ДОВҚОРАЕВ Нажим (1905.5.10, Қўнғирот тумани — 1953.20.7, Нукус) — қорақалпоқ адабиётшуноси, драматург ва адиб. Филол. фанлари д-ри (1951). Олмаота педагогика ин-тини тамомлаган (1926—30). Урал педагогика ин-тида ўқитувчи (1932), Тўрткўл ўқитувчилар тайёрлаш ин-тида кафедра мудири (1934), Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмасида масъул котиб (1939—42), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг бадиий ҳаваскорлик ишлари бўйича бўлим мудири (1942 — 44), Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси (1946—48), Ўзбекистон ФА Қорақалпоғистон бўлими тасарруфидаги маданият ва иқтисодиёт ин-ти директори (1948—53). Довқораев «Адабиёт хрестоматияси» (И. Сагитов билан ҳамкорликда, 1937), «Қорақалпоқ халқ эртаклари» (1949), «Бердақ шоир» (1950) каби рисолалар муаллифи. «Қорақалпоқ адабиёти тарихи очерки» қўлланмаси Довқораев вафотидан сўнг нашр қилинган (1959 — 61). «Равшан», «Хизматчи юраги» каби саҳна асарлари, айниқса, «Алпомиш» (1940) мусиқали драмаси қорақалпоқ драматургиясининг етук намуналаридан бири ҳисобланади. «Кўп кунлардан бири» (1929), «Бибихон» (1936), «Бахтли меҳнат» (1949) ва б. қисса қамда ҳикоялари бор. Бадиий таржима б-н ҳам шуғулланган. Ўзбекистон Республикаси ФА Қорақалпоғистон бўлими Тил ва адабиёт ин-тига Довқораев номи берилган. 3 жилдли «Танланган асарлар»и чоп этилган (1970—81).