, мусиқа асбоблари ясашга моҳир. Мандьяклар ва папеллар орасида тўқувчилик ҳамда бадиий каштачилик ривожланган.

Мусиқаси. Г.-Б. мусиқа маданияти мамлакатда яшовчи кўпгина элатларнинг мусиқий анъаналарини ўз ичига олади. Баланте, фульбе, мандинка ва б. халқларнинг мусиқаси Ғарбий Африка мамлакатлари (Гвинея, Сенегал, Гамбия, Мали) мусиқий санъатига жуда ўхшашдир. Айниқса гриотлар кора, балафон, кусунди каби мусиқа асбобларида куйларни моҳирона ижро этишади. Қад. анъанага эга бўлган барабан дасталари юксак ижрочилик маҳоратига эришганлар. Мустақиллик йилларида миллий мусиқа анъаналарини сақлаш ва ривожлантириш маданий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолди. Бисау ш. да маданий марказ — Маданият уйи ишлайди.