ГАСТРОЭНТЕРОКОЛИТ (гастро… ва юн. enteron — ингичка ичак, kolon — йўғон ичак, itis — яллиғланиш) — меъда-ичак (хусусан, ингичка ва йўғон ичак) нинг ўткир яллиғланиши. Организмнинг оғир металлар, ишқорлар, спирт билан заҳарланиши, касаллик қўзғатувчи вирус ва бактериялар таъсири, овқатланиш маромининг бузилиши, овқатдан ёки доридан юзага келадиган аллергия ва б. сабаб бўлади. Кўпинча, бактериялардан зарарланиш туфайли рўй беради. Меъда шираси таркибида кислота миқдорининг камайиши, организмда витамин етишмаслиги, жисмонан зўриқиш; спиртли ичимликларга ружу қилиш каби омиллар ҳам Гастроэнтероколитга сабаб бўлиши мумкин. Касаллик, одатда, тўсатдан бошланади, беморнинг кўнгли айниб, тўхтовсиз қайт қилади, ичи кетади, қорни оғриб, қулдирайди, иштаҳаси йўқолади. Баъзан организмнинг заҳарланиш белгилари ҳам қўшилади; бош оғриб, гавда ҳарорати кўтарилади, оғирроқ кечганда юрак-томир фаолияти заифлашади, жигар ва талоқ катталашади; қувватсизлик, хушдан кетиш ҳоллари кузатилади. Ўткир Гастроэнтероколит тўла даволанмаса, сурункали тус олиб, гастрит, колит каби асоратлар қолдириши мумкин. Даво касалликка сабаб бўлган омилни бартараф этишдан иборат, асосан парҳез буюрилади.