ЭПОС (юн. ероз — сўз, ҳикоя) — 1) бадиий адабиёт тури (лирика ва драма билан бир кдторда);
2) халқнинг қаҳрамонона ўтмишини акс эттирувчи асар. Э. адабиётнинг уч туридан бири сифатида тафсилот тасвирига таянган бадиий асарлар жамини англатади. Унда муайян макон ва замонда кечадиган воқеаҳодисалар тафсилоти, албатта, мавжуд бўлади. Эпосда сўз ёрдамида ўқувчи кўз ўнгида реал ҳаёт манзараларига мувофиқ келадиган бадиий воқелик яратилади.
Эпоснинг энг асосий белгиси воқеа тасвири, баёни бўлгани учун ҳам кўпинча бу турдаги асарлар наср йўлида ёзилади. Лекин бу ҳол шеърий шаклда битиладиган эпик асарлар борлиги ва бўлиши мумкинлигини инкор этмайди. Қандайдир воқеани акс эттириш асосига қурилган шеърий ва насрий асарлар Эпосга мансубдир.
Эпосда муайян макон ва замонда муайян шахс ёки одамлар гуруҳи билан бўлиб ўтган бирор воқеа, одатда, муаллиф ёки ҳикоячиперсонаж тилидан баён этилади. Бу ҳол унда баён, тавсиф ва диалогнинг биргаликда қоришиқ ҳолда келишини тақозо этади. Айни пайтда, Эпосда баён, ривоят етакчилик қилади. Муайян асардаги пейзаж, портрет, нарсабуюм ва бошқалар тафсилотлар тасвири ривоятни кучайтириш, унинг таъсир даражасини ошириш, персонажлар табиатини бўрттириб кўрсатишга хизмат қилади. Эпоснинг ҳоз. босқичида борган сари баённинг салмоғи камайиб бораётганлиги кузатилмоқда. Эртак, афсона, ривоят, достон сингари халқ оғзаки ижоди намуналари ҳамда илк ёзма Эпос ларда воқеа-ҳодисаларни баён этиш, айтиб бериш катта ўринни тутгани ҳолда диалоглар ва тафсилотларга кам ўрин ажратиларди. Кейинги вақтларда эса, Эпосга мансуб асарларда диалог ва тафсилотларнинг салмоғи ортиб бормоқда. Бу ҳолни, биринчидан, Эпосда ифода имкониятлари ошгани, иккинчидан, инсон ички оламининг нозиклашиб, руҳияти мураккаблашиб бораётгани билан изоҳлаш мумкин.
Эпос асардаги воқеа-ҳодисалар билан ўқувчи (тингловчи) ўртасида ўзига хос воситачи ҳисобланадиган ровий ёки ҳикоячи томонидан баён этилганда, айни воқеаларнинг нима учун айтиб берилаётгани, одатда, изоҳлаб ўтирилмайди. Баён кўпинча муаллиф, баъзан эса бирор персонаж тилидан амалга оширилади. Алишер Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун» достонлари, Қодирийнинг «Меҳробдан чаён», Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз», Ойбекнинг «Қутлуғ қон» романларида воқеалар муаллиф тилидан баён этилади. Ғафур Ғуломнинг «Шум бола», Эркин Аъзамнинг «Отойининг туғилган йили», Ойбекнинг «Гулнор опа» сингари асарларида ривоят персонаж тилидан олиб борилади. Шу билан бирга, ҳикоя муаллиф тилидан баён қилинаётган асарларда персонажларнинг ҳикоячи сифатида баёнга аралашиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Навоийнинг «Сабъаи сайёр», Қодирийнинг «Ўтган кунлар», Ойбекнинг «Навоий» асарларида ривоят ҳам муаллиф, ҳам персонажлар томонидан амалга оширилган.
Эпосда тасвирланаётган образлар тизими катта аҳамият касб этади. Образлар тизими дейилганда фақат одамларгина эмас, Эпосда тасвирланган жониворлар, нарсабуюмлар ва табиат ҳодисалари ҳам кўзда тутилади. Эпосда қатнашадиган образларни шартли равишда: бош қаҳрамонлар, персонажлар ёки қаҳрамонлар ҳамда ёрдамчи образлар сифатида 3 турга бўлиш мумкин.
