ДЮМА

ДЮМА (Dumas), Александр [Дюма-ота; 1802.24.7, Виллер-Котре (Эн департаменти) — 1870.5.12, Пюи (Қуйи Сена департаменти)] — француз ёзувчиси. Адабий фаолиятини драматург сифатида бошлаган — «Ов ва муҳаббат» (1825) кичик пьесаси. «Генрих III ва унинг саройи» (1829) драмаси ёзувчига муваффақият келтирди. Дюманинг «Антони» (1831), «Нель минораси» (1832) ва б. пьесалари романтик театр тарихидаги муҳим воқеадир.

1835 й. да Дюма биринчи тарихий романи «Изабелла Баварская»ни эълон қилди. 19-а. нинг 40-й. ларида кетма-кет «Уч мушкетёр» (1844), «Йигирма йилдан сўнг» (1845), «Виконт де Бражелон» (1848—50) тарихий-саргузашт романлари пайдо бўлди. Трилогияни ташкил этган бу романларнинг қаҳрамонлари умумий — асардан-асарга утиб юради. «Қиролича Марго» (1845), «Монсоро хоним» (1846), «Қирқ беш» (1847—48) — Генрих Наваррский ҳақидаги трилогиядир. «Граф Монте-Кристо» (1845—46) замонавий ҳаёт ҳақидаги саргузашт роман. Д. романлар ва пьесалардан ташқари эсдаликлар, йўл очерклари ва б. асарлар ёзган. «Париждан Астрахонгача» (1858) кито-би Россияга саёҳати ҳақида. Дюманинг романлари қизиқарли, уларда ҳаётга фаол муносабат сезилиб туради, воқеалар тез ривожланади, қаҳрамонлари жасур, хушчақчақ, топқир, қийинчиликларни осон бартараф қилади ва ҳамиша ғолиб чиқади.

Дюманинг бир қатор асарлари дунёнинг турли мамлакатларида экранлаштирилган. «Граф Монте-Кристо», «Уч мушкетёр» романлари ўзбек тилида нашр этилган. «Нель минораси» пьесаси «Ажал минораси» номи билан ўзбек тилида саҳналаштирилган (1972).