ГАРМОН, гармоника — дамли (пневматик) тилчали мусиқа чолғу асбоби. 2 та ёғоч қоплама, одатда, тугмасимон клавишлар, дам (ҳавони ҳаракатга келтирувчи мослама) ҳамда ичида ўрнатилган металл тилчалардан иборат. Ҳаво босимининг ўзгариши натижасида тилчалар садоланади. Ўнг томондаги клавишлар воситасида мелодик, чап томондагилари б-н жўрнавоз (товушаккорд)лар ҳосил қилинади. 1822 й. да немис устаси К. Ф. Л. Бушман ясаган Гармон кейинги турлари учун асос бўлган. 19-а. нинг 30-й. ларида Гармон ишлаб чиқариш Россия (Тула)да бошланган. Кейинчалик татар, мари, кабардин каби халқларда ҳам кенг ёйилган. Гармоннинг бир ёки икки қаторли, диатоник ва хроматик турлари мавжуд. Ўзбек халқ созандалари, айниқса, Хоразм халфалари 19-а. дан буён Гармондан фойдаланиб келади. Фарғонада Ориф Гармон (Тошматов) ҳам шу соз билан машҳур бўлган. Гармоннинг такомиллаштирилиши натижасида аккордеон ва баян чолғулари юзага келган.