ЭЛЕКТР-МАШИНА ГЕНЕРАТОРИ — айланишлар механик энергиясини ўзгармас ёки ўзгарувчан токка айлантирувчи қурилма. Механик энергия бирламчи двигател (буғ ёки газ двигателлари, гидротурбиналар, ички ёнув двигатели) дан олинади. Баъзан, Электр-машина генераторининг валини айлантириш учун электр двигатель ишлатилади. Бундай ҳолда Электр-машина генератори электр двигатель билан бирга ток турини ўзгартириб, мас, ўзгарувчан токни ўзгармас токка айлантириб ёки бир хил частотали электр токини бошқача хил частотали электр токига айлантириб беради.