ГАМИЛЬТОН (Hamilton) Уильям Роуан (1805.4.8, Дублин — 1865.2.9, Дансинк) — ирланд математиги ва механиги. Ирландия ФА президенти (1837 й. дан), Дублин ун-ти астрономия расадхонаси проф. ва директори (1827 й. дан). Комплекс сонлар назариясининг аниқ расмий баёнини берган. Ўзига хос сонлар системаси — кватернионлар деб аталувчи тўрт бирликли (1, i, j, г) системани тузди (1843). Шу система тўғрисидаги назарияси векторлар анализи тараққиётига катта ҳисса бўлиб қўшилди. Гамильтон вариацион усулни (энг кам таъсир принципини) механикага татбиқ этди (рус математиги М. В. Остроградский ҳам мустақил равишда аниқлаган). Бу принцип механик ва физик жараёнларнинг дифференциал тенгламаларини келтириб чиқаришда асосий воситалардан ҳисобланади (қ. Остроградский — Гамильтон принципи).