ЭФИОПИЯ ЗООГЕОГРАФИЯ ОБЛАСТИ

ЭФИОПИЯ ЗООГЕОГРАФИЯ ОБЛАСТИ — қуруқлик зоогеография областларидан бири. Африканинг Саҳрои Кабирдан жан. даги қисми, Арабистон я. о. жануби, Мадагаскар, Маскарен, Камар, Сейшель ва бошқалар бир қанча оролларни ўз ичига олади. Эфиопия зоогеография области майдонининг асосий қисми саваннадан иборат; тропик ўрмонлар, бутазорлар, чўл ҳамда тоғ ўсимликлари ҳам кўп учрайди. Сут эмизувчилар ва қушлардан найтишлилар, сичқонқушлар, туяқушлар туркумлари, тиллакротлар, қундузсимон ерқазарлар, тенреклар, тикандумли кўршапалаклар, узуноёқлилар, жирафлар, бегемотлар, цесаркалар, мирзақушлар, китбошлар, оққўтонлар, бананхўрлар ва бошқалар оилалар эндемик ҳисобланади. Эфиопия зоогеография областида ҳаммаси бўлиб сут эмизувчиларнинг 38 оиласига мансуб турлар учрайди; улардан 6 оила: одамсимон маймунлар, лемурлар, буғучалар, каркидонлар, филлар, панголинлар Эфиопия ва ҲиндМалай зоогеография области учун умумий. Эфиопия зоогеография областига, айниқса, антилопалар, ҳар хил тўнғизлар (айниқса, сўгалли чўчқа) хос; кротлар, буғулар, айиқлар учрамайди.

Эфиопия зоогеография областида қушларнинг 89 оиласи учрайди; улардан 12 оила, жумладан, тропик ва экваториал ўрмонларда тарқалган дронголар, асал кўрсатувчилар, питталар, каркидонқушлар ҲиндМалай зоогеография областида ҳам учрайди. Чумчуқсимонлар туркумидан Эфиопия зоогеография области учун тўқимачилар ва нектархўрлар хос. Тўтиқушлар кам учрайди.

Судралиб юрувчилардан калтакесаклар — хамелеонлар, агамалар, гекконлар, эчкемарлар кўп ва хилмахил; кобралар, қора илонлар, питонлар, ёнбошбўйин тошбақалар, тимсоҳлар Э. з. о. учун хос. Сувда ва қуруқликда яшовчилардан қурбақалар, пихли бақалар, ҳақиқий бақалар, чегравалар, балиқлардан чучук сув ҳавзаларида карпсимонлар кенг тарқалган; протоптерус, кўпсузгичлилар ва узунтумшуқлилар шу зоогеография области учун хос. Ҳашаротлардан термитлар кўп учрайди; уларнинг конуссимон инларида саванналар яшайди. Мовий капалаклар ва чигирткалар ҳам кенг таркалган. Эфиопия зоогеография области Ғарбий Африка, Шарқий Африка, Кап ва Мадагаскар кичик зоогеография областларига бўлинади.