ЭРАЛИЕВ Суюнбой (1921.15.11, Талас вилояти) — Қирғизистон халқ шоири (1974). 2-жаҳон уруши қатнашчиси. 1945 йилдан вилоят ва республика газ. ларида мухбирлик қилган. Қирғизистон Ёзувчилар уюшмасида котиб (1959—65), адабий маслаҳатчи (1967 — 84). Дастлабки шеърий тўплами — «Илк садо» (1949). «Самимий меҳр» (1959) достони машҳур. Тарихий мавзуда ёзилган бу лирик қисса қирғиз шеър тузилишининг анъанавий шаклларини бойитган. «Юлдузларга саёҳат» (1966) достони билан қирғиз шеъриятига эркин вазнни олиб кирган.
В. Уитмен, Р. Тагор, Ойбек, М. Турсунзода, Миртемир каби ёзувчиларнинг асарларини қирғиз тилига таржима қилган. А. Твардовскийнинг «Василий Тёркин» достонининг Эралиев қилган таржимаси қирғиз сўз санъати тарихидаги энг мукаммал таржималардан бири саналади. Асарлари кўплаб тилларда нашр этилган. Тўқтағул Сотилғанов номидаги Қирғизистон Давлат мукофоти лауреати (1986).
Ас:Тоғлар фарзандиман [Шеърлар, достон], Т., 1978.