Эпос бадиий тасвир қамровига кўра, катта, ўрта ва кичик каби учта жанр гуруҳига ажратилади. Катта эпик жанрларга роман, эпопея, эпик достон; ўрта эпик жанрларга қисса; кичик эпик жанрларга афсона, бадиа, латифа, масал, новелла, очерк, ривоят, эртак, эссе, этюд, ҳикоя, ҳикоят кабилар киради. Эпосни жанрларга ажратишда воқеа-ҳодисаларнинг қамрови ёки давомийлиги даражаси эмас, балки тасвирнинг кўлами ҳисобга олинади. Шунинг учун ҳам одамнинг бир соатлик ҳолати акс эттирилган романлар бўлганидек, неча йиллик воқеалар тасвирланган ҳикоялар ҳам бўлаверади. Шунингдек, Эпосни жанрларга ажратишда асарларнинг ҳажми ҳам асосий ўлчов бўлолмайди. Эпосни жанрларга таснифлашда муаллифнинг эстетик нияти ҳам ҳал қилувчи ўрин тутади. Шунинг учун ҳам баъзан романдан катта ҳикоялар, ҳикоядан кичик қиссалар яратилишига табиий ҳол, деб қараш керак бўлади. Асарларнинг жанр талабларига мувофиқ бўлишини қатъий талаб этиш ёзувчини қолипга солишга уриниш бўлиб, бадиий ижодга катта зарар келтириши мумкин. Эпосга мансуб асарнинг қайси жанрга тегишли эканини муаллифнинг ўзи белгилаши мақсадга мувофиқдир.
Эпос тор маънода, халқнинг қаҳрамонона ўтмишини акс эттирувчи асарлардир. Дастлаб Эпос қаҳрамонларнинг атрофоламдаги ёвуз кучлар ва бузуқ ниятли одамларга қарши кураши баён этилган асарларни англатган. қадимий Эпос ларда воқеа-ҳодисаларнинг талқин ва тасвир этилиш йўсини ўша давр кишиларининг дунёқараши, эътиқоди, ишончларидан келиб чиққан. Эпоснинг энг қадимий намунаси сифатида илмда олдинлари аккадларники деб саналиб келинган, аммо кейинчалик барча туркий халкларга тегишли экани аниқланган «Гилгамиш» достони ҳисобланади. Шунингдек, ҳиндларнинг «Рамаяна» ва «Маҳабҳарата», Гомернинг «Илиада» ва «Одиссея», ўзбекларнинг «Алпомиш», «Гўрўғли», қирғизларнинг «Манас», қозоқларнинг «Қўбланди ботир», озарбайжонларнинг «Кўрўғли», немисларнинг «Нибелунглар ҳақида қўшиқ», испанларнинг «Сид ҳақида қўшиқ», французларнинг «Роланд ҳақида қўшиқ», англосаксонларнинг «Беовульф», карел ва финларнинг «Калевала», арманларнинг «Сосунли Довуд», гуржиларнинг «Амираниани» каби асарлари ҳам халқ қаҳрамонлик Эпос ига мансубдир. Туронга бостириб кирган эронлик босқинчиларга қарши қаҳрамонларча курашган халқ баҳодирлари ҳақидаги «Тўмарис» ва «Широқ» афсоналари, «Зарина ва Стриангия», «Зариадр ва Одатида» қиссалари ҳам халқ қаҳрамонлик Эпоси намуналари саналган. Кўтаринки руҳда битилиб, қаҳрамонона воқеалар акс эттирилган айрим ёзма асарлар ҳам Эпос ҳисобланган. Гегель ўзининг «Эстетикага оид маърузалар» асарида Дантенинг «Илоҳий комедия» ҳамда Фирдавсийнинг «Шоҳнома» асарларини Эпосга мансуб, деб ҳисоблайди. Шунингдек, Шарқ Э. и сирасига яна Шота Руставелининг «Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон» ва Абдураҳмон Жомийнинг «Ҳафт авранг»и, Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий, Алишер Навоий қаламига мансуб бўлган «Хамса»ларни ҳам киритиш мумкин.
Қаҳрамонлик Эпоси жамият тараққиётининг дастлабки босқичларида, синфий муносабатлар ўзгарганлиги туфайли эмас, балки муайян этноснинг миллий руҳи уйғониб, ўзини шунчаки одамлар тўдаси эмас, балки бузилиши мумкин бўлмаган ахлоқиймаънавий қоидаларга амал қилиб яшайдиган этник бирлик сифатида тасаввур эта бошлаган кезларда пайдо бўлади. Айни хусусиятларни юқорида тилга олинган барча Эпослар мисолида кўриш мумкин.
Қозоқбой Йўлдошев.