ГАРМСЕЛ

ГАРМСЕЛ (тож. гарм — иссиқ, сел — оқим) — иссиқ қуруқ шамол. Г. Ўрта Осиёдаги маҳаллий шамоллардан бири, асосан Копетдоғ олдида, Ғарбий Тяньшанда ва тог олди текисликларида эсади. Ҳаво массасининг атом босими юқори бўлган зонадан интенсив кўчиши натижасида ҳосил бўлади. Жан. ва Шаркдаги тоғ массивлари ҳаво массаларининг горизонтал ҳаракатига тўсқинлик қилади. Шунинг учун якинлашаётган фронт томон ҳаракатланаётган ҳаво юқори қатлам ҳавоси билан алмашади. Ҳаво массасининг бевосита тоғлар устида пасайиб борадиган бу ҳаракати ён бағридан пастга ва водийга қараб эсадиган фён (тоғли жойларда эсадиган иссиқ қуруқ шамол) тусини олади. Гармселнинг тезлиги турлича: енгил шабададан жуда кучли шамол (шторм) тезлиги (0,2 м/с — 25 м/с) гача бўлиши мумкин. Илиқ ҳаво массасининг пастга тушиши туфайли ҳавонинг ер устки қатлами т-раси кескин кўтарилиб, 40° дан ҳам ошади, нисбий намлиги эса анча камаяди. Баландликдаги ҳаво қатламлари қанча иссиқ ва қуруқ бўлса, улар қанча катта баландликдан тушса, ер юзасига етиб келганда уларнинг т-раси шу қадар юқори, намлиги эса кам бўлади. Ўрта Осиё ҳудуди Гармсел тез-тез эсиб турадиган р-нга киради. Гармсел кўп эсадиган р-нлар: Қизиларвот, Тахтабозор, Чоршанга, Қуйи Панж, Хўжанд, Кўкорол ва б. Г. Бухоро, Самарканд, Сирдарё, Тошкент вилоятларида тез-тез эсиб туради. Фарғона водийсида камроқ кузатилади. Гармсел йилнинг ҳамма фаслларида эсиши мумкин, лекин ёз яқинлашган сайин Гармсел такрорланиши ортиб боради. Тупроғи қуруқ бўлган жойларда Гармсел эсганда шарқий шамолнинг тезлиги ортиши билан тўзонли бўрон пайдо бўлади. Гармсел қурғоқчиликнинг такрорланишига сабаб бўлади. Гармсел баҳор ва езда қ. х. ўсимликларига катта зарар етказади. Қуруқ иссиқ шамол туфайли транспирация ва ялпи буғланиш кучаяди; иссиқ қум ва чанг ўсимлик танасини жароҳатлайди, натижада ўсимликларда сув баланси бузилади ва уларнинг айрим қисмлари қурийди ва ўлади, мевалари ривожланмай қолади; айниқса ёш новдалар, қотмаган бошоқлар, ғўзанинг шонаси, гули ва кўсаклари зарарланади. Узоқ эсадиган Гармсел айнқикса хавфлидир. Гармселнинг зарарли таъсирини камайтириш мақсадида дала атрофига иҳота дарахтлари ўтқазилади, суғориш тупроқ намини сақлаб қолишга ёрдам берадиган тадбирлар билан биргаликда амалга оширилади. Гармсел сингари шамоллар Ўрта Осиёдан бошка жойларда ҳам учрайди (мас, Мисрда «хамсин», Арабистон я. о. да «самум», Жазоирда «сирокко» деб аталади).

Светлана Чанишева, Ҳамид Абдуллаев.