ГАРТЛИ, Хартли (Hartley) Дейвид (1705.30.8, Армли – 1757.28.8, Бат) – инглиз мутафаккири, ассоциатив психология асосчиларидан бири. Одамхулкини бошқаришда психик жараёнларнинг аниқ қонуниятларини яратишга интилар экан, Гартли бунда Ньютон физикаси тамойилларини қўллаб кўришга ҳаракат қилди. Гартли фикрига кўра, ташқи муҳитдаги (эфирдаги) тебраниш сезги органларида, мия ва мускулларда ўзига хос тебранишни юзага келтиради.
Ж. Локк таълимоти изидан борган Гартли биринчилардан бўлиб ассоциация механизмини психик фаолиятни тушунтиришнинг универсал қоидасига айлантирди. Гартли фикрича, одамнинг руҳий олами «бирламчи элементлар» (ҳис қилинишлар) нинг аста-секин мураккаблашиб бориши натижасида уларнинг боғланиши (ассоциацияси) орқали пайдо бўлади. Ривожланишга ундовчи кучлар — роҳат ва азобдир. Гартли таълимоти механистик бўлишига қарамай, психикани тушунишда олға томон қўйилган катта қадам бўлди. Бу таълимот этика, эстетика, пед., биол. каби фанлар тараққиётига сезиларли таъсир кўрсатди.