ЭТНОЛИНГВИСТИКА (этно… ва лингвистика) — тилшуносликнинг тил ва тил эгаси бўлган халқ орасидаги боғлиқдик ҳамда муносабатларни, тил ривожи, вазифавий хусусиятларига лисоний, этник омилларнинг биргаликдаги таъсирини ўрганувчи соҳаси. Тил билан этник хусусиятларнинг ўзаро муносабати, бир-бирига таъсири икки томонлама бўлади: этник омиллар (этноснинг урфодатлари, миллий анъаналари, фалсафий, диний қарашлари ва бошқалар)нинг тил ривожига таъсири ва, аксинча, тил вазифавий имкониятларининг этнос ва этник хусусиятларнинг шаклланишига ижобий таъсири. Этнолингвистика тил ва унинг ривожига турли этник гуруҳларнинг қанчалик ҳисса қўшганини, бу жараёнда этнослар орасидаги яқинлик, муштараклик ёки уларнинг бир-биридан ажралиш, узоқлашиш хусусиятларини тадқиқ қилади. Тилшуносликнинг этник ономастика, ареал лингвистика, лингвистик география, диалектология, тил тарихи, социолингвистика, хариташунослик соҳалари Этнолингвистика эришган илмий натижалардан фойдаланади. Этнолингвистика, айниқса, ёзувга эга бўлмаган халқларнинг этнографиясини ўрганишда, уларнинг тилларидаги этник хусусиятлар билан боғлиқ лисоний материалларни тўплаш ва тадқиқ қилишда қўл келади.
Ад.: Звегинцев В. А., Этнолингвистика, в его кн.: История язшковедения XIX—XX вв. в очерках и извлечениях, т. 2, М., 1965; Этническая ономастика, М., 1971; Этническаятопонимика, М., 1987.