ГАЛИЛЕЯ (юн. Galilaia, қад. яҳудийча Галил — вилоят) — Шим. Фаластиндаги тарихий вилоят. Дастлабки аҳолиси хурритлар ва хананейлар бўлган. Мил. ав. 13—12-а. ларда исроилликлар босиб олиб, ўрнашиб олганлар. Асосий марказлари — Сепфорис, Гисхала, Тивериада. Христиан анъаналарига кўра, Галилея Исо пайғамбарнинг диний тарғиботи юритилган асосий жой бўлган. Мил. ав. 2-а. охирида Иудея (Яҳудия)га қўшиб олинган. Мил. ав. 1-а. ва мил. 1-а. да Галилеяда Рим билан чамбарчас боғлиқ бўлган яҳудий қулдорлик аристократияси ва Рим томонидан тайинланган подшолар — Ирод, Агриппа II ва б. га қарши халқ қўзғолонлари бўлиб ўтган.