ДОСТОНЧИЛИК МАКТАБИ — бахшилик санъати маркази. Ўзбек фольклоршунослигида Булунғур, Нарпай, Қўрғон, Хоразм, Шаҳрисабз, Шеробод каби йирик достончилик мактабларидан ташқари, Қамай, Пискент, Қулбуқон, ўзбеклақай ва б. шундай марказлар ҳам маълум. Улар репертуарлари, услуби, маълум ижод тамойили ва ижро усулларига кўра бир-биридан ажралиб туради. Мас, 19-а. да Қашқадарё вилояти, Қамаши туманининг Қамай қишлоғи билан боғлиқ Қамай Достончилик мактаби мавжуд бўлган. Бу мактаб Деҳқонобод ва Ғузор туманлари атрофида яшовчи Абдукарим Жуйруқ (19-а.), Мулла Холназар ўғли (1910 й. в. э.), Бозор Шерқул ўғли (1887—1953), Ҳазратқул бахши Худойбердиев (1920 й. т.) каби 60 га яқин бахшиларни бирлаштирган. Улар Шаҳрисабз достончилик мактаби билан ижодий ҳамкорликда бўлган. Қамай Достончилик мактаби вакиллари халқ достонларининг лирик йўналишига алоҳида эътибор беришган. Улар поэтик шакллар тараққиётида Шеробод достончилик мактаби вакилларига нисбатан илгарилаб кетганлар. Қамай достончиларидан «Нуралининг ёшлиги» (1972, 1977), «Хонимой» (1963) ва б. достонлар ёзиб олинган. Пискент Д. м. Берди бахши номи билан боғлиқ. Мазкур мактаб лирик йўналишга мойил, баъзи жиҳатдан Эргаш Жуманбулбул ўғлининг ота-боболари асос солган Қўрғон достончилик мактаби бахшиларига яқин поэтик услубга эга булган. Жан. Тожикистонда яшовчи ўзбеклақай бахшилари Данғара туманининг Жорубкўл қишлоғи билан боғлиқ. Ҳайбат Шамол ўғли (19-а.), Тула Ҳайбат ўғли (1884-1966), Мустафоқул Қундуз ўғли (1883—1966), Шомурод Шамол ўғли (1883—1964) ва б. бу мактабнинг истеъдодли вакилларидан ҳисобланган. Бу бахшилар репертуарининг асосини «Гўрўғли» достонлар туркуми ташкил қилган. Уларнинг матни ниҳоятда қисқа, ихчам. Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани ҳудудида Қўлбуқон Достончилик мактаби шаклланган. Ҳайдар Бойча ўғли, Раззоқ Қозоқ ўғли, Усмон Маматқул ўғли, Бўри бахши, Маллавой Ҳошимовлардан ёзиб олинган халқ оғзаки ижоди намуналари бу мактабга Булунғур достончилик мактаби таъсири кучли бўлганлигини кўрсатади.
Ад.: Раззоқов Ҳ., Мирзаев Т., Собиров О., Имомов К., Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди, Т., 1980.