ФОБИЯЛАР — бемор миясига ўрнашиб қолган қўрқув, ваҳима; киши руҳиятининг бузилиш ҳолати. Кўпчилик руҳий касалликлар (мас, шизофрения) да бошланғич белги, неврозлар ҳамда психастениянмнт асосий белгиси ҳисобланади. Қўрқув ва ваҳима ҳисси бемор сезги ҳамда хаттиҳаракатларида кўринади. Фобиялар мазмуни жиҳатидан турлича бўлади. Агарофобияда киши якка ўзи кўча ва майдонларни кесиб ўтишдан чўчийди. Айхмофобия — пичоқ, қайчи, тўғноғич ва б. ўткир асбоблардан (худди танасига қадаладиганидек) қўрқиш; нозофобия — айрим тузалмайдиган касалликка чалиниш ёки уни юқтиришдан қўрқиш (сифолофобия — захмдан, канцерофобия — ракдан); танатофобия — ўлимдан ваҳималаниш; клаустобия — одам гавжум жойлар ва транспортда юришдан қўрқиш; монофобия — ёлгизликдан, якка қолишдан ваҳимага тушиш; эрейтофобия — қизариб кетиш, уялиш ва ҳ. к. Ф. да бемор доим кўнгли ғаш, паришонхотир бўлиб, тушкунликка тушади, кўпинча қўрқув таъсирида ўзини ҳимоя қилаётгандек бемаъни хаттиҳаракатлар (мас, касаллик юқмаслиги учун ўзини ҳаддан зиёд озода тутиш, вақтбевақт қўл ювавериш ва б.)га одатланади. Қаттиқ чарчаш, қўрқиш, руҳий изтироб ва б. натижасида соғлом кишиларда ҳам баъзан вақтинчалик Фобиялар кузатилади, лекин бу ҳолат салбий омиллар йўқолганидан кейин ўтиб кетади.