ФОЛКНЕР (Faulkner) Уильям (1897.25.9, НьюОлбани — 1962.6.7, Оксфорд, Миссисипи штати) — америкалик ёзувчи. 20-а. жаҳон адабиёти классикларидан. 1-жаҳон уруши йиллари (1914— 18)да Канада авиациясида хизмат қилган, лекин ҳарбий ҳаракатларда қатнашмаган. Миссисипи ун-тида ўқиган (1919). 1920 й. ун-тни ташлаб, НьюЙоркка кетган. У ердаги китоб дўконида сотувчилик қилган. Бир оз вақтдан сўнг Оксфордга қайтиб, ун-тда почтачи бўлиб ишлаган. 1925 й. НьюОрлеанга келган. Шундан кейин Фолкнернинг «Аскар мукофоти» (1926) ва «Чивинлар» (1927) романи чоп этилган, бирок, бу асарлар муваффақият қозонмаган. Фолкнер умидсизланмай, «Сарторис» (1929) романини ёзган. Асар воқеалари Америка жан. да жойлашган хаёлий Йокнапатора шаҳрида кечади. Ушбу роман танқидчилар эътиборини тортган бўлишига карамай, Фолкнер «Шовқин ва ғазаб» (1929) романидан кейингина тан олинган. «Ўлим тўшагида» (1930) романи 59 та ички монологдан иборат. «Ибодатхона» (1931) асари гангстер томонидан зўрланган аёлнинг фоҳишахонадан бошпана топиши ҳақида ҳикоя қилади. Роман тез орада машҳур бўлиб кетган. «Август ёғдуси» (1932) романида ирқчилик ва пуританлик принципларининг салбий оқибатлари очиб ташланган. «Авессалом, Авессалом» (1936) романида жан. да плантаторларнинг «янги династия» сини яратиш учун бўлган ҳаракатларнинг оқибатсизлиги кўрсатилган. Фолкнер «Қишлоқча» (1940), «Шаҳар» (1957), «Қўрғонча» трилогияси, «Бу, ўн учлар» (1931), «Кел, Мусо» (1942) ҳикоя ва новеллалар тўпламлари муаллифи. «Танланган асарлар» тўплами чоп этилгач, Фолкнер асарларига қизиқиш бирмунча ошган. 1962 й. да сўнгги романи — «Олибқочарлар»ни ёза бошлаган. Аммо асар тугалланмаган. Нобель мукофоти лауреата (1949).