ЭСКОРИАЛ — Испаниядаги аҳоли пункти. Гвадаррама тоғида, Мадрид шаҳри яқинида жойлашган. Эскориал ўзининг СанЛоренсо дель Эскориаль ибодатхонасаройи билан машҳур (1563—1584, меъморлар Х. Б. Толедо ва Х. Б. Эррера лойиҳаси асосида қурилган). Сарой ансамбли ҳаво ранг ва кулранг гранитдан қурилган бўлиб, ташқи безаклардан холи. Ички хоналари қимматбаҳо санъат асарлари: Эль Греко, Веласкес, Рибер, Тициан, Веронезе, ҳайкалтарош Б. Челлини ва бошқаларнинг ҳайкал ва тасвирий расмлари билан безатилган. Касита дель Принсипе (1772) павильони сақланган. Испания қироллари қароргоҳи. Туризм ривожланган. Курортлар бор.