ФИБИГЕР (Fibiger) Йоханнес Андреас Гриб (1867.23.4, Силькеборг — 1928. 30.1, Копенгаген) — даниялик микробиолог ва патологанатом. Р. Кох ва Э. фон Берингнинг шогирди. 1900 — 05 й. ларда клиник бактериология ин-ти директори; 1900 й. дан Копенгаген ун-ти патология проф. 1912 й. спироптер қурт личинкалари бериб боқилган сувараклар тажриба каламушлари меъдасида ўсма пайдо қилишини аниқдаган. Кейинчалик спироптерларнинг онкологик таъсири борлиги ўз тасдиғини топмади. Лекин Фибигер тадқиқотлари экспериментал онкология ривожи, хусусан, канцероген моддаларҳт тадқиқ қилишта имкон берди. Нобель мукофоти лауреати (1926).