ДОР УССИЁДАТ

ДОР УССИЁДАТ («Саййидлар уйи») — Шахрисабздаги меъморий ёдгорлик (1379—80). Амир Темур қурдирган. 19 — 20-а. бошларида қисман таъмирланган. Фарзанди Жаҳонгир Мирзо мақбараси (Ҳазрати Имом мақбараси) ва Амир Темурга мўлжалланган ер ости гўрхонаси сақланиб қолган. Дор ут-тиловат билан бир ансамблни ташкил қилган. Шарафуддин Али Яздий «Зафарнома»сида ёзилишича, Амир Темур Шаҳрисабзда махсус бино қурдирган, унда ўз ўғли Амирзода Жаҳонгир ва б. амалдорлар ҳамда бузрукворларнинг дахмалари қўйилсин, деб фармон берган.

Дор уссиёдат ус-с. тарҳи Яссавий мажмуасига ўхшаш, асосий ғарбий тарзи равоғи 20 м кенгликда бўлиб, кириш йўли худойихона (ёки саройга), ундан қоқ ўртадаги Амир Темурга мўлжалланган ер ости сағанаси жойлашган бинога олиб боради. Хонанинг муюлишидаги узун йўлакдан ён хоналарга ўтилади. Бу хоналар ошхона, масжид, кутубхона, меҳмонлар турадиган хужралар бўлган деб тахмин қилинади.

Жақонгир мақбараси Ҳазрати Имом мақбараси номи билан машхур. Ислом дунёсида йирик олим ҳисобланган Эрон (Рай ш.)да вафот этган куфалик Имом Муҳаммад ибн ал-Ҳасан ибн Воҳид Абу Абдуллоҳ Шайбоний хоки Амир Темур томонидан Шаҳрисабзга кўчирилган (1384) деган ривоят бор (тарихий манбалар буни тасдиқламайди). 1868—69 й. ларда ўрнатилган мақбара эшигида Ҳазрати Имом номи ўйиб ёзилган.

Мақбара ичкариси мурабба тарҳли, юза равоқлар ичи ва гумбаз ости бағаллари муқарнас билан тўлдирилган. Ташқарисида 16 қиррали пойгумбаз устига баланд кулоқий гумбаз ўрнатилган. Бу меъморий услуб Хоразм меъморлигига хос бўлиб, қурилишда хоразмлик усталар қатнашганлиги ҳақида «Зафарнома»да ёзилган. Ичкарида бағаллар остига зангори бўёқ билан «Доно киши буюк мақсадлар б-н ҳаракат қилади, тентак одам юксак мақсадни тутиб туради» деган маънодаги ўгитлар ёзилган. Тарзлари сиркор ғиштчалар билан қопланган. Жан.-ғарбий бурчагидаги минора сақланган. 19-а. ўрталарида мақбара ёнига синчкор катта айвон, ҳужралар ва гумбазли хонақоҳжоме масжиди барпо этилган. Масжид қурилиши вақтида Амир Темурнинг ер ости гўрхонасининг қуббаси очилган.

1995—96 й. ларда археологик қазишмалар натижасида мажмуанинг тарҳи аниқланди, пойдеворлари мустаҳкамланди, атрофи ободонлаштирилди. Умумий таъмирлаш тадбирлари Амир Темур таваллудининг 660 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва нишонлаш даврида амалга оширилди.

Умумий ўлчамлари: Д. ус-с. — 70×50 м, Жаҳонгир мақбараси — 25×15 м, Амир Темур гўрхонаси 5×5 м, масжиди 35×20 м.

ЛЛ. Маньковская Л. Ю ., Қашқадарё воҳасининг архитектура ёдгорликлари, Т., 1979.