ГАММА-АСТРОНОМИЯ — астрономиянинг космик жисмлар ва юлдузлараро муҳитнинг физикавий ҳолатини уларнинг гамма-нурланишлари бўйича ўрганиш билан шуғулланадиган бўлими. Ер сунъий йўлдошлари ва космик кемалар бортига гамма-нурларни қайд қилувчи асбоблар ўрнатиб, улар воситасида космик фазони текшириш мумкин. Космик нурлар (протон ва оғир атом ядролари) юлдузлараро газ атомлари ядролари билан тўқнашганда космик гамма-нурлар ҳосил бўлади. Г.-а. гамма-нурларни ҳосил қилувчи зарраларнинг космик фазода тарқалишини ўрганади, юлдузлараро муҳитдаги газлар зичлигини аниклайди. Кузатишларга кўра 1 м2 юзага 1 с да энергияси 50 МэВ дан ортиқ бўлган 10 та фотон тушади. Қуёшда портлаш юз берганда энергияси 0,5 МэВ ли нурлар ҳосил бўлиши ҳам аникланди. Г.-а. соҳасидаги тадқиқотлар космологияда (галактикалараро қайноқ газларни кузатиш), квазарлар, нейтрон юлдузлар, галактика ва галактикадан ташкари рентген ва гамманурланишлар дискрет манбалари табиатини ўрганишда муҳим.